Тери замбуруғлари

Тери касалликлари ичида терининг замбуруғли касалликлари билан оғриган беморлар салмоқли ўринни эгаллаб келмоқда. Кейинги йилларда замбуруғ инфекцияси билан шикастланган беморлар сони ортиб бораяпти. Атроф – муҳит (экология)нинг салбий томонга ўзгариши, турли хил дори воситалари (антибиотиклар, цитостатиклар, стероидли гормонлар)ни пала- партиш, юқори миқдорда ёки узоқ муддат қабул қилиш ёки оғир кечувчи йўлдош касалликлар (ўсма, қандли диабет ва бошқалар)нинг мавжудлиги кўпинча бунга сабаб бўлади. Юқоридаги омиллар таъсирида организм иммун тизимида етишмовчиликлар келиб чиқади ва замбуруғларнинг кўпайиши учун қулай шароитлар яратилади.

Аслида замбуруғли қасалликларни ўсимлик паразитларига мансуб замбуруғлар қўзғатади. Улар ҳавода, тупроқда, ўт ва сув ҳавзаларида нофаол ҳаёт кечиради. Аммо бошқа шароитларда, масалан одам ёки ҳайвон терисига тушганда касаллик келтириб чиқаради.

Замбуруғларнинг 100 000 дан ортиқ турлари маълум бўлиб, улардан 500 тага яқини одам ва ҳайвонлар учун патоген ҳисобланади, яъни касаллик пайдо қилади. Замбуруғли қасалликлар бемордан ёки касал ҳайвондан одамга (асосан бемор билан бевосита мулоқотда бўлганда ёки унинг зарарланган буюмларидан фойдаланганда) ўтади. Улар ташқи муҳитнинг турли омилларига чидамли, масалан, очиқ сув ҳавзалари, ўрин – кўрпалар, кийим- бош, гилам ҳамда сочларга тушганда бир неча йилгача касаллик чақириш қобилиятини сақлаб қолади.

Оёқ микозлари

oyoq-mikoz

Оёқларнинг анатомик нуқсонлари (ясситовонлик ёки оёқлар ораси бурмаларининг торлиги), баъзи ҳолларда ноқулай ва ҳаво ўтказмайдиган пойабзалларни кийиш, оёқларнинг узоқ вақт ноқулай шароитда бўлиши микозлар пайдо бўлиши учун қулайлик туғдиради. Дисбактериоз, иммун танқислиги, авитаминозлар билан хасталанган беморлар ҳам замбуруғли касалликларга мойил бўладилар.

Оёқ микози билан оғриган беморлар ва замбуруғлар билан зарарланган буюмлар (ҳаммомнинг ювиниш хонаси, сув ҳавзалари, спортзаллари, пойафзал, пайпоқ, педикюр ва маникюрда ишлатиладиган сочиқ ва бошқалар) касаллик манбаи ҳисобланади. Асосан, касаллик шахсий гигиенага аҳамият бермай, беморнинг пайпоғи ва оёқ кийимларини кияверадиган кишиларга юқади.

Замбуруғларни бемор оёқ териси пўстли қипиқларида жуда кўп миқдорда аниқлаш мумкин. Чўмилиш вақтида оёқ панжаси териси ва тирноғининг юмшаши ҳисобига тери пўстлари, ивиган тирноқ парчалари теридан осон ажралиб сақланиб қолади. Оёқ панжаси кўп терлаши, ишлаб чиқариш омилларининг таъсири, қон- томир ва эндоқрин тизимида учрайдиган патологик ўзгаришлар, онкологик ва иммунтанқислик билан кечувчи касалликлар оёқ микози ва бошқа замбуруғли касалликлар ривожланишига қулай шароит туғдиради.

Касаллик бошланишида тери кичишади, кизариши мумкин, тери қуруқлашади, қипиқчалар юзага келади ёки сувчирайди, аниқ чегараланган доғлар пайдо бўлади. Вақт ўтиши билан касаллик даволанмаса, қўл ёки оёқ тирноқ пластинкаларига ўтиши мумкин, бунда тирноқ пластинкалари қалинлашади, уваланади, ранги ўзгаради, юзаси ғадир- будир бўлиб қолади, баъзи ҳолларда тирноқ пластинкаси кўчиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Агар ушбу ҳолат даволанмаса, касаллик йиллаб давом этади ва бу давр ичида бемор замбуруғ инфекциясини бошқаларга юқтириб юриши мумкин.

Патоген турлари бор

candida

Замбуруғларнинг яна бир гуруҳини ачитқисимон замбуруғлар ташкил қилади. Бу замбуруғларнинг Candida albicans тури патоген ҳисобланади. Кандида замбуруғлари табиатда жуда кенг тарқалган. Улар мева ва сабзавот, сут маҳсулотлари, шунингдек одам, ҳайвон териси ҳамда шиллиқ қаватларда сапрофит ҳолатда яшайди. Фақат муайян шароитларда кандидозлар деб аталувчи ўзига хос касалликни келтириб чиқаради.

Меъда-ичак хасталликлари, моддалар алмашинуви (қандли диабет) ҳамда витаминлар мувозанатининг бузилиши, лейкоз, шунингдек, антибиотиклар ва стероидлар билан тартибсиз даволаниш кандида замбуруғларининг фаолиятини ошириб, касаллик вужудга келишига олиб келади, масалан одам иммунитетини пасайтирувчи касалликларда кандидозлар тез ривожланади.

Касалликнинг клиник кечишига қараб шиллиқ қават ва тери кандидози, кандидозли онихомикоз ва паронихомикозлар (тирноқ пластинкалари) ва тизимли шакллари билан бир қаторда сурункали генерализациялашган болалар кандидози ҳам алоҳида ажратилади. Бунда болаларда (чов ва думба орасидаги бурмаларда) ва катталарда қўлтиқ, кўкрак бези остида, чов соҳасида, аёлларда жинсий аъзоларда (кичик ва катта жинсий лаблар соҳасида) тўқ қизил рангли, аниқ чегараланган, усти гардиш билан қопланган доғлар пайдо бўлади. Ўчоқлар атрофида эпидермис қолдиқларидан иборат хошия ва асосий ўчоққа ўхшаган майда жойлар кўзга ташланади.

Касбга ҳам боғлиқ

kandidoz-barmoq

Бармоқлар орасидаги кандидозли эрозия кўпроқ қандолатчилар, идиш – товоқ ювувчилар ва бошқаларда учрайди. Жараён учинчи ва тўртинчи бармоқлар орасида, тўқ қизил рангли, аниқ чегараланган ва ўртасида сероз суюқлиқ бўлган эрозия борлиги билан ифодаланади.

Оғиз шиллиқ қавати кандидози ташқаридан кириб келган замбуруғ ҳисобига ривожланиши мумкин. Янги туғилган чақалоқларга кандида замбуруғлари кандидозли вульвовагинит билан оғриган бемор онадан туғилиш даврида ўтади. Онанинг ва тиббиёт ходимларининг зарарланган қўллари орқали, яъни улар шахсий гигиенага риоя қилмаганлиги сабабли болага касалликни юқтириб қўядилар.

Ҳар бир киши оёқ-қўллари терисида муаммолар рўй берганда дерматолог шифокор қабулига бориши лозим. Айни вақтда замонавий текширувлар орқали тери хасталиклари тезкорлик билан аниқланади. Мутахассис шифокор назоратида қунт билан муолажа олинса бемор ҳеч бир асоратсиз дарддан фориғ бўлади.

Улуғбек СОБИРОВ,

дерматолог, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x