Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида балқиб турадиган умидбахш сатрлар таъсири инсонга куч бағишлайди. У дўстлик, биродарлик, Ватанга садоқат каби сифатларни олқишлайди, инсон камолотидаги ахлоқий ва маънавий масалаларни, қадр-қимматни юқори кўтарган. Хасислик, худбинлик, риёкорлик каби ярамас иллатларни қоралайди. Мансаб ва давлатга эришганда ортиқча ғурурланмаслик, камтарин бўлиш каби фазилатлар ҳам унинг диққат марказида турган. Шоир сифатида ота-она билан фарзанд ўртасида меҳр-муҳаббат, эҳтиром каби хислатлар барқарор бўлишини истайди. Қуйида унинг бебаҳо ҳикматларидан айримларини келтирдик.
***
Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум,
Ҳар ким бу “Вақоеъ”ни ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.
***
Борму эркин ҳеч нима оламда ҳижрондин ёмон,
Ҳар неким ондин ёмонроқ йўқ, будур ондин ёмон.
***
Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор –
Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёи фарсуда,
***
Душман сўзига кирма, эшит дўст сўзин,
Эшитмаса сўзни дўст, душман не дегай?
***
Отани чунки қибла дебтурлар,
Қибла янглиғ анга назар қилғил.
***
Давлат учун кўнгулни зор этма!
Иззат учун ўзингни хор этма!
***
Ҳар сўзки эшитса, деса бўлмас,
Сўз борки, айтса – деса бўлмас.
***
Умр ғафлатда ўткариб борасен,
Эй йигит, воқиф ўл, қариб борасен.
***
Ёмон от била тирилгандин,
Яхши от билан ўлган яхшироқ.
***
Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.
***
Олам боғида топмоқ, гули бехор мушкулдур.
***
Тақдирдур ул ёну бу ён солғучи…
***
Айшеки ўтти – ўзга ани зикр айлама,
Ҳар нимаики йитти – сўроқиға арзимас.
***
Кимки, ондин яхши йўқ,
Кўз тутма ондин яхшилиғ!
***
Ётларни, керакки, ошно кам қилсанг,
Ҳар кимки вафо қилса, жафо кам қилсанг.
***
Ҳаргиз рост келмас ишқ донолиғ била.
СОЖИДА тўплади.
https://saviya.uz/ijod/nazm/yaxshilik-chun-qilmading-bori-yomonlig-qilmagil/