Заҳмат манзиллари

Ўз соҳасининг закийларидан бири, нуктадон мунаққид, Шарқ адабиётининг донишманди, мутаржим, забардаст навоийшунос Натан Маллаев Тошкент шаҳрида зиёли оиласида таваллуд топди. Ўрта мактаб хатмидан сўнг бўлажак олим дастлаб, Педагогика билим юртида, сўнгра Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирги университет)нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил кўрди. Ўқиш жараёнида у Олим Шарафиддинов, Мақсуд Шайхзода, Абдураҳмон Алимуҳамедов сингари устозлар назарига тушди. Олий таҳсилдан сўнг институт аспирантурасида ўқишга қолдирилган Натан Маллаев 1948 йили машҳур шоир Мақсуд Шайхзода раҳбарлигида “Мунис Хоразмийнинг ҳаёти ва ижодий мероси” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шундан сўнг олим Хоразм Давлат педагогика институти, ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ҳамда умрининг охири (1996,20 май)гача Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтларида ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири сифатида дарс берди, ёш тадқиқотчилар, аспирантлару докторантларга раҳнамолик қилди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошларида Натан Маллаев бутун диққат-эътиборини Шарқ халқлари классик адабиётини, хусусан, ўзбек мумтоз адабиётини янада чуқур ўрганишга қаратди: адабиёт тарихи бўйича дастурлар ва мажмуалар тузди. 1953 йили ўрта мактаблар учун “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигини битди, “X-XII асрлар адабиёти” (1958) рисоласини яратди. Ундан кейинги йилларда Натан Маллаев ўзбек мумтоз адабиётининг кам ўрганилган манбалари бўйича бир қанча мақолалар ёзди, бой адабиётимизга оид кўплаб қўлёзма нусхаларни кўздан кечирди, муноқиб ва тазкираларни ўрганиб чиқди. Натижада, университетларнинг филология факультетлари ҳамда педагогика институтларининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабалари учун “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигининг биринчи китоби юзага келди. Яқин ўттиз йил давомида олий ўқув юртларимизда барқарор дарслик сифатида хизмат қилган бу китобнинг бошқа шу тизимдаги дарсликлардан туб фарқи бор эди. Зероки, дарсликни ёзишда, муаллиф бир томондан, ҳамкасбларининг тадқиқотларидаги фикр, мулоҳазаларни ягона тизимга солиб, изчил ва оммабоп тарзда баён қилган бўлса, иккинчи томондан, “Қутадғу билиг”, “Ҳибатул ҳақойиқ”, “Мифтоҳул адл”, Навоий насрий асарлари, “Девони Фоний”сидан намуналарни илк истеъмолга киритиб, талабалар оммасига таҳлилий тақдим этди. Шу боис, бу китоб фундаментал тадқиқот моҳиятига ҳам эга эди. Дарсликнинг ана шу жиҳатини қадрлаган баъзи ҳамкасблари олимга уни докторлик диссертацияси сифатида ҳимояга қўйишни таклиф этишди. Оқибатда, шундай қилинди. Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳузуридаги ижтимоий фанлар бўйича фан доктори илмий даражасини берадиган Ихтисослашган илмий кенгаш йиғилишида Ойбек, Ҳамид Орасли, Ҳамид Сулаймон, Иззат Султон, Воҳид Зоҳидов китобнинг илмий қимматига юқори баҳо беришди. Кенгаш аъзолари Натан Маллаевга мазкур “дарслиги учун филология фанлари доктори” деган илмий даражани бериш лозим деган қарор қабул қилди. Аммо муаллифнинг айрим норавобин ҳамкасблари китобнинг жиддий илмий қимматини тан олгиси келмади. Натижада, ана шундай бир неча ичи қора худбинларнинг “юмалоқ хати”га кўра кенгаш қарори оқибатсиз қолдирди. Аммо, бу ногаҳоний зарба метин иродали Натан Маллаев қаддини буколмади, руҳини сўндира олмади. У илмда нимага қодир эканлигини намойиш этиш учун муттасил қўлёзмалар заҳираларида ишлади, бадиий ижодда топология, оғзаки ижод билан ёзув адабиётининг ўзаро таъсири сингари назарий масалалар билан шуғулланди.

Олтмишинчи йилларнинг ўрталаридан эътиборан, Натан Маллаев буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Навоий ижодини ўрганиш ва шу йўлда шогирдлар тайёрлашга ҳам жиддий эътибор берди: олим Навоий асарларининг 15 жилдлик ўзбекча, 10 жилдлик русча нашрларини тайёрлаш ва чоп эттиришда қатнашди. Ўзбекистон Давлат адабиёт музейини ташкил қилишда устоз Ҳамид Сулаймонга яқиндан кўмаклашди. Ана шу йиллар давомида Натан Маллаев “Навоий ижодининг халқчил негизи”, дунё новоийшунослиги тарихи ҳақида “Асрлар эътирофи ва таъзими”, “Навоий ва халқ оғзаки ижоди” каби рисола ва монографияларини яратди; “Навоий лирикаси” китобини нашрга ҳозирлади.

1978 йили у “Навоий ва халқ оғзаки ижоди” тадқиқоти учун филология фанлари доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлди. Мазкур кенг қамровли монография, айниқса, икки жиҳатдан ғоятда қимматлидир:

Биринчидан, олим ушбу фундаментал илмий асари билан ўзбек адабиётшунослигида классик адабиёт ва халқ оғзаки ижоди деган янги илмий йўналишни бошлаб берди; ёзув адабиётининг оғзаки ижодга, оғзаки ижоднинг ёзув адабиётига таъсири масаласи муаммоларини чуқур таҳлил этди.

Иккинчи томондан эса, халқ оғзаки ижоди бисотидан баракали файз топган даҳо санъаткоримиз Навоий асарларининг кенг халқ оммаси орасига нечоғли сингиб кетганини илк бор илмий нуқтаи назардан таҳлил қилди. “Хамса” достонларининг бахшилар қайта яратган вариантлари, XVI аср ёзувчиси Умар Боқий томонидан қайта ижод этган насрий нусхалари анча батафсил, бадиий маҳорат жиҳатидан, анъана ва ўзига хослик нуқтаи назаридан ўрганилиб, назарий умумлаштирилди. Олим Умар Боқий қиссаларининг Навоий достонлари сюжетига қай даражада яқинлигини, айни пайтда, фарқли жиҳатларини зукколик билан аниқлай олган. Кейинчалик ёш тадқиқотчиларимиз ана шу анъанани давом эттириб: “Лутфий ва халқ оғзаки ижоди”, “Бобур ва халқ оғзаки ижоди”, “Огаҳийнинг фольклорга муносабати” масалаларини тадқиқ этдилар. Натан Маллаевнинг Навоий ижодига бағишланган сўнгги асари “Сўз санъатининг гултожи” (1992) монографияси бўлиб, у кенг илм-адаб аҳлига “Хамса”нинг беш достони тўғрисида яхлит, лўнда илм-маърифат берадиган асар ҳисобланади. Олим фаолиятининг яна бир жиҳати, у қардош халқлар адабиётининг толмас тадқиқотчи ва тарғиботчиларидан бири эди. Унинг Рудакий, Жомий, Фузулий, Махтумқули, Абай каби буюк мутафаккирлар хусусидаги илмий мақолалари ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ, илм аҳли томонидан эътироф этилганди. Олимнинг озарбайжон, форс-тожик, уйғур адабиётига доир кўплаб мақолалари турли тўпламлар, қомуслардан жой олганди. Гарчи, “X-XII асрлар адабиёти” монографиясида озар ва форс-тожик мумтоз адабиёти намояндалари ижодига анча кенг ўрин берилган бўлса ҳам, лекин унинг бу соҳадаги дастлабки алоҳида монографияси “Абулқосим Фирдавсий” (1962) ҳисобланади. Китобда муаллиф туркий халқлар адабиётшунослигида биринчи бўлиб қўлёзма тазкиралардаги маълумотлар асосида Фирдавсий ҳаёти ва унинг ўлмас “Шоҳнома”сини кенг қамровда таҳлил қилган. Айниқса, “Рустам ва Суҳроб”, “Сиёвуш”, “Исфандиёр”, “Бежон ва Манижа” достонлари таҳлили асносида инсонпарварлик, халқлар дўстлиги, таълим ва тарбия, ватанпарварлик ғояларига, талқинига алоҳида эътибор берган. Мазкур таҳлил давомида муаллиф илм-фанда биринчи бўлиб Фирдавсий ва ўзбек адабиёти масаласига эътибор қаратди. “Шоҳнома”нинг XVI асрдан бошлаб, Шоҳ Ҳижрон, Муҳаммад Яъқуб Ёркандий, Нодир Муҳаммад Бухорий, Хомуший, Очилди Мурод Мирий каби шоир ва ёзувчилар томонидан назм ва насрда ўзбек ва уйғур тилларига таржима қилингани, 1903–1909 йилларда тошбосма усулида нашр этилгани ҳақида кенг маълумот берган.

Ўрта мактаб ҳамда олий ўқув юртлари учун ёзилган дарсликларда Натан Маллаев Низомий, Фузулийлар ҳақида фикр юритган. Кейинчалик эса озар адабиётига бўлган бу қизиқиш олимни “Низомий ижодининг илмий-маърифий қиммати” деган қўлланмаси билан якун топди. Бу китоб илмий-оммабоп йўналишида битилган. Олим асосий эътиборни Низомий “Панж ганж”и таркибидаги достонларда таълим-тарбия, илм ўрганиш, касб эгаллаш, комил инсонни етиштириш борасидаги қарашларни чуқурроқ таҳлил қилишга эътибор берган. Шунинг учун мазкур асарида профессор Натан Маллаев бир неча йиллик илмий педагогик фаолиятини умумлаштиргандек кўринади. Бундан ташқари муаллиф рисолада “Маҳзан ул-асрор”, “Хусрав ва Ширин”, “Ҳафт пайкар” достонларининг мумтоз таржималари ҳақида кенг маълумот берган. Хусусан, Қутб ва Низомий масаласини анча теран ҳамда изчил таҳлил қилган. Зероки, унда олим ўқувчини Низомий ҳаёт йўли билан лўнда ошно этди. “Панж ганж” достонлари моҳиятини мухтасар тарзда етказишга муваффақ бўлган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Натан Маллаев мумтоз адабиётимизнинг, қардош халқлар адабиётининг толмас тарғиботчиси ва таржимони ҳам эди. Унинг бевосита раҳбарлигида қардош халқлар адабиётининг, адабий алоқаларнинг муҳим муаммоларига бағишланган бир неча илмий тўпламлар чоп эттирилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Натан Маллаев адабиётимиз тадқиқотчиси, манбашунос, назариётчи, маорифимиз дарғаларидан бири сифатида соҳа ходимлари, шогирдлари сафида ҳамон барҳаётдир. Чунки, у халққа илм тарқатган, китоб инъом этган, солиҳ шогирдлар тайёрлаган беназир инсон эди.

 

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ,

филология фанлари доктори, профессор

Ҳуснигул ЖЎРАЕВА,

ТДПУ ўқитувчиси

 

“Шарқ юлдузи”, 2012–4

https://saviya.uz/hayot/nigoh/zahmat-manzillari/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x