Валентин БЕРЕСТОВ (1928–1998)

Рус тилидан
Равшан ИСОҚОВ
таржимаси

Таниқли рус болалар шоири. Калуга вилоятининг Мешовск шаҳрида ўқитувчи оиласида туғилган. 1942 йил, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Берестовлар оиласи Тошкентга эвакуация қилинади. Валентин Тошкентда Анна Ахматова, кейинроқ Корней Чуковский билан танишади. Улар ёш шоир ижодига қизиқиш ва эътибор билан қараб, унинг тақдирида муҳим роль ўйнашади. 1944 йилда Берестовлар Подмосковьега кўчиб кетишади. Москва давлат университетининг тарих факультетини, Этнография институтининг аспирантурасини битирган Валентин Берестовнинг кейинги тақдири яна Ўзбекистон билан боғланади. У Хоразм вилоятида археология ишлари олиб боришда қатнашади, айни чоғда болалар учун ўндан ортиқ асарлар яратади.

БОЛАЛАР ВА ГУЛЛАР

Қандай чизса бўлар боланинг расмин?
Бирдан қочиб қолар уйга қизалоқ.
Ўғил болалар-ку тоқатсиз асли.
Чўткасин бўёққа рассом ботириб,
Эртак айтиб берар, солишар қулоқ
Ва шунда болалар жилмас ўтириб.

Қандай чизса бўлар, айтинг гул расмин?
Ахир, у қочмасдан турар, ҳарқалай!
Шамолда рақс тушсин, таратиб исин,
Яшнаб ўсаверсин, гуркираб сўлмай.
Увол қилмас рассом ҳеч маҳал юлиб,
Кутсин асалари ё капалакни
Ва термулиб боқсин қуёшга кулиб.

* * *

Ёқтирарлар сени ҳеч бир сабабсиз,
Шунчаки, набира бўлганинг учун.
Ўғилсан, суйдилар ортиқча гапсиз,
Улғайганинг, кучга тўлганинг учун.

ТИНЧЛИК

“Тинчлик” сўзи бўлмасмиди, эҳтимол,
Башарти батамом йўқолса уруш.
Шунда бу жумладан энди бемалол,
Англанарди ҳаёт, шунчаки турмуш.

Ҳа, фақат болалар оқил, билимдон,
Ўйнаб “уруш-уруш” тошиб завқ-шавқи,
Югураверишдан чарчашиб бир он,
Эслардилар, уни шаҳидлар ҳаққи.

ҲИНДУ

Ҳинду бўлиб уйғонди у! Ҳаммага салом!
Қаери кам Чингачгукдан, Гайаватадан.
Қани укпар бош кийими? Қилмасми алам.
Гайавата каби турар каравотидан.
Зағча, зоғлар чуғурлашган кенг тўқайзорда,
Қизилиштон мўлжал қилган қарағайзорда…
Қандай патлар топилмас-а, бор истаганинг!
Ва кун ўтди ширин тушдай, хотира зўр-да,
Кўз олдингда ҳиндуга хос пат излаганинг.

ПАРВОЗ ҚИЛ

Тонг чоғида она қуш,
Шайлар палапонини
Илк парвозга, эркалаб,
Бериб жисми-жонини:

– Ана – темир ракета,
Учар қайдан-қайларга.
Қўрқув нима билмайди,
Етар юлдуз, ойларга.

Номусларга қолдирма,
Болам, чўчишни бас қил.
Агар чиндан қуш бўлсанг,
Қўрқмай дадил парвоз қил!

ИБТИДОИЙ ОДАМЛАР

Дераза пардасин шошмай маҳкамлаб,
Каравот тагига беркиниб бирров,
Акам билан тошни тошга ишқалаб,
Келишдик учқундан ёқишга олов.
Йўқ, бу жой уй эмас, ибтидоий ғор,
Тимқоронғи кеча, кун эмас ҳозир.
Момақалдироқ бу чақмоғи ҳам бор,
Шу бир жуфт чақмоқтош тиллога арзир.

О, бебаҳо учқун – меҳнатга ҳамроҳ!
Энг аввало, ёқдинг оловни эмас.
Идрок нури билан ёритиб, эвоҳ,
Кимнингдир қалб кўзин яшнатдинг сен, бас.

На шимол буғиси, на содиқ кўппак,
Қўлга ўргатилган на от, на мушук.
Инсонга бўйсунган чақмоқтош, демак,
Илк бор олов кирган ва очиб эшик.

ХАЁЛПАРАСТ

Ўтирибман баланд дарахт шохида,
Разведкачи сезсам ўзим гоҳида.
Ёинки мачтадан термилиб узоқ
“Ер!” деб қичқиришга тайёрдай шу чоғ.
Дарахт тебранса ҳам тинчим бузмайди,
Ҳеч кимса, ҳеч бир зоғ мени сезмайди.
Дарахтда – баландда оёқ узатиб
Ўтиргум ҳаммани бир-бир кузатиб.

ИККИМИЗ

Ўрмон сўқмоғидан биринчи синфга
Борамиз, қувончим сиғмас таърифга.
Ҳар ёндан илашар ўргимчак ини,
Арчалар сочади игнабаргини.
Тикан бўлиб кетар елкаларимиз,
Шапкамизу ҳатто сумкаларимиз.
Мен қўшиқ айтаман баланд пардада,
Қўшни қиз чалғитсам, ахир, ҳарна-да.
Мардлигу матонат, жанглар ҳақида
Осмону ёруғлик, ранглар ҳақида.
Қишлоқ четидаги азиз мактабда,
Кутар ҳар хил юмуш, дўстлар шу тобда.
Оҳиста оласан сумканг қўлимдан,
Англаб бўлмас туйғу кечар дилимдан.
Сен билан ўрмонда ҳозир ёнма-ён,
Узоқ сайр қилгим келар беармон.
О, қандай ҳолат бу, ўйламагандим,
Илгари ҳеч бундай куйламагандим.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/10/30/%d0%b2%d0%b0%d0%bb%d0%b5%d0%bd%d1%82%d0%b8%d0%bd-%d0%b1%d0%b5%d1%80%d0%b5%d1%81%d1%82%d0%be%d0%b2-1928-1998/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x