(Бир кўринишдан иборат пьеса-монолог)
Франциялик серқирра ижодкор, драматург, сценарийнавис, мусаввир ва кинорежиссёр Жан Кокто 1889 йилда Франциянинг Мэзон-Лаффит шаҳрида дунёга келган. У ўзининг 74 йиллик умри давомида санъатнинг кўпгина турларида ғоят баракали ижод килган. “Орфей”, “Шоҳ Эдип”, каби драматик асарлар, “Шоир қони”, “Икки бошли бургут”, “Қабиҳ ота-оналар” , “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Орфей васияти” сингари кўплаб фильмлар муаллифи. Қуйида адибнинг “Инсон овози” пьеса-монологи таржимаси эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
* * *
– Алло, алло, алло… Йўқ, сиз бошқа жойга қўнғироқ қилаяпсиз, ундан кўра, гўшакни қўйиб қўйинг… Йўқ, бу хонадон… Алло… хоним, аксинча гўшакни сиз қўйиб қўйишингиз керак. Алло, хоним, алло…
Алоҳида-алоҳида уланг… йўғе мен доктор Шмидт эмасман… бу нол етти эмас, нол саккиз… алло…
Нақадар кулгили…Менга нуқул адашиб қўнғироқ қилишади, мен бўлсам уларга жавоб қайтараман. (Гўшакни жойига қўяди, қўлини олиб улгурмасданоқ қўнғироқ чалинади.)
Алло, сиз мендан нима хоҳлайсиз ўзи? Ахир мен нима қила олишим мумкин?.. Нима учун сиз мен билан бунақа оҳангда гаплашяпсиз?.. Сизнингча мен айбдорманми?.. Нима учун?..
Ҳеч ҳам унақа эмас, ҳеч ҳам!.. Алло… хоним… Мен умуман гаплаша олмаяпман…
Мени нуқул узиб қўйишяпти.Телефон тармоғига нимадир бўлган шекилли, ўша аёлга айтиб қўйсангиз, қайтадан улансин. (Гўшакни қўйиши биланоқ, яна қўнғироқ жиринглайди.) Алло… алло… Бу сенмисан?.. Сенинг ўзингмисан?.. Ҳа…
Жуда ҳам ёмон эшитиляпти… Сен жуда ҳам олисдасан, олисда… Алло, шунчалик ҳам бўладими? Бир вақтнинг ўзида тармоқда шунча овозларни эшитиб турибсан. Қайтадан қўнғироқ қил. Алло… Қай-та-дан… Қайтадан деяпман. Хоним, гўшакни қўйиб туринг… Яхши…Мен доктор Шмидт эмасман деб айтдим-ку. Алло…
(Гўшакни жойига қўяди. Яна қўнғироқ жиринглайди.)
Алло… Хайрият-е… Бу сенмисан? Ҳа, энди жуда ҳам яхши эшитиляпти. Энди жуда яхши! Алло… Алло… Ҳа… Шунча овозлар орасида сенинг овозингни эшитиш қанчалик азоб эканлигини билсанг эди. Ҳа, ҳа, йўқ… Ҳақиқатдан ҳам, ҳақиқатдан ҳам яхши бўлди. Мени қайтиб келганимга ўн дақиқаларча бўлди. Бугун сен қўнғироқ қилмаганмидинг? А, йўқ, йўқ, мен Мартаникида меҳмондорчиликда эдим ва ўша ерда тушлик қилдим. Ҳозир соат ўн бирдан ўн беш дақиқа ўтган бўлса керак. Сен уйдан қўнғироқ қиляпсанми?.. Ундай бўлса, электрон соатга қарагин-чи… Мен ҳам шундай деб ўйлагандим. Ҳа, ҳа, азизим. Кеча кечқурун ўрнимга чўзилиб, тезроқ уйқуга кетиш учун дори ичиб олдим… Йўқ… Бор-йўғи бир дона холос… Соат тўққизда… Бошим бироз оғриди. Аммо тезда ўзимни қўлга олдим… Марта келувди, у билан биргаликда нонушта қилдик. Мен у-бу харид қилиш учун дўконга бориб келдим. Мактубларни ҳаммасини сариқ портфелга жойлаб қўйдим. Мен нима?.. Тетикман… Мен сенга онт ичиб айтаманки, тетикман. Кейин нима қилдим? Кейин кийиниб олдим ва мени олиб кетиш учун Марта келди. Бор гап шу. Ҳозиргина мен унинг олдидан келдим. У жуда ҳам ажойиб аёл, мени жуда ҳурмат қилади. Ҳақиқатдан ҳам у олижаноб инсон. Ҳа, унинг ташқи кўриниши шунақа бўлгани билан ўзи жуда ҳам яхши аёл. Ҳар доимгидек сен ҳақсан… Устимда пуштиранг кўйлак ва мўйна. Бошимда эса қора шляпа. У ҳали ҳам бошимда… Йўқ… йўқ… Мен ҳеч қачон чекмаганман… Лекин ҳозирнинг ўзида уч донасини чекиб тугатдим… Рост гапираяпман… Мен ҳам… Сен нақадар олийжанобсан… Сен ҳам ҳозиргина келдингми? Сен кун бўйи уйдамидинг? Қанақа йиғилиш ҳақида гапираяпсан? А, ҳа. Сен ўзингни эҳтиёт қил, кўп ҳам уринтирмагин ўзингни… Алло… алло. Узиб қўйманглар. Азизим… Алло… Агар бизни узиб қўйгудек бўлишса, сенинг ўзинг менга ҳозирнинг ўзидаёқ қўнғироқ қилгин. Албатта. Алло… Йўқ, эшитяпман… Хатларимизни портфелга жойлаб қўйганман, олиб кетиш учун исталган пайтда бирортасини жўнатишинг мумкин. Ҳа албатта, осон эмас… Азизим… Узр сўрашингга ҳожат йўқ. Бу шунчаки табиий ҳол, холос. Айб менинг ўзимда, сен жуда ҳам олижанобсан. Мен ўзимни бунчалик иродали ва матонатли бўламан деб сираям ўйламаганман… Мендан ҳайратланишга ҳожат ҳам йўқ. Мен худди телбаларга ўхшаб қолганман, шоша-пиша кийиниб кўчага чиқаман ва яна шундай қайтиб кираман. Балки эртага бугунгидай иродали бўла олмасман… Сенми? Йўғе… Йўқ, азизим, йўқ… Мен сени мутлақо айбламоқчи эмасман… Мен, мен… Нима? Бу ҳаммаси табиий ҳол… Шундай бўлиши мумкин эди. Аксинча, биз ҳеч қачон бир-биримизни алдамаймиз деб сўз берган эдик-ку… Агар буни сен мендан беркитиб юрганингда эди, буни менга нисбатан қилинган бир жиноят ҳисоблаб, асло кечирмаган ва кечира олмаган бўлардим. Бу менга жуда қаттиқ зарба бўларди. Ўша фикрларни англаб етиб, кўникма ҳосил қилиш учун менда вақт ҳам, имкон ҳам бор эди… Қанақа комедия?.. Алло… Ким?.. Мен артистлик қилаяпманми? Мен-а?.. Бунақанги ишларга қодир эмаслигимни сен яхши биласан-ку. Мутлақо йўқ. Йўғ-е, мен бутунлай хотиржамман… Нима бўлганида ҳам сен ўзинг буни сезган бўлардинг деяпман… Менинг овозим ниманидир яшираётган одамнинг овозига ўхшаётган бўлса?.. Йўқ, мен бундан буёғига яна ҳам дадил ва қатъиятли бўлишга аҳд қилдим, бунга эришаман ҳам. Кўрасан, ҳали қараб тургин… Барибир эмас… Йўқ… Инсон рўй бериши мумкин бўлган бахтсизлигу кулфатни олдиндан сезиб турса ҳам барибир довдираб, эсанкираб қолиши турган гап. Йўқ, менимча, сен ошириб юбординг чоғи… Ҳар ҳолда, сенинг бу фикрингга кўникиш учун менда имкон ҳам, муддат ҳам бор эди ўшанда. Сен аввалида мени шунга тайёрладинг. Ўзингча далда беришга ҳаракат қилдинг. Бизнинг муҳаббатимиз жуда кўп тўсиқларга, қарама-қаршиликларга дуч келди ва уларга чидаб ҳам берди. Энди бўлса, иккисидан бирини танлаш керак, беш йил давомида эришилган бахтдан воз кечиш ёки ҳаммасини қайтадан бошлаш. Эртанги кунга ишончсизлигим мен учун жуда ҳам қимматга тушган. Алло… Чексиз бахт… Йўқ, мен бундан сира афсусда эмасман. Сен хато ўйлаяпсан… Мен ўз қилмишимга яраша жазоимни олаяпман. Мен бир афсонавий бахтга интилдим ва ўшанда мен гўё бир телба эдим. Жоним… меҳрибоним… азизим… эшитгин… севгилим… Ижозат бер, айтишим керак бўлган гапларимнинг ҳаммасини айтиб бўлай… Илтимос… Сен ўзингни айблама, ҳаммасига мен ўзим айбдорман… Ҳа… ҳа… Ўша Версалда якшанба кунги телеграммани бир эслагин… Ҳа… ана ўшанда сенинг олдингга биринчи бўлиб мен ўзим бормоқчи эдим… Ҳатто сени бир оғиз сўз айтишингга ҳам қўймадим… Менга ҳаммаси барибир… Йўқ… йўқ… йўқ… Бу борада сен ноҳақсан… Биринчи бўлиб мен қўнғироқ қилгандим. Йўқ ўшанда сешанба куни эди. Сешанба, ишончим комил. Сешанба, 27 кун. Сенинг телеграмманг эса душанба куни кечқурун етиб келганди. Йигирма олтинчида… Ўша кунларни мен ёддан билишимни биласан-ку. Онангми? Нима учун? Ташвишланма. Ҳозирча мен ўзим ҳам билмайман… Ҳа… эҳтимол.
О, йўқ, албатта бирданига эмас. Сенчи? Эртагами? Бунчалик тез ҳал бўлади деб ўйламагандим. Ҳозир, бир дақиқа… Бу ахир жуда ҳам осон-ку… Портфель эртага эрталаб қоровул аёлнинг қўлида бўлади. Жозеф келиб олиб кетади. Менми? Ўзинг яхши биласан. Балки ҳеч қаерга бормасман. Эҳтимол бир неча кунга шаҳар ташқарисига, Мартаникига бориб келарман. Ҳа, кучукчами? У шу ерда. У жуда ҳам безовта, кун бўйи хонадан даҳлизга, даҳлиздан хонага кириб чиқиб юрди. Қулоқларини динг қилганча кўзларимга тикилиб гапларимни диққат билан тинглайди. У ҳамма ердан сени излайди. Унга сени топишига гўёки ёрдам бермаётганимдек у мендан ўпкалаётгандай эди… Менимча, сен уни олиб кетганинг маъқулроқ. Агар ана шу тилсиз жонивор бахтсиз бўлгудек бўлса… Йўқ… йўқ… О, мен уни кўчага айланишга олиб чиқолмайман. Шунинг учун ҳам у сен билан яшаса яхши бўларди… Йўқ… Тез орада у мени унутади, қўяди.
…Кўрамиз, кўрамиз, бу унчалик ҳам мураккаб иш эмас… Сен унга бу менинг дўстимнинг ити деб айтасан. У Жозефни жуда яхши кўради. Шунинг учун ҳам уни олиб кетиш учун Жозефнинг ўзи келади. Мен унинг бўйнига қизил бўйинбоғ боғлаб қўяман. Унда ҳеч қанақа рақам йўқ. Яхши, кутиб турамиз. Ҳа, ҳа, ҳа, азизим… Тушундим… Яхши азизим. Қанақа қўлқоп? Сен машина ҳайдаганингда ишлатадиган мўйнали қўлқопингми? Билмайман, мен уларни кўрмадим. Ҳозир у ёқ, бу ёқни қараб кўрарман… Кутгин… Бизни узиб қўйишмасин…
(У стол устидаги лампа чироқ ёнида турган қўлқопни олиб эҳтирос билан лабларига босади. Сўнг ёноқларига босганча телефон гўшагини олиб гапира бошлайди.)
Алло… алло… Йўқ… Мен уни жавоннинг ичидан ҳам, ҳамма ердан излаб кўрдим, лекин ҳеч қаерда йўқ… Қулоқ сол. Яхши… Мен уни яна излаб кўраман, топилишига ишончим комил… Мабодо топилиб қолгудек бўлса, қоровул аёлга қолдириб кетаман… Портфелнинг ичида бўлади… Ҳа жоним… Мактубларимними, сен уларни ёқиб юбор… Ушбу гапларим ғирт бемаънилик бўлса ҳам, сендан бир нарсани илтимос қилмоқчиман, у ҳам бўлса шуки, мактубларимни ёқиб бўлганингдан кейин, кулини бир вақтлар мен сенга совға қилган, тошбақа суягидан ясалган қутичага жойлаб қўйгин. Бу ишим ғирт беъманилик эканлигини ўзим ҳам фаҳмлаб турибман… Мени кечир. Мен жуда кучли ва матонатли эдим. (Йиғлайди) Мана… бўлдим… ҳасрат қилиб бўлдим… Мен ўша қутичани ўзим билан бирга сақлаб юрмоқчиман, холос… Сен жуда ҳам олижаноб инсонсан… Нима?
(Қуйидаги сўзларни актриса ўзи яхши биладиган тилда сўзлаши мумкин.)
Синглинг, опангнинг қоғозларини ошхонадаги плитанинг устига қўйиб ёқиб юбордим. Аввалига ўша қоғозларнинг ичидан сен айтган расмларни олиб қолмоқчи эдим, аммо сен… Яхши… Ҳа! Сен ҳозир ҳақиқатдан ҳам халатдамисан?.. Ухламоқчимидинг?.. Бунчалар ҳам ярим кечгача ўтириб ишламасанг… Ахир эртага барвақт туришинг керак бўлса, эртароқ ётиб ухлашинг керак-ку. Алло… Алло… А, шундайми? Мен баланд овозда гапиряпманми? Энди эшитаяпсанми? Сен мени яхши эшитяпсанми, деяпман? Қизиқ, мен сени жуда ҳам яхши эшитяпман-ку, худди ёнгинамда ўтириб гапираётгандайсан? Аммо… Алло… Алло… Ана энди сени бутунлай эшитмаяпман.
Ана энди яхши, фақат сенинг овозинг жуда олисдан келаётгандай. Сен мени яхши эшитяпсанми? Яхши… Ҳамма ишни ҳам ўз вақти соатида бўлгани маъқул. Йўқ… Гўшакни қўйиб қўймагин. Алло… Хоним мен ҳали гапимни тугатганим йўқ… Ҳозир ҳам гаплашаяпман… Мен сени эшитяпман… Мен сени жуда ҳам яхши эшитяпман. Ҳа, бу албатта яхши эмасди. Мен ҳар қанча уриниб кўрмай, барибир яхши эшитилмасди, назаримда, сен гўёки ўлиб қолгандек эдинг. Ҳа, яхши, жуда яхши. Бизни бунчалик узоқ гаплашиб олишимизга қўйиб қўйганларига ҳайронман, одатда, уч минут ўтгач, узиб қўйиб, сўнг бошқа томонга улаб юборишарди. Ҳа, ҳа, мен олдингидан анча яхши эшитяпман. Лекин телефонингдан қанақадир шовқин эшитилаётгани учун сенинг телефонинг эмасдай туюляпти. Биласанми, шу тобда мен сени ғойибдан бўлса-да аниқ-тиниқ кўриб тургандайман.
(У кўраётганларини тахминан тасвирлаб беришга ҳаракат қилади. Бўйнидаги шарфини қанақалигини айтиб бермоқчи бўлади.)
Шарфингнинг ранги қизил, чап томондан бошлаб ўралган. Кўйлагингнинг енглари шимарилган. Чап қўлингда телефон гўшаги, ўнг қўлингда авторучка, блокнотга расмлар чизаяпсан, шундайми? Бошчалар, юрак, юлдузлар… Сен жилмайяпсанми? Қулоқларинг ўрнида кўзларинг жойлашган… (У тезда кафтлари билан юзини бекитади.) О, азизим… Фақат мен томонга қарамагин…
Мен қўрқаман? Йўқ, асло қўрқмайман. Бу ундан-да баттарроқ… Фақат мен ёлғиз ётишга ўрганмаганман. Ҳа… ҳа… ҳа… ҳа… ҳа… Сўз бераман сенга. Мен… мен… мен… сенга ваъда бераман. Сен жуда ҳам олижаноб йигитсан… Билмайман. Мен ўзимни кўзгуга солиб кўришни ёқтирмайман… Мен ваннахонадаги чироқни ўчиришдан қўрқаман. Кеча кечқурун кўзгуга боқиб, гўё қари кампирга дуч келиб қолгандай бўлдим. Сен жуда ҳам яхши инсонсан… Лекин азизим, аслида ҳам шундай. Менинг юзим чиройлими? Қанақасига чиройли бўлсин? Айниқса, рассомлар шунақа дейишса ёмон… Сен менга қараб туриб, мана бу ёқимсиз башарани қаранглар, деганинг менга хуш ёқарди ўшанда… Ҳа мўътабар зот, мен ҳазиллашдим, сен жуда ҳам соддасан-а…
Бахтимга сен уқувсизроқ бўлганинг учун ҳам мени севиб қолгансан. Агар сен мени севмаганингда ва мени уқувим бўлганида телефон деган мато овозсиз, ўзидан из қолдирмайдиган даҳшатли қуролга айланган бўларди… Менми? Жаҳлим чиқаяпти? Алло… алло… алло… Жоним нега жим бўлиб қолдинг? Алло… алло… Жоним… (Қайтадан рақам теради.) Алло жоним… (Қайтадан рақам тера бошлайди.) Алло… алло… жоним… Бу рақам хато терилган. Мени нол тўрт олти билан улашаяпди. Менга эса нол тўрт етти керак… Отей… (Кутади.)
Алло… Отей, бу нол тўрт еттими? А! Жозеф бу сизмисиз? Бу менман… Мен хоним билан гаплашаётганимда бизни узиб қўйишди. Уйда йўқми? Ҳа… Ҳа… Бугун у қайтиб келмайдими?
О, худойим-ей, нақадар паришонхотирман-а, у ресторандан қўнғироқ қилаётганида бизни узиб қўйишди. Энди эса уни уйига қўнғироқ қилаяпман.Мени кечиринг Жозеф, миннатдорман, миннатдорман… Яхши, тунингиз хайрли ўтсин, Жозеф. (У гўшакни жойига қўяркан, ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Яна қўнғироқ овози.) Алло… алло азизим… Бу сенмисан? Бизни узиб қўйишди… Йўқ, йўқ мен кутаётгандим… Қўнғироқ жиринглаганда мен гўшакни кўтаргандим, ҳеч ким гапирмади. Албатта, албатта…
Сен ётиб ухламоқчимисан?.. Қўнғироқ қилганинг учун раҳмат. Сен жуда ҳам яхши инсонсан. (Йиғлайди. Пауза.) Йўқ, мен эшитяпман… Нима?.. Узр, албатта буларнинг бари шунчаки бир тентаклик, холос. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ мендан асло хавотир олмагин, ҳаммаси жойида. Онт ичаманки ҳаммаси жойида. Йўқ, балки сенга шундай туюлгандир. Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Сен хато ўйлаяпсан. Ҳозир ҳам илгаригидай гаплашяпман-ку… Фақат… Биласанми? Узундан узоқ гаплашишни тўхташишни ҳам, гўшакни ўз жойига қўйишни ҳам унутиб, ўзингни бўм-бўш зулмат ичра ҳис этганинг ҳолда… (Йиғлайди.) Севгилим, менга қулоқ сол, мен сенга ҳеч қачон ёлғон гапирмаганман… Ҳа, мен биламан ва сенга ишонаман… Мен шунга ишонаман. Йўқ, айнан шунга. Мен ҳозиргина сенга ёлғон гапирдим. Ҳозиргина… шу тобда… Мана ўн беш дақиқа бўлибдики, сенга ёлғон гапириб ўтирибман. Мен шу нарсани аниқ биламанки, энди кутишга ҳам, умид қилишга ҳам ҳожат йўқ. Бахтсиз одамга ёлғондан заррача фойда йўқ. Ҳатто сенинг фойданг учун ҳам ёлғон гапириш менинг қўлимдан келмаслигини яхши биласан… О, йўқ… Асло хавотир олма… Ташвишланишга ҳожат йўқ. Устимдаги кўйлагим ва Мартаникида овқатланганим ҳақида айтган гапларим мутлақо ёлғон эди.
Мен тушлик ҳам қилганим йўқ. Устимдаги кўйлагим ҳам пуштиранг эмас. Шу тобда мен ички кўйлагимни устидан ҳарир мато ташлаб олиб, сенинг қўнғироғингни кутар эканман, ўзимнинг ақлдан озаётганимни сезган ҳолда, у ёқдан бу ёққа юра бошлайман. Шундан сўнг, матони елкамга ташлаганча кўчага чиқиб, такси тўхтатиб деразангнинг тагига бориб сени кутгим келди… Билмайман… Аммо сабабини билмасам ҳам кутардим, кутардим, кутардим… Сен ҳақсан… Ҳа… Ҳа… Эшитяпман… Мен эса ҳушимни йиғиб олдим… Эшитяпман, қасам ичиб айтаманки, гапларингни эшитиб ўтирибман. Йўқ, мен ҳеч нарса еганим йўқ… Аҳволим оғир бўлгани учун ҳам ҳеч нарса ея олмадим… Кеча кечқурун яхши ухлашим учун уйқу дори ичмоқчи бўлдим. Ўзимча озроқ ичсам ухлаб қоламан, агар меъёридан кўпроқ ичгудек бўлсам қайтиб уйғонмайман, яъни ўламан! (Йиғлайди.) Шунда илиқ сув ёрдамида ўн икки донасини ичиб, тошдай қотиб ухлабман ва туш кўрибман. Тушимда сен ёнимда йўқ эмишсан… Мен бирданига уйғониб кетиб, ўрнимдан сакраб турибману ёлғиз ўзим ётганимни, бошим сенинг елкангда эмаслигини англаб, энди яшолмасам керак деб ўйлабман. Мен худди жон бераётган одамдай, баданим совуб, ўзимни жуда ҳам енгил ҳис эта бошладим. Танҳоликда ўлим топишга иродам етмаслигига амин бўлганимдан сўнг Мартага қўнғироқ қилдим. Азизим, жоним, соат тўртлар эди чамамда… Иситмам қирқлар атрофида эди… Дори ёрдамида ҳаётдан кўз юмиш жуда ҳам қийин бўлар экан. Доза масаласида доим хато бўлади. Дўхтир менга дори ёзиб берганида Марта менинг ёнимда эди ва сен билан бемалол гаплашиб олишимиз учун, мен уни уйига кетишга кўндирдим. У яқиндагина кетди.
Энди ўзимни жуда яхши ҳис этяпман, ҳақиқатдан ҳам яхшиман, бошим умуман оғримаяпти. Ҳа,сен ҳақсан. Фақат бироз алаҳсираётгандайман. Ўттиз саккизу уч…
Буларни ҳаммаси асабдан… Мутлақо ташвиш тортма… Мен нақадар эҳтиётсизман-а… Ахир сен билан бир кунга хайрлашаётгандай, бемалол жўнаб кетишинг учун умуман ташвишга қўймасликка сўз бергандим-ку… Ҳа… Ҳа… Йўқ… Менинг бу ишим ғирт аҳмоқликдан бошқа нарса эмасди… Ҳа… Ҳа… Албатта тентаклик-да… Шу тобда энг мушкул иш гўшакни жойига илиб қўйиб, ёлғиз қолишдир… (Йиғлайди.) Алло… сизни яна узиб қўйишди шекилли…
Сен жуда ҳам очиқкўнгил ва олижаноб инсонсан… Менинг бечорагинам… Дилингни оғритиб қўйдим шекилли… Йўқ, гапиравер… Мен шунчалар қийналдимки, ҳатто полда ётиб олиб, у ёқдан бу ёққа ағанар эканман, ўз овозимни ўзим эшитиб, яна ўзимга келдим, тинчландим. Биласанми, биз бирга ёнма-ён ётганимизда, мен бошимни ўзим истаган жойга қўйиб, сенинг нималарнидир ҳикоя қилиб бераётган овозингни ҳозиргина телефондан келаётган овозингга ўхшатиб юбордим…
Разолат… Йўқ аксинча, сен эмас, мен разилман. Ахир сенинг олдингда мен қасам ичгандим-ку. Мен… Нималар деяпсан?.. Сен ҳалиги… Сен менга чексиз бахт ато этгансан… бахт… бошқа нарса эмас… Лекин азизим, сени бу гапларинг мутлақо нотўғри… Мен содир бўлиши керак бўлган мана шу ишни олдиндан, сезганман ва кутганман. Дунёдаги кўпгина аёллар ўз севганлари билан бир умр бирга бўламиз деб ўйлайдилар, ажралиш улар учун жуда катта фожеа ҳисобланади… Мен бўлсам сенинг ўша севгилингнинг суратини столимиз устида ётган журналда кўрган кунимданоқ, ҳаммасини фаҳмлаганман… Буларнинг ҳаммаси фақат аёлларга хос бўлган оддий ҳол. Мен ҳаммасини олдиндан билган бўлсам-да, сен билан бўладиган сўнгги кунларимизни барбод қилмаслик учун бу ҳақда сенга ҳеч нарса демадим… Энди мени ўзгартиришга урина кўрма, мен қандай бўлсам шундайлигимча қоламан… Алло… Қулоғимга қандайдир мусиқа овозлари эшитиляпти… Мусиқа овозлари эшитиляпти деяпман… Унда сен қўшнингнинг деворини тақиллатиб вақт алламаҳал бўлганини, мусиқа овозини ўчириш кераклигини айтиб қўйсанг бўлади-ку. Қўшнинг сенинг ҳеч қачон уйда бўлмаслигингни билиб ярим кечасигача мусиқа эшитишга ўрганиб қолган, шекилли. Йўқ, керак эмас… Эртага эрталаб Мартанинг врачи келади… Йўқ, у жуда яхши врач, бошқа шифокор чақириб, уни ранжитишнинг кераги йўқ… Ташвишланма, мен бор гапни айтаяпман. Мартанинг ўзи сенга хабар беради. Тушунаман, тушунаман, йўқ, бу гал ўзимни қўлга олишга, дадилроқ бўлишга уриниб кўраман… Аммо… О, минг чандон зўр… Аммо ҳозир, шу тобда қўнғироқ қилмаганингда ўлиб қолишим ҳам мумкин эди… Йўқ… Тўхтаб тур…Тўхтаб тур… Бирор чорасини топишга уриниб кўрамиз… (У ёқдан бу ёққа юра бошлайди. Паст овозда инграгандай бўлади.) Кечир мени, менинг ушбу ҳолатим кечириб бўлмайдиган даражада турган-битгани азобдан иборат… Сен жуда ҳам бардошли, чидамлисан… Лекин шуни билиб қўйгинки, мен азоб чекаяпман, қийналаяпман, ақлдан озаяпман… Бизни боғлаб турган телефон сими мен учун сўнгги имкондир… Ўтган куни кечқурун… у пайтда ҳали ухлаётгандим… Мен телефонни ўзим билан тўшагимда олиб ётгандим…
Ҳа, ўзим ҳам биламан. Бу албатта қанчалик кулгили бўлмасин, бизни боғлаб турган яккаю ягона имкон бўлгани учун ҳам шундай қилдим… Телефон сими… Сен яна бир бор қўнғироқ қиламан, деб ваъда бергандинг-ку… Тасаввур қиляпсанми, мен кўп тушлар кўрибман. Сен ўз қўнғироғинг билан бир тарсаки уриб, овозимни ўчириб қўйган эмишсан… Ўша тарсаки зарбидан ер узра йиқилиб тушибман, яна бир тушимда эса кимдир мени бўғаётган эмиш… ва шунда тўсатдан денгиз тубига тушиб қолган эмишман. Ўша ердан тўғридан тўғри сенинг Отейдаги уйингга борса бўлар экан. Мени бошимга ғаввосларнинг скафандри кийдирилган, унинг симлари эса сени қўлларингга уланган эмиш. Мен уларни узиб юборма, деб сенга ёлвораётган эмишман. Нақадар беъмани ва телба тескари тушлар-а?.. Агар ўша тушларим ҳақида бировга овоз чиқариб гапириб бергудай бўлсам, гўё улар ўнгимда ҳам содир бўладигандай даҳшатга тушасан киши. Ҳозир айни пайтда ҳеч нарсадан қўрқмаяпман, чунки сен билан гаплашиб, овозингни эшитиб ўтирибман. Мана беш йилдирки, мен сен билан қалбан, хаёлан ва руҳан яшаб келаяпман, сен билан биргаман, сен билан нафас олаяпман ва доим сени кутиб юрган бўламан. Агар сен кечиккудек ёки ушланиб қолгудек бўлсанг, худди ўлиб қолгандай туюласан ва ўзим ҳам ўлиб қоладигандай бўлавераман. Чунки, сенинг овозинг менинг оғриқли дилимга худди малҳамдай, бебаҳо малҳамдай туюлади. Ҳозир сен билан гаплашиб турганим учун ҳам нафас олаяпман. Кўрган тушларим унчалик ҳам аҳмоқона эмас шекилли… Агар сен ҳозир телефон гўшагини қўйиб қўйгудек бўлсанг, бу ишинг билан телефон симини қирқиб ташлагандек бўласан!
Ҳа, севгилим, биринчи кеча ҳар ҳолда ухладим. Дўхтирнинг айтишига қараганда, буларнинг ҳаммаси асабларнинг зўриқишидан экан. Одамлар одатда биринчи кечаси яхши ухлашади, кутилмаган оғриқ кутилмаган зарбага ўхшаса-да, ҳар ҳолда чидаса бўлади. Иккинчи кеча эса чидаб бўлмайдиган даражада даҳшатли бўлиб, учинчи кеча эса бир неча дақиқадан кейин бошланади. Сен гўшакни жойига қўйиб қўйганингдан кейин эрта, индин ва яна сон-саноқсиз кейинлар, мазмунсиз бўм-бўш кунлар… О, худойим-ей, мен қандай қиламан, кунларим қандай ўтаркин? Йўқ, ҳеч ҳам алаҳсираётганим йўқ, эс-ҳушим ҳам жойида. Буларнинг ҳаммасини аниқ кўриб, англаб турибман…Ўзимда куч топиб сенга ёлғонлар тўқишдан бошқа яхшироқ чорам йўқ эди!
…Масалан, мен туш кўрдим дейлик. Барибир ҳам уйғонгач, туриб кийиниб, ювиниб бўлиб, албатта кўчага чиқардим, лекин қаёққа ҳам борардим… Менинг яккаю ёлғиз инсоним, қадрдон инсоним сен. Менга бошқа юмушнинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳа, мени кечир… Мен доим сен билан банд бўлганман ва барча ҳаракатларим фақат сен учун бўлган… Мартами, уни дунёси мутлақо бошқа… Жоним, бу худди сувсизликда балиқни қандай яшаши билан қизиқишдай гап… Менга ҳеч кимнинг кераги йўқ деб аввал ҳам айтганман… Эрмак, овуниш, кўнгил ёзиш ҳақида гапираяпсанми? Мен бир нарсани аниқ тан олишим мумкин. У ҳам бўлса, ўша тиш дўхтири асаб толаларимни ўлдириб бўлгандан кейин менга ҳеч ким керак бўлмай қолди… Менинг бу гапларим шоирона бўлмаса-да, ўша сен мени ташлаб кетган даҳшатли кунингдан бошлаб, мен бутунлай ёлғизман… ёлғизман… танҳо ўзим ёлғизман… Ахир сенга айтдим-ку, ташлаб кетган кучугинг мана икки кундирки даҳлиздан жилмайди. Агар силамоқчи бўлсам, мени ўзига яқинлаштирмайди. Менимча, бироз вақт ўтса у мени тишлаб олиши ҳам мумкин. У баъзида тишларини ғичирлатиб, ириллаб ҳам қўяди. Сени ишонтириб айтаманки, кейинги пайтларда у бошқача бўлиб қолган… Мен ундан қўрқаман… Мартагами?… Сенга айтдим-ку, у ҳеч кимни ўзига яқинлаштирмаяпти деб. Марта уни бир амаллаб ташқарига олиб чиқди. У ҳатто эшикни очишга ҳам қўймайди. Ҳа шундай қилинса, тўғри иш бўлади. Ишон, мен ундан қўрқаяпман. У ҳеч нарса емаяпти ҳам, ётган жойидан қўзғалмаяпти ҳам. У менга шундай қараш қиладики, кўриб этим жимирлаб кетади. Қаердан ҳам билай сабабини… Балки мени сенга ёмонлик қилган деб ўйлаётгандир… Бечорагина жонивор, ҳатто ундан ранжишга ҳаққим ҳам йўқ. Мен уни яхши тушунаман. У сени яхши кўради, ёқтиради. Сени интизор бўлиб кутаяпти, аммо сендан дарак йўқ… У буларнинг бари учун мени айблаяпти шекилли. Сен Жозефни жўнатишга ҳаракат қил, ўйлайманки, у Жозеф билан кетади. Аҳ, мен… Барибир ҳам… у мени эъзозламасди. Қанақасига? Бунинг кимлигини аҳамияти йўқ… Мисол учун тунов куни бир таниш аёлни учратдим, исми “С” ҳарфидан бошланади… Б.С. Ҳа, шундай, у Анри Мартен шаҳарчасида яшайди…
У мендан сенинг ҳали аканг ҳам борми, уни никоҳ тўйи ҳақида газеталарда ёзишганди, деб сўради. Наҳотки, сен мени ундан хафа бўлди деб ўйлаган бўлсанг… Ахир буларнинг ҳаммаси бор гап-ку… Қанақа кўринишда эдим? Юрагим тўла таъзиялар билан… Ишонтириб айтаманки, уйда меҳмонларим бор деб баҳона қилиб тезроқ кетишга шошилдим… Вазиятни чигаллаштирма… Ҳаммаси жўнгина ва оддий… Агар одамларга нисбатан эътиборсизроқ бўлгудек бўлсанг, улар сени кўрарга кўзи йўқ. Мен бўлсам, аста-секин ўз дўстларимнинг баҳридан ўтдим… Мен сен билан бўладиган лаҳзаларимнинг бир дақиқасини ҳам беҳудага кетказишни хоҳламасдим. Бу ҳақида одамларнинг нима дейишлари мен учун аҳамиятсиз… Нима бўлганда ҳам адолатли бўлиш керак… Бизнинг муносабатларимизни бегона одамлар ҳеч қачон тушунишмайди… Сен… Сен баъзи бир нарсаларни уларга мажбурлаб ўргата олмайсан ҳам. Бунақа пайтларда энг яхшиси менга ўхшаб ҳаммасига қўл силтаб қўя қолган маъқул, тамом вассалом.
Одамлар фақат икки нарсанигина тушунишади, у ҳам бўлса, муҳаббат ва нафрат. Ажралиш ўз номи билан ажралишдир, уни бошқача аташ мумкин эмас. Одамлар бу нарсаларга мутлақо юзаки қараб муносабатда бўлишади… Уларга сен бу гапларни мажбурлаб тушунтиролмайсан-ку… Бу борада энг маъқул йўл менга ўхшаб ҳаммасига қўл силтаб қўя қолиш, тамом-вассалом… Мутлақо… (У кутилмаган қаттиқ оғриқдан инграб юборади.) О!… Йўқ, ҳечқиси йўқ… Мен шу топда сен билан гўёки шунчаки гаплашиб ўтиргандай гапираяпман, гапираяпман ва бирданига ҳаммаси тугаганини сезиб қоляман! (Йиғлайди.) Ўз ўзингни алдашни нима кераги бор?.. Ҳа… Ҳа… Йўқ… Одамлар қадим замонларда ҳам бунақа ҳолларга тушишган, ҳатто эс-ҳушларидан айрилиб, берган ваъдаларини унутишиб, севганларига эришиш учун ҳаммасини қайтадан бошлашган. Бир қиё боқишнинг ўзи ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган… Бугунги телефонлар даврида ҳаммаси тугадими, тамом тугади… Асло ташвишланма… Инсон ҳеч қачон ўз жонига икки марта қасд қилмайди… Мангу уйқуга кетиш учун бир мартасининг ўзи кифоя… Йўқ, мен тўппонча сотиб олишимни сен тасаввур қилоласанми ўзи? Сенга ёлғон сўзлашим учун менда куч йўқ, мадор йўқ, улар қаердан ҳам бўлсин… Мен кучли ва иродали бўлишим керак… Одатда шундай ҳоллар бўладики, ёлғон яхшиликка хизмат қилади… Мисол учун сен менинг дардимни енгиллатиш учун ёлғон сўзлайдиган бўлсанг, мен сенга ёлғон гапираяпсан, деб айбламайман-ку… Сенинг ёлғон гапираётганингни сездим деяпман. Масалан, сен ҳозир уйда бўлмаганингда, бу ҳақда айтган бўлардинг… Йўқ, йўқ, азизим… Қулоқ сол… Мен сенга ишонаман… Ахир мен сенга ишонмайман деб айтмадим-ку… Нима учун ранжияпсан?.. Йўқ, хафа бўлаяпсан… Ранжиганинг овозингдан билиниб турибди… Агар азбаройи менга раҳминг келганида сени янада қаттиқроқ севган бўлар эдим… Алло… Алло… Алло… (У тез ва паст овозда гапирганча гўшакни секин жойига қўяди.) О, худойим, шундай қилгинки, у менга қўнғироқ қилсин! (Телефон жиринглайди. У гўшакни олади.) Бизни узиб қўйишди. Айтмоқчиманки, агар сен оқ кўнгиллигинг сабабли менга ёлғон гапирганингда, мен буни албатта пайқаган ва сени янада кучлироқ севган бўлардим… Сўзсиз… Сен ақлдан озаяпсан… Севгилим… жоним… азизим… (У бўйнига телефон симини ўрай бошлайди.) Бу ишим ҳар қанча даҳшатли бўлмасин, барибир қилишим керак… Йўқ, бунга менинг иродам етмайди… Ҳа шу тобда биз иккаламиз гаплашаяпмиз, гўё бир-биримизга жуда ҳам яқинмиз, бир-биримизни пинжимизга суқилиб кириб олганмизу бирданига бизни икки томонга ажратиб юборишди. Қарабсанки, яна ўша ертўлалару канализациялардан иборат бўлган бутун бир шаҳар орамизда пайдо бўлади… Инсон овозининг телефон симлари орқали ўтишини айтиб ҳайратга тушганим эсингдами?.. Мен телефон симини бўйнимга ўрадим… Сенинг овозинг менинг бўйнимни чирмаб олаяпти… Шу тобда станция тасодифан ҳаммасини узиб қўймасайди деб қўрқаман!
…О, азизим, сенингча мен сени яхши билмайман, қандай қилиб сени бошингга шундай фикр келиши мумкин? Ушбу операция мендан кўра сенга қийинроқдир. Йўқ… йўқ… йўқ… Марселгами? Жоним, қулоқ сол, истардимки, агар индин кечқурун икковингиз Марселга келмоқчи бўлсангиз… ўтиниб сўрардимки, сизлар… бир вақтлар иккаламиз тунаб қолган меҳмонхонада тунамасангиз. Ўтинаман сендан. Ранжимаяпсанми?.. Бундай дейишимнинг сабаби шундаки, ҳамма нарса гўё туман ичра кўринаётгандай бўлса-да, аммо тасаввуримдан ўчиб кетмаган ва ҳеч қачон ўчмаса ҳам керак… Тушундингми?…
(У ўрнидан зўрға туриб,телефонни қўлига олганча тўшаги томон боради.)
Шундай қилиб… яна… беихтиёр “ҳозирча хайр” деб юборишимга сал қолди. Ишончим комил… Ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч нарсани билмайди… О, ҳа… Шундай бўлгани маъқулроқ… (У телефонни кўксига босганча тўшакка чўзилади.) Азизим… севгилим… Мен мард ва дадил бўламан… Гўшакни тезроқ жойига қўй… Тезроқ, тезроқ… Ахир, тезроқ қўйсангчи… тезроқ… Мен сени севаман… севаман… севаман…севаман… севаман… (Телефон гўшаги унинг қўлидан сирғалиб полга тушади…)
Б.Қурбон. “Илтижо” 2010 й.
Рус тилидан
Бобониёз Қурбонов
таржимаси
2017/12
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/06/%d0%b6%d0%b0%d0%bd-%d0%ba%d0%be%d0%ba%d1%82%d0%be-1889-1963-%d0%b8%d0%bd%d1%81%d0%be%d0%bd-%d0%be%d0%b2%d0%be%d0%b7%d0%b8/