Ўқув даври яқин: бола мактабга тайёрми?

Фарзанди бу йил мактабга чиқадиган ҳар бир ота-онани айни кунларда ташвишу ҳаяжонлар қамраб олган. «Болам мактабда қийналиб қолмасмикин?» деган ўй уларнинг хаёлидан кетмайди.

Унутмаслик керакки, анча илгарироқ мактаб даврига психологик жиҳатдан тайёрланган ўғил-қизларгина бошланғич синфдаёқ дарсларни осон ўзлаштиришади, ўқувчилик ҳаётига тез мослашадилар, қийинчиликларга дарров кўникишади.

Демак, ҳар бир ота-она ўқув йили бошланмасидан олдин уйда бола билан ўзаро суҳбатлар олиб бориши ва фарзандининг мактабга чиқиши билан боғлиқ бир қанча вазифаларни амалга ошириши зарур бўлади.

Мутахассис билан маслаҳатлашинг

Мактаб ёшига етган ўғил ё қизнинг руҳий олами унинг неча ёшга кирганлиги билан белгиланмайди. Масалан айрим болалар олти-етти ёшда ҳам ўйинқароқ бўлишади, уларга жиддий машғулотлар оғирлик қилади.

Баъзи болакайлар ўта тортинчоқ, кўпчиликка қўшилолмайди. Улар мактабга чиқишса «жамоа», яъни бир синф бола ўртасида довдираб қоладилар.

Яна бир тоифадаги ўғил-қизлар жуда шўх, бир жойда тинч ўтиролмайди. Бу хил феълли болакайларнинг эса то қўнғироқ чалингунича синфда ўтиришга тоқатлари йўқ…

Кўпчилик болалар мактабга чиққанларида қуйидаги ҳолатлар рўй беради:

  • дарсда тезтез чалғиб тинч ўтиролмайди;
  • синфдошлари билан муомала қилишни билмайди;
  • уйга вазифани ёзиб олишга эринади;
  • ўзи билан дарсга ўйинчоқ олиб киради;
  • ўқитувчидан билмаганини сўрашга уялади;
  • синфдаги муҳитга мослашолмайди;
  • тартибинтизомга кўниколмайди.

Булардан ташқари болакайда дарсларга етарлича кўникма шаклланмаса, у ўқув даврининг илк ҳафталаридаёқ асабий, ўжар бўлиб қолади, иштаҳаси пасаяди, бўшашиб ўзини касалдек сезади. Айниқса ақлий жиҳатдан тенгдошларидан сал бўлсада ортда қолган болалар учун ўқув даврига мослашиш янада қийин кечади.

Оналар ўқув йили бошланиши олдидан фарзандларини албатта психолог назоратидан ўтказишлари керак. Мутахассис боланинг феъл-атворидаги айрим жиҳатларни махсус усулда текшириб кўради, агар у мактабга тайёр бўлмаса ўтказиладиган суҳбатлар дастурини тузади. Бундай суҳбатлар бола ёки унинг ота-онаси билан якка-якка ҳолда олиб борилади.

Бордию боланинг феълида биз таъкидлаб ўтган хусусиятлар (ўйинқароқлик, уятчанлик, ялқовлик, ўзгалар билан чиқиша олмаслик, ўжарлик сингарилар) мавжуд бўлса ва бунга ота-она эътиборсиз қараса оқибати яхши кечмайди. Чунки психолог назоратидан ўтказилмаган ва мутахассис кўмагида руҳий жиҳатдан мактабга тайёр бўлмаган бола ўқув йили бошланганда тез мослашолмай қийналади, кучли стрессга учрайди, ҳатто руҳий тушкунликка тушади ва бу нарса унинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.

Зеҳнли бўлса, қанчалар соз

Ўқув даври оддийдан мураккабга томон ривожланиб борувчи жараёндир. Бунда бола дарсларни ўзлаштириши учун етарли даражада зийрак ва топқир бўлиши лозим. Шундай экан, ота-она айрим содда машғулотлар, қизиқарли савол-жавоблар орқали боланинг топқирлик ва зийраклигини аниқлаши ва унда мантиқан фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиришлари мумкин. Масалан, турли фаслларда рўй берадиган оддий воқеаларни бола қандай кузатади ва уларга қанақа муносабатда бўлади, буни қуйидаги савол-жавоблар орқали аниқланг.

Кўклам пайти эди, эрталаб ишга бормоқчиман, лекин соябонимни тополмадим, ахир усиз кўчага чиқолмайман, нега шундай? (Бола бу вақтда тез фикрлаши ва баҳорда соябонсиз нега кўчага чиқолмасликнинг сабабини айтиши керак. Масалан у «ўша пайтда ёмғир ёғаётган эди» дейиши мумкин.)

Куз кунларининг бирида кечқурун ҳовлини хазонлардан тозаладим, эрталаб эса яна супуришимга тўғри келди, кечаси шамол турган шекилли. Нега ҳовли тўзғидийкин-а? (Кичкинтой оқшомги шамол сарғайган дарахт баргларини қайтадан тўкиб ҳовлини тўзғитиб юборганини тасаввурлаши ва саволга худди шундай жавоб қайтариши лозим.)

Қиш эди ўшанда, эрталаб туриб қарасам кўчада одамлар йўқ, машиналар ҳам юрмаяпти. Бунинг сабаби нимада, сенингча? (Демак, туни билан қор қалин ёққан, ташқари совуқ, машина ҳайдовчилари ва одамлар офтоб чиқиб қор бироз эришини кутишаяпти. Болакай саволга шу тарзда жавоб бериши мумкин.)

Бундай савол-жавоблар аста-секин мураккаблашиб боради. Шу тарзда кичкинтойнинг қай даражада зийраклиги ва топқирлиги аён бўлади.

Ота-она болага бериладиган савол-жавобларни унинг иштирокидаги ўйин машғулотлари билан алмаштиришлари мумкин. Масалан кублар билан турли буюмлар ясаш, гугурт чўплари ёрдамида уй ва йўллар қуриш, шунингдек саноқни ўзлаштиришга ёрдам берадиган ўйинлар уюштириш ҳам бола зеҳнини ривожлантиришга кўмаклашади.

Умуртқасига юк тушмасин

Баъзи ўқувчи болалар аралаш-қуралаш рангдаги, турли ёзувлари бор ёки ғалати расмлар билан безатилган сумкаларни олиб юришади. Аслида бундай сумкалар ёш ўқувчи фикрини чалғитади, унинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Оддий ва жимжимадор безаксиз бўлган сумкалар бола учун қулай. Шунингдек сумка танлашда фақат унинг ташқи кўринишига эмас, балки бола саломатлигига қай даражада таъсир кўрсатишига ҳам аҳамият берган маъқул.

Мактабга борадиган ёш болалар учун қўлда кўтариб юришга мўлжалланган сумка (ёки портфель) дан кўра орқага осиладиган рюкзак афзалроқ. Чунки мунтазам қўлда юк (ичи китобларга тўла сумка) кўтариб юриш болада сколиоз ва умуртқа поғонаси билан боғлиқ турли хил муаммоларни келтириб чиқаради.

Мутахассис ортопедлар таъкидлашича ичи бўш сумканинг оғирлиги бир килограммдан ошмаслиги керак. Шунингдек, орқа девори қаттиқ сумкаларни танлаган маъқул. Чунки бундай сумка бола эҳтиётсизлик туфайли йиқилиб тушганда ҳам ичидаги ўқув қуролларининг синишига йўл қўймайди.

Энг сифатли сумка енгил ва сув ўтказмайдиган матодан тайёрланган бўлади. Сумкани харид қилинаётган жойнинг ўзида болага тақиб кўришингиз ҳам мумкин. Бунда сумканинг қуйи қисми бола белига тенг ва тақилганда курагига ёпишиб туриши керак. Агар сумка катта бўлса бола учун ноқулайлик туғдиради ҳамда умуртқасининг нотўғри ўсишига олиб келади.

Танланаётган сумка аралаш рангли матолардан тайёрланган бўлса яхши. Кечқурунги ғира-ширада уйига қайтаётган болани анча нарида келаётган машина ҳайдовчиси фарқлаб олишида сумканинг оч ёки тўқ сариқ рангда бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Сув юқтирмайдиган матодан тикилган чўнтаклари ва ички бўлимлари тўғри ўрнатилган, ёмғир ва қордан асровчи қопқоқлари бор сумкалар бола учун жуда қулайдир. Шундай сумка танлангки у аввало бола гавдасига мос бўлсин, кейин эса унинг саломатлигига зиён етказмасин. Ана шундагина бола йил бўйи дарсларга қийналмасдан бориб келади.

Зулхумор АЗИЗОВА,
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги,
146-мактабгача тарбия муассасаси психологи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x