Ҳали балоғат ёшига етмаган Жамиланинг турмушга чиққани кўпчиликни ажаблантирган бўлса, тўйидан етти ой ўтар-ўтмас ота уйига кўч-кўрони билан ҳомиладор аҳволда қайтиб келгани бутун қишлоққа овоза бўлди. У ота-онасининг хоҳиши билан болалик орзуларидан воз кечиб, ўзлари сингари ўртаҳол оилага келин бўлганди. Турмуш ўртоғидан эрта айрилган қайнонаси мактабда ўқитувчи бўлиб ишлар, куёв ҳам қўлидаги гулдек ҳунари билан рўзғорнинг кам-кўстини тўлдирарди. Умар тўйдан кейин уч ой ўтгач, (уйланишдан аввал бир-икки танишидан олган қарзини узиш мақсадида) синфдош дўстлари билан чет элга ишлагани кетди. Кетар чоғида келинга қимматбаҳо телефон совға қилди. Ҳатто “Одноклассники. ру” ҳамда “ватсапп” ижтимоий тармоқларидан рафиқасига шахсий саҳифа очди. Унга “ўргимчак тўри”дан қандай фойдаланиш борасида ҳам етарлича “сабоқ” берди.
Бирор касб-ҳунарнинг этагидан тутишга улгурмаган Жамила уйда бир ўзи қолиб, аксарият вақтини телевизор кўриш, телефонда қариндош ва дугоналари билан гаплашишга сарфларди. У ҳали ғўр, қизиққон бўлгани боисми, интернетга кириб, дастлаб онлайн макондаги янгиликлар, хабарларни мутолаа қиларди. Кун сайин ижтимоий тармоқларга “иштиёқ”и ортиб, шахсий саҳифаларига ўқувчилик даври ва тўй кунги суратларини жойлаб, анчагина “лике” тўплади. Турли мавзуларни баён қилувчи ва кўнгилочар гуруҳларга аъзо бўлиб, кўплаб “дўст”лар орттирди. Келинчакнинг виртуал ҳаёт “бағри”га сингиб, унга “меҳр” қўйгани уй ишларини ўз вақтида бажармаслиги ёхуд бир қўлида “ҳамроҳ”и билан барча юмушларни чала қилишида акс эта бошлади. Унинг бу хатти-ҳаракатини кўрган қайнона аввалига ажабланди ва уни зимдан кузатиб юрди.
Ахийри, сабр косаси тўлган қайнона “портлаш”га мажбур бўлди: ўғлига қўнғироқ қилиб, бор гапни айтди. Умар суҳбат чоғида мусофир юртда ишсиз санқиб юришгани сабаб янги ҳафтанинг бошларида уйга қайтаётганини билдирди.
Умар чет элдан қайтгач, бир куни хотини ошхонага чиқиб кетгач, унинг телевизор олдида қувват олаётган қўл телефонини титкилай бошлади. Яхши ниятлар билан хотинига олиб берган “матоҳ”даги СМС номалару, нотаниш йигит-қизларнинг ярим-яланғоч ҳолатдаги суратлари унинг қалбидаги шубҳа-гумонларни янада аланга олдирди. Қўшиқ хиргойи қилиб, эшикдан кириб келган келинчак турмуш ўртоғининг қўлидаги телефонини кўргач, карахт бўлиб қолди. Умар эса рафиқасини сўроққа тута бошлади. Жамила қўрқиб кетганидан йиғлашга тушди. Уларнинг узоқ давом этган жанжалига Умарнинг “Интернетдан топган ўша “ака”ларинг билан яшаб, бахтли бўл”, деган аччиқ сўзлари нуқта қўйди…
Ҳа, бугун глобаллашув даврида кун сайин “қулоч” ёзиб бораётган ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Кўпчилигимиз эрта тонгданоқ қўл телефонимизни ковлашга тушамиз. Шу зайлда кунимизнинг аксарият қисми онлайн маконда ўтади. Бу сарҳадсиз “дунё” “фуқаро”ларининг аудиторияси кенгайиб бораётгани каби у орқали ғойибона танишиб, қиёматли “дўст” тутинаётганлар, дарду ҳасратини баҳам кўраётганлар, сирлашиб, севишаётганлар, айрим ҳолларда эса ўз “жуфти”ни топиб, оила қураётганлар сони ҳам тобора урчиб бораётир. Айниқса, юқоридаги сингари ёш оилаларнинг бузилиб кетаётгани киши дилини хира қилади. Яна бир муҳим “одат”ни афсус билан айтиш мумкинки, сўнгги пайтларда реал ҳаётда йигит ва қиз бир-бирини учратиши ва ўз хоҳишига кўра никоҳ риштасини боғлаши анқонинг уруғидек камайиб бормоқда. Ривожланган Европа мамлакатларида эса бу ҳол аллақачон катта муаммога айланиб улгурган.
– Эндигина оила қурган ёш келин-куёв ўртасида аввало, бир-бирига бўлган ишонч ва меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкам бўлиши зарур, – дейди Андижон давлат университети психология фани ўқитувчиси Гулхумор Тожибоева. – Оилада эрнинг хотинга, хотиннинг эрга бўлган муносабати ва уларнинг тарбияланганлик даражаси ҳавас қилгудек бўлса, бу қўрғонга ҳеч қандай ташқи таъсирлар раҳна сололмайди. Аёл киши табиатан эрини ўзига ишонтиришни, фақат унинг диққат-марказида бўлишни, оила аъзоларидан ўзига нисбатан эътибор, иззат-икром кутиб яшашни яхши кўради ва шунга эришишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, аёл киши ташқи таъсирларга қизиқувчан бўлади. У ҳеч қаерда ишламай, уй юмушлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланса, оиладан ташқаридаги муҳитдан бохабар бўлишга интилади, ўзига бўлган илиқ муносабатни ўзгалардан излашга “бел боғлайди”. Бу борада унга интернет, телевизор ёки газета-журналлар “кўмакчи” вазифасини ўтайди. Оила бошлиғи рафиқасига ўз вақтида эътибор бериб, кўнглига йўл топишга ҳаракат қилмаса, аёл бундай муносабатдан ўзини олиб қочишга, бошқа бир муҳит, виртуал олам орқали ўзини чалғитишга уринади.
Телефон ва “ўргимчак тўри”нинг инсон ҳаётига кириб келганига анча йиллар бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар оқибатида юзага келган ажримлар тўғрисида кўпчилигимиз аниқ маълумотга эгамиз. Ушбу воқеаларнинг янада кенг ва чуқур илдиз отаётгани, гулдек оилаларнинг барбод бўлаётгани кишини ташвишга солади.
– Аслида ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар виртуал бўлса-да, маълум одоб-ахлоқ, инсонийлик фазилатлари чегарасидан чиқиб кетмаслиги лозим, – дея мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради Шаҳрихон туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Шоҳидахон Юсупова. – Одатда бизга ажралиш юзасидан мурожаат қилаётганларнинг оиласи бузилиши сабабини ўрганганимизда, қайнона-келин бир-бирининг тилини топа олмаётгани, оила устуни бўлган эркакнинг рўзғорга масъулиятсизлик қилаётгани, иқтисодий қийинчилик сингари омиллар келиб чиқади. Бироқ охирги пайтларда телефон орқали оилавий можаро ёхуд хиёнатнинг ҳам юзага келаётгани бизни янада ташвишга солиб, жиддий иш олиб боришга ундамоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Ер шаридаги инсонларнинг қарийб 50 фоизи қайсидир ижтимоий тармоқ, айримлари эса яна бир қанча тармоқ аъзоси экан. Виртуал олам тубига “ғарқ” бўлаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Россияда ҳар бир фойдаланувчи бир кунда 11 соат, Англияда 6, Гретсияда 7, мамлакатимизда эса тахминан 6 соатдан кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқлар учун сарфлар экан. Хорижий давлатларда, хусусан, Америка ва Европада айнан ижтимоий сайтлар оқибатида 40-50 фоиз оилалар ажрашиб кетмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 70 фоизга чиқиши мумкин.
– Виртуал дунёдаги ҳаёт қайсидир маънода қарамликни келтириб чиқаради, – дея сўзида давом этади психолог Г. Тожибоева. – Бу “сеҳрли” оламда сизни яхши кўриб, илтифотлар кўрсатишади. Инсон эса бундан беҳад қувониб, ўзини воқеалар қайнаган жойнинг қоқ марказида тургандек ҳис қилади. Бироқ компютер ёки телефон ўчгач, у реал ҳаётга кўникиши бироз қийинлашади. Сабаби, у “янги” ҳаётнинг ранг-баранг, кўзни қувнатадиган ҳодиса-жараёнларига муккасидан кетиб, сохта, енгил-элпи, ёлғонлар асирига айланган бўлади. “Телеграмм”, “ИМО”, “wҳатсапп” сингари ижтимоий тармоқлар масофа танламайди, шахс ҳис-туйғуларини оҳанрабодек ўзига чақириб олади. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш борасида аввало таълим-тарбия ўчоғининг ўрни катта аҳамиятга эга. Таълим муассасаларида ўтиладиган оила психологияси фанида шу жиҳатларга алоҳида эътибор берилиши, ўқитувчи дарс жараёнида фақатгина дарслик билан чекланиб қолмасдан, ҳаётий воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳам суҳбатлар ўтказиб турса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳа, аслида қаерда, қачон ва ким билан танишиб, дўстлашиш ҳар кимнинг шахсий иши. Аммо виртуал олам ғам-ташвишсиз, фақат ўйин-кулгию ёзишмалардан иборат бўлса-да, уларнинг барчаси ўткинчидир. Шунингдек, ғойибона танишувлар ҳеч қачон оиланинг мустаҳкамлигини таъминлай олмайди. Табиийки, дилбандини катта орзу-мақсадлар билан вояга етказган ота-она ҳам уларнинг бу тарзда ҳаёт ришталарини боғлашига асло рози бўлмайди. Шундай экан, дарҳол оний қувончларни фикру хаёлингиздан “юлиб”, виртуал “ҳаёт”ингиздан воз кечинг. Сиз излаётган меҳру муҳаббат чашмаси аслида оилангизнинг иссиқ бағрида эканини унутманг!
Миролим ИСАЖОНОВ
“Ҳуррият”дан олинди.
https://saviya.uz/hayot/nigoh/virtual-zavq-azobi-yoxud-oilangizni-virtual-xiyonatdan-asrang/