Ular ham shu oyda tug‘ilganlar

 1 ЯНВАРЬ

 1823–1849 йиллар. ШАНДОР ПЕТЁФИ, атоқли венгер шоири, 1848–1849 йиллардаги инқилобнинг асосий иштирокчиларидан бири. “Орзу”, “Қуёш сари”, “Агар қизлар севмаса…”, “Менинг муҳаббатим”, “Ёввойи гул”, “Қайғу”, “Венгрия”, “Муҳаббат ва озодлик”, “Бўрилар қўшиғи”, “Яна ўйлайман ва яна…”, “Юрак ўлмайди” сингари шеърлари билан танилган.

 2 ЯНВАРЬ

1837–1910 йиллар. МИЛИЙ БАЛАКИРЕВ, таниқли рус композитори, пианиночи, дирижёр, педагог, атоқли мусиқа ижодкорларини бирлаштирган “Қудратли тўлқин” гуруҳининг аъзоси. Оркестр учун мўлжалланган “1000 йил”, “Тамара” симфоник поэмалари, “Испан қўшиқлари”, “Баркаролло”, “Саҳро”, “Денгиз устида”, “Қарағай”, “Туш” романс ва қўшиқлари, “Каприччио”, “Тарантелла”, “Етти мазурка”, “Уч скерцо”, “Ғамгин вальс” каби фортепиано асарлари машҳур.

3 ЯНВАРЬ

1956 йил. МЭЛ ГИБСОН, австралия-америкалик таниқли киноактёр, кинорежиссёр, сценарийнавис ва продюсер. “Шерюрак” фильми учун икки бор “Оскар” ва бир марта “Олтин глобус” мукофотига сазовор бўлган (1996). Шунингдек, “Ёзги шаҳар”, “Телба Макс”, “Галлиполи”, “Ҳамлет”, “Юзсиз одам”, “Аёллар нима хоҳлайди?”, “Ватанпарвар”, “Қувноқ таътиллар” ва бошқа фильмларда ранг-баранг образлар яратган.

 4 ЯНВАРЬ

  1809–1852 йиллар. ЛУИ БРАЙЛЬ, француз тифлопедагоги, кўзи ожизлар ёзуви – брайль алифбосининг асосчиси. Тасодиф туфайли беш ёшида кўзи ожиз бўлиб қолади. 1819 йил Париж кўзи ожиз болалар мактабига ўқишга кириб, савод чиқаради, мусиқа ва тўқувчиликни ўрганади. 1829 йил Луи ўзи яратган ёзувнинг дастлабки вариантини институт кенгашига топширади ва 1837 йилга келиб мазкур ихтиро расман тасдиқланади. Шу йили чоп этилган “Франция тарихи” – брайль алифбосидаги дастлабки китоб саналади.

5 ЯНВАРЬ

1919–1979 йиллар. ШАҲОДАТ РАҲИМОВА, мусиқали драма ва опера театри актрисаси, хушовоз хонанда, Ўзбекистон халқ артисти (1940). Муқимий номидаги мусиқали театрда Зуҳра (“Тоҳир ва Зуҳра”), Ширин (“Фарҳод ва Ширин”), Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида эса Норгул (“Бўрон”), Полина (“Пиковая дама”) ва бошқа образларни гавдалантирган. Хонанда сифатида ижро этган “Эй, дилбари жоним”, “Интизор”, “Ушшоқ”, “Қошинг қароси”, “Салламно” каби қўшиқлари халқимиз томонидан севиб тингланади.

8 ЯНВАРЬ

1910–1988 йиллар. ГАЛИНА УЛАНОВА, буюк рус балет раққосаси, педагоги, халқ артисти (1951). “Жизель”, “Оққуш кўли”, “Боғчасарой фаввораси”, “Ромео ва Жульетта” каби рус ва жаҳон балетининг мумтоз намуналарида дурдона образлар яратган. Ижоди давомида Париждаги “Гранд Опера”, Гамбург балет театри, Швеция қироллик балет театри, Австралия ва Япония труппаларида ҳам фаолият кўрсатган.

1947 йил. АНВАР ОБИДЖОН, ўзбек болалар адабиётининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ шоири (1998). “Безгакшамол”, “Аканг қарағай Гулмат”, “Олтин юракли Автобола”, “Аламазон ва Гулмат ҳангомаси”, “Олтиариқ ҳангомалари”, “Мешполвон” каби китоблари чоп этилган. “Қўнғироқли ёлғончи”, “Топсанг ҳай-ҳай”, “Чапани ҳангома” ва бошқа асарлари республикамиз театрларида саҳналаштирилган.

10 ЯНВАРЬ

1951–2016 йиллар. ЎЛМАС САИДЖОНОВ, мумтоз мусиқа, хусусан, анъанавий мақом ижрочилигига сезиларли ҳисса қўшган санъаткор, Ўзбекистон халқ ҳофизи (1993). “Мустаҳзод”, “Суратинг”, “Парво этиб кет”, “Дуторим”, “Жонон бўламан деб”, “Дилдоралар” сингари қўшиқлари санъат ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олган.

14 ЯНВАРЬ

1925–1970 йиллар. ЮКИО МИСИМА (Кимитакэ Хираока ), таниқли япон адиби ва драматурги. “Ниқоб тазарруси”, “Муҳаббат чанқоғи”, “Қирғоқ шовқини”, “Олтин ибодатхона” каби роман ва қиссалари, “Ватанпарварлик”, “Дарё ва уфқ”, “Маркиза де Сад”, “Менинг дўстим Гитлер”, “Зарбоф барабан” сингари пьесалари ўзгача ёндашуви ва фалсафий умумлашмаларга бойлиги билан китобхонлар эътиборини қозонган.

 17 ЯНВАРЬ

 1863–1938 йиллар. КОНСТАНТИН СТАНИСЛАВСКИЙ, атоқли рус театр режиссёри ва назариётчиси, актёр ва педагоги, театр ислоҳотчиси, жаҳон саҳна тажрибасида муҳим ўрин тутувчи – “Станиславский системаси”нинг асосчиси. 1898 йил В.Немирович-Данченко билан ҳамкорликда Москва Бадиий академик театрини ташкил этган. К.С.Станиславский сохта ва ёлғон ижрога қарши курашиб, актёрларни “кечинма санъати” га чорлаган, мавжуд воқелик ва образга чуқур ёндашишни бирламчи мезон деб билган. Режиссёр сифатида “Венеция савдогари”, “Юлий Цезарь” (В.Шекспир), “Маърифат мевалари” (Л.Толстой), “Ақллилик балоси” (А.Грибоедов), “Тубанликда” (М.Горький), “Ваня тоға”, “Олчазор” (А.Чехов) ва бошқа асарларни саҳналаштирган. Унинг “Актёрнинг ўз устида ишлаши”, “Санъатдаги ҳаётим” каби асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

18 ЯНВАРЬ

1689–1755 йиллар. ШАРЛЬ МОНТЕСКЬE, буюк француз маърифатпарвари, файласуф, ҳуқуқшунос ва сиёсий арбоб. Унинг фалсафа, ахлоқшунослик, тарих, социология, дин, сиёсий иқтисод, табиий фанлар, санъат ва адабиётга доир қарашлари Ғарбий Европа тафаккур тарзига жиддий таъсир кўрсатган. Монтескье давлат бошқарувининг уч шакли: республика, монархия ва деспотик тизимни ишлаб чиққан. “Форс мактублари”, “Римликларнинг буюклиги ва ҳалокати сабаблари ҳақида мулоҳазалар” каби асарлари машҳур.

  25 ЯНВАРЬ

1759–1796 йиллар. РОБЕРТ БЁРНС, таниқли шотланд шоири, фольклоршунос. “Шотланд диалектида ёзилган шеърлар”, “Покиза камбағаллик”, “Тоғларда менинг қалбим”, “Икки кўппак” сингари лирик асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Хусусан, шоирнинг “Қўшиқ ва балладалар” тўплами ўзбек тилида нашр этилган (1971). Ҳар йили Роберт Бёрнснинг таваллуд куни Шотландияда миллий байрам сифатида нишонланади.

30 ЯНВАРЬ

1938–2016 йиллар. ИСЛОМ КАРИМОВ, буюк давлат ва жамоат арбоби, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти (1991–2016). “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” (1997), “Юксак маънавият – енгилмас куч” (2008), “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” (2011), “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” (2015) сингари асарлар муаллифи. Ўзбек халқи қисқа муддат – чорак аср давомида эришилган барча ютуқ-марраларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи билан боғлайди. Ўзбекистоннинг биринчи раҳнамоси мамлакатнинг мустақил ривожланиш дастурини ишлаб чиқди, беш тамойилга асосланган тараққиётнинг “Ўзбек модели”ни амалиётга жорий этди, Ватанимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлар дахлсизлиги, тинчлик-тотувлигини таъминлаш йўлида жасорат кўрсатди. Қолаверса, Ислом Каримовнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, суд-ҳуқуқ тизими, маданият, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда амалга оширган ислоҳотлари Ўзбекистон тарихидан муносиб ўрин эгаллади.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ

тайёрлади.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/01/04/ular-ham-shu-oyda-tugilganlar/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x