TORCH инфекцияларни аниқлаш шарт

ТORCH–инфекция, қисқартма сўз бўлиб, қуйидаги касалликларнинг бош ҳарфларидан олинган:
Т – Toxoplasma (токсоплазмоз);
O – Others (бошқалар: энтеровирус, парвовирус В19, гепатит В, С, ОИВ, захм);
R – Rubella (қизилча);
C – Cytomegalovirus (цитомегалия);
H – Herpes simplex virus (герпес I/II).

Асосан токсоплазмоз, хламидиоз, микоплазмоз, қизилча, цитомегаловирус ва бошқалар ТORCH инфекциялари гуруҳига кириб, ҳомиладорликнинг 12 ҳафталиккача бўлган муддатида юқса, кўпинча аёлнинг ҳомиласи нобуд бўлиши мумкин. Қориндаги ҳомила ривожланишида нуқсонлар ҳам кузатилади.

Токсоплазмоз деярли белгиларсиз кечади. Онадан ҳомилага юққанда унинг асаб тизими, юрак мушаклари ва бошқа аъзоларни зарарлайди. Токсоплазма қўзғатувчиси билан зарарланган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида инфекция одамларга юқади. Гарчи касаллангандан кейин организмда мустаҳкам иммунитет ҳосил бўлсада, ҳомиладор аёл токсоплазмоз билан зарарланса турли асоратлар кузатилади.

Енгил иситма ва майда қизил тошма билан намоён бўладиган, катта ёшлиларда ва ҳомиладорликда оғир кечувчи вирусли касаллик ҳисобланган қизилчанинг манбаи касаллик билан оғриган беморлардир. Соғлом одамга ҳаво-томчи йўли орқали, болага эса онасидан ўтади. Табиатан ҳар бир одам касаллик вирусларига берилувчан бўлади.

Изланишларнинг кўрсатишича, аёл ҳомиладорликнинг биринчи чорагида қизилча билан оғриса, ҳомила организмининг зарарланиш эҳтимоли 60-85 фоизни, иккинчи чорагида 15-20 фоизни, учинчи чорагида эса 5 фоизни ташкил этади. Туғма қизилча билан дунёга келган гўдакларда туғма нуқсонлар (масалан, катаракта, юрак нуқсонлари ва нейросенсор карлик сингарилар) кузатилиши мумкин. Қизилча билан касалланганларда одатда турғун иммунитет ҳосил бўлади.

Цитомегаловирусли инфекция (ЦМВИ) клиник белгиларсиз ўтувчи, баъзан марказий нерв тизими ва ички аъзоларни оғир зарарлайдиган, ҳомиладорликнинг кечишига салбий таъсир кўрсатадиган вирусли касалликдир. Дунё мамлакатларида аҳолининг ЦМВИ билан зарарланиш кўрсаткичи турлича бўлиб, 50-90 фоизгача етади.

Дастлабки ойларда ЦМВИ билан зарарланган ҳомила нобуд бўлиши ёки туғма нуқсон билан дунёга келиши мумкин. Ҳомиладорликнинг сўнгги даврларида зарарланиш аъзолар тузилишида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмасада бироқ, бола туғилгач унда сариқлик, қон кетиши, ўпка яллиғланиши ва марказий нерв системасининг зарарланиши каби асоратлар кузатилади. ЦМВИ билан касаллангандан сўнг турғун иммунитет ҳосил бўлмайди, бу такроран касалланиш эҳтимоли борлигидан далолатдир.

Оддий герпес вируси (ОГВ) энг кўп тарқалган вирусли инфекциялардан бўлиб, 2 тури мавжуд. Яъни ОГВ-1 билан зарарланиш дунёда 90-95 фоизни ташкил қилади. Оддий герпес ҳомиладорликнинг оғир кечиши, гоҳида боланинг вақтидан олдин ёки чала туғилишига олиб келади. Аниқланишича, ҳомиладорликнинг биринчи чорагида ОГВ юқиши боланинг гидроцефалия, юрак нуқсонлари, катаракта, карлик, сийдик-таносил аъзолари, ошқозон-ичак тизими нуқсонлари билан дунёга келишига сабаб бўлади. Иккинчи ва учинчи чоракда юқиши жигар ва қора-жигарнинг катталашиши (гепатос-пленомегалия), анемия, сариқлик, гипотрофия, пневмония каби асоратларни юзага келтиради. Ушбу касалликдан сўнг ҳам турғун иммунитет ҳосил бўлмайди ва такроран касалланиш ҳолатлари кузатилади.

Хламидий гуруҳига мансуб микроорганизмлар қўзғатадиган юқумли касалликлар сийдик йўллари аъзоларининг хламидияли инфекциялари туфайли юзага келиб, умумий ном билан “урогенитал хламидиоз” деб номланади. Эркакларда хламидиялар орхит, простатит, уретрит, аёлларда эса цервицит, уретрит, кичик тос аъзоларининг яллиғланиши каби патологик жараёнларни келтириб чиқариши мумкин. Микоплазмалар инсон учун шартли-патоген мик роорганизмлар ҳисобланиб, соғлом организмда ҳам учраши мумкин.

Жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар гуруҳига киритилган уреаплазманинг 14 серотипи мавжуд. Кейинги йилларда инфекция ривожланишида турли серотипларнинг роли ўрганилмоқда. Инсон организмида бир вақтда турли серотипдаги уреаплазмаларни аниқлаш мумкин. Уреаплазма асосан маиший мулоқот ва жинсий йўл орқали юқади. Яширин давр ўртача 2-3 ҳафта давом этади. Касаллик эркакларда учрайдиган наслсизликнинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. ТОРЧ инфекцияларга ўз вақтида ташхис қўйиш, уни даволаш ва профилактика тадбирларини ўтказиш касалликларда учрайдиган турли асоратларнинг олдини олишга имкон беради.

Мавлуда ТОШБОЕВА,
Тошкент тиббиёт академиясининг
3-клиникаси олий тоифали акушер-гинекологи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x