DO`STLARGA ULASHING:
Ўзбек адабиёти равнақига ўз улушини қўшган адиблардан бири Ғайратий—Абдураҳим Абдулла ўғли 1902 йил 15 февралда Тошкентнинг Дегрез маҳалласида ҳунарманд оиласида дунёга келди. Унинг отаси ўқимишли, адабиётга қизиққан киши бўлган. Онасидан эрта жудо бўлган Абдураҳим маҳалладаги Ойимхон ая қўлида тарбия топган. Унинг адабиётга қизиқишида ҳам ая айтган эртаклар муайян рол ўйнаган. 1912—1915 йилларда у аввал эски мактабда, сўнг мадрасаларда таҳсил олади. Шу йилларда Навоий, Муқимий, Фурқат асарлари билан танишади. Октябрь тўнтаришидан сўнг Тошкентдаги (Хадра) «Намуна» номли мактабнинг ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқийди, сўнг халқ маорифи соҳасида ишлайди.
Бўлгуси адибнинг илк шеъри 1921 йилда «Болалар ҳафтаси» номи билан «Қизил Байроқ» газетасида босилиб чиқади.
1926 йилда Ғайратий Озарбойжонга бориб, Бокудаги билим юртида ўқийди. У ерда М. Ўрдубодий, М. Мушфиқ, С. Рустам, Ж. Жаббор каби таниқли адиблар билап танишади ва мулоқотда бўлади. Бокудан қайтгач, Тошкентдаги музикали драма театрида адабий эмакдош бўлиб хизмат қилади. 1929—1931 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Унинг биринчи шеърий тўплами 1927 йилда «Эрк товуши» номи билан нашр этилади. 1928 йилда «Яшаш тароналари» шеърий тўплами, «Қутулиш» номли ҳикоялар тўплами чоп этилади. Шеърий тўпламга кирган «Шеърим», «Шоир», «Танбурчи қизга», «Менинг туйғуларим» каби шеърларида шоирнинг дунёқараши гавдаланади.
Шундан сўнг адибнинг «Ҳашар» (1929), «Қора юраклар» (1931), «Ошиқ ҳукми» (1932), «Онамга хат» (1933), «Танланган асарлар» (1934), «Шикаста» (1935), «Маҳкам» (1935), «Севги» (1939), «Олтин ёшлик» (1940), «Ҳикоялар» (1957), «Танланган асарлар» (1958) каби қатор тўплам ва достонлари нашр қилинади.
Ғайратий 50-60-йилларда ҳам баракали ижод қилди. У Фурқат ва Ҳамза каби устозлари ҳақида «Ғурбатда Фурқат», «Шоир», «Ўлмас қўшиқ» каби китобларини чоп эттирди. «Тепалик мозор» (1956), «Ҳилола», «Сабаби — тириклик» (1958), «Махсум қочди» (1960) каби ҳажвий ҳикоялар ҳам яратди. «Довдираш» номли ҳажвий ҳикоялар тўпламини нашр эттирди. 1958 ва 1972 йилларда шоирнинг «Танланган асарлар»и чоп этилган. Айниқса, унинг «Рустамнинг саргузаштлари» қиссаси ёшлар ва ўсмирларнинг севимли китоби бўлиб қолди. Ғайратий айни чоғда Э. Воҳидов, Сайёр, Ю. Шомансур, Ҳ. Салоҳ, А. Эшонов каби истеъдодли шоирларга мураббийлик қилди ва устоз унвонини олди.
1972 йилда Ғайратийга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган. У 1976 йил 17 январда вафот этган. Вафотидан сўнг эса «Қуёшга муҳаббат» деган (1980) шеърий мажмуаси нашр этилди.