DO`STLARGA ULASHING:
30-йилларнинг кўзга кўринган, эл оғзига тушган истеъдодли шоири Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган шаҳрида дунёга келди. Ёшлиги Қўқонда болалар уйида ўтган Усмон ўрта мактабни битиргач, 1931 йилдан бошлаб Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг тил ва адабиёти факультетида Амин Умарий, Адҳам Ҳамдамлар билан биргаликда таҳсил олди.
Усмон Носирнинг илк шеърлари мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ матбуотда кўрина бошлаган эди. Шоирнинг «Қуёш билан суҳбат» (1932), «Сафарбар сатрлар» (1932), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) каби шеърий тўпламлари, «Норбўта» ва «Нахшон» достонлари бирин-кетин нашр қилинди. Унинг «Норбўта» (1932) асарида Ўзбекистондаги фуқаролар уруши мавзуи, «Нахшон»да қардош арман халқи фарзандларининг озодлик учун интилишлари куйланган бўлса, антик дунёдаги қуллар кураши «Нил ва Рим» каби поэтик асарларида ўз аксини топти.
Усмон Носир шеърияти, аввало, ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва исёнкорлиги, айни чоғда содда ва равонлиги билан китобхон қалбидан чуқур ўрин олган.
Усмон Носирнинг таржима соҳасидаги хизмати ҳам бебаҳодир. Унинг таржимасида Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани», Лермонтовнинг «Демон» («Иблис») достонлари ўзбек китобхонларининг қалбига етиб борган.
Жўшқин истеъдод эгаси Усмон Носирнинг асарлари ҳамиша кишини ҳаяжонга солади. Усмон Носир қатағон даврининг қурбонларидан бири сифатида ёш умрини шўро лагерларида азоб-уқубатда ўтказиб, тутқунликда 1944 йили вафот этган.