Увеит

Кўз томирли пардаси увеал йўлининг яллиғланиши кўпинча сурункали кечади ва узоқ муддат даволанишни тақозо этади. Аслида кўз соққаси уч қаватдан: 1ташқи фиброз, 2томирли, 3тўр пардадан иборат. Томирли қават кўзни қон билан таъминловчи томирлардан ҳосил бўлиб, унинг олдинги кўриниб турган қисми рангдор парда – ирис, ўрта қисми – цилиар тана ва орқа қисми – хориоидеядир. Бу тўқималар биргаликда увеал йўлини ташкил этиб, кўзнинг иккинчи томирли парда қаватининг яллиғланиши эса увеит касаллигини билдиради.

Увеит кўз хасталиклари ичида энг кўп учрайди (5-7 фоизгача). Томирли қаватнинг олдинги қисми яллиғланиши иридоциклит, орқа қисмининг яллиғланиши хориоидит, барча қисмининг яллиғланиши эса панувеитдир.

Айрим ҳолларда увеитнинг келиб чиқишига токсоплазмоз, хламидиоз, захм, сил, бруцеллез ва бошқа инфекциялар, шунингдек цитомегаловирус, герпесс вируси келтириб чиқарувчи касалликлар, ҳаттоки, замбуруғлар ва паразитлар сабаб бўлиши мумкин.

Ревматоид иситма (бириктирувчи тўқима яллиғланиши), ревматоид артрит (бўғимлар яллиғланиши), Бехтерев касаллиги (умуртқа поғонасининг бўғим-бойлам аппарати шикастланиши), ОИТС ва бошқа касалликларда, шунингдек, кўз соққасининг жароҳатида ҳам увеит кузатилади. Баъзи бир ҳолларда эса касалликка олиб келувчи сабаблар номаълум бўлиб қолади.

Увеитда яллиғланиш ўчоғининг қайси жойдалигига қараб клиник белгилари намоён бўлади. Олдинги увеитда кўз олдида енгил туман, кўз соққаси оғирлашиши, кўриш ўткирлигининг пасайиши, кўзнинг қизариши, қорачиқнинг торайиб ёруғликни сезмаслиги, ёруғликдан кўрқиш, ёшланиш, кўз босимининг ошиши ва оғриқнинг пайдо бўлиши, кўзнинг кўрмай қолиши кузатилади.

Орқа увеит оғриқсиз кечади. Касаллик белгилари секин-аста намоён бўлади, масалан, кўриш қобилияти пасая боради ва кўз олдида қора доғлар ва туман пайдо бўлади. Бошқа касалликлар қатори увеит хасталиги ҳам бошланғич даврида аниқланиб, қанча эрта даволанса, тўлиқ тузалиб, кўриш қобилияти тикланиши, шунингдек, катаракта, глаукома каби оғир асоратларнинг олдини олиш мумкин. Ўз вақтида даволанмаса, кўриш ўткирлиги буткул издан чиқади, бу дард иккинчи соғ кўзга ҳам ўтиши мумкин.

Касалликнинг ривожланишига қараб офтальмолог томонидан даволаш муолажалари олиб борилади. Аввало тўғри ташҳис қўйиш учун албатта кўз олди қисмини ёритиб кўриш, зарур ҳолатларда кўз олди қисмини биомикроскопияси, кўз тубини кўриш – офтальмоскопия ва ультратовуш ташҳисоти каби мураккаб усуллардан фойдаланилади.

Бу касаллик полиэтиологик, яъни бир нечта сабаблар туфайли юзага келадиган дард бўлганлиги учун уни даволаш жараёни шифокордан билим ва маҳорат талаб қилади. Дастлаб хасталикни келтириб чиқарган омилларни тўғри аниқлаш муҳим аҳамиятга эга, чунки зарур дори-дармонлар билан даволаш муолажалари шунга қараб ўтказилади.

Увеитнинг олдини олиш учун кариесли тишларни даволаш, бурун ёндош бўшлиқларида сурункали яллиғланиш жараёнини бартараф этиш керак. Иммунитети сусаймаган беморларда ҳамма фаол ўчоқларни даволаш шарт эмас, чунки периферияда жойлашган кичик ўчоқлар кўпинча зарарсиз бўлиб, ўз-ўзидан тузалиб кетади. Бемор ҳар томонлама тиббий назоратдан ўтказилиб, аниқ ташхисдан кейин тўғри даволанса, касаллик қайталашининг олди олинади.

Ботир БУЗРУКОВ,
офтальмолог, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x