Оч юриш маълум биологик хусусиятларга эга бўлиб, у туфайли танадаги барча тизим ва аъзоларнинг функционал фаолиятида кескин ўзгаришлар юз беради. Баъзан очлик туфайли қайтарилмас ҳолатлар ҳам рўй бериб, бир умр ногирон бўлиб қолиши мумкин. Лекин шундай очлик тури ҳам мавжудки, ундан кишилар дарҳол азият чекмасдан (шунинг учун унга етарли аҳамият берилмайди) балки маълум вақт ўтиши билан (ҳафта, ой ва йиллар давомида) турли касалликларга грифтор бўлади. Бу “яширин” очлик дейилади ва у инсон организмида микронутриентлар (яъни витаминлар ҳамда минерал моддалар) га нисбатан тақчиллик бўлганида рўй беради. “Яширин” очликнинг асосий сабабларини санаб ўтамиз.
Юқори ҳароратда узоқ вақт қовурилган, баъзан эса микротўлқинли печларда тайёрланган овқатлар анча мазали бўлсада, улар таркибидаги микронутриентлардан айрим ҳолларда асар ҳам қолмайди.
Масаллиқлар (гўшт, сабзи, картошка, шолғом, пиёз, кўкатлар ва бошқалар) таом тайёрлашдан анча олдин ҳозирланса (майда тўғралган ҳолда очиқ ҳавода сақланса улар таркибидаги фойдали моддалар ҳаводаги кислород таъсирида сезиларли даражада камайиб кетади.
Масаллиқлар совутгичда узоқ сақланганида ҳам улардаги микронутриентлар миқдори озаяди.
Маҳсулотлар (сабзавот, полиз, мева-чевалар ва бошқалар) дан юқори ҳосил олиш учун уларни етиштиришда кимёвий препаратларнинг (ўғитлар, зараркунандаларга қарши ишлатиладиган моддалар ва бошқалар) кўплаб қўлланилиши улар таркибидаги микронутриентларнинг камайиб кетишига олиб келмоқда.
Тамаки чекиш ва спиртли ичимликларни меъёридан кўп истеъмол қилиш витаминлар ҳамда кўпгина минерал моддаларга бўлган эҳтиёжни кескин оширади.
Турли хил стресс омиллар (асабийлашиш, камҳаракатлилик, ўта иссиқ ёки совуқ ҳарорат таъсири, кундалик ҳаётдан қониқмаслик, сабрсизлик)га кўпроқ дуч келиш кишилар организмининг микронутриентларга бўлган талаб меъёрларини оширди.
Ҳар хил касалликларга қарши антибиотикларни қабул қилиш, шунингдек қон босими, нафас олиш ва ҳазм аъзолари ҳамда асаб тизими фаолиятини яхшилайдиган дори воситалари организмнинг микронутриентларга бўлган талабини одатдагидан кўпайтириб юборади. Уларнинг айримлари бу хил озиқ моддаларни ичаклардан қон ва лимфага сўрилишини қийинлаштирса, бошқалари витаминларни тўғридан-тўғри парчалаб юборади.
Нутрициолог (овқатланиш масалалари билан шуғулланадиган) олимларнинг узоқ йиллар мобайнида олиб борган кузатувларидан сўнг шундай хулосага келиндики, ҳозирги пайтда кишиларнинг витамин С га бўлган суткалик талаби ўртача 90 мг лекин Россиянинг биронта ҳудудида ҳудудида ҳам унинг тўлиқ бажарилиши кузатилмайди. Бунинг учун илгарилари (тахминан 50-60 йил олдин) 3 дона яхши олма ейилса кифоя қиларди, ҳозир эса тегишли витаминни қабул қилиш учун 2,5 кг олма истеъмол қилиш керак экан.
Аниқланишича ҳамма нарса етарли бўлган Москва шаҳрида ҳам кишилар суткасида витамин С дан кўпи билан 65 мг истеъмол қилади. Ёки мия фаолияти учун зарур бўлган витамин В1 ни керакли миқдорда олиш учун ҳозирги пайтда 1,5 кг гўшт ёки истеъмол қилиш керак бўлади. Ваҳоланки ушбу витамин дон кепакларида мўл бўлиб қора ёки кепагидан тозаланмаган ундан тайёрланган нон ва бошқа озиқ толаларига бой маҳсулотлар истеъмоли орқали витамин В1 ни етарли миқдорда қабул қилиш мумкин.
Ҳозирги кунда витамин А га бўлган суткалик эҳтиёжни қондириш учун 150 г сариёғ, Е витамини етарли бўлиши учун эса камида 0,5 кг ёнғоқ чақиб ейиш керак. Бу тартибда овқатланиш амалда кузатилмайди, биринчидан, улар жуда қиммат бўлса, иккинчидан (энг муҳими) кишилар ўта семириб кетиб қатор касалликларга мубтало бўлади.
Санаб ўтилган сабаблар туфайли организмда “яширин” очлик юзага келади. Шунинг учун ҳам айрим кишиларда овқатланишда камчилик бўлмасада тез чарчаш, уйқусизлик, бўлар-бўлмасга асабийлашиш, жаҳлдорлик, тушкунликка тушиш каби нохушликлар кузатилади. Айтиб ўтиш жоизки “яширин” очлик ёш болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда кекса кишиларда объектив ва субъектив сабаблар боис тез-тез учраб туради.
“Яширин” очлик ва у келтирадиган нохушликларга йўл бермаслик учун даставвал витамин ва минерал моддаларга бой маҳсулотларни ва улардан қандай фойдаланишни яхши билиш зарур. Керак бўлиб қолган вақтда эса мавжуд поливитаминлар ва қўшимча озиқ моддалардан (мутахассис маслаҳати билан) истеъмол қилиб туриш жоиз.
Шониёз ҚУРБОНОВ,
биология фанлари доктори, профессор.