Умуртқа поғонаси жароҳатлари

Умуртқа поғонаси соғлом экан, ҳар қандай оғир юкни кўтаришга дош бера олади. Аммо шуни ҳам билиш жоизки, суяк тўқимаси мустаҳкамлигининг чегараси бор, қолаверса, баъзи касалликлар (умуртқа поғонаси ўсмалари, остеопороз) натижасида суяк мўртлашиши, ҳатто умуртқалар ҳам барча суяклар каби синиши мумкин.

Умуртқа поғонаси жароҳатлари жиддий ҳисобланиб, кўпинча, йўл ҳаракати ҳодисаси, баландликдан йиқилиш, сувга шўнғиш вақтида юзага келади. Айниқса саёз сув ҳавзаларида чўмилиш пайтида сув тубига бош урилиши ва бўйин умуртқалари синиши кўп учрайди.

Аксарият ҳолларда умуртқа поғонасининг бўйин, пастки кўкрак ва бел соҳалари жароҳати кузатилади. Бу жойларда туғма ёки орттирилган нуқсонлар бўлиши барча аъзолар фаолиятига секинлик билан салбий таъсир ўтказа боради.

Жароҳат юзага келгандан сўнг бемор кучли оғриқ сезади. Оғриқ синган умуртқа сатҳида бўлади, баъзан қўл ва оёқларга, кўкрак қафасига, қоринга ҳам тарқалиши мумкин. Бўйин ва кўкрак соҳасидаги жароҳатларда нафас олиш қийинлашиши мумкин. Оғриқ бемор ётган ҳолатида камаяди, тик турганда ва юрганда кескин кучаяди. Оғриқдан ташқари қўл ва оёқларда увишиш, ҳаракатнинг камайиши, фалажликлар, сийдик ва ич келишининг тутилиши рўй беради. Бу эса умуртқа каналидан ўтувчи орқа миянинг шикастланишидан далолат беради.

Умуртқа поғонаси жароҳатларида ҳар бир киши нима қилиш кераклигини билиши шарт. Агар, шундай ҳолат юз берса, дастлаб беморни қаттиқ ва текис жойга чалқанча ётқизиш, сўнг шифокорни чақириш лозим. Бўйин умуртқалари сингани шубҳа уйғотган вақтда беморнинг бўйнига махсус бўйинбоғ тақилади ва зудлик билан уни касалхонага олиб бориш лозим.

Баъзида умуртқа поғонаси жароҳатлари фақат оғриқ билан юзага чиқади ва унгача беморлар шифокорларга мурожаат қилмайдилар. Бу ҳолат эса синган умуртқа бўлакларининг силжиб, орқа мия нервларини эзиши натижасида турли даражадаги фалажликларга олиб келади. Умуртқа поғонаси жароҳатларига ташҳис қўйишда умуртқа поғонаси рентгенографияси, компьютер томографияси, магнит-резонанс томографияси ёрдам беради.

Умуртқа поғонаси жароҳатларини даволашда консерватив ва жарроҳлик усуллари қўлланилади. Умуртқа поғонаси енгил шикастланганда беморга 20-30 кун мобайнида қаттиқ тўшакда ётиш буюрилади. Сўнгра 3 ойдан кўпроқ вақт белни ушлаб турувчи корсет кийиб юриш тайинланади. Оғриқ қолдирувчи дорилар ва физиотерапевтик муолажалар қўлланилади.

Оғир даражадаги умуртқа поғонаси шикастларида жарроҳлик усули қўлланилади. Жарроҳлик орқали умуртқа ўқи тўғриланади, орқа мия тўқималарини эзаётган суяк бўлаклари олиб ташланиб, махсус металл мосламалар ёрдамида умуртқа поғонасининг турғунлиги тикланади. Баъзи ҳолатларда синган умуртқани қотириш мақсадида унга махсус суяк цементи юборилади.

Камолиддин ЖУМАНОВ,
Республика Нейрохирургия илмий марказининг
«Умуртқа поғонаси патологияси» бўлими мудири,
олий тоифали нейрохирург, тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x