2 ДЕКАБРЬ
1873–1924 йиллар. Валерий Яковлевич Брюсов, рус ёзувчиси, шоир, драматург. “Дурдоналар”, “Бу мен”, “Учинчи қоровул” тўпламлари шоир ижоди камолотидан дарак беради. “Одамовилар” достонида давр тузуми кескин танқид қилинади. “Шаҳарларга ва жаҳонга” тўпламига кирган асарларида ишчи меҳнати мадҳ этилади. Брюсов ХХ аср бошларида рус адабиётидаги модерн ва символизм оқими раҳнамоси бўлди. “Гулчамбар” шеърий тўплами шоирнинг романтик руҳдаги энг яхши асари саналади.
5 ДЕКАБРЬ
1910–1982 йиллар. Сойиб ХЎЖАЕВ, таниқли ўзбек актёри, Ўзбекистон халқ артисти (1939). Актёр “Маликаи Турандот”да Труффальдино, “Ўртоқлар”да Соли домла, “Бой ила хизматчи”да Холмат каби кўпроқ комик ролларни зўр маҳорат билан ижро этиб мухлислар олқишига сазовар бўлди. Сойиб Хўжаевни халққа танитган ва юксак маҳорат билан ижро этган роллари орасида адиб Ҳамид Ғулом ва бастакор Манас Левиевнинг “Тошболта ошиқ” асари алоҳида ўрин тутади. Актёр Наби Ғаниевнинг “Насриддиннинг саргузаштлари” ва “Фарғона қизи” фильмларда бир-биридан фарқ қилувчи икки замон кишиси ролини ўйнаган.
8 ДЕКАБРЬ
1879–1949 йиллар. Павел Петрович БЕНЬКОВ, рассом. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Қозон катта театрининг “Руслан ва Людмила”, “Кармен”, “Аида” каби мумтоз опералари, “Олия Бону”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби спектакллар учун декорациялар яратган. У ўзининг санъат асарларида Ўзбекистон миллий ёдгорликлари, қадимий шаҳарлар қиёфаси, ўзига хос иқлими, ўзбек миллий маданияти ва ўзбек миллатини ёрқин бўёқларда гавдалантирди. Рассомнинг санъат асарлари Москва, Тошкент, Самарқанд музейларидан муносиб жой олган. Республика рассомлик коллежи Беньков номи билан аталган.
10 ДЕКАБРЬ
1920–2012 йиллар. Қодир МИРМУҲАМЕДОВ, таржимон ва киносценарийчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1999), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1981). Биринчи йирик таржимаси индонез ёзувчиси Абдул Муниснинг “Сурапати” романидир. Шундан кейин у жаҳонга таниқли ёзувчилар Жек Лондоннинг “Мартин Иден”, Рабиндранат Тагорнинг “Xонадон ва жаҳон”, “Сўнгги достон”инини, Максим Горкийнинг “Клим Самгиннинг ҳаёти”, Кришан Чандарнинг “Бир қизга минг ошиқ”, Виктор Гюгонинг “Бюг Жаргаль”, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”, Гомернинг “Илиада” асарларини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Мирмуҳамедов булардан ташқари, чет эл ёзувчиларининг қатор драмаларини, кўплаб бадий фильмларни ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
11 ДЕКАБРЬ
1911–2006 йиллар. Нажиб МАҲФУЗ, мисрлик ёзувчи, драматург, сценарист. Нобель мукофоти лаурети (1988). Адиб “Бемаъни шивир-шивир”, “Илоҳий дунё”, “Бадном хонадон”, “Қора мушук қовоқхонаси”, “Шийпон остида” номли новеллалар тўплами, “Тақдир ўйини”, “Родопис”, “Хон ал-Халилий”, “Мидак тор кўчаси”, “Нил устидаги сафсата”, “Ёмғир остидаги севги”, “Ўғри ва ит” каби романтик-тарихий романлар муаллифи. Маҳфуз Нажибнинг кўпгина асарлари экранлаштирилган.
12 ДЕКАБРЬ
1909–1944 йиллар. Ҳамид ОЛИМЖОН, шоир, драматург, олим ва жамоат арбоби. Унинг “Кўклам”, “Олов сочлар”, “Ўлим ёвга”, “Пойга”, “Дарё кечаси”, “Чирчиқ соҳилларида”, “Ўлка”, “Бахт” каби шеърий тўпламлари нашр этилган. “Икки қизнинг ҳикояси”, “Ойгул билан Бахтиёр”, “Зайнаб ва Омон”, “Семурғ” достонларида даврнинг илғор ғоялари тараннум этилган. Шоир, шунингдек, “Муқанна”, “Жиноят” номли шеърий драмалар ҳамда “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари” каби қатор балладалар ҳам яратган.
20 ДЕКАБРЬ
1922–2007 йиллар. Берта ДОВИДОВА, хонанда, мақом йўллари моҳир ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти. Довидова репертуаридан ўрин олган “Муножот”, “Баёт”, “Наво” мақомидаги “Талқини Баёт”, “Насри Баёт”, “Рост” мақомидаги “Насри Ушшоқ”, “Дугоҳ” мақомидаги “Сарахбори Оромижон”, “Уфари Оромижон”, шунингдек, “Самарқанд Ушшоғи” ва бошқалар мумтоз ашулалар унинг ижросидаги нозик, ички ҳиссиётларга бой, юксак бадиий ифодасини топган. Хонанда ҳақида “Муножот” телефильми суратга олинган.
21 ДЕКАБРЬ
1917–1984 йиллар. Генрих Теодор БЁЛЛЬ, немис адиби. “Тўққиз яримда ўйналган бильярд” романида асар воқеалари бир кунлик ҳаёт билан чегараланган бўлса-да, адиб хотира ва чекинишлардан унумли фойдаланган ҳолда, уч авлод ҳаётини қаламга олади. “Масхарабоз нигоҳи билан” деб номланган қиссасидаги воқеалар ҳам бир кунда ўтади. Бёллнинг “Сўроқсиз келмаган” ва “Бир сафар интиҳоси” асарларининг мавзуси расмий ҳокимиятга қарши руҳда яратилган. “Хоним билан гуруҳдаги портрет” унинг аввалги барча асарларига нисбатан муфассал ва мукаммал. Ушбу роман ёзувчига Нобель мукофатини тақдим этиш маросимида ҳам тилга олинган. 1972 йилда “характерлар яратиш борасидаги юксак маҳорати билан ҳаёт ҳақиқатини кенг қамраб олган ҳамда немис адабиётини тиклашга улкан ҳисса бўлиб қўшилган ижоди учун” Бёлл Нобель мукофати билан тақдирланади.
22 ДЕКАБРЬ
1858–1924 йиллар. Жакомо ПУЧЧИНИ, композитор, итальян мумтоз операсининг сўнги вакили. Жами 12 та опера, шунингдек, симфоник, хор, камер, диний асарлар яратган. Дунёга машҳур “Манон Леско”, “Богема”, “Қайғу”, “Батерфляй хоним” опералари лирик куйланиши гўзаллиги ва эҳтирослиги билан тингловчи қалбини забт этади. Жакомо Пуччини Верди анъаналарини ривожлантириб, замонавий операда етакчи ўрин эгаллаган.
23 ДЕКАБРЬ
1881–1957 йиллар. Хуан Рамон ХИМЕНЕС, испан шоири. Унинг “Бинафша”, “Нилуфар”, “Рифмлар”, “Ғамгин оҳанглар”, “Олисдаги боғлар”, “Пастораллар”, “Ёз мавсуми” каби шеърий тўпламлари чоп этилган. 1956 йилда Хименес “испан поэзиясидаги олий маънавият ва бадиий софликнинг намунаси бўлган лирик шеърияти учун” адабиёт соҳасидаги Нобель мукофати билан тақдирланади.
24 ДЕКАБРЬ
1798–1855 йиллар. АДАМ Мицкевич, поляк шоири. Шоирнинг илк тўплами “Шеърият” Полъша адабиётида романтик оқимининг манифести бўлди. Мицкевич романтик руҳдаги “Гражина” лиро-эпик достони билан Полъшада “шеърий қисса” жанрига асос солди. “Қрим сонетлари”, “Конрад Валленрод”, “Дзядлар” каби достонлар муаллифи. Шоирнинг реалистик ғоялар, интилишлар ёрқин намоён бўлган “Пан Тадеуш” достони миллий эпопея ҳисобланиб, эски поляк турмушининг қомусидир. Мицкевич шеърлари М.Шайхзода, Шуҳрат, Муҳаммад Али, Сайёр ва бошқалар томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.
30 ДЕКАБРЬ
1865–1936 йиллар. Жозеф РЕДЪЯРД Киплинг, инглиз ёзувчиси. “Маҳкама қўшиқлари”, “Етти денгиз”, “Беш миллат” сингари шеърий тўпламлар, “Тоғ ҳикоялари”, “Уч аскар” новеллалари, “Нур сўнди”, “Ким” каби романлар муаллифи. Қўшиқлари халқ оғзаки ижоди услубига яқин. Болалар ҳақидаги “Довюрак денгиз сайёҳлари”, “Шунчаки эртаклар” қиссалари, Маугли саргузаштларига бағишланган “Жунгли китоби” кенг тарқалган. “Рикки-Тикки-Тави”, “Маугли” ва бошқа асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Жамила АСҚАРОВА
тайёрлади.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/09/10/%d1%83%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bc-%d1%88%d1%83-%d0%be%d0%b9%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd%d0%bb%d0%b0%d1%80-7/