ЯПОН ҲИКОЯЛАРИ
Ясунари Кавабата – япон ёзувчиси ва эссеисти, Япон санъат академияси аъзоси (1953). “Идзунлик ўйинчи” (1926), “Қорли ўлка” (1937), “Мингқанот турна” (1951), “Тоғлар ноласи” (1953), “Эски пойтахт” (1961) романлари билан танилган. Асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Ёзувчи 1968 йил асарларида миллий ва замонавий ифода усулларидан юксак даражада фойдалангани ва шу тарзда инсоннинг ички дунёсини юксак маҳорат билан тасвирлагани учун Нобель мукофоти билан тақдирланган.
ИТАЛИЯ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Уни бошдан-оёқ аланга қамраб олган эди. У жон аччиғида дод солар, ирғишлар ва жазава ичида қўлларини силтарди. Худди аланга қанотларини куйдирган парвонадек…
Дастлаб жуда қаттиқ портлаш овози эшитилди, зум ўтмай тажрибахонадан йўлакка бамисли гуриллаб ёнаётган улкан машъала отилиб чиқди…
Хоналаридан югуриб чиққан одамларни ёнаётган кимсадан кўра, унинг ақл бовар қилмас даражада баланд-баланд ирғишлашлари ҳайратга соларди. Худди чигирткани ўтда куйдиришаётгандек атрофга чирс-чирс учқунлар сачрарди. Ўт-олов ичида қолган жон қандай қилиб бўлса ҳам бу азобдан халос бўлишга талпинмоқда эди.
Бир пайтлар баландликка сакраш бўйича профессор Ториига тараф топилмас, у ҳатто олимпия ўйинларида ҳам қатнашиш шарафига муяссар бўлган эди. Ёру биродарлари билан ҳамкасблари шунга ишора қилишиб, профессорнинг шашти жуда баланд-да, дея аския қилишарди. Лекин ҳозир ҳазилнинг ўрни эмасди. Профессорнинг жон азобидан типирчилаши юракларни ларзага солар, унинг дод-фарёди тилка-пора қилинаётган дарранданинг ваҳшиёна фарёдини эслатарди.
Профессорнинг эгнидаги оппоқ халат куйиб, қоп-қора увадаси қолган, ёниб тугаёзган кўйлаги қора қурум сингари учиб тушарди. Куйган афтига қараб бўлмасди, оғриқ зўридан қорачиқлари кенгайиб кетган кўзлари саросима ичида ёнар ва косасидан отилиб чиқай-отилиб чиқай дерди.
Профессорнинг устидан спирт тўкилиб кетиб, у росмана машъала каби гуруллаб ёнмоқда эди.
Тажрибахонадан буралиб-бурқсиб қуюқ тутун чиқарди. Аланганинг аёвсиз тили йўлакка ҳам етиб қолган эди. Ичкарида кимёвий моддалар солинган шиша идишлар қасира-қусур ёриларди. Ёрдамга ошиққан ҳамкасблардан бири шошиб камзулини ечди-да, чойшабдек ёйиб, профессорнинг устига ташлади. Унга эргашиб яна бир неча киши шундай қилди. Профессорни авайлаб полга ётқиздилар.
Ҳамма ёқдан бақирган-чақирган овозлар эшитиларди.
– Ўт ўчирув баллони қани? Ўт ўчирувчиларнинг қувурини топинглар!
– Тезроқ қоғозларни олиб чиқинг!
– Огоҳлантириш тугмасини босинг!
– Врач! Врач қани! Тезроқ! Чақиринг!
– Ўт ўчирувчилар бошқармасига хабар беринглар!
– Вой, Сакико қани?! Сакикога нима бўлди?!
– Вой-й, Сакико эсимиздан чиқибди-ку! – йигитлардан бири шундай деганча, ўзини гуриллаб ёнаётган тажрибахонага урди. Ичкаридан кетма-кет палахмондан отилган тошдек бир каламуш отилиб чиқди. Чамаси бу каламуш тажриба учун сақланган қафасдан қутулиб чиққан эди.
Сакико тақдирга тан бергандек, қотиб турарди. У тириклайин ёниб кетишга шай бўлиб турганга ўхшарди. Деразадан тушаётган тонг қуёшининг жилвагар нурлари унинг елкаларини ёритарди. Дераза ортида шивалаб ёққан ёмғирда чайилган покиза, ям-яшил япроқлар оҳиста чайқаларди.
Сакиконинг этаги ёниб, аланга биланглаб юқорига кўтарилмоқда эди. Қиз ҳайкалдек қотиб турар, аланга қизнинг кофтасини аёвсиз қамраб олганди.
– Эсинг жойидами, – дея қичқирди бояги йигит ва бир тортиб унинг юбкасини, сўнг жон-жаҳди билан тутай бошлаган ичкўйлагининг этагини юлқиб олди.
Сакико бирдан уйғониб кетгандек илкис чўққайиб олди-да, қўллари билан яланғоч оёқларини яширмоқчи бўлди, бироқ улгуролмай ёнбоши билан йиқилди-да, ҳушдан кетди.
Йигит Сакикони кўтариб тажрибахонадан йўлакка олиб чиқди.
Пайсалга солмай жароҳатланганларнинг икковини ҳам касалхонага олиб кетишди.
Профессор Тории баданининг қарийб учдан икки қисми куйиб кетган эди: бундай одамнинг соғайишидан умид қилиб бўлмасди, лекин шунга қарамай, профессор ҳеч кимнинг кўмагисиз касалхона йўлаги бўйлаб палата томон йўрғалаб кетди. Унинг эски қадрдони бўлмиш телефонда огоҳлантирилган врач унга пешвоз чиққанида профессор Тории аудиторияда гапиравериб одатланиб қолган тарзда тушунарли ва лўнда қилиб дўриллади:
– Келганинг учун ташаккур. Тажрибахонага ўт тушди. Ҳаммаси ёниб кетди. Мен ҳам чакки қовурилганим йўқ, шекилли.
Профессор ўзини бардам ва тетик тутаётгани билан барибир унинг кўриниши одамнинг ўтакасини ёрарди: қошлари билан киприги батамом куйиб тушган, қавариб, гўштлари чиқиб қолган қип-қизил юзининг бадбуруш ниқобдан фарқи қолмаган эди.
Профессорни каравотга ётқизганларида у қақшатқич оғриқдан инграй бошлади. Лекин бу узоқ чўзилмади, кўп ўтмай у алаҳлашга тушди. У энди инграмас, балки ўзини у ёқдан-бу ёққа отиб, дод соларди. Дастлаб ҳамма ёғига қалин қилиб малҳам суртишди, кейин бошдан-оёқ бинт билан ўраб-чирмаб ташлашди. Ҳолбуки, бу малҳамнинг шифобахшлигига врачларнинг ўзи ҳам ишонмасди. Яширишдан фойда йўқ – қон қуйишдан ҳам нажот кутмасдилар. Кейинчалик виждонлари қийналиб юрмаслиги учунгина бу чораларни қўллашган эди. Қўшни полкдан ўн чоғлик ёш-ёш аскарларни чақиртириб, ҳаш-паш дегунча уларни текширишди, сўнг уларнинг қонидан олиб профессорга қуйишди, аммо бу ҳам ёрдам бермаслигини жуда яхши билишарди.
Орадан бир мунча вақт ўтиб, тери касалликлари бўлимининг бошлиғи келиб кетгач, жароҳатланганларни текшириб кўриш учун терапия бўлимининг бошлиғи ташриф буюрди. Аммо бошдан-оёқ дока билан ўраб боғланган бемор алаҳсираб ўзини тинмай у ёқдан-бу ёққа отаётгани сабабли терапевт яхшилаб текшириш у ёқда турсин, лоақал томир уришига ҳам қулоқ сололмади.
Борди-ю бунинг иложини қилди ҳам дейлик, аммо қўлидан нима келади? Бемор бошида атиги икки дақиқа ўтирган терапевт унга умидсиз назар солди-да, индамай палатадан чиқиб кетди. Тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда профессор Ториининг ажали етган эди.
Сакиконинг палатаси билан профессор ётган палата ораси унчалик узоқ эмасди, шу сабабли унинг инграшлари бемалол эшитилиб турарди.
Сакикодан хабар олгани келган дугоналари бир овоздан:
– Фалокат ёмон нарса, лекин юзинг қилчалик ҳам куймадими, шунга шукур қилавер, – деб кўнглини кўтарган бўлишди.
Сакико юзини ёстиққа буркаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади.
Унинг ўнг оёғи човига қадар дока билан ўралган эди. Шу оёғи жонсиз, ёғоч оёқдек туюларди-ю, бироқ шу билан бирга оёғи ҳам қақшар, ҳам ачишар ва қизгина оғриққа чидаёлмай тишини-тишига босиб ётарди. Наҳотки у оёғидан ажраб ногирон бўлиб қолса?!
Сакико илк маротаба эрга тегиш ҳақида ўйлади. Бу фикр бамисли бир игна сингари миясига санчилди-ю, сиқилиб кетганидан юрагида оғриқ қўзғалди.
Устидаги кўйлаги ёна бошлагач, у бирдан ҳам жисман, ҳам руҳан улғайиб қолгандек бўлди ва айни чоқда алланечук ёш болага ўхшаб қолганди. Бу ҳиссиётлар ўз ҳолича алоҳида-алоҳида жунбишга келар, бир-бирига бўйсунмас эди.
Чамаси, мана шу туғён туфайли у қаттиқ жазавага тушмоқда эди.
Руҳий талваса ва изтиробдан кейин Сакико бирдан ҳаётни тўла ҳис қилмоқ лаззати ва қувончини бутун вужуди-ла туйди.
Алҳол унинг ғам-ғуссага ботган ва аянчли дунёси ёришиб кетгандек бўлди-ю, барибир дили равшан тортмади. Унинг учун ҳаётнинг маъниси куйган баданидаги оғриқдан иборат бўлиб қолган.
Профессор Ториининг саломатлиги ҳақида у кўп ҳам куюнавермасди. Унга ачинарди, лекин унинг учун сиқилмас эди. Уни энди ўзининг шахсий ҳаёти қизиқтирарди.
Сакико шу йил баҳорда мусиқа билим юртининг вокал бўлимини тугатган, бироқ ҳеч кутилмаганда илмий ходим, ҳарбий врачнинг ёрдамчиси бўлиб қолганди. Бу ақл бовар қилмайдиган воқеа эди, лекин бизнинг замонамизда, айниқса, аёллар орасида учраб туради.
Шунга ўхшаш воқеа профессор Ториининг ҳаётида ҳам юз берганди. Спортга ниҳоятда берилиб кетганига қарамай, у айримларга ўхшаб ўқишни ташлаб юбормади. Эҳтимол, хусусий эмас, давлат билим юртида ўқиганлиги сабаб бўлгандир. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам илмга бўлган интилиш юксак ақл-идрокдан дарак беради, дегани эмасди. Спорт соҳасида ҳам у бирон-бир яхши натижага эришмаганди.
Ажойиб кунларнинг бирида ҳамманинг жон-дили бўлиб қолиши учун айнан нима ёрдам берди – оғир-вазмин феъл-атворими ёки табиатими – айтиш қийин эди. У кишибилмас равишда спорт соҳасида кўтарилиб кетди. Мусобақаларда шахсан қатнашмагани билан ташкилотчи ва раҳбар сифатида шуҳрат қозонди. Спорт машғулотларининг илмий тизими ҳаммадан бурун спорт тиббиётига таяниши керак, деган фикр унинг кашфиёти эмасди, бироқ кўпинча бундай антиқа, фавқулодда фикрни мен ўйлаб топганман деб ўйларди. Аслини олганда унинг бирдан-бир хизмати, бу соҳага дарҳол жону дили билан аҳамият бергани эди. Йирик олимлар менсимаган ва аҳамият беришга арзимайди, деб ҳисоблаган статистика фикру хаёлини эгаллаб олди. Ушбу соҳа статистик спортни ривожлантиришга озми-кўпми наф берди.
Шундай қилиб у машҳур бўлиб кетди. Етакчи газеталар спорт бўлимида унинг суҳбатларини эълон қилдилар.
Спорт билан уруш жуда катта куч ва ирода талаб этади. Шу жиҳатдан, буларнинг орасида аллақандай умумийлик мавжуд. Бунинг устига мамлакатда бағоят оғир шароит юзага келиб, уруш кайфияти кучая бошлаганидан бери қурол-яроғ ва заҳарли газлар соҳасидаги илмий текширишлар билан бир қаторда илм-фаннинг ҳарбий тиббиёт деб аташ мумкин бўлган соҳаси ҳам ривожлана бошлади. Аста-секин бу соҳанинг ўз мутахассислари пайдо бўлди. Илмий тадқиқот олиб бориш учун тиббиёт факультети кафедраларига жўнатилган ҳарбий врачларнинг сони ҳам кескин кўпайди. Ўз навбатида олий тиббиёт билим юртлари ҳамкорлик учун ўз олимларини армияга юборадиган бўлдилар.
Профессор Ториининг бу йўлдан бориш нияти йўқ эди, аммо кунларнинг бирида у ўз-ўзидан ҳарбий тиббиёт бўйича ёш мутахассислардан бирига айланди-қолди. Ўтган умрига назар сола туриб, Тории ҳайратдан ёқа ушламоғи даркор эди, бироқ ҳар бир нарсанинг моҳияти билан қизиқавермайдиган шахс бўлгани учун ортиқ бош қотириб ўтирмай, бутун вужуди билан замонанинг муҳим муаммоларини ҳал этишга киришди.
У шов-шув кўтарилса бас, бир сантиметр баландроққа сакраб жонидан кечишга ҳам тайёр бўлган спортчилар сирасига кирарди.
Спорт тиббиёти бўйича фан доктори илмий унвони ва профессор деган фахрий номга эга бўлиш амримаҳол эди. Лекин ҳарбий тиббиётда илмий унвон ва даража ҳаддан зиёд осон бериларди.
Ториининг қўлёзмаси билан бор-йўғи биргина профессор – илмий кенгаш раиси танишиб чиқди, холос. Профессор диссертациянинг мавзуси ҳарбий сир ҳисобланади, шунга кўра, уни эълон қилиш мумкин эмас, бироқ ушбу диссертация жанг олиб бориш муаммоларини ишлаб чиқишга жуда катта ҳисса қўшувчи тадқиқот эканлиги учун ниҳоятда қимматли, деб ахборот берди. Профессорлар кенгаши Ториига докторлик илмий унвони берилишини бир овоздан маъқул деб топди.
Ториининг илмий иши ҳаво жангида инсон хатти-ҳаракатининг физио-биологик ва неврологик хусусиятларига тааллуқли эди.
Тории махсус ясалган самолёт макетларига тажриба учун сақланаётган сичқон ва қуёнларни жойлаштириб, бу макетларни тўхтовсиз равишда сиртмоқсимон доира ясаб учишга мажбур қиларди. Шубҳасиз, унинг ўзи ҳам аэродромга қатнар ва қирувчи самолётларда парвоз қиларди. Ёши ўзидан анча катта бўлган ҳарбий ҳаво кучлари офицерининг елкасига генералларга хос равишда уриб-уриб қўяркан, дерди:
– Сен билан менинг ўша сичқонлардан фарқимиз йўқ, оғайни…
Ҳар йили мунтазам ўтказиладиган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа машғулотлари яқинлашиб келар, табиийки, ғарбий қўмондонлик Ториига тадқиқотини тезроқ тугатишини қисталанг қиларди. Шу сабабли у махфий ҳудудлардан бирида жойлашган тажрибахонада кечасию кундузи тинмай иш олиб бормоқда эди.
Машғулотлар тугагач, унга чет элга йўлланма ваъда қилишган эди. У Оврупода биринчи жаҳон уруши даврида ҳандақлардаги физиологик шарт-шароитлар, аскарларнинг ҳулқ-атвори, руҳияти таъсирига алоқадор муаммоларни ўрганмоқчи эди. Уйқусизлик, тунги диққатчилик профессорни толиқтириб қўйганди. У хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарурлигини унутганди.
Ўша куни Сакико тажрибахонага одатдагидан эртароқ келди. Чой дамлаш мақсадида сув қайнатгани газ плитасини ёқди. Профессор эса шу пайт плита ёнида туриб тунука идишдаги спиртни шиша идишга қуя бошлаганди. Бирдан спирт лоп этиб аланга олди-ю, тунука идиш портлаб кетди…
Авжи ёз маҳали касалхоналар болалар билан тўлиб-тошади. Ота-оналар таътил ойидан фойдаланиб, сурункали дардга мубтало бўлган болаларини муолажа қилиш пайига тушадилар. Томоқ безларини олдирувчи ҳамда “ширинча” билан оғриган болалар кўп бўлади. Таажжубланарлиси, буларнинг кўпчилигини қизлар ташкил этади.
Ҳозирги замон япон миллатига хос маъсум, жиддий, нозик-ниҳол қизчалар йўлакларида жуфт-жуфт бўлиб сайр қилиб юрадилар.
Бу нимжон қизчалар касалхона муҳитига ўзгача тус-тароват бағишлаб, ўзидан алланечук нур таратаётгандек туюларди. Бу ўсмирлардан атрофга қандайдир оғир хушбўй ҳид таралар эди. Улар бирпасда ўзаро тил топишиб, шаҳарлик ойимтиллалардан бўлак ҳеч кимни давраларига қўймасди.
Бодомча безини олиб ташлаш осон эди, бироқ операциядан кейин жароҳат ўрни битиши учун томоққа муз солинган резина халта боғлаб қўйиларди. Худди аслзода хонимлар марваридларини ўйнагани каби улар ҳам халтачаларининг бўшашиб осилиб қолган боғичини ўйнаганча катталарнинг кулгусини қистатиб, бир-бирларига: “Қара, қандай бежирим-а?” – деб қўйишарди.
Бу шаҳар болалари орасида йўл-йўл кўйлак-иштон кийиш расм бўлган чоғи. Оддий бўз халат кийишдан улар ор қилишарди; кимники пижамаси бўлмаса, у ўзини бечораҳол ва ғариб сезарди. Шунинг учун касалхонага келган кунининг эртасига ёки индинига ҳаммаси пижама кийиб пўрим бўлиб оларди.
Улар маълум соатларда жуфт-жуфт бўлиб музқаймоқ егани емакхонага боришарди.
Касалхонада яқин уч ойдан бери кўтара савдо қилувчи ўрмонфуруш ётарди, йиринг боғлаган шиш унинг ёноғини шунчалик ўйиб юборган эдики, азбаройи юз суяклари очилиб қолганди. Япончасига жиҳозланган қўшни палатада томоқ безлари олиб ташланган тўрт нафар нимжон қизча ётарди. Қулоқ, томоқ ва бурун касалликлари бўлимида жой йўқлиги сабабли уларни вақтинчалик шу ерга ётқизишга тўғри келганди.
Ҳар куни ўрмонфурушнинг сон-саноқсиз қариндош-уруғлари ёғилиб келарди. Улар ўртасида мерос учун кураш борарди. Бемор бефарзанд эди, қариндошлари хотинига эмас, балки ўз ака-укаларига тегишли улушни ажратиб, бутун меросни жиянига қолдириши учун уни ҳол-жонига қўймасдилар. Шу сабабдан Худонинг берган куни касалхонага келишар ва иложи борича беморнинг хотинини ғийбат қилишар, ҳатто қуруқ туҳматдан ҳам тойишмасди. Васиятномани ўз фойдаларига мувофиқ ёзиб қолдириши учун беморни кўндириш йўлида барча ҳийла-найрангни ишга солардилар.
Лекин беморнинг ҳали ҳаётдан умиди бор эди.
Очиғини айтганда, рафиқасининг ҳам васиятномани ўз номига ёздириб олишга эришиш учун астойдил куюнишдан бўлак иложи қолмаганди. Табиийки, бу ҳақди у эрига очиқ айтолмасди.
Қариндошларининг туҳмат-бўҳтонларига учган ўрмонфуруш хотинини куракда турмайдиган сўзлар билан сўкар, бироқ ўша заҳоти ҳаммага даҳмаза бўлиб қолганидан нолир ва унинг қўлларини меҳрибонлик билан силаб-сийпашга тушар, бироқ у яна қовоғини уюб оларди.
Қўшни хонада касал боқувчи аёллар жойлашган бўлиб, ҳар кеча уларга ўрмонфуруш хотинининг ўксиб-ўксиб йиғлагани эшитиларди.
Кундузлари палатада ўтириб сиқилиб кетганда ўрмонфурушнинг хотини йўлакка чиқиб, у ёқ-бу ёққа юрар, ювиниш хонасига, кирхонага бош суқар ва ўша ерда беморни боқиш учун қариндошлари ёллаган ҳамширалар билан ҳасратлашарди.
Эллик яшар фариштали хоним бошини хиёл ёнга эгиб, беозоргина кулиб гапирарди:
– Озгина тежайман, деган хаёлда дастлаб касалхонага трамвайда қатнаб юрдим. Бекор қилган эканман, менга барибир ҳеч нарса тегмас экан, бировнинг пулини тежашимдан нима фойда? Энди ўлсам ҳам трамвайда юрмайман. Йигирма йил бир тийин ортиқча сарф қилишдан андиша қилиб келдим, тежайвердим, тежайвердим, мана оқибати. Ҳеч вақосиз чапак чалиб қолавераман, шекилли. Алам қилмайдими?!.
Ёшлигида у бениҳоя чиройли бўлган бўлса керак. Бироқ, ҳозир ўзининг ҳусн-таровати билан мақтанолмасди, шу важдан юраги ўртанар, лекин минг қилганда ҳам бир замонлардаги ҳуснини ифтихор билан эслар, буларнинг бари ўзини сипо ва эркин тутишида ҳам сезилар ва ҳамшираларни ийдириб юборарди.
– Лекин, хоним, – дейишарди улар, – бировнинг қўлига қарам бўлиб яшамаслигингиз учун эрингиз бирон нарса қолдирар, ўлдими?
– Кўзим етмаяпти, – дея хира пашшани ҳайдаб туриб жавоб қиларди ўрмонфурушнинг хотини. Дераза ортидаги кечки осмон фонида қорайиб кўринаётган теракларнинг уч-учларига разм солиб қараркан, у яшириқча жамғариб қўйган пуллари туғадиган даромадга яшай олиш-олмаслигини хаёлида ҳисоблаб чиқди.
– Уч ойдан бери шу ердаман, – деди у нафасини ростлаб. – Кир юваман, деб шундай тураверсанг, оёқда оёқ қоладими?
– Гапингиз тўғри, хоним, – деб гап қўшарди касал боқувчи аёллар. – Кўпчилик бир ойдан ортиқ чидолмайди, келмасидан кетиш пайига тушади… Сиз сабрли экансиз, чидаяпсиз, лекин озиб-тўзиб кетаяпсиз…
– Мен эримдан аввал ўламан, шекилли.
– Қўйсангиз-чи, хоним. Нима кераги бор бунақа гапларни, бекорга бундай деяпсиз… Ёшсиз ҳали…
– Сиз шундай деб ўйлайсизми? – Ўрмонфурушнинг хотини кулимсиради. – Ким билсин, сиз ҳақдирсиз балки… – Аёлнинг кўзлари остида яшил-қора доғлар бор эди. Унинг ўзи ҳам бедаво дардга мубтало бўлганга ўхшарди.
– Биласизми, – дея сўзида давом этди у, – ҳозир касалхонада болалар кўп. Иккита боланинг ота-онаси бадавлат одамлар экан, фарзандларига тарбиячи бўлмайсизми, дейишяпти. Астойдил таклиф этишяпти. Бу гап, илтимос, орамизда қолсин…
– Наҳот шу рост бўлса?
Касал боқувчилар чайилган кирни сиқа туриб ҳақиқатдан шундай фойдали иш борми ёки бизни лақиллатяптими, дегандек ажабланиб аёлга тикилиб қолишди.
Профессор Ториининг пайдо бўлиши касалхонадаги зерикарли ҳаётга шаҳарлик рамақижон қизчаларнинг ёғилиб келишидан ҳам кўпроқ жонланиш ато этганди.
Беморларнинг у билан қизиқиши учун кеча-ю кундуз тўхтамаётган дод-фарёди кифоя эди. Бундан ташқари унинг палатаси ёнидан келиб-кетувчилар – дам ҳарбийлар, дам спортчиларнинг кети узилмасди. Баъзида улар шундай кўпаярдики, азбаройи йўлакдан ўтиб бўлмай қоларди.
Кунлар бениҳоя исиб кетганди, хоналарнинг эшик-деразалари ланг очиб юборилганидан ҳамширалар келиб-кетиб турган машҳур спортчиларнинг исми шарифини ортидан эшитиб ҳайратдан ёқасини ушласа, қизчалар олифта офицерлар ортидан гала-гала бўлиб эргашиб юришарди.
Профессор қайтиб ўзига келмади, у ҳамиша алаҳлаб ётар, фақат аҳён-аҳён инграр ёки бир балолар деб ғўнғиллар эди. У тинмай қайт қилар, қон аралаш ичи суриб азоб чекарди. У кўпинча беҳуш ётар, нафас олиши тобора оғирлашиб, ҳаёти қил устида турарди.
Беморлар бора-бора профессорнинг аҳволига қизиқмай қўйишди. Уларнинг эътиборини ўз-ўзидан яшаб кетиши муқаррар бўлган Сакико жалб этди.
Профессор ўттиз беш ёшга чиққанига қарамай, ҳануз бўйдоқ эди. Касалхона аҳли бу соҳибжамол ассистент қиз унинг қаллиғи эдими, хушторими, ҳаммадан бурун шуни билгиси келарди.
Профессорнинг тақдирига Сакико нечоғлик қайғураётганидан бохабар бўлиш учун ҳаммалари унинг палатасига ўғринча мўралашарди. Бу сулув қизга ҳамма, албатта, ачинарди, чунки унинг ёнғинда ўлиб кетишига оз қолди, касалхонага оёқ-қўллари куйган аҳволда ётқизилди. Бироқ, шу билан бирга унинг ёш профессор билан ўзаро муносабати уларни беҳад қизиқтирарди. Улар буни қизнинг кайфияти орқали билишга уринардилар. Эртасигаёқ Сакикони кўргани тўрт-беш нафар дугонаси келди, улар йўлакка қараган дераза билан эшикка гулдор парда тутиб қўйдилар.
Кимдир Сакиконинг мафтункор овози бор, ажойиб қўшиқ айтаркан, деган миш-миш гап тарқатди.
Қарама-қарши палатада қирқ кундан бери қовуғига тош келган бир мўйсафид азоб чекиб ётарди. Бу аллазамонлар ясаган буюмлари билан донг таратган машҳур темирчилик устахонасининг хўжайини эди. Олти йил муқаддам жинсий безлари катталашиб, унга азоб бера бошлаган эди. Мана шу даврда сийдик пуфагида тош йиғилган экан. Энди биттамас, иккитамас, бутун сийдик пуфаги тўла тош эди. Операция ёрдам боролмас, афтидан эскича даволаш усулларидан ҳам наф йўқ эди.
Темирчининг касал эрини боқавериб кўникиб кетган қари хотини навбатчи ёш врач унинг сийдик йўлига найча суқиб, кейин дам-бадам турли-туман темир ва резина найчалар ёрдамида қайта суғуриб олаётганини норозилик билан кузатиб ўтирарди. Ҳозир қайси бирини қўллаш лозимлигини врач у билан маслаҳат қилиши шарт эди.
Чол кун бўйи мудраб ётар, кечаси эса оғриқдан шикоят қила бошларди.
– Менга қара, чол, – дерди кампир, – бунақа азобдан кўра тинчгина оёқ узатган маъқул эмасми?
– Нимасини айтасан, – деб жавоб берарди чол.
– Йўқ, шошмаслик керак, – дерди кампир. – Яшашга нима етсин.
– Тўғри айтасан, – дерди бунга жавобан чол.
Нари-бери елпиғич билан елпиниб ўтирган чол-кампирнинг гапларини эшитиб ҳамшира кулиб юборишдан ўзини аранг тиярди.
Чол етмиш икки яшар, кампир эса олтмиш саккизга чиққан эди.
– Менга қара, чол, – давом этарди кампир. – Бу ерга бугун олиб келишган ёшларнинг аҳволидан хабаринг борми?
– Нима бўпти?
– Йигит жуда қийналяпти, аҳволи оғир, ана кетди-мана кетди бўлиб ётибди. Қиз эса ҳеч гап бўлмагандек қўшиқ айтяпти. Бирам хушовоз эканки! – Пинакка кетган чол жавоб қилмади.
Офтобнинг тикка тушаётган нурлари ёритган дераза токчасида қанотларини порт-порт қилиб каптарлар гувиллашарди.
– Қизчалар нега ҳе йўқ-бе йўқ бирдан ўзларига оро бериб қолишибди?! Худди товусдек товланиб коридорда юришларини-чи.
– Ҳм… қўявер…
– Ҳадеб ухлайверма, чол! Кундузи обдон уйқуга тўйиб оласан-да, кечаси уйқум келмаяпти, деб яна зорланасан.
– Ухлаётганим йўқ, кўзимга чироқ тушиб очирмаяпти.
– Сен ўз уйингда жон беришни истардинг, тўғрими?
– Тўғри.
– Ўғлимиз бўлса, аввал шу ердаги дўхтирларга иложи борича қаратиб даволатаман, то касалхонадагилар нимаики қўлимиздан келса, қилиб кўрдик, бундан ортиқ ҳеч нарса қилолмаймиз, демагунича уй тугул остонага йўлатмайман, деяпти. Бемеҳр чиқди ўғлимиз. Сен нима дейсан, билмадим-у, пешона тери билан топган-тутганингни унга қолдирмоқчи бўлаяпсан тағин, менимча, у бунга арзимайди…
– Қўявер, ўйлаб кўрамиз ҳали, – деди чол кўзларини юма туриб.
– Бугун тушда бу ердаги амбулаторияга бориб эсим оғиб қолди. Кўрмаям, куймаям дедим. Аёллар маслаҳатхонасидан бирма-бир қизчалар чиқиб келяпти, дегин, ҳали она сути оғзидан кетмаган-ку, ҳаммаси қорнини дўппайтириб олибди. Лоақал биттаси уялса-чи?! Қаерда! Замон ўзгариб кетганини қара!
Унинг гапига жавобан оҳиста хуррак товуши эшитилди.
Кампир ўрнидан туриб, дераза олдига борди-да, ҳовлида юрган каптарларга нон увоқларини ташлай бошлади.
Эртасига эрталаб ўрмонфуруш ўз одатига хилоф равишда каравотда чордана қуриб ўтирар ва рўпарасида ранги қув ўчган кўйи қўл қовуштириб турган ишбошиси билан хизматчиларга хўмраяр, телбалардек болдиридаги жунларини юлар эди.
Маълум бўлишича, тунов куни ярим кечаси унинг тахта омборига ўт кетган экан.
– Минг лаънат, – деди у лаблари пир-пир учиб, унинг бинт билан ўраб ташланган юзи кўринмасди. – Анави куйиб кетган кимсаларни олиб келишганда кўнглим бу ёмон аломатлигини сезганди. Мана, омборга ўт кетибди. Аммо улардан бири бугун кечасиёқ нариги дунёга равона бўлади!
Мерос талашиш оқибатида омборга ўт қўйишганмикин, деган шубҳада полиция ўрмонфурушнинг умр йўлдоши билан қариндош-уруғларини маҳкамага сўроқ қилгани чақирди.
Хизматчилар хавотир ичида кўз уриштириб олишди, худди шу лаҳзада дафъатан Сакиконинг қўшиғи эшитилди. У оҳиста куйларди, аммо ўктам ва ширали овозида ҳаётнинг чинакам шодиёнаси ошкора янграрди.
Ҳамшира чироқларни ўраб қўйиш учун палатама-палата юриб, қора лахтак тарқатди. Касалхонанинг ишчиси нарвон кўтариб олганча, йўлакдаги чироқларни ўраб чиқди.
Ҳали туш пайтидаёқ портлашлар ва отишмалар бошланган, сиреналар чинқирарди. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа машқлари ўтказиладиган кун эди бугун.
Чироқларни ўраш шартлигидан ташқари, уларни полга қадар тушириб қўйиш даркор эди, шу сабабдан палаталар қоп-қоронғи бўлиб қолди.
Ичкари ҳовлидан ёруғлик билан чалғитиш учун берилаётган буйруқ товушлари эшитиларди.
Кўп ўтмай ойсиз самода самолётлар ғўнғиллай бошлади. Самолётларни жисмоний тайёргарлиги профессор Тории тадқиқотининг мавзуси бўлган учувчилар бошқарардилар.
Касалхонанинг зим-зиё йўлагида бамисли ажал элчиларидек қора шарпалар қимир этмай саф тортиб туришарди. Профессорнинг палатасида унинг дока билан ўраб ташланган кўкси оқариб кўринарди, холос. У оғир-оғир нафас олар, кўксидан қандайдир ваҳший парранданинг ваҳимали какиллашига ўхшаган хириллаш отилиб чиқарди.
Врач қаламнусха чўнтак фонарчасини олди-да, беморнинг юзини ёритиб, унинг кўз қорачиқларига разм солди. Профессор у ёнбошидан-бу ёнбошига ўгирилиш учун чиранар ва атрофини қуршаб олган зулмат пардасини тилка-пора қилмоқчидек бир талваса ичида қўллари билан човут соларди.
– Чироқни ёқинглар, – дея шивирлади беморнинг бош томонида ўтирган одам. – Ҳеч бўлмаса ёруғликда жон берсин.
– Хўп бўлади, жаноб олийлари! Лекин қандай бўларкин?
– Ҳар қандай жавобгарликни ўз зиммамга оламан.
– Хўп бўлади!
Кичик офицер чироққа ўраб қўйилган қора латтани ечди. Илкис палата яна кундузгидек ёришган маҳал профессор Тории ўзини орқага ташлади-ю, жони узилди.
Одмигина миллий кийим кийган генерал ўрнидан туриб, яна чироқни қора латта билан ўраб қўйди.
Куп ўтмай профессорнинг жасадини зим-зиё йўлак бўйлаб олиб кетишди.
Токиони бошдан-оёқ зулмат қоплаган эди.
“Ширинча” билан оғриган ёш “хонимча”лар осуда уйқуга кетганди. Фақат темирчининг хотини эри билан эзмаланиб ўтирарди.
– Уйни жудаям соғиндинг шекилли, чол? Шуям ишми, касалхонага ўз оёғинг билан келиб, қазо қилсанг-да, уйга мурданг борса?!
– Нимасини айтасан.
– Анови профессор ҳаммани безор қилиб юборганди. Энди дод-вой қиладиган сен қолдинг.
– Ёшмиди?!
– Ҳа. Қандай гўзал қизни ташлаб кетганини кўрсанг эди!
– Болалари бор эканми?
– Қаёқда. У профессорнинг хотини эмас, маъшуқаси экан.
– Шунақами?..
Ўрмонфуруш дами ичига тушиб мурдани кузатиб қолди.
– Лекин дафн этиш маросимини асъасаю дабдаба билан ўтказсалар керак, – деди хотини, бироқ ўрмонфуруш жавоб бермади.
Сакико ҳамширанинг елкасига таяниб остонагача ҳаккалаб борди.
Профессорнинг жасади солинган замбил ёнига етиб келганида чинқириб юборди:
– Сэнсэй!
Ҳамшира ишора қилиб, замбилни тўхтатди.
Сакико, баайни марҳум билан видолашаётгандек қўлларини салгина олдинга узатди ва ўша заҳоти замбилкашларга:
– Миннатдорман, кетаверинглар, – деди.
Сўнгра у ҳамширанинг елкасига юзини босиб илтимос қилди:
– Энди ўрнимга бориб олай, ёрдам бериб юборинг.
Бироздан кейин эса қўшиб қўйди:
– Ёш боладек талатайиб кетибман. Ҳолбуки, энди ўзим юра оламан…
Сакико профессор билан ораларида бўлиб ўтган бир суҳбатни эслади. Профессор яқин орада мени чет элга юборадилар, сени ўзим билан олиб кетаман, агар бирга кетсак, ўша ерда қўшиқ айтишни ўрганасан, ўша ерда – бегона юртда албатта турмуш қурамиз, деган эди.
Сакико шуни эслади-ю, дафъатан, нима учундир: “Италия ҳақида қўшиқ”ни айта бошлади.
У куйлар эди-ю, шашқатор кўз ёшлари юзини ювиб оқарди, унинг кўз ёшлари тирқираб оққан сари овози шунчалар мусаффо, шунчалар пурғам ва қўнғироқдек янграб борарди.
ХОЛ ҲАҚИДА МАКТУБ
Ўтган куни хол тушимга кирибди.
Қайси холни айтяпман, топинг-чи?! Ҳа, худди ўша, менга роса дашномлар эшиттирган холим бор эди-ю! Ўнг елкамдаги, янаям тўғрироғи, гарданимдаги хол! Эсладингизми?
– Вой-бў, катталигини, ёнғоқдек келади-я! Ҳадеб ушлайверма, болалаб кетади, – деб жиғимга тегардингиз. Ростини айтайми, катталиги майли-ю, аммо бир иргамчик, бунинг устига шишинқираганми-ей, лиққо узумга ўхшарди. Мен ҳам бефаросатгина эканманми, ўрнимга ётдим, дегунча холимни юлқилаб ўйнашга тушардим, тавба. Ҳали болалигимдан шунақа эдим, шекилли. Биринчи марта шу одатимни сезиб қолганингиз эсингиздами, ўшанда шунақаям уялиб кетган эдимки, асти қўяверинг! Йиғлайвериб, сизни хит қилиб юборганим-чи!
– Саёко, яна холингни ўйнаяпсанми? Менга қара, ўрганиб қоласан, қизим, кейин қийналасан ўзинг! Ушлайверсанг, катталашиб кетади, тегаверма, – деб уришарди ойим. Бу ўн тўрт-ўн беш йилги – болалигимдаги гаплар. Танбеҳ эшитавериб, охири ёлғиз қолгандагина холимни ўйнайдиган бўлдим.
Сиз сезиб қолиб урушган пайтингиз, ёшлигимга борибми, бошимни кўтаролмай қолардим. Шунақанги уялардимки, ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. Эркаклар буни тушунишга қодир эмас, мен шунчаки номусдан эмас, балки гуноҳ қилиб қўйдим, деган хаёлда қийналар, ҳатто эрга текканимдан пушаймон бўлиб кетардим.
Сизни олдингизда ножўя иш қилиб қўйгандек сезардим ўзимни. Тавба, ўшанда, эрим энди бир умр юзимга солади, дея қўрққандим, Худога илтижо қилгандим мадад сўраб.
Кечалари, сиз ухлаб қолганингиздан кейин жимжит хонада шифтга термилиб ётганимда ўзимни бахтиқаро ва ҳеч кимга кераги йўқ одамдек сезардим, во ажабо, шу билан сабабини билмаган ҳолда андак енгил тортардим ҳам ва шу тариқа яна беихтиёр холимни ўйнай бошлардим.
Бир кўнглим, онам хавотир қилиб юрмасин учун: “Ойи, хотиржам бўлинг, холимни ўйнамаяпман сира”, деб ёзиб юборай, дердим-у, лекин очиғи ёлғон гап ёзгани номус қилардим.
Бир куни сиз: “Бу хол эмас, бошга битган бало бўлди!” – дедингиз очиқдан-очиқ қўрслик билан. Мен ич-ичимда ўшанда гапларингиз тўғрилигига иқрор бўлган ва ҳатто бош ирғаб маъқуллаган ҳам эдим, энди эса шунча вақт ўтгач: “Кошки, шу дардисар одатим лоақал ғашингизга тегмаса олам гулистон эди”, дея ўкиниб қўяман. Яшириб нима қилдим, бу холнинг оғир-енгили йўқ эди менга – кўйлагим ёқаси оша қараш кимнинг хаёлига кепти дейсиз! Тўғри, пинҳоний қусури бор қиз қулф солинган сандиқдек гап, одамларнинг қарагиси келаверади, бир кўрмагунча кўнгли жойига тушмайди, бироқ наҳотки қиз боланинг холи қусур ҳисобланса? Дарвоқе, ордона қолгур холни қачондан буён ўйнай бошлаганман-а?! Айтинг-чи, бу қилиғимни нимаси ёқмасди сизга?
Қачон қараса аччиғингиз чиққани етмай, яна: – Айтганча, нега уни чап қўлинг билан ўйнайсан? – деб сўраганингизга ўлайми?!
– Чап қўлим биланми?.. – мен бу хусусда илгари сира ўйлаб кўрмагандан довдираб қолгандим.
– Чап қўлим биланми?.. Ўзим ҳам ҳайронман, – деб беихтиёр гарангсиб чап қўлимга қаровдим ўшанда.
– Холинг ўнг елкангда бўлгандан кейин ўнг қўлинг билан ўйнаганинг қулайроқ эмасми?
– Шунақа шекилли, – маъқулладим мен ва ўша заҳоти ўнг қўлимни узатиб кўрдим.
– Йўқ, ноқулай экан!
– Нимаси ноқулай?
– Ким билади, чап қўл билан осонга ўхшайди.
– Ўнг қўлинг яқинроқ-ку?!
– Яқинликка яқин, бироқ… бу қўл бошқачароқ…
– Бошқачароқ?! Бу нима деганинг?! Тушунтириброқ гапир.
– Бошқачароқ деганимми?.. Қўлни олд томондан узатиб бориш бошқа, орқадан узатиш бошқа… – ўша пайтда энди-энди тилим чиқиб сизга бемалол гап қайтарадиган бўлиб қолгандим. Лекин сизга кўрсатиб бераман деб, худди ёқтирмаган нарсасини зўрлаб тиқиштираётганида қайтаришга уринган одамдек чап билагим билан юзимни бутунлай тўсиб олганимда бегонасираётганга ўхшаб қолар эдим. Шуни сезиб хижолат чекканларим, мулзам бўлганларим… Нима дейишни билмай, соддалигим қурсин, иложи борича хушфеъллик билан савол берардим: – Чап қўл билан ушласа бирон нима бўладими?
– Ўнг қўлми, чап қўлми – барибир, бу жуда хунук одат.
– Ахир…
– Ахир-пахири йўқ, врачга бориб куйдиртириб кел, деб сенга неча марта айтдим.
– Вой, уят бўлмайдими?!
– Сенга айтяпман, бу жуда осон, оғримайдиям…
– Холини олдириш учун докторга борадиганлар ҳам борми?
– Тиқилиб ётибди!
– Балки уларнинг холи бетидадир. Меникига ўхшаб ҳеч ким кўрмайдиган ерда бўлса боришмасди. Врачни бошимга ураманми? Хўп, бордим ҳам дейлик, нима гаплигини эшитгач, эрингиз розими шунга, деб сўраб қолса, нима деб жавоб қиламан?!
– Сўраса сўрайверсин! Холимни ўйнашдан қутулолмаяпман, дейсан-қўясан.
– Намунча, – деб юборардим охири аламимга чидаёлмай, – битта арзимаган холни деб одамни шунчалик ҳам сиқасизми?! Сизга нима оғирлиги тушаяпти?
– Оғирлиги тушаётгани йўқ. Ҳадеб ўйнайвермагин-да, демоқчиман холос.
– Жўрттага ўйнаётганим йўқ…
– Ўлгудек ўжарсан-да! Хўп деб шу ярамас одатингни ташласанг – олам гулистон!
– Хўп дейишга хўп дейман. Тор ёқали кўйлак ҳам кийяпман.
– Кияр эдинг, ҳозир киймаяпсан, бўйнингга ол.
– Борингки, ўйнаяпман ҳам дейлик, нима қипти? Нимаси ёмон, тушунолмаяпман.
– Нима қипти эмиш?! Ўйнаётганингни кўрсам таъбим тирриқ бўлиб кетади, шунинг учун сендан илтимос, ўйнамай қўяқол.
– Нега таъбингиз тирриқ бўлади?
– Ия, сабабини тушунтириб ҳам берайми? Холни ўйнашдан фойда йўқ, тушундинг? Бу жуда ёмон одат – қусур, яхшиси, шартта унинг баҳридан ўтиш керак, тамом-вассалом!
– Йўқ деётганим йўғу.
– Холингни ўйнаётганда ўзинг сезмайсан-да, четдан кўрганингда эди бир марта! Одам ачиниб кетади: бир бефаросат, қўсқи ва меров хотинга ўхшаб қоласан.
– Бефаросат дейсизми? – дилимдан балки чинданам шунақа кўринарман, деган фикр кечдими, тасдиқ ишорасида бош ирғадим. – Агар бундан буён холимни ўйнасам, аямасдан қўлимга уринг, хўпми?
– Бўпти. Лекин уч йил бўлдики арзимаган қилиғингдан қутулолмайсан, ўзинг уялишинг керак.
Мен нима учун “фаросатсиз хотин”га ўхшаб кўринганим ҳақида хаёлга чўмиб, жавоб бермадим, индамадим. Тўғри, қўлини ҳаёсизларча кўтариб холини қашлаётган аёл атрофдагиларда нохуш таассурот қолдирар, уларнинг энсасини қотирар, бироқ, шунинг учун уни бефаросат ёки беҳаёга чиқариб қўйиш инсофдан эмас… Мен ҳам шу маънода, ўшандай лаҳзаларда ўзини қайсарлик билан оқлашга уринаётган расво хотиндек кўрингандирман. Лекин аслида унақа аёл эмаслигимни сиз билардингиз-ку! Қўшиламан, тўғри, ўша лаҳзаларда менга қараган одам бефаҳмроқ хотин, дейиши мумкин. Лекин бу фақат таассуротнинг ҳукми эмасми?
Қисқаси, шу тушунмовчиликлар туфайли ўртамизда тубсиз чоҳ пайдо бўлганди-ю, мен дилимдагини тушунтириб беришга ожизлик қилиб қолардим. Бу иллат болалигимдан қолган, дедим. Шу сабаблими, беихтиёр холимни ушладим, дегунча ўзимни идора қилолмай қолардим. Ҳолбуки, ўша пайтда мени билган одам борки, кўнглимдагини дарҳол фаҳмлаб оларди.
Сиз аслида мени ёқтирмасдингиз, акс ҳолда шу арзимаган ва беозор қилиғимни ҳадеса юзимга солиб, камситмаган бўлардингиз. Мени яхши кўрганингизда, бунга ортиқча аҳамият ҳам бериб ўтирмай, ҳазилга йўярдингиз.
Гоҳида эзилиб, юрагимга ҳеч нарса сиғмай кетган пайтларда, шу қилиғимни ёқтирадиган эркак бордир дунёда, деб ўкиниб қўярдиму, дафъатан бундай ножўя хаёлдан ўзим қўрқиб кетардим.
Эҳтимол, шу одатимни биринчи марта сезиб қолганингизда, чамаси, менга ачинганингиз учун шу ҳақда гапирган бўлсангиз керак-а! Мен ҳозир ҳам, агар айтсангиз бўлди, бунга шубҳа қилмайман. Бироқ эр-хотин ўртасидан парда кўтарилдими, бас, ҳатто гапиришга арзимайдиган икир-чикирлар ҳам уларнинг турмушини заҳарлар, ораларига совуқчилик солар экан. Ваҳоланки, бир-бирига кўнгил қўйган эр-хотин бир-бирининг яхши-ёмон одат-қилиғига кўникиб кетади. Тўғри, гоҳо улар ҳам бошида, маълум пайтгача чиқишолмай юради. Илтимос, тўғри тушунинг, мен зинҳор-базинҳор бир-бирининг одатларидан энсаси қотмайдиган эр-хотинларгина аҳил, тинч-тотув яшайди, бошқалари бир-бирини ёмон кўради, демоқчимасман, асло. Бироқ энди ҳар ҳолда жуфти ҳалолингизман – икки оғиз ширин сўз билан кўнглимни кўтариб қўйсангиз асакангиз кетармиди, дея музтар бўламан.
Оқибат, сиз мени сира аямай дўппослайдиган бўлдингиз. Бунчаликка бормаслик лозим эди, чунки гуноҳим бор-йўғи холимни ўйнаш эди, холос. Шунга одамни бунчалар қийнаш инсофданми? Мен кўпинча бекордан-бекорга азоб чекканимга чидаёлмай йиғлардим, бироқ ўшандаям сиздан астойдил хафа бўлмасдим ва “ҳеч бўлмаса ўзинг айт, сени бу одатдан халос этиш учун нима қилай?” деб куйиб-пишганларингизда бекорга хуноб бўлмаётганингизни ич-ичимдан ҳис қилардим.
Мени қон қақшатганларингизни битта-яримтага айтсам борми, аминманки: “Эрингиз бунча золим!” деб қаҳри келган бўларди. Лекин начора, осмон узоқ, ер қаттиқ, одам ҳаммасига кўникаркан. Бир куни: “Мен бу одатимни ташлолмайман, шекилли, яхшиси қўлимни боғлаб қўйинг”, – дедим-да худди ибодат қилаётгандек кафтларимни қовуштириб, қўлларимни узатдим. Ўзимча шу билан бутун инон-ихтиёримни сизга топширган эдим гўё, сиз мулзам бўлдингиз, бўзариб-гезариб белбоғимни ечдингиз-да, қўлимни боғлаб қўйдингиз.
Ҳурпайган сочларимни боғланган қўлларим билан тузатишга уринаётганимни кузатиб турганингизда, кўзларингизга қанчалик илинж билан термилганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ўшанда, шоядки одатимдан қутулсам, дея ўйладим ва шу заҳоти оҳ, қанийди, битта-яримта холимни силаб қўйса, деган истакдан капалагим учди.
Насиҳат билан одам қилолмаслигингизга кўзингиз етди, шекилли, мендан кўнглингиз совиб кетди. Сиз билганини қилаверсин, дегандек ўз ҳолимга ташлаб, бошқа койимай қўйдингиз. Холимни ўйнаётганимда эса кўриб-кўрмасликка олдингиз.
Ажабо, шунча таъна-ю дашномлар, калтаклашлар фойда бермаган одат бирдан қолиб кетса! Мажбур қилишгани учун эмас, балки қандайдир осонгина, ўз-ўзидан…
Кунлардан бир кун, гўё бирдан эслаб қолгандек, сизга:
– Кейинги пайтларда холимни ўйнолмаяпман, – дедим.
– Ҳа-я, шунақами? – дедингиз бепарвогина.
Мен ўшанда ҳамонки холимни ўйнаш шунчалик аҳамиятсиз нарса экан, нега илгари бунчалар кўзимни очирмас эдингиз, деб сизга таъна қилмоқчи бўлгандим. Агар шундай деганимда, аминманки сиз, бу ярамас одатни ташлаш шунчалар осон экан, нега илгарироқ ҳаракат қилмагансан, деб жавоб қайтарар эдингиз. Минг афсус, бу гаплар айтилмай ичимизда қолиб кетди.
Кейинчалик сизнинг юзингизда холингни эртаю кеч ўйнайвермайсанми, менга нима, деган ифода аниқ-ошкор акс этадиган бўлиб қолгач, тўсатдан ҳафсалам пир бўлди. Рост, шундан сўнг сизнинг олдингизда жўрттага ўйнашга уриниб кўргандим, бироқ ажабо, сираям қўлим бормади.
Кўнглим ўшанда бирам ғаш бўлган, бирам алам қилганди…
Шунда холимни сизга сездирмасдан ўйнамоқчи бўлдим, ажабо: қўлим ҳамон ўзимга бўйсунмасди.
Мен бошимни қуйи солиб, аламимдан лабларимни тишладим. “Хўш, қани айт-чи, холингни нима қилмоқчи бўлаяпсан?” – дейишингизга шунчалар илҳақ эдимки ўшанда, асти қўяверинг! Бироқ, ўша-ўша икковимиз бирон марта уни эслаб тилга олмадик.
Шу баҳона билан кўпдан-кўп хотираларимиз унутилиб кетди, шекилли…
Эсизгина, шу одатимни сиз илк бор дашном берган пайтларда ташлаб юбора қолсам бўлмасмиди?! Мен чинданам расво хотин эканман!
Мана оқибат, ота-онамнинг уйида ўтирибман. Иттифоқо, бирга чўмилаётган пайтимизда, онам тўсатдан:
– Ўзингга қарамай қўйибсан, Саёко! – деб қолдилар. – Ёш ўтган сари шу экан-да!
Мен ажабланиб онамга қарадим. Онам аввалгидек дуркун, бадани текис ва оппоқ эди.
– Холинг эсингдан ҳам чиқиб кетгандир-ов?!
Онамга шу дардисар хол туфайли бошимга не кунлар тушмади, дея ҳасрат қилгим келди-ю, бироқ унинг ўрнига:
– Врач оғритмасдан холни кесиб ташлай оладими? – дедим.
– Менимча, врачларга қийин эмас… Фақат чандиқ қолмасмикин, бир сўраб кўриш керак, – дея кўнгил учун азмойиш қилди онам. – Биз бўлсак доим Саёко эрга тегишга тегди-ю, ҳалиям холини ўйнаётган бўлса-я, деб ўтирардик.
– Ўйнардим.
– Биз ҳам шундай деб ўйлагандик!
– Бу ярамас одат эди. Айтинг-чи, одамнинг холи қачон чиқади?
– Дарвоқе, қачон чиқаркин? Чақалоқларнинг холини ҳеч ҳам кўрмаганман.
– Боламнинг ҳам холи йўқ ҳалигача.
– Ана кўрдинг?! Лекин нима бўлганда ҳам катта бўлган сайин кўпайиб боради. Сенинг холинг жуда антиқа. Катталигини қўявер, у жимиттак, болалигингда чиққан эди. – Онам бўйнимга қараб кулиб юборди.
Мен эса ўша дақиқаларда ўзимча, болалигимда холим нуқтадек бўлгандиру онам, опам, укаларим вақтларини чоғ қилиш учун уни доим ўйнаган бўлсалар керак. Шу сабабдан холимни ўйнаш одат бўлиб қолгандир, дея ўйлардим.
Ота-онамнинг уйида яшаётганимда ҳар куни ўринга ётишим биланоқ яна холимни ўйнай бошлардим. Ким билади болалигим, қизлик давримни қўмсаганимдандир бу?!
Унга неча-неча йиллар қўл теккизмадим-а!
Ҳозир ёнимда йўқсиз. Мен тортинмасдан уни чимчилаб, истаганча ўйнашим мумкин. Аммо сира кўнглимга сиғмаяпти. Холимга тегишим биланоқ кўзларимга муздек ёш қуйилади.
Қизлик хотираларим ҳақида бир хаёл сураман, дегандим. Ёдимга сиз тушдингиз.
Вақти келиб сиз балки жавобини берадиган ярамас хотин, бефаросат аёл кўрпага бурканиб, холини ўйнаганча сиз ҳақингизда ўйлаб ётса, ғалати туюларкан, шундай эмасми?! Буни ўзим ҳам кутмагандим.
Кўз ёшларимдан ҳўл бўлган ёстиқнинг орқасини ўгириб ухлаб қолардим, ҳатто хол ҳақида туш кўргандим. Гўё сиз, мен ва яна нотаниш бир аёл аллақандай хонада – уйғонгач, қаердалигимни эслолмадим – ўтирган эмишмиз. Мен сакэ ичиб, сархуш бўлиб қолибман, шекилли, сиздан бир нима ҳақида ёлбориб сўрармишман.
Дафъатан, дардисар одатим хуруж қилиб, тирсагим билан юз-кўзим аралаш кўкрагимни тўсиб, чап қўлимни ўнг елкамга узатибман. Холимни ушлаганимни биламан, кутилмаганда у оғриқсиз, бошқасиз узилиб чиқибди. Бармоқларим билан эзғилай туриб, холни синчиклаб кўздан кечирдим. У қайнатилган қора ловиянинг пўстлоғига ўхшарди. Ҳоли-жонингизга қўймай уни бурнингиз ёнидаги хол устига ёпиштирасиз, деб туриб олибман.
Кейин ўзим ёпиштираман, деб сизнинг енгингиздан ушлаб тортибман ва қон-қон йиғлаб, кўксингизга бош қўйибман…
Кўзимни очганимда ёстиқ дув-дув оқаётган кўз ёшларимдан жиққа ҳўл бўлган эди. Бутун вужудим қақшарди-ю, бироқ елкамдан тоғ қулагандек ўзимни хотиржам сезардим. Балки, ҳақиқатдан холдан қутилгандирман, дея ўйладим оғзим қулоғимга етиб. Лекин барибир юрак ютиб, ушлаб кўришга ботинолмадим.
Сизга айтиб бермоқчи бўлганларим мана шулар. Ҳозир ҳам ўша қора ловиянинг пўстлоғига ўхшаган хол бармоқларим орасида тургандек.
Бурнингиз ёнидаги хол менинг заррача ғашимни келтирмасди. Доимо кўриб турган бўлсам-да, бирор марта уни юзингизга солмаган эдим.
Агар майиздек холимни мошдек холингиз устига қўйсангиз ва у ўса бошласа, хўб ажойиб иш бўларди-да!
Мен кўрган тушни кўриш сизга ҳам насиб этганда борми, ўзимни шунчалар бахтиёр сезардимки, асти қўяверинг.
Тушимни айтиб бераман, деб баъзи нарсалар хаёлимдан кўтарилибди. Эсингиздами, ўринда холимни ўйнай бошласам, сиз:
– Одамни хит қилиб юборасан-да… – дея нолирдингиз.
Ўшанда мен ўзимча азбаройи ачинганларидан деяптилар, деб қувониб кетардим. Гапимга ишонаверинг, ростдан ҳам шундай деб ўйлардим. Афсуслар бўлсинким, мен бу одатимдан ўшанда воз кечолмагандим. Ўзимни оқлаш учун онам билан опаларимни айблашдан ўзга чора ҳам, баҳона ҳам тополмасдим. Тўғрисиям, болалигимда мени кулдираман, деб холимни ўйнашаркан, балки шу сабабдан холимни ўйнамасдан туролмайдиган бўлиб қолгандирман?!
Бир куни:
– Эсингиздами, илгари холимни ўйнасам, роса жеркиб берардингиз, нима сабабдан шунақа қилардингиз? – дея онамдан гина қилгандим
– Эсимда… бир пасда шунча вақт ўтиб кетибди-я…
– Айтақолинг, нега урушардингиз?
– Нега дейсанми? Бу ярамас одат бўлгани учун.
– Ғашингизга тегармиди?
– Нима десам экан?.. – Онам хаёл сурганча бошини қуйи солди. – Биров кўрса уят қилади, деб ўйлаган бўлсам керак-да!
– Балки шундайдир… Аммо нимаси уят? Мен бефаҳм қизга ўхшаб кўринармидим… ёки қайсар аёлгами?
– Ким билади, бунақа хаёл ҳечам келмаган кўнглимга. Ўрганиб қоласан, деб қўрқардим, холос.
– Сиқилиб кетармидингиз?
– Ҳа, назаримда сен худди бефаҳм, шалтоқ қизларга ўхшаб қолардинг.
– Ойи, болалигимда опаларим билан холимни қитиқлаб ўйнармидингизлар?
– Ўйнардик, шекилли.
Балки онам билан опаларим суюб эркалаганларининг хумори тутиб холимни беихтиёр ўйнагандирман, бошида?! Мабодо шундай экан, яхши кўрган меҳрибонлари эсига тушганда ўйнайди, деб фараз қилиш мумкин эмасмиди?
Сизга мана шуларни ҳам айтмоқчи эдим. Минг қилганимда ҳам одатимни ёқтирмай чакки қилгансиз.
Айтинг-чи, холимни ўйнаётган дақиқаларда нималарни ўйлаган бўлишим мумкин?
Ҳозир бўлса мен соддадил бу қилиғим – у шундай жаҳлингизни чиқарардики! – сизга баралла айтишга ботинолмаган севгимнинг ифодаси бўлса-я, деб ўйлаб қўяман.
Хол ўйнаш айб эмас – ўлиб-қутилиб ўзимни оқлашга арзимайди.
Лекин сизнинг “ярамас хотинингиз” ҳамиша кўнглингизга қарамоқчи бўларди. Бироқ шунда ҳам сиз менга дашном беришдан чарчамас эдингиз. Эҳтимол, мана шунинг учун ҳам сизга ўчакишадиган бўлиб қолгандирман.
Инкор этмайман, мен ҳам ўзимга етгунча қайсар, гиначи хотинман. Лекин нима қилай, ноҳақ тортган азоблар эсимга тушса, ўзимни тутолмай қоламан. Аммо шунга қарамай, барибир, мени тушунишингизни истардим.
Рус тилидан
Олим Отахон
таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/26/%d1%8f%d1%81%d1%83%d0%bd%d0%b0%d1%80%d0%b8-%d0%ba%d0%b0%d0%b2%d0%b0%d0%b1%d0%b0%d1%82%d0%b0-1899-1972/