Устоз хотирасига эҳтиром

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, давлат ва нодавлат муассасалари, ижодий уюшмалар, ёшлар ташкилотлари, ҳарбий қисмларда устоз ҳаёти ва серқирра ижодига бағишланган қизиқарли учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Олимнинг танланган асарлари чоп этилди, “Ижод ва шижоат” номли хотира китоб яқин кунларда ўқувчилар қўлига бориб етади. Киноижодкорлар яратган ҳужжатли фильм томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Ўзбек Миллий Академик драма театрида бўлиб ўтган тантанали йиғилишда шаҳар жамоатчилиги вакиллари, олимнинг оила аъзолари, кўпсонли мухлислар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этдилар.
Бугун қўлида қалами бор шоир, ёзувчи, адибиётшунос олим ёки ёш тадқиқотчиларнинг аксарияти ўзига ва шогирдларига талабчан, тўғри сўз, адолатпарвар Озод Шарафиддиновдан маҳорат сабоқларини олгани аниқ. Мамлакатимизда китобхонлик ҳаракати кенг ёйилаётган, жаҳон адабиётининг энг сара асарлари ўзбек тилида чоп этилаётган, шаҳар ва қишлоқларда янги кутубхона ва китоб дўконлари қурилаётган бир пайтда Озод домлани китобсевар устоз сифатида ҳам эсласак тўғри бўлади. Домла шаҳар кезадиларми, вилоят ва туманларда бўладиларми, хорижий сафарларга борадиларми, аввало, китоб дўконларига кириб, у ердан қучоқ-қучоқ китоб харид қилар эдилар. Ёшларни китоб мутолаасига даъват этиш устознинг муҳим ишларидан бири бўлган.
Озод Шарафиддинов мақолаларидан бирида инсониятнинг буюк ихтироси бўлмиш китобни саккизинчи мўъжиза деб атади. Домла оламнинг етти мўъжизаси ҳақида қуйидагича фикр юритади: “Етти мўъжиза инсон ақлининг, тафаккурининг, қалбининг оташин мадҳияси, инсон даҳосининг улуғлигига қўйилган мангу обида бўлиб келмоқда. Бироқ, оламда яна бир мўъжиза ҳам борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди. ХХ аср одамининг ҳаётига у нондек, ҳаводек, сингиб кетган, шунинг учун уни қўлга олганимизда мўъжиза билан учрашгандай ларзага тушмаймиз, унинг муқаддаслигидан орзиқиб-энтикиб кетмаймиз, тилимиз лол бўлмайди. Бу мўъжиза – китоб… Машҳур Австрия ёзувчиси Стефан Цвейг китобнинг кашф қилинишини ғилдиракнинг ихтиро қилиниши билан баравар қўяди, “Китоб бор жойда одам ўз-ўзи билан, ўз савиясининг чор деворига ўралиб, ортиқ ёлғиз қололмайди, инсониятнинг фикрлари ва ҳисларидан баҳраманд бўлади”, деб ёзган эди.
Озод Шарафиддиновнинг бугун мароқ билан ўқилаётган, узоқ йиллар қўлдан тушмайдиган китобларида маъно-мазмунига кўра бадиий асардан қолишмайдиган илмий, бадиий-публицистик мақолалари мавжуд. Улар орасида Суқрот ҳақидаги “Ҳақиқат излаган донишманд” мақоласи алоҳида ажралиб туради. Ушбу мақолани мутолаа қилган ўқувчи ўзи учун янги-янги маъно-мушоҳадаларни кашф этади, Озод домла ҳарорат билан битган таъсирчан сатрлар қатидан янги-янги маънолар, улуғвор хулосалар бўй кўрсатади. Суқрот умр бўйи ҳақиқатнинг моҳиятини излаб яшади, адолат ва разолат, садоқат ва хиёнат, яхшилик ва ёмонлик каби мангу ҳамроҳ тушунчалар ҳақида кўп ва хўб ўйлади. Умри сўнггида дунёни, инсон ҳаётини титратиб юборишга қодир хулосага келди.
Олим ўзининг таъсирчан мулоҳазалари, кучли мантиқий мушо­ҳадалари билан ном қозонади. Ёшлар унинг маърузаларини жон-дилдан тинглайдилар. Суқротнинг обрў-эътибори илмий давраларда тобора ошиб бораётганидан хавотирга тушган илмсиз ҳасадгўйлар “Суқрот ёшларни йўлдан оздирмоқда, маърузаларида ҳақиқатга зид гапларни айтмоқда, уни жазолаш керак”, дея иғво тарқатадилар, Афина кенгашига унинг устидан шикоят ёзадилар. Кенгаш Суқротни айбдор деб топиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилади.
Ўша даврда Афина суд-ҳуқуқ тизимида шундай одат бор экан: кенгаш судланувчи одамга айб эълон қилгач, маҳкум икки йўлдан бирини – заҳар ичиб ўлишни ёки умрининг охиригача Афинага қайтиб келмаслик шарти билан шаҳардан чиқиб кетишни танлаши мумкин. Суқрот, шу чоққача барча маҳкумлар шаҳардан чиқиб кетиб, ўз жонларини сақлаб қолишганига қарамай, заҳар ичишни танлайди. Умрининг сўнгги соатларида ҳам қўлидан китоб тушмайди.
Озод домла ҳам умрининг сўнгги йилларида донишманд устози каби тақдирнинг ғоят мураккаб танловига дуч келди. Оғир хасталикка чалиниб, кучли оғриқ азоби силласини қуритди. Домла олдида ҳам иккита йўл бор эди: биринчиси – тақдирга тан бериб, қолган умрини сиҳатгоҳу оромгоҳларда, сайру саёҳатларда, шогирдлари, дўст-қадрдонлари даврасида ўтказиш ёки касаллик хуружига, кўзлари хира тортаётгани, бармоқлари ҳолсизланиб, сатрлар бир-бирига мингашиб кетаётганига қарамай, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ўгириш эди.
Домла иккинчи йўлини танлади. Бу йўл адабиёт ихлосмандларига “Миллатни уйғотган адиб”, “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?”, “Фан гўзаллик ҳисси билан тирик” каби йирик тадқиқотларни, Салмон Рушдига, Гарри Каспаровга, Муҳаммаджон Обидовга, Иброҳим Ҳаққулга ёзилган мактубларни, жаҳон адабиётининг 150 дан ортиқ дурдона асарларининг ўзбек тилидаги матнини, “Довондаги ўйлар”ни, ўзбек миллий матбуотининг фахри-ғурури бўлиб келаётган “Жаҳон адабиёти” журналини берди.
Домла раҳбарлигида қисқа вақт ичида янги журнал ўз йўли, овози ва мухлисларини топди. Собиқ иттифоқдош жумҳуриятларда адабий-бадиий нашрлар инқирозга юз тутиб турган, довруғи оламга ёйилган “Иностранная литература” журнали ҳам ҳолсизликдан чўккалаб қолган бир пайтда, ўзбек китобхонлари дунё адабиётининг ноёб намуналарини она тилларида ўқий бошладилар. “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур” каби нашр­лар ўзбекона миллий ғоя асосида қандай улуғ ният ва умуминсоний қадриятлар мавжудлигининг нишонаси эди.
Озод домла танлаган иккинчи йўл у кишининг маънавий жасоратига айланди, бу жасорат устозни янада юксак чўққиларга кўтарди. Биз бугун шу чўққига қараб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ижод аҳлига кўрсатаётган ғамхўрлигидан, яратилаётган имкониятлардан, юртимизда кечаётган буюк янгиланиш жараёнидан илҳомланиб, домла бошлаган масъулиятли ишни давом эттираётганимиздан, “Жаҳон адабиёти” журнали дунёга янги мақомда бўй кўрсатаётган Ўзбекистоннинг маънавий минбарларидан бири бўлиб қолаётганидан ғоят миннатдормиз. Устознинг қуйидаги сўзлари бизга ҳамиша ҳамроҳ:
“Одам ота-онасини танлаёлмаганидек, Ватанни ҳам танлаёлмайди. Албатта, Оллоҳ одамга Ватанни музликлардан ҳам, саҳролардан ҳам, чангалзорлардан ҳам адо этиши мумкин. Лекин сиз билан бизга Оллоҳ Ўзбекистон деб аталган, тупроғида олтин гуллайдиган, қишларида баҳор шивирлайдиган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳини ўқиб тамом қилолмайдиган бир юртни Ватан қилиб берган экан, бунинг учун ўзимизни бахтли деб билмоғимиз керак”.

Илдизлари бир элмиз

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида, Қирғиз Республикаси Фанлар Миллий Академиясининг Чингиз Айтматов номидаги Тил ва адабиёт институти ҳамда “Жаҳон адабиёти” журнали ҳамкорлигида “Чингиз Айтматов ва ўзбек-қирғиз адабий алоқалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбек ва қирғиз адабий алоқалари узоқ йиллик тарихга эга. Бу алоқалар XIX асрда анча кенг ривожлана бошлаган. Ўш, Андижон, Намангандаги мадрасаларда ўзбеклар билан бирга қирғиз талабалари ҳам сабоқ олишган. Биринчи қирғиз газетаси “Эркин Тоо” Тошкентда нашр этилган. Мадрасаларнинг талабалари орасидан кейинчалик Алдаш молда, Молда Ниёз, Молда Қилич, Тўғалоқ молда, Нурмолда, Ўсмонали Сидиқ ўғли, Исоқ Шайбеков, Абулқосим Жутакеев каби ўнлаб ёзма адабиёт вакиллари етишиб чиқди. Тошкентда ташкил этилган Ўрта Осиё Давлат университетида (ҳозирги Миллий университетда) кўплаб қирғиз ёшлари таълим олишди. Улар орасидан таниқли шоир ва ёзувчилар, истеъдодли олимлар чиқди.
Қирғизистон халқ ёзувчиси Али Тўқамбоев бундан етмиш йилча муқаддам Алишер Навоий ҳақида илмий мақола ёзди, “Лайли ва Мажнун” достонини қирғиз тилига ўгираётган таржимонларга бош-қош бўлди. Устоз Миртемир, Султон Акбарий, Турсунбой Адашбоев, Зуҳриддин Исомиддиновлар, Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, океанмисол “Манас” эпосини ўзбек тилига таржима қилиш ишига муносиб ҳисса қўшдилар. Илёс Муслим қирғиз адиби Қосимали Боялиннинг “Ҳожар” қиссасини, Тугалбой Сидиқбековнинг “Замонамиз кишилари”, “Тоғ болалари” ва “Тоғлар орасида” деган уч романини ўзбек тилига ўгирди. С.Эралиев, С.Жусуев, Ш.Абдраманов, Т.Қосимбеков, Мар Бойжиев, О.Ибраимов, Ж.Мамитовнинг қатор асарлари ўзбек китобхонларининг қўлига бориб етди.
Буюк адиб Чингиз Айтматовнинг асарларини ўзбек тилига ўгиришдек масъулиятли ишга Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Абдураим Отаметов, Маҳкам Маҳмудов, Набижон Боқий, Ёқубжон Хўжамбердиев ва бошқалар муносиб ҳисса қўшдилар. Ўз навбатида қирғизистонлик ўқувчилар Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Асқад Мухтор, Миртемир, Шароф Рашидов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Носир Фозилов ва бошқа адибларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлдилар. Икки эл адабий алоқаларини мустаҳкамлашда шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоевнинг хизматлари катта бўлди.
Икки қардош мамлакатлар ўртасидаги адабий алоқалар солномасида Чингиз Айтматов адабий-бадиий меросининг ўрни катта, албатта. Адибнинг эзгу гуманистик ғоялари, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган асарлари бугун мамлакатимизда севиб мутолаа қилинмоқда. Ўтган йили бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари Чўлпон-ота шаҳрида ўтказилган Иссиқкўл форумида иштирок этдилар.
Бишкек шаҳрида фаолият юритаётган Чингиз Айтматов номидаги Тил ва адабиёт институтининг директори, Айтматов ижодининг таниқли тадқиқотчиси, академик Абдиллажон Ақматалиев бошчилигидаги инс­титут олимлари адабий-илмий алоқаларни янада кучайтириш, янги илмий тадқиқотлардан баҳраманд бўлиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлдилар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти билан танишдилар. “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятида бўлиб ўтган суҳбатда адабий-бадиий нашрларнинг икки халқ маданий-маърифий алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги ибратли ишлари эътироф этилди.
Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган илмий анжуманда ўзбек-қирғиз адабий алоқаларининг кечаги ва бугунги ҳолати кенг таҳлил этилди, келгусида олиб борилиши зарур бўлган масалалар хусусида кенгашиб олинди. Мезбон олимлар – И.Ғафуров, З.Исомиддинов, Ҳ.Болтабоев, С.Комилова, “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” экспозиция­си раҳбари А.Мелибоев, меҳмонлардан филология фанлари докторлари А.Кадирманбетова, М.Колбаева, Г.Орозова, фан номзодлари Н.Ийсаева, Ч.Дийканова сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг яхши қўшничилик сиёсати боис икки мамлакат ўртасидаги алоқалар қайта йўлга қўйилаётганини эътироф этдилар. Шу билан бирга, бадиий адабиёт, тил, халқ оғзаки ижоди, луғатчилик, фольклор санъати ва бошқа мавзулардаги тадқиқотларни биргаликда олиб бориш зарурлигини таъкидладилар.
– Халқ ичидан етишиб чиққан ҳақиқий ижодкорлар бир миллатнинг эмас, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади, – деди ўз сўзида академик А.Ақматалиев. – Чингиз Тўрақулович, шубҳасиз, шундай адиб­лардан эди. Шу боисдан ҳам унинг асарларини дунёнинг деярли барча мамлакатларида севиб ўқишади. Бугун мен Тошкентда чоп этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” тўпламини кўриб, сизларда айтматовшунос тадқиқотчи олимларнинг кўплигидан хурсанд бўлдим. Қирғизистонда Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Сайди Умиров, Паризод Мирза-Аҳмедова, Аҳмаджон Мелибоев каби олимларнинг Айтматов ижодига бағишланган ишларини яхши билишади, улар ёнига ёш тадқиқотчилар қўшилгани, Миллий университетнинг хорижий филология факультетида ҳар йили анъанавий айтматовхонлик ўқишлари ўтказилаётгани, шубҳасиз, ижобий ҳодиса.
– Илмий ҳамкорлик алоқаларимиз маълум сабабларга кўра узилиб, борди-келдиларимиз тўхтаб қолган эди, кўп вақт бир-биримизнинг ишларимиздан бехабар бўлдик. Ўзбекистонда, Қирғизистонда қандай тадқиқотлар амалга оширилди, қандай ечимлар топилди – буларни билмас эдик, – деди таниқли олима Г.Орозова. – Кейинги икки йил ичида ҳаммаси ижобий томонга ўзгарди. Бугунги учрашувимизда яна бир бор амин бўлдикки, биз – тарихий илдизлари, тили ва дини бир халқлар, бир-биримиздан узоқлашмаслигимиз керак”.
Филология фанлари доктори А.Қадирманбетова шундай деди: “Ўзбекистонда ўзбек-қирғиз алоқаларига алоҳида эътибор берилаётгани, Чингиз Айтматов ва бошқа таниқли адибларимиз, санъаткорларнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилаётганидан қувондик. Ўзбекистон Призиденти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Жиззах вилоятидаги Манас овулининг бутунлай қайта қурилиши, қисқа муддат ичида замонавий шаҳарчага айлантирилиши бизни чексиз руҳлантириб юборди.
Меҳмонлар Ўзбекистонда қирғиз ёшлари мактабларда ўз она тилларида сабоқ олишаётгани, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока” ҳамда Қирғизистоннинг “Ала-тоо” журналлари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилганини мамнуният билан эътироф этдилар.
Тадбир сўнггида ўзбек олимлари Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров ва Аҳмаджон Мелибоевга Чингиз Айтматов номидаги халқаро Академия ва Жамғарманинг мукофотлари топширилди.
Қирғизистонлик меҳмонлар Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона фаолияти билан танишдилар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлдилар, Самарқандга саёҳат қилиб, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар.
Тадбирда Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси И.Х. Жунусов иштирок этди.

Қардошларимиз туҳфаси

Қирғиз Республикаси Фанлар Миллий академияси қошидаги Тил ва адабиёт институти ижодий жамоасининг саъй-ҳаракати билан кейинги икки-уч йил ичида Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига доир кўплаб илмий тадқиқотлар чоп этилди. Улар орасида қарийб 180 босма табоқдан иборат “Чингиз Айтматов энциклопедияси” алоҳида эътиборга эга. Шу йиллар ичида адибнинг 8 томлик тўла асарлар тўплами рус ва қирғиз тилларида икки марта нашрдан чиқди. Илмий жамоа академик А. Ақматалиев раҳбарлигида Айтматов асарларининг 10 жилдлик янги нашри ҳамда 5 жилддан иборат адабий-илмий ҳамда публицистик мақолалар тўпламини адиб таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб, мухлисларга туҳфа этди. Ушбу нашрда ўзбек олимлари Паризод Мирза-Аҳмедова, Омонулла Файзуллаев, Фарҳод Ҳамроев, Саид Шермуҳамедовнинг Айтматов ижодига бағишланган мақолалари ўрин олган.
Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган илмий-амалий конференцияда ушбу китоблар “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” илмий марказига совға қилинди.

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x