Ҳаёт ишонч тўла юракдир

Юрак иншоси

 

Она тили ўқитувчисидай

Юрак айтиб турди, мен ёздим диктант.

Гоҳо қалам билан, гоҳ мониторда

Жумлалар жамланар ичган каби онт.

 

Бунча қийин қўйиш тиниш белгиларини,

Ундов оз, уч нуқта кўпайиб кетар.

Сўроқ белгилари ундан ҳам ошиб,

Барча хатоларни ичига ютар.

 

Диктант баҳосини билаолмадим,

Ундаги ҳар бир сўз ҳаёт томчиси.

Дафтарни ҳеч кимга кўрсатолмадим,

Юрак бўлгандан сўнг ўқитувчиси.

 

 

Эътироф

 

Декабрь,

Кечир мени.

Сени қийнаб қўйдим,

Ўйлайвериб,

Рўёбга чиқмаган орзуларимни.

Шошавериб етолмаган армонларимга.

Ўйлайман.

Одамлар олдида фахрлангудек,

Нима ҳам берди менга табиат?

Розиман умримга, узоқ йилларга,

Бергани азиз дўст, ишқ ва садоқат.

Менга икки эшик очилди:

Бири –

Шаффоф нурларига белади.

Иккинчиси –

Борса келмас кенгликларидан

Мени олиб ўтиб,

Сафарларга йўллади.

Бугун деразамдан

Менга термиласан,

Қайтаролмайсан ўтган кунларни.

Декабрь,

Кечир мени.

Яшамаган,

Яшолмаган

Кунларим учун.

Ҳам сенга бахтиму бахтсизлигимни

Қисматдан бесўроқ

Бериб юбораётганим учун

Кечир!..

 

 

Устюртим

 

Саховатли, қудратли юрт, она замин устидаги,

Баланд юртим, Устюртим, деб, улуғлаган боболарим.

Миллион йиллик хазиналар ер ости, ер устидами,

Сени омон сақлаб келган оталарнинг дуолари.

 

Тарих тилга кирса айтар – ҳар тошдаги ҳикматингни,

Белда пўлат, камарингда метиндайин қудратингни,

Дунё ҳавас қилар бугун хазинангда ҳимматингни,

Бойлигингдир ҳар бир гиёҳ, дардга дармон ҳаволаринг.

Сен – қадрли, сен – ғурурли тупроғимнинг бир танисан,

Бир ҳовуч тупроқ ичинда қимматбаҳо маъданимсан,

Тош деворлар чизиғида сирли сўзим – маталимсан,

Аждодлардан авлодларга етказган эл донолари.

 

Мустабидлик заҳарларин ўз бағрингга яширганинг,

Бу заҳардан даминг қайтиб, сабр косанг тоширганинг,

Вақти келди ҳаммасини халқ ҳукмига топширганинг,

Мустақиллик – Озодликдан еру кўкда садоларинг.

 

Сени ишғол қилолмаган на бир ёғий, на-да бир ёв,

Кўксинг очсанг арслондай кўкка сапчир зангор олов,

Бугун сенга таъзим ила ҳилпирайди ўнлаб ялов,

Бу байроқлар Юртбошининг сенга ишонч-номалари.

 

Сургул кони дунё-дунга хазинангни кўз-кўз қилар,

Сонлар етмас бойликларинг келажакка зар из бўлар,

Тупроқларинг қат-қатидан олтин сандиқларинг тўлар,

Жайрону оҳулар билан созга ўтар саболаринг.

 

Кенг кўчалар, сўлим боғлар, кўркам уйлар безар сени,

Фавворалар шиддатидан кўкда булут сезар сени,

Янги авлод – фарзандларинг боғларингда кезар сени,

Янги шаҳар, янги ҳаёт бошинг узра ҳумоларинг.

 

Эй, Устюртим, зўр бўласан, истиқболинг юксакдадир,

Юртбошимиз назаридан иқболинг келажақдадир,

Халқ ишончи, муҳаббати, кўксингдадир, юракдадир,

Шуҳратингдан сенга қуёш мукофоти – зиёлари.

 

 

Томчилар

 

Бир, икки уч…

Ёмғир томчиларин санайман,

Кўкда булутларга қарайман.

Булутларнинг ортида само,

Самога туташар коинот.

Юлдузларни санаш мумкинми?

Чўлларда қумларнинг доначаларин

Санаб бўларми?

Рўёбга чиқмаган

Орзулардан қолган алам, доғларни,

Қуриган боғларда тўкилган япроқларни

Ёки синган кўнгил парчаларини

Умр бўйи юзга томган ёш доначаларин

Ким санаб чиққан?

Бир, икки, уч…

Ёмғир томчиларин санайман.

 

 

Менинг ота уйим

 

Болалигим ўтган менинг ота уйим –

Кечиксам, жон қадар мени кутган олам –

Тунлари қайғуриб,

Кундузлар тинмай

Уйим, деб, болам, деб, ўзини унутган онам.

 

Сочи қирқ ўрилган қўғирчоқларнинг,

Кўп ўйинчоқларнинг севинчин уйган

Уй – бу орзуларнинг туғилган макони,

Асал, туз, қалампир таъмини, туйган.

 

Уй – бу деразадан майин ҳид таралиб:

Сабзи, пиёз қовурилаётган палов қозони.

Музлаткич гоҳ тўлиб, гоҳида бўшаб,

Туғилган кунларнинг совға-саломи.

 

Ота уйини ҳеч севмасдан бўлмас,

Унда ёстиқларда қолган тушларинг.

Унда ҳеч кетмасдан яшагинг келар,

Унда онанг айтган алла-қўшиқлари.

 

Ота уйин эшиги ҳамиша очиқ,

Баъзан кузатганинг, баъзан кутганинг.

Меҳмонлар келганда очилиб дилинг

Бору йўғингни бирдай ўртага тўкканинг.

 

Бу уй бурчагида болта ва арра,

Чеккада ювилган кирлар учун дор.

Жажжи чақалоқнинг кийимчаларин

Дорга илаётган мунис онаизор.

 

Уй – бу баъзан дарддан эзилсанг

Бўғзингга тиқилган алланималар.

Уй – бу қулфланган тутқин муҳаббат,

Ўспирин орзиқиб интилган дийдор.

 

Ота уйинг – бу сен ётган бешик,

Деразанг остида ўсган атиргул.

Сен илк бора кашф қилган эшик,

Дунёларга очилган кенг йўл.

 

 

* * *

 

Тақдирдан нолиган эмасман,

Тақдирнинг ҳукмида яшадим.

Мен аниқ биламан. Мен севдим.

Мен аниқ биламан. Яшнадим.

 

Ўзига қул қилмади ҳаёт,

Менга учқур қанот берди у.

Кўнглим менинг эркин ва озод,

Қанотларим қудрати орзу.

 

Хотиралар қийнамас мени,

Бахтли онларимдан даракдир.

Неки бўлса, бари меники,

Ҳаёт ишонч тўла юракдир.

 

Гулистон МАТЁҚУБОВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–6

https://saviya.uz/ijod/nazm/hayot-ishonch-tola-yurakdir/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x