Видеоконференциядан сўнг: кадрлар салоҳияти янада оширилади

Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, ихтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор.

Ш. МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Ҳаёт шиддат билан илгарилаб бормоқда. Қайси жаб ҳага қарамайлик, улкан ўзгаришлар рўй бераётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Ҳар соҳадаги ижобий бурилишлар эса кишиларимизнинг эртанги порлоқ келажакка нисбатан ишончини янада оширмоқда. Аммо, шуни ҳам тан олиш керакки, соҳамизга оид ишларда жиддий хатоликлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 январ куни соғлиқни сақлашнинг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан бўлган учрашувларида ана шундай долзарб масалалар тилга олинди. Бу эндиликда юртимизда яшаб, меҳнат қилаётган ҳар бир тиббиёт ходими, шунингдек Тошкент врачлар малакасини ошириш институти жамоаси зиммасига ҳам улкан масъулият юклаши табиий. Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда бугунги тезкор давр шифокори эл-юрт саломатлигини сақлашда янада куйинчак ва фидойи бўлмоғи ҳамда илму иқтидорини ҳозирги даврга мос ҳолда юксалтириб бориши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан аҳоли саломатлигини яхшилашга оид кўплаб қонун ва қарорлар чиқарилган бўлишига қарамай жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматнинг сифати жуда паст эканлиги минглаб кишиларнинг виртуал қабулхонага йўллаган мурожаатларидан сўнг аён бўлганлигини давлатимиз раҳбари куйиниб гапирдилар. Республикадаги кўплаб ҚВПлар биноси қайта таъмирланиб, “Саломатлик-1, 2, 3” лойиҳаларига кўра замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлангани барчага маълум. Лекин бу жойлардаги бирламчи тиббий хизматдан аҳоли норози бўлаётгани давлатимиз раҳбари томонидан қайта-қайта таъкидланиши жуда ачинарлидир.

Бир қанча йиллар муқаддам ҳукуматнинг махсус фармонига асосан Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига кўра институтимиз қошида умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш бўйича республика ўқув методик маркази ташкил этилди ва шу билан бир вақтда институтимизда факультет ва кафедра ташкил қилинди. Аввалига марказда республикамиздаги тиббиёт институтларининг ёш иқтидорли педагогларига Буюк Британиядан келган халқаро «Hоy-xay» фондининг эксперт домлалари дарс ўта бошладилар, кейинчалик улар билан биргаликда шу дастур бўйича ўқиб чиққан иқтидорли педагоглар орасидан танланган 6 кишидан иборат янги кафедра ташкил қилинди. Кафедрамиз ўқитувчилари халқаро «Hоy-xay» фонди домлалари билан биргаликда дарс беришни бошладик.

Кейинчалик кафедрамизда республикамиз шароитига мослаштирилган 10 ойлик дастур ишлаб чиқилди. Бу дастурга асосан блок тизими асосида курсантларимиз 2 ҳафта оралиғида назарий билим олишарди, кейин 2 ҳафта оралиғида улар ўз жойларида, режага асосан амалиёт ўтказишар эди. Маълум вақт ўтиб, айрим сабабларга кўра, биз каби, бошқа кўпчилик олий ўқув юртларида ҳам 2 ҳафталик амалиёт ўтказиш тўхтаб қолди. Ўйлаб кўрайлик, фақат назарий билим олиш билан қандай қилиб оила шифокори бўлиш мумкин? Фикримизча, аввалгидек “Саломатлик-1” дастурига асосланиб ўқитилса яхши натижаларга эришишимиз мумкин.

Бизнингча, дунё андозаларига кўра – оила шифокорларини тайёрлаш дастури 2-3 йиллик қилиб белгиланса талабга тўлиқ жавоб берадиган мутахассислар тайёрланарди. Бунга АҚШ, Куба, Канада, Финляндия, Эстония ва кўплаб бошқа давлатлардагидек ўқитишни яққол мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу давлатларда ўқитишнинг 1-чи йилини 100 фоиз деб олсак, шундан 10 фоизини амалиёт ташкил қилади, иккинчи йилининг тахминан 50 фоизини ва учинчи йилининг эса 90 фоизини амалиёт ташкил этмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, чет давлатларда оила шифокори деган мутахассислик бўйича магистратурада ўқишга кирувчилар орасида ўтказиладиган конкурсга жуда катта ўрин ажратилади. Фикримизча, бундай тажрибалардан ўрнак олсак ёмон бўлмасди.

Биз Ибн Сино ва бошқа буюк алломалар авлодларимиз. Шунинг учун ҳам тиббиёт соҳасининг етук мутахассиси бўлишга тўлиқ ҳақлимиз. Демак, ўз устимизда тинмай ишлашимиз, изланишимиз ва бугунги давр олдимизга қўяётган вазифаларни изчиллик билан бажаришимиз лозим.

Абдуқаҳҳор ФОЗИЛОВ,
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти
«Умумамалиёт шифокорлари тайёрлаш
кафедраси» нинг профессори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x