“Жаҳон адабиёти” Жиззах заминида

“Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан республикамиз вилоятлари бўйлаб давом этаётган ижодий учрашувларнинг навбатдагиси шу йилнинг 11 май куни Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Шаҳардаги кўркам Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театри биносида журнал таҳририяти номидан ташриф буюрган меҳмонлар тантанали равишда кутиб олинди. Тадбирда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Ш.Ризаев, Ўзбекистон халқ шоири У.Азим, филология фанлари доктори, профессор М.Холбеков, филология фанлари номзоди, адабиётшунос Р.Қўчқоров, таниқли шоира Ф.Камолова, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, санъатшунос А.Исҳоқов, “Жаҳон адабиёти” журнали ходими, таниқли таржимон А.Файзулла ва бошқалар иштирок этишди. Дастлаб тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Эштемир Исматов Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, бу борада махсус ҳукумат ҳужжати қабул қилинганини мамнуният билан таъкидлаб, “Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллигини нишонлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар шу йўлдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканини қайд этди.

Шундан сўнг “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев мазкур журналнинг таъсис этилиши, ўтган 20 йил давомидаги фаолияти, нашрга тайёрланган асарлар, таржимонлар билан ишлаш жараёни ҳамда журналнинг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни хусусида атрофлича сўзлаб берди. Таъкидланганидек, журналнинг дунёга келишида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.Каримов ва атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони О.Шарафиддинов ташаббус кўрсатган бўлиб, бу нашрнинг ташкил топиши халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондириш, бадиий-эстетик дидини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Ш.Ризаев устози  О.Шарафиддинов ҳақидаги хотираларини ёдга оларкан, бу заҳматкаш инсон бутун онгли ҳаётини адабиётга бағишлагани, “Жаҳон адабиёти” журнали очилганидан то умрининг сўнггига қадар шу даргоҳда фаол меҳнат қилгани, ҳатто соғлиғини йўқотган йиллари ҳам тушкунликка тушмай, жаҳон адабиётининг кўплаб намуналарини она тилимизга маҳорат билан ўгирганини эслади. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам бевосита Озод домла билан боғлиқ хотираларини сўзлади, бу фидойи инсон том маънода маънавий жасорат кўрсатганини таъкидлади. Сўнг шоир журналда босилаётган лирик асарлар, шеърий таржималар ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этиб, ўз шеърлари ва таржималаридан йиғилганларга ўқиб берди. Даврада чинакам адабиёт, шеърият нафаси ҳукм сурди. Адабиётшунос, филология фанлари номзоди Раҳмон Қўчқоров глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар, четдан кириб келаётган турфа оқимлар ва уларни бартараф этишда китоб мутолааси, хусусан, “Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ҳақида тўлқинланиб, эҳтирос билан сўзлади. Профессор Муҳаммаджон Холбековнинг журналда эълон қилинаётган таржималар, мутаржим Амир Файзулланинг таржима машаққатлари, санъатшунос Аъзам Исҳоқовнинг  “Жаҳон адабиёти” ва кино мавзусидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда шоира Фароғат Камолованинг дилбар шеърлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

***

Тадбир қатнашчилари куннинг иккинчи ярмида Жиззах пластмасса заводига ташриф буюришди. Меҳмонлар заводнинг иш фаолияти ва унда ходимлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди. Сўнг заводнинг мажлислар залида адабиёт, китобхонлик масалалари, “Жаҳон адабиёти” журнали юбилейига бағишланган ижодий учрашув ўтказилди. Бу масканда ҳам тадбир шеърхонлик кечасига уланиб кетди.

Шу тариқа мамлакатимизнинг сўлим гўшаларидан бири Жиззах шаҳри бўйлаб “Жаҳон адабиёти” кунлари муваффақият билан ўтди. Юртимизнинг турли ҳудудларида журналхонлар билан ташкил этилаётган бу каби юзма-юз учрашувлар, адабий гурунглар ҳарорати ҳали анча вақт ҳукм суриши табиий.

Ш.Абдурасулов

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/06/13/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b6%d0%b8%d0%b7%d0%b7%d0%b0%d1%85-%d0%b7%d0%b0%d0%bc%d0%b8%d0%bd%d0%b8%d0%b4%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x