ТУРКИЯ ТАСВИРИЙ САНЪАТИ

XIX асрда Туркияда дунёвий ва диний ҳаёт орасида кескинлик жадаллашади. Бир томондан азалий урф-одатлар, иккинчи томондан янгича тараққиёт турк зиёлилари учун жамиятида кенг кўламли ислоҳотларга сабаб бўлган. Бу ўринда Султон Абдулазиз (1861–1876) санъатнинг шайдоси бўлганини, бир неча турк рассомларини тасвирий санъатдан сабоқ олиш мақсадида Францияга ўқишга юборганини таъкидлаб ўтиш даркор.
1876 йилда биринчи турк Конституциясининг қабул қилиниши – мамлакатнинг сиёсий ва маданий тараққиётида муҳим роль ўйнаган. 1877 йилда ташкил қилинган нафис санъат мактабининг битирувчилари Европанинг қатор мамлакатларига бориб ўзларининг касбий малакаларини оширишган.
1908 йилги буржуа инқилоби диний ва дунёвий қарама-қаршиликка чек қўйса-да, мамлакатдаги ҳукм барибир руҳонийлар ва маҳаллий феодалларнинг назоратида эди. XIX асрнинг ўрталаридан миниатюра ўрнини буткул европача жанрларга – манзара, натюрморт ва портретга бўшатиб беради. Бу эса Туркиянинг ўша йиллардаги тасвирий санъатида икки шартли йўналишни “европачилар” ва “маҳаллийчилар”ни пайдо бўлишига олиб келган.
XX асрда турк тасвирий санъатида миллий ўзликни англашга катта эъти­бор қаратилади. Бунинг учун тасвирий санъат намояндалари Туркия­нинг амалий-безак санъатидаги шонли тарихига таянадилар. Лекин халқ ижоди анъаналарини европача талқинда бериб бўлмасди. На маъноси, на шакли, ҳатто ишлаш техникаси бўйича ҳам икки маданият анъаналарини уйғунлаштириш қийин масала эди. Маҳаллий рассомлар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқмай, бадиий савияси паст, бачкана асарларни яратиб қўйишарди. Шундай вазиятлар ҳам бўлардики, ислом дини таъсирида айрим рассомлар жонли мавжудотларни чизишдан ўзларини тийганлар. Уларнинг асосий мавзулари – табиат, яхши кўрган жанрлари – манзара эди.
Лекин шунга қарамай айрим рассомлар, масалан Усмон Ҳамди (1842–1910) дадиллик билан инсон қиёфасини тасвирлайди. Рассомнинг “Мирза (котиб) ёнида” (Туркия, шахсий коллекция), “Қурол-аслаҳачи ёнида” (Лондон, Британия музейи), “Масжид ҳовлисидаги аёллар” (Туркия, Маҳмуд Жалолиддин коллекцияси), “Ҳарамдаги аёллар” каби асарларида европача рангтасвир анъаналари миниатюрага пайванд қилинган ҳолда чизилган. Усмон Ҳамди портрет жанрида ҳам баракали ижод қилган. Устанинг “Араб кийимидаги автопортрети” реалистик асар ҳисобланиб, рассом майда деталларни меҳр билан тасвирлайди.
1908–1910 йилларда Туркиянинг кўп рассомлари нафис санъат мактабини тамомлаб, Париж ва Мюнхенга юбориладилар. Улар бу ерда импрессионизм йўналишида ижод қилган кўплаб рассомлар ижоди билан танишишади ва француз импрессионистларининг полотнолари туркиялик рассомларда катта таассурот қолдиради. Шундан бошлаб, улар импрессионистларга тақлид қилган ҳолда картиналар яратишга киришадилар. Истанбул шаҳрининг эски туманларидаги эртакнамо манзаралар, тарихий тор кўчалар четидаги қаҳвахоналар, масжидлар, ташландиқ мозорларнинг манзаралари импрессионистларга хос ёзувда – холст юзасига бўёқларни эркин, тартибсиз, устма-уст суртиш орқали бажарилади. Бу оқимни ўша кезлари Назми Зиё (1881–1937), Авни Лифиж (1886–1927) каби рассомлар бошқаришади. Бу жараён турк ранг тасвирида ўзига хос босқич бўлиб, айрим рассомлар, масалан, Иброҳим Чалли (1884 й.т.), Намиқ Исмоил (1890–1935) тез орада импрессионизм таъсиридан қутилишга эришадилар.
Биринчи жаҳон уруши йилларида Усмонийлар салтанати инқирозга учрайди. 1919–1923 йилларда турк халқи мустамлакачиларга қарши оёққа туриб, озодликка эришади ва Туркия Республика деб эълон қилинади.
1920–1930 йилларда турк тасвирий санъатида йўналишлар ўзгарди. Эндиликда маҳаллий рассомлар чет эл тасвирий санъати таъсиридан чиқиб, миллий ўзлигини англаш масалаларига эътиборни қарата бошладилар. Бир томондан турк санъати Истанбул бадиий академияси ўқитувчилари томонидан илгари сурилаётган сезанизм, кубизм, абстракционизм ва бошқа форматилистик оқимлар таъсиридан қутила бошлаган бўлса, иккинчи томондан Туркия тасвирий санъатига собиқ шўро тасвирий санъатининг реалистик санъати ва Ғарбнинг замонавий прогрессив санъатининг таъсири орта боради. Иброҳим Чаллининг “Партизанлар” ва “Артиллеристлар” картиналарида образлардаги реаллик киши эътиборини ўзига тортади. Намик Исмоилнинг “Охирги снаряд” картинаси жанг саҳнасини мунгли манзара фонида тасвирлаб, урушнинг аянчли оқибатларини тушунтириб беради. Халил Иброҳимнинг “Фронтдаги аёл” картинасида жангга отланган мард аёлнинг жиддий қиёфадаги сиймосини кўрамиз.
Реализм нафақат уруш (баталь) жанрида ўзини намоён қилди, балки кундалик турмуш билан соғлиқ саҳналарни тасвирлашда ҳам етакчилик қила бошлади. Намиқ Исмоилнинг 1930-йилларда яратган “Хирмон” ­(Истанбул, бадиий музей) картинасида қишлоқ ҳаёти акс эттирилган. Рассом бу ишида ўз она Ватанининг бир бўлагини ранго-ранг бўёқларда, қалби шавққа тўлиб чизади. “Анқаранинг қалъа девори” (Истанбул, бадиий музей) номли иккинчи картинасида эса рассом турк манзарасининг ўзига хос жиҳатларини маромига етказиб тасвирлайди. Анатолия манзарасини эса бошқа рассом – Халил Дикман юксак дид билан яратади.
1928 йилда турк рассоми ва санъатшуноси Нурулло Берк Мустақил рассомлар уюшмасини тузди. Уюшма 1933 йилда “Д гуруҳи” номига ўзгартирилган. Дастлаб уюшманинг таркибига кирган аъзолар ғарб академизмидан чекиниб, турк санъатининг ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолишга бел боғлайдилар. Бунинг учун “Д гуруҳи” ўрта асрлардаги миниатюраларнинг тасвирий анъаналарига, халқ амалий-безак санъатидаги образлар тизими ва нақшлар жилосига мурожаат қила бошлайдилар. Умуман олганда, ушбу гуруҳ турк тасвирий санъатида салмоқли из қолдирган, десак хато бўлмайди. Бироқ 1940–1950 йилларда унинг ­аъзолари тўсатдан формалистик талқинда ижод қилишга ўтиб кетишган. Бунинг асосий сабаби, Америкадан ва Европадан турли замонавий (модерн) оқимлари кириб келишидир. Чунки, инқилобдан сўнг Туркия Ғарб ва океанорти давлатлари билан яқин алоқада бўлган.
1950–1960 йилларда Туркия тасвирий санъати яна икки лагерга бўлиниб қолади. Биринчи гуруҳ турк тасвирий санъатини жаҳон тасвирий санъати анъаналарига пайвандлаб, уни замонавийлаштириш устида излансалар, иккинчи тарафдагилар асосий эътиборни миллийликка қаратадилар. “Европачи”лар Истанбулда ижод қилса, “миллийчилар”нинг макони – Анқара шаҳри эди. Айнан улар жаҳон тасвирий санъатининг ютуқларини инкор этмаган ҳолда янгича миллий турк тасвирий санъати мактабини яратишган. Уларнинг картиналарида жўшқин ҳаётнинг лаҳзалари, оддий меҳнаткашларнинг орзу-ниятлари, кундалик ташвишлари ўз аксини топган (Солиҳ Аджарнинг, “Ғаввослар”, Дурон Каражининг “Балиқчилар” картиналари).
Миллий руҳда ижод қиладиган рассомлар қаторида графика санъати усталари ҳам бўлишган. Улардан бири – Мустафо Аслиер. Мустафонинг ишлари нафақат ватанида, балки чет элларда ҳам қадрланган. Унинг энг севимли мавзуси – Анатолий воҳасидаги деҳқонлар ҳаёти. Рассомнинг ишларида контур чизиқларни аниқ-тиниқлиги, одамларнинг қиёфаларини геометрик шаклларга ҳамоҳанг қилиб чизилиши, халқ амалий-безак санъатига хос чизгилар, масалан, турк гиламлари ва кашталаридаги нақшлардан кенг фойдаланиши қоғоз сатҳида бус-бутун яхлитликни ҳосил қилади. Шунинг учун графика устасининг асарлари ҳам миллий, ҳам замонавийлиги билан ажралиб туради.
Туркия тасвирий санъатининг ривожланиш йўллари ҳар вақт сиёсий-иқтисодий омиллар билан ҳамнафас бўлган. У ўзида жамиятдаги ўзгаришларни акс эттирган. XV асрда турк султонларининг саройларидаги устахоналарда аслзодалар учун яратилган китобот миниатюраларидан бошланган тасвир санъат ХХI асргача тараққиёт йўлини босиб ўтди. Туркиянинг географик жиҳатдан Европага яқинлиги ўрта асрларданоқ икки қитъа маданиятида ўзига хос алоқани ҳосил қилган: Бири иккинчисини тўлдирган, усталар ҳам миллий, ҳам европача бадиий таълимни эгаллаганлар. Шу хусусиятлари билан ҳам Туркия тасвирий санъатининг жаҳон тасвирий санъатида ўзига хос ўрни бор.

Замира САЪДУЛЛАЕВА,
санъатшунос

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x