Умида Абдуазимова 1953 йил 1 июнда Тошкент шаҳрида туғилди. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олди (1970–1975).
Шоира меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телевидениеси Адабий-драматик кўрсатувлар таҳририятида муҳаррирликдан бошлади. Сўнгра Республика вақтли матбуоти, “Ёш куч” журнали, “Маърифат” ва “Тонг юлдузи” газеталарида турли лавозимларда хизмат қилди.
“Севилганда” номли илк шеърий тўплами 1977 йилда босилди. Шундан сўнг шоиранинг “Ишқли умрим” (1979), “Куртак” (1982), “Умрим зийнати” (1990), “Оймомабоғ” (1991), “Севинчим” (1992), “Беҳруз янги кун демак” (1997), “Ойдин орзулар” (1998), “Сени кўргим келаверади” (1998) номли публицистик асарлари, бадиий ва шеърий китоблари нашр этилди. Болаларга атаб ёзган шеърларида болалик дунёси, қайталанмас фараҳли онлари, руҳият олами, бетакрор ўйинларию ўй-хаёллари жонли ифодаланган.
Умида Абдуазимованинг ижоди мустақиллик йилларида янада баракали бўлиб, “Аразламанг” (2002), “Ўн саккиздан ўтгум йўқ” (2003), “Ширинтой” (2005), “Тикилиб-тикилиб қарайман” (2006), “Ўн олти ёшимда” (2007), “Ёзилмаган китоб” (қисса, 2007) номли китоблар ёзди.
Истеъдодли шоира Республика Ёшлар ташкилоти мукофоти (1984), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ҳамда “Шуҳрат” медали (1987) билан тақдирланган.
“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.
https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/umida-abduazimova-1953/