Бу мусаввирнинг қарийб унутилаёзган асарлари 1866 йилга келиб, яна эътиборга тушди. Бунга ўз даврининг таниқли танқидчиси, санъатшунос Этьена Теофиля сабаб бўлган. Унинг каттагина мақоласи туфайли тасвирий санъат оламида голландиялик рассом Вермеер Ян Дельфтский ижодига қайтадан қизиқиш бошланди.
Маълумотларга кўра, Делфтский тахминан 1632 йилнинг октябрь ойида Голландиянинг Делфт шаҳрида таваллуд топган. Уни санъатга қизиқтирган, қўлига мўйқалам тутқазган илк устози Карелани Фабрициус бўлган. Вермеернинг ижодий шаклланишида унинг 1653 йилда рангтасвир асарлари, шиша идиш, тақинчоқ ва қадимги картиналар сотиладиган дўконга ишга қабул қилиниши муҳим ўрин тутади. Вермеер ўша ерда Италия рассомларининг диний йўналишдаги асарлари, улардаги образлар аниқлиги, монументаллиги, сюжетларнинг бойлигидан таъсирланади. Италия рассомлари ижодидан руҳланиб, мустақил ижод қила бошлайди. “Исонинг Марфа ва Мариялар билан суҳбати” ва “Диана ва нимфлар”(1650) каби картиналари ижодининг илк намуналари саналади.
Вермеернинг ижодий юксалишида уста рассом Питер де Хоохнинг таъсири сезилади. Рассом асарлари рангларга бойлиги, хаётнинг тўлақонли кўрсатилиши, колоритнинг ёрқинлиги билан тезда қадр топади. “Унаштирилган” картинасининг композициясида ярим фигура орқали ўзига хос ечим топгани ва орқа фонда эгилган бошига катта шляпа кийган қизил кийимдаги эркак, унинг ортидаги аёл ва охирги планда турган фигурага ўзининг портретини ишлаган.
Вермеернинг маҳорати кейинги картиналарида ҳам ўз аксини топди. 1650 йилнинг иккинчи ярмида у ҳажман унчалик катта бўлмаган, уй интерьери ичидаги бир-икки фигурадан иборат картиналари устида ишлай бошлади. “Дераза олдида хат ўқиётган қиз”(1657), “Ухлаётган қиз”(1657), “Офицер ва хушчақчақ қиз”(1657), ”Делфт кўчаси” (1658) “Инжу зирак таққан қиз”(1660), “Сут қуяётган уй хизматчиси” (1660), “Гитарали ёш аёл” (1671-1672) каби асарлари шулар жумласидандир.
Унинг “Сут қуяётган уй хизматчиси” номли картинаси энг сара асарларидан бири бўлиб, унда уй хизматчисига хос одоб, сокинлик ва гўзаллик ниҳоятда табиий ифодаланган. “Хоним ва икки кавалер”(1659) асарида хонимнинг уйига кавалерлар ташриф буюргани, уларнинг суҳбат қуриши, виноларни биргаликда баҳам кўриши ва кўнгилхушлик қилиши акс эттирилади. Унда дераза ойнаси чиройли витраж билан безатилган, деворга эса портрет осилган. Стол устидаги оқ мато ва хонимнинг эгнидаги ёниб, товланиб турган кўйлак бутун картинани жонлантириб юборган. Хона ичига ойнадан тушиб турган ёруғлик ва ранг уйғунлигини пайқаган киши Дельфтский маҳоратининг нозик томонларини баҳолай олади.
1650 йилнинг охирида Ян Вермеернинг “Кўча” номли машҳур асари дунёга келади. Ҳиссиётга тўла, ранг ва тасвирдаги юмшоқлик, бўёқлардаги нафислик рассомнинг ижодий камолотидан далолат беради.
1660 йилга келиб, Вермеер ижоди янада юксалди. У 1662–1663 ва 1670–1671 йилларда Делфт шаҳридаги рангтасвир мактабида декан вазифасида ишлайди. Мусаввирни Делфт шаҳрида барча ҳурмат қиларди, аммо рассом у қадар бадавлат эмасди. Ўн бир нафар фарзанднинг отаси сифатида елкасида рўзғор ташвиши бор эди. Шу сабабдан тирикчилик учун буютмачиларга картиналар чизиб бериш билан шуғулланади. Унинг асарларини ўз даврининг кўплаб бадавлат кишилари, таниқли коллекционерлар сотиб олганлар.
1672 йил бошланган уруш туфайли рассомнинг картиналарига бўлган талаб кескин тушиб кетади. У умрининг сўнгги йилларини моддий етишмовчиликда ўтказади ва 1675 йил 15 декабрда хасталикдан вафот этади.
Дельфтский ижодининг мазмунини диний мавзудаги маиший сюжетлар ташкил этади. Унинг ўттиз тўртта асари сақланиб қолган. Уларнинг кўпчилиги бугунги кунда анчагина машҳур. “Инжу зирак таққан қиз”, “Рангтасвир аллегорияси”, “Роҳиба”, “Очиқ дераза олдида хат ўқиётган қиз”, “Мактуб ёзаётган аёл”, “Мусиқа дарси”, “Ёш қиз портрети” ва бошқа картиналари қимматли асарлар рўйхатида туради.
Иқбол ИЛҲОМОВ,
Ўзбекистон рассомлари
уюшмаси аъзоси.
2019/1
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/06/28/%d0%b2%d0%b5%d1%80%d0%bc%d0%b5%d0%b5%d1%80-%d1%8f%d0%bd-%d0%b4%d0%b5%d0%bb%d1%8c%d1%84%d1%82%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9/