Ҳамид Ғулом (1919-2005)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969), Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1979), Республика ва собиқ Иттифоқ Давлат мукофотлари совриндори Ҳамид Ғулом етук шоир, носир ва драматургдир. Ҳ. Ғулом 1919 йил 25 апрелда тошкентлик мусиқа муаллими оиласида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, Ўрта Осиё индустриал институти (1935—1937) ва Низомий номидаги Тошкент Педагогика институти (1938—1941) да таҳсил олди.  1954 йилда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг йўлланмаси билан Москвага, М. Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтига ўқишга борди. Сўнг «Литературная газета»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби (1958—1971), «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири ва Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг директори лавозимларида ишлади.

Ҳамид Ғулом адабиётга ўттизинчи йилларнинг бошларида «Бизнинг лагер», «Одам», «Қуёш каби чароғон» (1936) шеърлари билан кириб келди. Ёш шоирнинг ижоди ўзбек адабиётининг катта вакиллари Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода таъсирида камол топти.

У ватанпарварлик, душманга нафрат руҳи ифодаланган «Қасосим бор» (1942), «Катерина» (1942), «Украина еллари» (1943) каби шеър ва балладаларини уруш йилларида яратган.

Ҳамид Ғуломнинг кейинчалик яратган «Қўшиқларим» (1949—1956), «Днепр бўйида» (1949), «Ғалаба йўлида» (1952—1956) асарларида халқимизнинг фашизмга қарши курашидаги қаҳрамонликлари тасвирланган. Унинг «Олмос қизи» (1956), «Тошкентликлар» (1967) асарлари ўзбек пахтакорларининг урушдан аввалги фидокорона меҳнати, халқ ва армиянинг уруш даврида кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилади. Икки китобдан иборат бўлган «Машъал» (1959) романида Октябрь тўнтаришининг дастлабки йилларидаги ўзбек халқи ҳаёти, жамоаларнинг шаклланиши, хўжаликларнинг тузилиши ва маърифатнинг ёйилиши каби ҳаётий масалалар бадиий таҳлил этилган.

Ёзувчининг «Сенга интиламан» (1963), «Бинафша атри» каби романлари эса Мирзачўлда ташкил этилган биринчи жамоа хўжалиги ҳақида ҳикоя қилади.

У очеркнавис ва публицист сифатида Ер куррасида рўй бераётган воқеалар, жаҳон халқларининг озодлик учун курашлари, тинчлик ва халқаро дўстлик мавзуларини ёритувчи «Қитъалар уйғоқ», «Куба ҳақида ҳикоялар», «Уй», «Хиросима балладалари», «Европа таассуротлари», «Жазоирда тонг» каби асарларини яратди. Адибнинг «Вафонинг узун йўли» номли хотиралар тўплами ҳам китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.

Адиб асарлари қирқдан ортиқ жаҳон халқлари тилларида нашр этилган. Биргина «Мангулик» романи хитой тилида ярим миллион нусхада чоп этилган.

Шунингдек, Ҳ. Ғулом А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, В. Шекспир, Т. Шевченко, Лоне де Вега каби ёзувчиларнинг асарларини ҳам ўзбек китобхонлари ва томошабинларига ўз таржимасида тортиқ этган. Унинг «Фарғона ҳикояси», «Тошболта ошиқ», «Ўғил уйлантириш», «Ажаб савдолар» каби замонавий мавзуларда яратилган комедиялари республика театрларида намойиш қилиниб, томошабинлар ҳурматига сазовор бўлган.

Адибнинг «Муҳаббат навоси» номли икки парда, беш кўринишли музикали драмасида XVI асрда Уйғуристоннинг Хўтан шаҳрида яшаган Омоннисо билан Рашидхон ўртасидаги муҳаббат можароси ҳақида ҳикоя қилинади.

«Машраб» тарихий романи ҳам Ҳ. Ғулом қаламига мансубдир.

Ҳамид Ғуломнинг ўзбек аёлини янги ҳаёт қуришдаги фаолиятини улуғловчи «Тошкентликлар» (1974) романи Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. «Эл-юрт ҳурмати» (1998) ва «Мехнат шуҳрати» (2004) орденлари билан мукофотланган.

2005 йил 21 августда Тошкент шаҳрида вафот этган.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x