Машҳур француз маърифатпарварларидан бири Жан Жак Руссо 1712 йилда Женева шаҳрида протестантлар оиласида туғилади. Унинг отаси соатсоз ва мусиқа муаллими бўлган, онаси эса Руссо гўдаклик чоғида вафот этган.
Руссо табиатан ғоят таъсирчан ва ҳассос эди. Бу ҳассослик унинг асарларида, қарашларида ўз аксини топади. Унинг қарашлари Европада романтизм ғояларини шакллантиришга улкан таъсир кўрсатган. У инсон табиатидаги ҳиссиётларни, ранго-ранг туйғуларни, эҳтиросларни рационал ақлдан устун кўради. Унинг деярли барча асарлари цивилизацияга мухолиф руҳда ёзилган.
1750 йилда Дижон академияси “Илм-фан тараққиёти инсониятга нима берди?” мавзусида мақолалар танловини эълон қилади. Руссонинг мазкур мавзудаги мақоласи академиянинг мукофотига лойиқ, деб топилади. Бу мақола унга катта шуҳрат келтиради. Руссо илм-фан тараққиёти инсониятни бахт-саодатга эмас, аксинча, ҳалокатга олиб бораётганини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, шуҳратпарастлик, ҳашамдорлик асосига қурилган фан ва санъатнинг тараққиёти инсондаги барча муқаддас ҳисларнинг айнишига, топталишига сабаб бўлади. Руссонинг бу борадаги ўзига хос ғояларини XX асрдаги антисиентизм фалсафий оқимининг қарашларида ҳам учратиш мумкин. Умуман олганда, Руссонинг кўплаб ғоялари кейинги давр фалсафий, сиёсий, бадиий қарашларига катта таъсир кўрсатган.
Унинг “Иқрорнома”, “Янги Элоиза”, “Эмилия”, “Ижтимоий тенгсизлик ҳақида мулоҳазалар” каби асарлари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди ва унга машҳурлик олиб келди. Бироқ, шунга қарамай, айнан шу асарлари учун Руссо Франция ҳукумати томонидан тазйиққа учради ҳамда Францияни ташлаб Англияга кетишга мажбур бўлди. У 1778 йилда руҳий хасталиги боис Парижга қайтиб келади ва у ерда оғир хасталикка дош бера олмай вафот этади.
Ойгул Асилбек қизи
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–3
https://saviya.uz/hayot/mashhurlar-hayoti/jan-jak-russo/