Синфдош жўраларим – Сирожиддин ва Мадиёрнинг хотирасига бағишладим.
– Ўзи сенинг муртинг ўсадими? Ё кўса бўлиб юраверасанми? – дея масхара қилишни бошлади Дарёбой.
Ҳар куни шу аҳвол! Иши тушса, мени мақтаб алқайди. Дарсдан сўнг, қўярда-қўймай уйига олиб кетади. Ҳурмат-иззат кўрсатган бўлади.
– Она, ҳов она! Меҳмон келди, қуймоқ қилиб бер.
Тан олишим керак, кўк пиёз тўғраб солинган қуймоқни фақат Дарёбойнинг онаси ширин қилиб пиширарди.
Қоринни тўқлаб олгач, увизга тўймаган бузоқдай мўлтираб, кўзларини пирпиратиб ялиниб-ёлворади, қасам ичади, беозор таҳдид қилади: агар мени жўрам десанг, йўқ дема! Шундайми? Йўқ, шуми гапинг? Э, ўзимнинг ақлим етганда, сенга сарғайиб ўтирармидим? Шу охиргиси, йигит сўзим! Янаги сафар илтимос қилган номард!
Кейин уй вазифаларини ўзининг дафтарига мук тушиб кўчиради. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир! Яна худди бир нарсани тушунгандай пичан тилавериб, қора ёриқ бўлиб кетган бармоғини оппоқ дафтаримга нуқиб ёзишига нима дейсиз? У ўқишни деярли билмасди. Ҳарфларни танир эди-ю, қўшиб ўқиёлмасди. Ёзуви ҳам “аланг-жаланг”, учта ҳарфли сўзидан тўртта хато топилади.
– Бўлсангчи-ей! – дедим энсам қотиб.
Унинг эса бор диққати кўчиришда: “Ҳозир, мана!” деб, қовоғини учириб, бурнини “шўлт” этиб бир тортди-да, миқ этмай ёзаверди. Ёзув тугашига яқин тиржайибми, иршайибми мазах қилишга ўтди.
– Қиз болага ўхшайсан-ей!
– Э, бошимни қотирма!
– Қани? Йўқ-ку!
– Кўрмисан?! – тутақиб кетдим. – Мана, турибди-ку сарғайиб!
У эса баттар кулди:
– Ҳеч замонда йигит кишининг мўйлови сариқ бўладими? Бундай қорайиб, силаганда бармоғингни қичитмаса? Ундай тук ана Сарвинозда ҳам бор! Сал тиғ-пиғ теккизиб тур, дарров қораяди.
Эҳ-ҳе, отамнинг устарасини неча марта яширинча ишлатганимни билмайди-да, бу тўнка.
– Тур-е, мешқоп! Ит экансан-ку сен! Умуман одам бўлмайсан сен! Ҳали яна бўзлаб келарсан-а! Кўрамиз ўшанда ҳолингни!
– Ҳўв, оғзингга қараб гапир! Мен ҳеч кимга ялинмайман!
Алам қилди. Қани энди, кучинг етса-да, хумордан чиққунча дўппосласанг! Ҳеч бўлмаса, бир мушт туширсанг! Қаёқда?! Билаги менинг бўйнимдай келади. Мактабда Дарёбой полвон, деган оти бор. Кўзойнаги бошидан катта қилтириқнинг кучи етармиди унга?! Лекин минг дағдаға қилгани билан менга қўл кўтармаслигини биламан. Чунки, эртасига яна иши тушади – тили қисиқ. Шуни тан олмаётгани очувимни келтирди.
– Э, пашўл …! – чийиллаб юбордим. Сўнг дафтар-китобларимни тез йиғиштириб, жилдимни елкага осдим-у, қайтиб унинг уйига қадам босмасдай, юзкўрмас бўлиб уйимга жўнадим.
Унинг уйи овулга кираверишда: катта ариқдан унинг жўхори отиз[1]ига ўтилади, отизнинг нариги тарафида гугуртнинг қутисидай уй. Меники эса ҳўв ичкарида. Бора-боргунча жиним қўзиди. Унга қарши турли ҳийла-найрангларни пишитиб бордим, қасос ўтида ёндим.
Дарёбой – менинг “ўл” деган жўрам[2]! Ўзи жўрачилигимиз қачон бошланган: етти чақирим узоқдаги мактабга бирга қатнаган кезларимиздами? Ё ундан олдинроқми? Буни икковимиз ҳам билмаймиз. Алоҳида “Отинг нима? Сеникичи?” деб танишмаганмиз, “Кел, шу кундан бошлаб икков дўст бўлайлик, дўстлигимизга мана шу дўнг-қирлар гувоҳ бўлсин, мана шу ариқдаги сув бутун элга достон қилсин!” демаганмиз. Шундай, ўз-ўзидан дўстмиз. Эсимни танибманки, Дарёбой – менинг жўрам!
Мен-да, у-да ўз уйимизнинг эркаси – соямизни бировга бостирмаймиз. Менинг эркалигим уйимдагиларгагина, уники эса бутун овулга ўтади. У истаган уйга кириб, кетмонми, хаскашми, тандирдан узилган иссиқ нонми ё палакда эрта-индин еймиз, деб қўйилган қовун-тарвуздан сўраб-сўрамай олиши мумкин, биров унга “ғинг” демайди: ҳа, Дарёбой олдими? Майли, индама!
– Ўлсин шу жетимак! Кўзлари олайиб, бостириб келаверади. Қўлига илинган нарсани олиб кетаверади. Э, қачонгача чидаймиз? – унинг дастидан куйган хотинлар шанғиллайди.
– Ўчир овозингни! – дейди эрлари. – Тошгул момодан балога қоласан!
– Шу ялмоғиз кампир ўлмади, биз қутулмадик!
– Жим-ей, ўч-ей! Одамлар эшитса, масхара бўласан-а, эсини еган хотин! Сен айтаётган ўша ялмоғиз ҳаммамизнинг киндигимизни кесган! Уқдингми?
– Бўлмаса айтинг, неварасини сал тийиб қўйсин! Агар сиз айтмасангиз, ўзим айтаман!
Қайданам айтсин! Ҳаммасининг дами ичида! Дарёбойга бармоғини бигиз қилганнинг шўри қурийди, юзи куяди, овулда мохов бўлади, қолади: ҳеч ким у билан тиллашмайди, кўрганда терс бурилади, унинг уйидан этагини қоқади. Етти ёшмидик, ё саккизми… эсимда йўқ: Дарёбой куппа-кундузи Бургут тракторчиникидан (у пайт тракторчи эди, ҳозир ўтдай фермер) қатиқ олиб чиқиб кетаётганда, Гулмира янга уни ушлаб олади. Овулга келин бўлиб тушганига энди уч ой бўлган янгамиз “ўғри”нинг додини бериб қўйиш учун унга бир шаппат туширади. Дарёбой қатиқ идишни ерга улоқтириб, синдиради. Жазаваси қўзиган янга уни савалаб кетади. Томошанинг қизиғи эса кечқурун бошланади. Бургут оғамиз ишдан келиб, овқатини еб, кўк чойни сипқориб, ёнбошлаб ётмайдими?! Ётса, Тошгул момо бир қовоқ қатиқ билан тўртта нон кўтариб келади.
– Келинг, Тошгул момо!
– Ётавер, болам. Қимирлама. Мен кетаман… Бургут болам, ининг сал шўхлик қилибди, айб қилмайсан!
– Қўйсангиз-чи, момо, нималар деяпсиз? – Бургут оғамиз ҳайрон бўлиб, хотинига қарайди. Хотини ўз ишидан мамнун, момони узр сўрагани чиққан, деб ўйлаб, ғўддайибгина ўтиради.
– Болагинам янгасининг қўлидан би-ир қатиқ ичгиси келибди-да. У ҳали ёш-да, ҳеч кимни ётсирамайди.
– Дарёбойни ким бегона, деди? Айтинг, ўзим унинг туғилганига пушаймон қиламан! – оғамизнинг важоҳатидан янгамиз саросималаниб қолади.
– Йўғ-а, ҳеч ким бегона демайди, болам. Айтдим, қўйдим-да, – дейди момо хотиржам. Кейин янгамизга юзланади. – Келин, мана бу қатиқни эрталаб ивитиб эдим. Ичинглар. Ҳаммагинангизга етади. Энди неварам қайтиб бу ерга бўйин чўзмас-ку, мабодо, адашиб-нетиб келиб қолса, қўлини қайтариб ўтирма, майлими?
Шундан сўнг қиёмат бошланади! Янгамизнинг кўрган куни қурсин! Эртасига Гулмира янгамиз – кўзи кўкарган, сочлари тўзғиган, юзи шилинган тугунчасини қўлтиқлаб, отасиникига жўнаб қолдими, дейсиз-да? Йўқ, у Дарёбойнинг оёғига бош уриб келади: “Қайним-ов, сенгинага кўтарган қўлларим синсин! Бир марта кечирақол!”.
– Ёшсан-да ҳали, – дейди Тошгул момо янгамизга раҳми келиб. – Кимнинг ким эканини билмайсан! Кўзим очиқлигида боламга бировнинг нафасини ҳам теккиздирмайман, айтиб қўяй.
– Билдим, онажон, билдим!
Ана шундай эрка менинг жўрам! Бунинг боиси – унинг отасида! Отаси бир пайтлар номи эл-улусни кесган полвон ўтган, дейишади. Айтишларича, олишларда ютган солимларни овулдошларига тарқатиб юрар экан. Давранинг исини олган кундан бошлаб, бирор марта кураги ер искамаган шундай норғул йигит Дарёбой туғилгандан икки ой ўтиб, бир тўйда қалтис йиқилибди-ю, жулини узилибди. Тошгул момо бамдод намозида ҳам, чой устида ҳам, ётардан олдин ҳам (балки, туни билан ҳам) келинини қарғагани-қарғаган: “Сен касофат… сен шумқадам…сен ажинанинг урғочиси келиб, болагинамнинг бошига етдинг! Қандай улим бор эди-я, қаторида нор эди-я! Ҳа, уруғ-аймоғинг билан қаро ер бўлгур!”, ҳайдагани-ҳайдаган: “Йўқол, алвасти! Қирилиб кет шайтоннинг урғочиси!”, тергагани-тергаган: “Ҳа, ўлимимни кутиб юрибсанми? Ҳа, Дарёбойга нима бердинг, уни ҳам ув[3]лаб ўлдирмоқчимисан?”. Келини – йигирма икки ёшида тул қолган Дарёбойнинг туққан онаси эса “ғиқ” этиб товуш ҳам чиқармайди. Ўша уйнинг чўрисидай гап. Дарёбойни мен туққанман, бола меники, деб даъво ҳам қилолмайди. Қайнонаси кўзининг ўтини олиб қўйганми, ё эрга тегиш, келин бўлиш шу экан-да, манглайимизда борини кўраверамиз, дейдими?! Одамнинг юзига тик қарамайди, рўмолини пешонасигача танғиб, кўзини ерга қадаб юраверади.
Полвонлик Дарёбойга отасидан ўтган. Ўзиям жуда оркаш бола. Мен қизларнинг орасида ўсганим (учта опам бор) учунми, жанжал-тўполонларга унча хушим йўқроқ – дарров муроса йўлини танлайман, ё калтак есам ҳам жавоб қайтармайман. У бошқа одам: бир бошга – бир ўлим, деб жони чиққунча олишади. Иккитаси биланми, ўнтаси билан олишадими унга барибир: қайтмайди. Бир сафар қўшни овулнинг болалари мени хафа қилганда уларнинг танобини тортиб қўйган ҳам шу Дарёбой бўлади.
– Ҳўв Кесактепанинг шоқоллари! Тўрттангнинг кучи битта қилтириққа етдими? Қани жигит бўлсанг берман кел, – деди-да ўртани ёриб кириб, энг бақувватининг кекирдагидан олиб, худди бир боғлам ўтни ирғитгандай отиб юборди. Унинг савлатию ҳайбати манаман деган олғир боланинг ҳам тиззасини қалтиратади. Манаман деганининг қочарга сўқмоғи, бекинарга тешиги топилмай қолади. Қолганлари сал талмовсираб, азбаройи овулдошининг ори учун бир-икки мушт туширган бўлди. Лекин Дарёбой қутуриб, барини ер тишлатмагунча, тиз чўктириб, узр сўратмагунча тинмади. Кейин уст-бошини қоқиб, шилиниб, қонталаш бўлиб қолган тирсагига бир сиқим тупроқ сурди. Менга бир ғижиниб қаради-да, индамай йўлига равона бўлди. Мен ҳам айни пайтда унга бирор гап айтиш – ўзимга мушт сотиб олиш билан баробарлигини ич-ичимдан ҳис қилганча унинг изидан жим эргашдим. Анча вақт сукутдан кейин ярим йўлда у илкис тўхтади-да:
– Нега устингдан кулишига индамай қараб турибсан? – деди қовоғини уюб.
– Тўрттасига бас келолмасдим-да, – айбдорона минғирладим.
– Барибир! Чотини мўлжаллаб туриб, тепмайсанми қарсиллатиб!
– Э, мен ундай қилолмайман, – дедим, кейин дарров айбни отамга ағдардим. – Отам ҳеч ким билан уришмайсан, ёқалашмайсан, деган. Эшитса, хафа бўлади-да. Бўлмаса, ўзим билардим.
Дарёбойга отамни айтганим оғир ботдими ё ғирт ёлғон гапираётганим, қўрққанимни бўлмағур баҳона билан хаспўшлаганим энсасини қотирдими, ҳафсаласи пир бўлиб, қўлини силтади.
– Лекин сен бопладинг, – дедим яна муросага келиб. – Вей, ўзиям оч қашқирдай ташландинг-а!
Мақтовим унга ёқди (мақтов кимга ёқмайди?) – чанг босган, пешонасининг тери чизиб ўтган бетига кулги югурди.
– Кўрдингми қандай олишганимни? – деди мардийиб.
– Эҳ-ҳе, айтяпман-ку, оч қашқирдай ташландинг, деб! Едиге[4] ботирнинг ўзи бўлдинг-а!
– Собит тухумкаллани йиқитганим-чи?
– Во! Ёмон йиқилди! Ҳалиям тирик қолди!
– Ўлмайди-е!
– Қолганлари иштонини ҳўллаб қўйди-ёв!
– Йўғ-е, ростданми?
– Ҳа!
– Ўзим ҳам айтдим-а, тақир ерда лой қайдан келди, деб!
Мириқиб кулишиб олгач, яна гаплашиб кетдик.
– Кимдир сенга анов-минов дейдиган бўлса, менга айт, тушундингми? – деди у ҳалиям мақтовимнинг таъсиридан чиқолмай. – Буйтиб кўзинг ёшовраб, дардингни ичингга ютиб юраверма. Сенга “фишт” деганнинг ўзим калласини юламан!
Унинг қизиқ қилиқлари бор. Бир-да менга оғамдай ғамхўр, меҳрибон, танти, бир-да ёш боладай ҳокисор, содда, ялинчоқ.
Куннинг тиғида, устига-устак ичимдан тошган ғазаб ўтида қовурилиб, уйга лоҳас бўлиб келдим. Наридан-бери тушлик қилиб, тўрдаги хонага – деразасига парда ўрнига отамнинг эски чопонини илиб, қоронғу ва салқин қилиб қўйилган хонага кириб, хаёлан у билан олишиб, тавбасига таянтириб ётдим.
Энди кўзим илинганида ўртанча опам Дарёбой чақираётганини айтди.
– Чиқмас экан, деб айт!
– Э, ўзинг айт. Нима, мен сенга хабарчиманми? – Опам ишини давом эттириш учун ошхонага чиқиб кетди.
Эринибгина ўрнимдан турдим. Чиқмасам бўлмайди, барибир кетмайди. Чиқмагунимча остонада серрайиб ўтираверади. Ташқарига чиқдим. Ҳаво иссиқ – май офтоби кунботар томонга хиёл оққан, уйимизнинг олди қуюқ соя бўлгани билан ернинг ҳовури ҳали босилмаган эди.
– Подага чиқасанми? – ялтоқланди. Нигоҳидан қилган ишидан афсусланаётганини илғаш қийин эмасди.
– Ҳали эрта-ку, – дедим унинг аҳволини писанд қилмай.
– Юргин энди, – ялинди. – Бир йўла чўмилиб ҳам олардик. Куннинг қизишини қара.
Бироз каловланиб турдим-да:
– Опа, мен молнинг олдига кетдим, – дедим ичкарига овоз бериб ва опамнинг жавобини кутмай уйдан чиқдим. Йўл-йўлакай шалваримнинг пойчаларини туриб олдим.
Биз овулнинг қибла томонидаги Пардабой шоликорнинг ҳовузига бордик. Аслида, ҳовузни овулдагилар қазишган, ариқдан сув келтиришган. Ҳовузга энг яқини Пардабойнинг уйи бўлгани учун ҳамма ҳовузни уники деб атайди. Юзларимиз ишиб, лабларимиз кўкариб кетгунча роса чўмилдик, ким сув остида кўп туриш, ким узоққа сузиш ўйнадик, ҳар замонда курагимизни қуёшга тутиб, исиниб олдик. Синфдошларимизни бир-бир айтиб, устидан кулдик. Лекин, барибир унга қараб жиним қўзийверди, ичимни ит тирнайверди.
Ҳовуз лабида қуриниб ўтирганимизда у тўсатдан Сарвиноз ҳақида гапириб қолди.
– Сарвиноз… яхши қиз, а? – деди у уфққа қадам ташлашга ботинолмай турган қуёшга термилиб.
– А? – дедим унга анграйиб. Унинг қиёфаси жиддий ва маҳзун – Сарвинознинг яхши қиз эканини унинг ўзига ҳеч қачон айта олмаслигидан пушаймонлик уфуриб турарди.
– Менга… менга ёқади-да! – деди у ва бирдан қорайиб кетди: неча кунлаб, ойлаб пинҳон сақлаган сири юзага чиққанидан уялди. Лекин айни пайтда фавқулодда орзумандлик, ташналик билан гапирди. – Не қилайин, жўра? Маслаҳат берсанг-чи?
– Ҳаҳ, тулкининг кўзини ўйган туллак, ҳаҳ, писмиқ, ҳали севиб қолдим, де, – масхара қилиш гали менга келганидан қувониб кетдим: “Қўлга тушдинг-ку!”
– Кулма! Кулма деяпман сенга! – деди у оғриниб. – Мен рост айтяпман.
Унга раҳмим келди. Девдай йигит ишқ ўтида қовжираб, бир бурда бўлиб ўтирибди-я.
– Эртага бор-да, уни бир чеккага чақириб, шартта-шартта юзига айт, – дедим мен ҳам бу мушкул вазиятдан чиқиш йўлини қидиришга тушиб.
– Ранжиб қолмасмикан? Тўсатдан айтса, бўлмас-ов!
– Тўғри, – дедим мулоҳаза юритгандай ўйчан қиёфада. – Ай, лекин буйтиб қийналиб юргунча, ё у ёқлик, ё бу ёқлик қиласан-да. Сенда кўнгли бўлса, хафа бўлмайди. Кўнгли бўлмасаям, юрагингни очганинг фойда. Бундай юкни ичида кўтариб юрмаслик керак.
У менга тикилиб қолди. Менинг чин ё ҳазил гап қилаётганимни билмоқчи бўлди, чамамда.
– Қўй-е, – деди. – Уни ранжитгандан кўра, айтмай қўя қолганим дуруст.
– Ўзинг биласан!.. – Бу мушкулот мени ҳам ўйлантириб қўйган эди. Нима қилса бўлади? Бу-ку қайсар, ўлса ҳам дардини Сарвинозга айтмайди. Мендан маслаҳат сўраяптими, демак, қандайдир йўлини топ, деяпти. Лекин муҳаббат масаласида ўзим ҳам андак тажрибасизроқман-да. Хўш, нима қилса экан? – Э, айтганча хат ёзсанг-чи?
– Хат?! – деди у худди ёлғиз ўзи оролда қолиб кетиб, нажот кемасига кўзи тушган одамдай. Назаримда, бу фикрнинг қандайдир муқобили унинг ҳам миясида айланиб турган, лекин, уни аниқ ифодалашнинг усулини тополмай ўзини қийнаётган эди.
– Чиройли сўзларни ёзиб, унга бериб юборасан. Кўзига қараб, гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Агар жавоб қайтарса, яхши. Қайтармаса ҳам, ҳеч нарса йўқотмайсан.
– Зўр фикр айтдинг! – деди у ҳаяжонланиб. Сўнг бирдан ичи бўшаган қопдай шалвираб қолди. – Мен чиройли ёзишни билмайман-да.
– Э, шуям иш бўптими? Яхши кўраман, у қиламан, бу қиламан, деб ёзиб ташлайверасан-да.
– Шуни сен ёзиб берсанг-чи? – деди у кўзлари чақнаб.
– Э, тентакмисан? Мен нима деб ёзаман? Яхши кўрадиган сен.
– Йўқ, дема, жўражон! Агар мени жўрам десанг, йўқ дема.
Кечлик овқатдан сўнг отамнинг кўзини шамғалат қилиб, жавонидан Ибрайим Юсуповнинг сайланмасини олдим ва Сарвинознинг чеҳрасини кўз олдимга келтириб хат ёздим. Хатни “Сен мен учун дунёдаги энг яхши қизсан!” деб тугатдим.
* * *
Эртасига дарс бошланмасдан олдин хатни Дарёбойга ўқиб бердим.
– Қойил-е, соз қилибсан-ку! – деди у мамнун бўлиб. – Энди буни Сарвинозга беришим керак.
– Юр, бирга берамиз, – дедим хавотирланиб ва хатни қўлига тутқаздим.
Иккаламиз Сарвинознинг олдига секин бориб, у билан ҳол-аҳвол сўрашган бўлдик. Дарёбойга имо қилдим, хатни Сарвинозга тутқазди. Қизнинг қийиқ кўзлари катта-катта очилди.
– Нима бу? – ҳайрон бўлиб сўради.
– Ўқиб кўриб, дарс тугагунча жавобингни айтарсан, – деди Дарёбой қизариб-бўзариб.
Кейин Сарвинозни кузатдим. У Дарёбой иккимизга зимдан қараб-қараб қўяр, ёнидаги пучуқбурун Ойгул билан бир нималарни пичирлашиб, секин куларди. Дарёбой иккимиз эса дарс тугашини сабрсизлик билан кутардик. Сўнгги дарснинг қўнғироғи чалиниб, ҳаммамиз ўрнимиздан ўрра туриб, кўчага отилаётганимизда Ойгул ёнимизга келиб, менга тўрт букланган қоғоз тутқазди. То ўша лаҳзага қадар қилган ишимдан қанчалик пушаймон бўлишимни, Дарёбойдан қасд оламан, деб бошлаган ҳазилимнинг таги зил бўлишини ўйламаган эдим. Дарёбой Ойгулнинг хатни унга эмас, менга бериб кетганидан ҳайрон бўлди. Менинг эса юрагим тез-тез урар, нафасим бўғзимга тиқилиб, пешонамдан тер чиқар эди. Хатда “Сен ҳам мен учун дунёдаги энг яхши йигитсан!” деган сўзлар ёзилганди. Мен Дарёбойнинг кўзига қарай олмасдим. У менга бир зум шубҳаланиб, ҳайратланиб тикилиб қолди ва қилган ишимни сездию шарт бурилиб кетиб қолди.
Мен хатга ўзимнинг исмимни ёзган эдим. Дарёбой эса, анқов, содда Дарёбой менга шунчалик ишонганидан, хатни лоақал очиб ҳам кўрмаганди. Мен то ўша лаҳзагача қилган ишимдан ҳузурланаман, уни боплаб мот қилганимдан кўнглим яйрайди, деб ўйлаган эдим. Мактаб даҳлизида бир ўзим сўппайиб қолдим. Юрагимни худди мен даҳлизда турганим сингари ҳувиллаган бўшлиқ аро бир оғриқ симиллатиб турарди.
Овулга келаётиб, унинг уйига кирдим.
– Хафа бўлма, жўра! Мен бир ҳазил қилмоқчи эдим. Ахир, сен ҳам нуқул мени масхара қилиб, жиғимга тегардинг-ку!
У мени урмади, сўкмади. Лекин, шундай қарадики, уриб, ўлдириб қўяқолгани яхши эди. У нафрат тўла кўзларини менга қадаб, аянчли жилмайди.
– Лекин мен ҳеч қачон сенга пасткашлик қилмаган бўлардим. Агар “Мен ҳам Сарвинозни яхши кўраман” деганингда мен индамай қўяқолардим.
Унинг бу гапи кечгача миямда айланиб, мени виждон азобида куйдирди. Оқшом кўзим илинмай ҳовлида ўтирдим. Вақтни орқага қайтаргим, қилган хатомни тўғирлагим келар, лекин чорасизлик мени қийнарди. Осмонни булут қоплаб, ўн беш кунлик тўлин ойнинг юзига қора тортди. Атроф зим-зимистон бўлди-қолди ва шивалаб ёмғир ёға бошлади…
Байрам АЙТМУРОД
1986 йили туғилган.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган.
Ҳикоялари матбуотда эълон қилинган.
“Ёшлик”, 2018/4
[1] Отиз – дала, томорқа.
[2] Қорақалпоқларда шундай ибора бор. Энг яқин деган маънони беради.
[3] Ув – заҳар маъносида.
[4] Едиге – қорақалпоқ халқ достони қаҳрамони.
https://saviya.uz/ijod/nasr/yurakka-yuk-tushdi/