Юртимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар ечимига жиддий эътибор қаратилмоқда. Узоқ қишлоқлардаги шифохоналардан тортиб, пойтахтдаги ихтисослаштирилган марказларгача, ҳамма-ҳаммасида янгиланишлар, фаолиятида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Аммо, беморларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун малакали шифокорлар ҳамда янги бинолардаги кенг, тоза, қулай хоналар камлик қилади. Ҳозир энг муҳим жиҳатлардан бири, ҳар бир шифохонада замон талабларига жавоб берадиган юқори инновацион технологиялар бўлиши шарт. Чунки, тез ва аниқ ташхис қўйиш ҳамда оғриқсиз ва самарали даволаш учун замонавий техник аппаратларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ тиббиёт муассасаларини хорижда ишлаб чиқарилган, юқори брендга эга техник жиҳозлар билан таъминлашга эътибор қаратилди. Аниқ ва пухта режалар асосида, босқичма-босқич, жойларга рақамли аппаратлар ҳамда керакли жиҳозлар ўрнатилди. Шунинг учун, касалликларни ташҳислаш ва даволашда (айниқса, жарроҳликда) электрон техникадан самарали фойдаланаётган шифокорларимиз иш унуми ортди.
Лекин, соҳада бошқа бир муаммо юзага келди, у ҳам бўлса хориждан келтирилган мураккаб техник апаратларни вақтида таъмирлаш, муҳим қисмларини алмаштириш ва созлаш учун малакали мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлди.
– Эндиликда, ушбу масалалар ҳам ўз ечимини топмоқда. «Ўзбекистонда замонавий тиббий техник жиҳозлардан фойдаланишда техник ходимлар малакасини ошириш» халқаро (GIZ) лойиҳаси асосида жорий йилнинг май ойидан бошлаб «Тиббиёт техникаларига хизмат кўрсатиш ўқув-ишлаб чиқариш маркази» ўз фаолиятини бошлади, дейди Марказ директори Олег Досмухамедов. Ушбу Ўқув маркази юртимизда тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, ташҳислаш ва даволашни замонавий технология асосида жорий этиш, тиббий техникани таъмирлашда юқори малакага эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш ҳамда шу йўл билан тиббиёт соҳасида электрон модернизация жараёнини тезлаштиришни ўзига асосий мақсад қилиб қўйган.
Марказнинг асосий вазифалари:
- тиббий техник жиҳозларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш;
- янги тиббий техник жиҳозларни ўрнатиш, созлаш ва ишга тушириш;
- янги технологияларни ўрганиш, татбиқ этиш ва такомиллаштириш;
- замонавий тиббий техникага оид методик тавсиялар тайёрлаш;
- тиббий техникани таъмирлайдиган ва хизмат кўрсатадиган мутахассисларни тайёрлаш, магистрларни ўқитиш.
Бажариладиган ишлар кўп, лекин, энг муҳими, Марказ фаолиятини йўлга қўйдик, ўқув хоналари керакли техник жиҳозлар билан таъминланди. Бу ерда таълим олган юқори малакали мутахассисларимиз, таъбир жоиз бўлса, биоинженерларимиз хориждан келтирилган тиббиёт анжомларини таъмирлаш бўйича барча муаммоларни ўрганадилар ва ҳал этадилар.
Марказ раҳбари О. В. Досмухамедовнинг таъкидлашича, ўқиш жараёнида ҳар қандай мураккаб тиббий асбоб-ускуналарни текшириш, таъмирлаш имкони бўлади. Муҳандис ходимларнинг малакасини ошириш, ўқитиш ва ўргатиш бўйича Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан биргаликда ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Режага кўра, яқин ойларда дастлабки гуруҳлар ўқиш бошлайди. Курсларда катта тажрибага эга хорижлик олимлар, шу жумладан россиялик муҳандислар таҳсил беришади. Келажакда эса сертификатга эга бўлган ўзимизнинг кадрлар ҳам дарс бериши мумкин.
Режаларимиздан яна бири шундан иборатки, «OpenMEDIS» маҳсули бўлмиш янги тизимни йўлга қўйиш, ушбу программа асосида соғлиқни сақлаш тизимидаги барча электрон жиҳозлар ҳолатини текшириш, назорат қилиш, чора кўриш ишлари янада соддалашади. Шунингдек, замонавий тиббий техникага оид барча муҳим маълумотлар тўпланган «Илм манбаи» электрон тизими ташкил этиляпти. Ўйлаймизки, Ўқув марказини битирган юқори малакали мутахассисларимиз ҳамда шифокорларимизнинг замонавий технология ёрдамида аҳолига хизмат кўрсатиш салоҳияти янада ошади.
Сарвар МАҲМУДОВ ёзиб олди.