Туғма юрак нуқсонлари

Туғма юрак нуқсонлари билан дунёга келган болаларда ўзига хос белгилар кузатилади. Яъни уларнинг юрагида шовқинлар пайдо бўлиши мумкин, терида кўкаришлар, рангпарлик, камқонлик, ҳаракатдаги сусткашликлар безовта қилади. Бемор болалар тенгдошларига нисбатан жисман ривожланишдан орқада қолиши, шунингдек организм ҳимоя кучлари сусайиб, юқумли ва бошқа касалликларга кўпроқ чалинишлари мумкин.

Бугунги кунда туғма юрак нуқсонларини даволаш, олдини олишга қаратилган тадбирлар мавжуд бўлиб, бу соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва касалликни белгиларига қараб даволашдан иборат. Жарроҳлик йўли билан даволаш зарурияти туғилганда, кўпинча туғма юрак нуқсонлари билан касалланган болалар 3-10 ёшлигида операция қилинадилар.

Тўлақонли парвариш қилиш орқали касаллик асоратсиз кечишига эришиш мумкин. Уларни тез-тез шамоллайдиган кишилардан узоқда тутиш, ҳар қандай нафас йўллари инфекцияларига чалинса, зудлик билан даволаш керак.

Бола овқатланишига алоҳида эътибор бериш ва жисмоний фаолиятини бошқариш муҳим ўрин тутади. Бемор боланинг тана ҳарорати кўтарилганда тўшакка ётқизиш билан бирга врач тавсиясига биноан антибиотикли муолажа қилиш, шунингдек иссиқ ойларда ва тана ҳарорати кўтарилганда бола организми сувсизланмаслиги учун кўкрак ёшидагилар 800-1000 мл, ундан катталар 1500-2000 мл суюқлик ичишларини назорат қилиш лозим.

Туғма юрак нуқсонлари билан дунёга келган болаларга жисмоний фаолликни бирмунча камайтирган маъқул. Шунингдек, ҳар бир беморни қон айланишини бузилишига олиб келадиган жисмоний ва ақлий толиқишдан асраш, қон томирларини чиниқтиришга кўмаклашадиган енгил жисмоний ишлар бажаришга имкон яратиш керак.

Юрак нуқсонлари билан касалланган аёлларга фарзанд кўриш ҳамма вақт ҳам тавсия этилавермайди, чунки ҳомиладорлик даврида қоринда ривожланаётган боланинг кислородга бўлган талабчанлиги ошади, бу эса юрак фаолиятини янада қийинлаштиради. Ҳар қандай юрак қопқоқлари нуқсонларида ҳомиладорликни саккизинчи ҳафтагача албатта тўхтатиш талаб этилади.

Соғлом фарзанд кўриш учун аввало аёлларнинг ўзлари соғлом бўлишлари, спиртли ичимлик ичиш ва тамаки чекишдан воз кечиб, қандли диабет каби оғир хасталиклардан сақланишлари, яқин қариндошлик никоҳларига йўл қўймаслик, хомиладорликнинг дастлабки уч ойида эса вирусли инфекцияларга чалинмасликлари лозим.

Юрак нуқсонлари ривожланишининг олдини олишда ревматизм, атеросклероз, заҳм каби касалликларга қарши курашиш, шунингдек бурун-оғиз бўшлиқларини соғломлаштириш, сурункали тонзиллит ва касалланган тишларни даволаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Юрак қопқоқлари (клапанлари) ва уларнинг йўлларидаги тўқималарда салбий ўзгаришлар пайдо бўлганда, юракда қон айланиши бузилишига йўл қўймаслик муҳим. Беморни инфекциялардан, айниқса ревматизм қайталанишидан асраш, бурун-томоқ йўлларидаги, оғиз бўшлиғидаги инфекция ўчоқларини аниқлаб, ўз вақтида даволаш тадбирларини ўтказиш муҳим ҳисобланади.

Сағдулла ИБОДОВ,
Жиззах давлат педагогика институти доценти,
тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x