Ясмиқ (чечевица)

Жуда қадимий ўсимлик ҳисобланган ясмиқ (чечевица) қолдиқлари ҳатто Миср пирамидаларидан ҳам топилган. Бундан келиб чиқадики, бурунги замонларда ясмиқдан шоҳона таомлар тайёрланган.

Кўпгина халқлар таомномасида ясмиқ муҳим оқсил манбаларидан бири, у тўйимлилик хусусиятлари бўйича нон, ёрма ва ҳатто гўштнинг ҳам ўрнини босувчи маҳсулот сифатида қадрланади. Ясмиқни етиштириш технологияси нўхатникидан фарқ қилмайди

Бу ўсимликни кўҳна Рим шифокорлари ошқозон касалликларини даволашда ишлатишган. Қадимда ясмиқни овқат таркибида мунтазам тановул қилиш одамни хотиржам ва сабрли қилади деб ҳисоблаганлар. Шу сабабли, ясмиқ асаб тизими билан боғлиқ бузилишларни бартараф этишда ҳам ишлатилган.

Ясмиқнинг суюқ қайнатмаси қабзиятда ёрдам бериши, қуюғи эса ошқозон-ичак касалликларида буруштирувчи восита сифатида яхши эканлиги қадимги тиббий манбаларда ёзиб қолдирилган. Ясмиқ қайнатмасини буйрак тоши ва жигар касалликларида қабул қилиш тавсия қилинган.

Қизил, яшил ва жигарранг ясмиқлар фарқланади. Ясмиқ нўхат сингари шўрваларга солиниши мумкин. Бундай шўрвалар жуда хуштаъм бўлиб, фойдалилик жиҳатлари анчагина. Дунё халқлари таомномаларида ясмиқдан тайёрланадиган кўплаб суюқ ва қуюқ тансиқ таомларнинг рецептларини топиш мумкин.

Ясмиқ таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, клетчакадан ташқари калий, кальций, фосфор, темир каби микроунсурлар, витаминлардан эса бета-каротин, витаминлар – В1, В2, В6, В12, С ва триптофанлар бор. Ясмиқ оқсили тўйимлилик хусусиятларига кўра гўшт оқсилидан қолишмайди.

Темир ва фолат кислотаси миқдорининг кўплиги жиҳатдан ясмиқнинг ўрнини босадиган маҳсулотлар кам. Ясмиқдаги эрийдиган клетчака овқат ҳазмини яхшилайди, тўғри ичак ракининг профилактик воситаси сифатида хизмат қилади.

Юрак касалликлари, ошқозон яраси билан оғрийдиганлар, диабетга чалинганлар ва иммунитети заифлашган одамлар ясмиқни кўпроқ истеъмол қилишлари керак.

Пиширишдан олдин ясмиқ совуқ сув билан ювилади. Бошқа дуккаклилардан фарқли равишда ясмиқни ивитмаса ҳам бўлади. Ясмиқ қуйидагича қайнатилади: 1 стакан ясмиққа 1,5-2 стакан миқдорида сув қуйилади, қайнаш даражасига етгач идишнинг қопқоғи ёпиб қўйилади, паст оловда 10-30 дақиқа аралаштириб туриб пиширилади. Туз охирида солинади. Шўрва тайёрланганда ясмиқни алоҳида қайнатиб олиш мумкин.

Ясмиқ донларидан 1 стакан олиб тозаланг. Устидан сув уйинг, 5-6 соат турсин. Бир дона пиёз, икки дона сабзини ўсимлик ёғида қовуринг, таъбга кўра туз ва мурч солинг. Сўнгра сувда ивиган ясмиқни сузиб олиб қовурилган сабзавотлар устига бир текис жойланг. Қозон қопқоғини ёпиб паст оловда бир соатча димласангиз ажойиб таом тайёр бўлади.

Ясмиқли шўрва тайёрлаш учун озроқ ўсимлик ёғини қиздириб бир бош пиёз ва икки бўлакча саримсоқни тўғраб солинг. Сўнг бир стакан ясмиқ дони, уч дона сельдерей пояси, бир дона тўғралган помидор, икки ошқошиқ майда тўғралган петрушка кўкати ва озроқ миқдорда ялпиз тўғраб қўшинг, бир дона лавр барги ҳам солиш эсдан чиқмасин. Масаллиқлар устидан 8-10 стакан сув қуйгач, идиш қопқоғини ёпиб паст оловда тахминан бир соатга яқин вақт пиширинг.

Шунингдек, ясмиқдан тайёрланган бўтқа, суюқ шўрвалар қондаги қанд миқдорини меъёрлаштириб туради.

Юрак ишини яхшилаш ва қон айланишини меъёрлаштиришда ясмиққа етадигани йўқ.

Ясмиқли пюре ошқозон билан боғлиқ яра ва колит касалликлари учун шифодир.

Инсон организми ясмиқни жуда яхши қабул қилади. Чунки қадимда бу ўсимлик одамзот томонидан асрлар давомида истеъмол қилинган ва организм уни генлар даражасида мослаштириб олган. Маржумак (гречка) сингари ясмиқ ҳам ўзига заҳарли моддаларни йиғмайди ва экологик тоза маҳсулот ҳисобланади.

Маъмура ЭРКАХЎЖАЕВА, доришунос,
Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x