Ўт пуфагидаги ўзгаришлар

Республика жигар ва ўт йўллари хирургияси илмий марказининг директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Назира Арипова билан суҳбат.

– Баъзи беморлар “ўт пуфагим букилибди” дейишади. Ўт пуфагининг букилиш сабаблари ҳақида маълумот берсангиз.

– Соғлом ўт пуфаги аслида ноксимон кўринишда бўлади. Баъзан турли сабабларга кўра (масалан ўт қопининг яллиғланиб тузалишидан кейин) ўт пуфагининг бўйинчаси букилади ва шакли ўзгаради. Бу ҳолат рўй берганда баъзан ҳеч қанақа клиник белгилар кузатилмайди ва бу ультратовуш текширувида тасодифан аниқланади. Баъзан беморда кўнгил айниши, қусиш, еган овқати яхши ҳазм бўлмаслиги, қорнида оғриқ кузатилади.

Ўт пуфаги букилиб қолганда ўт (сафро)нинг равон ўтиши қийинлашиб, у димланади, яъни узоқ туриб қолади, натижада ейилган овқат яхши ҳазм бўлмайди, бемор ўнг томонида ноқулайлик, кўпинча оғирликни ҳис этади.

Айрим ҳолларда кишининг мунтазам оғир юк кўтариши туфайли ҳам ўт пуфаги букилади. Кексалик ёшига яқинлашаётган ёки жисмонан заиф одамларда ўт пуфагининг букилиши ўз-ўзидан рўй беради. Кўпчилик беморлар “Букилган ўт пуфагини тўғрилаш учун операция қилиш шартми?” деб сўрашади. Агар бемор буюрилган дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилса ва парҳезга риоя этса ўт (сафро) ажралиши яхшиланиб ичакларга ўтиши равонлашади ва шунда ўт пуфаги оператив давога муҳтож бўлмайди. Фақатгина консерватив даво ёрдам бермаса ва беморни бу ҳолат мунтазам безовта қилса ёки ўт қопида яллиғланиш жараёни авж олиб борсагина оператив даво қилиш мумкин.

– Айрим кишилар кўп йиллар холецистит туфайли азоб чекаётганликларини айтишади…

– Ўт пуфагининг яллиғланиши (холецистит) айни вақтда кўп тарқалган хасталик ва айниқса аёллар ўртасида тез-тез учрайди. Касалликнинг келиб чиқишида ҳар хил бактериал флора (ичак таёқчаси, стафилококклар, стпрептококклар)нинг аҳамияти катта, баъзан уни вируслар қўзғатади.

Ўт пуфагида ўтнинг димланиб қолиши холецистит пайдо бўлишида асосий омил саналади. Ўт димланишига ўт (сафро) чиқариш йўлларининг букилиб қолиши, сиқилиши, анатомик нуқсонлар сабаб бўлади. Ўт пуфаги яллиғланиши жараёнининг бирданига келиб чиқишига баъзан кўп овқат ейиш, жуда ёғли, шўр ёки аччиқ овқат истеъмол қилиш, совқотиш, бошқа аъзолардаги кучли яллиғланиш жараёнлари ҳам таъсир қилади.

Холецистит ўткир ва сурункали турда кечади. Касалликнинг ўткир тури бир неча кўринишда (масалан катарал, йирингли, флегмонали, гангренали) намоён бўлади. Катарал холециститда ўт пуфагининг шиллиқ қавати шишади, қизаради. Йирингли холециститда ўт пуфаги таранглашади, тортилади, пуфак бўшлиғида йиринг тўпланади. Флегмонали холециститда ўт пуфаги шиллиқ қавати некрозга учрайди, баъзида девори тешилиши ҳам мумкин. Гангренали турида эса ўт пуфагининг некротик жараёни унинг деворларига тарқалади.

Бемор ўнг қовурға ости ва қорин усти соҳасида бирданига оғриқ турганидан безовталанади. Кейин эса оғриқ ўнг елка ва ўнг курак соҳасига тарқалади. Бемор кўпинча ўнг томонга ва орқага эгилган ҳолатда ўтиради, чунки ҳаракат ва нафас олиш оғриқни баттар кучайтиради. Ўткир холециститда тана ҳарорати ошади, бемор титраб-қақшайди. Тил қуруқлашади, оқ караш билан қопланади. Беморнинг кўнгли айнаб қусади, қорни дам бўлади, қабзият кузатилади.

Ўткир холециститнинг оғир турлари (флегмонали ва гангренали)да бемор операция қилинади. Бошқа ҳолларда консерватив даволар буюрилади.

– Холецистит сурункали кечса узоқ вақт давом этадими?

– Сурункали холециститда бемор ўнг қовурға остида суст оғриқни сезади, бу оғриқ кўпинча ёғли ва қовурилган овқат егандан 1-3 соат ўтгач бошланади. Беморнинг оғзи тахир бўлиши, кекириш, кўнгил айнаши, ич дам бўлиши, қабзият ёки ич кетиши сингари ҳолатлар безовта қилади.

Шунингдек, сурункали холецистит хуруж қилганда бемор асабий бўлиб қолади, ухлолмайди. Баъзан дори-дармонлар қабул қилгандан сўнг беморнинг аҳволи яхшиланади. Лекин у овқатланиш тартибини бузса, спиртли ичимликлар ичса ёки оғир жисмоний машқларни бажарса касаллик хуруж бериши мумкин. Баъзида эса сурункали холецистит узоқ йилларгача чўзилади, бу вақтда гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб туради. Агар бемор етарлича муолажа олмаса, сурункали холецистит ўт пуфагида тошлар йиғилишига олиб келади.

– Ўт пуфагини операция қилиб олдирган беморларда овқат ҳазми қийин кечса керак-а?

– Маълумки, жигар тўхтовсиз равишда ўт (сафро) ажратади. У ўт пуфагида тўплана боради ва зарур пайтда овқат ҳазми учун сарфланади. Ўт пуфаги олиб ташланганда эса овқат ҳазми фақатгина жигар ажратаётган ўт ҳисобига амалга оширилади. Шунинг учун ҳам ўт қопи олиб ташланган беморлар тез-тез ва оз-оздан овқат ейишлари лозим. Бундан ташқари, уларнинг овқатлари ёғсиз ва қовурилмаган бўлиши шарт. Беморлар операциядан сўнг олти ойча парҳез тутишлари, кейинчалик ҳам оз-оздан тез-тез овқат ейишлари лозим. Агар овқатланиш тартиби издан чиқса ёки бемор кўп овқат еб қўйса, ўт (сафро) ишлаб чиқараётган жигар ниҳоятда зўриқади ва беморнинг аҳволи оғирлашиши мумкин.

– Ўт йўлларини зонд ёрдамида “ювдириш” мумкинлигини эшитдик…

– Кўп ҳолларда ўт пуфагида димланиб қолган сафро зонд ёрдамида “ҳайдалади”. Зонд билан ювиш усули қўлланилгач, ўт йўллари тозаланиб, сафро ажралиши меъёрга тушади. Узунлиги 1,5 метр, диаметри 4,5-5 мм келадиган дуоденал зонднинг учига металл “олива” ўрнатилган бўлади. Махсус дори-дармонлар ёрдамида ўт пуфаги йўлларини очиб, сафронинг ўн икки бармоқ ичакка ўтиши учун имкон яратилади. Махсус зонд 40-45 сантиметр ютилганда оғиздан то ошқозоннинг кардиал қисмигача, 70 сантиметр ютилганда ошқозон пилорик кисмигача, 80 сантиметр ютилганда эса ўн икки бармоқ ичакка кириб боради.

Ўт йўлларини ювиш учун мўлжалланган махсус асбоб (зонд) стерилланган бўлиши шарт. Бемор овқатлангандан 12 соат ўтгач, оч қоринда бу усул амалга оширилади. Дастлаб бемор ўтқизиб қўйилади, ютиш ҳаракатларини бажаради, зондни 5-10 сантиметргача ютгач, ўнг томонга қаратиб ётқизилади. 80 сантиметргача ютгандан сўнг зонд учи махсус идишга улаб қўйилади.

Шундан сўнг зонд орқали 33 фоизли магний сульфат юборилади. Ёки 40 фоизли кселит (40 мл) ва 10 фоизли сорбит ишлатиш ҳам мумкин. Ўт пуфагидаги қорамтир, сўнгра жигар ҳужайралари ишлаб чиқарадиган оч сариқ рангдаги сафро ажралиб чиқа бошлайди. Сафронинг шундай тартибда ажралиши ўт йўлларидаги касалликларни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Чунки зонд ёрдамида ажралаётган сафро таркибидаги моддаларга қараб касалликка ташхис қўйилади. Ўт йўлларини зонд билан ювиш шифокор тавсиясига кўра, махсус хонада ҳамшира кўмагида амалга оширилади.

– Кўпинча шифокорлар беморларга тюбаж қилиб туришни тавсия қиладилар, бу ҳам даво усулими?

– Тюбаж (ўт йўлларини зондсиз ювиш) ни беморнинг ўзи шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда уй шароитида бажариши мумкин. Ўт пуфагида сафро димланиб қолиб, ўт ажралиши секинлашганда ва оқибатда овқат ҳазми қийинлашганда тюбажни 1 ойда бир ёки икки маротаба амалга оширса бўлади.

Бунинг учун эрталаб ярим стакан илиқ сувга 1-2 чой қошиқ истеъмол содаси солиб ичилади. Кейин ўнг биқин томонга ётиб, ўнг қовурға остига илиқдан иссиқроқ сувли грелкани (сочиққа ўраган ҳолда) қўйиш лозим. Шу ҳолатда 60-120 дақиқа вақт давомида 1-1,5 литр қайнатилган илиқ сув ёки газланмаган сув ичиб ётиш лозим.

Айтиш жоизки, зонд ёрдамида бажариладиган муолажада жиддийроқ эътибор талаб қилинади. Уни шифокор иштироки билан бир йилда бир маротаба амалга ошириш мумкин. Зондсиз муолажа эса уй шароитида 1 ойда бир ёки икки маротаба бажарилса, фойда беради. Шунда беморнинг аҳволи енгиллашиб, ўт пуфагида сафро туриб қолиши бартараф этилади.

– Холециститга чалинган беморларга қанақа маслаҳатлар берасиз?

– Бемор гўшт ва балиқнинг ёғли турларини, қўй ва мол ёғини, ёғли шўрвалар, какао, шоколад, ўткир, аччиқ таомлар, тухум сариғини истеъмол қилиши мумкин эмас. Сут маҳсулотларидан тайёрланган таомлар, масалан, ёғсиз қатиқ, творог, сузма еб туриш, ҳўл мевалар ва сабзавотлардан хоҳлаганча ейиш мумкин. Ичнинг равон келишига аҳамият беринг. Бунда мева шарбатлари яхши ёрдам беришини унутманг.

Унутмангки, ўз вақтида муолажа олмасангиз, сурункали холецистит бора-бора холангит (жигарнинг ички ва ташқи ўт йўллари яллиғланиши), гепатит (жигар яллиғланиши), панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши) сингари касалликларни вужудга келтиради.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x