Ўзбекистон ва Тожикистон халқ ёзувчиси Темур Исҳоқович Пўлатов бундан роппа-роса 80 йил муқаддам – 1939 йилнинг июль ойида Бухорода таваллуд топди. Москвада ўқиди, Тошкентда, сўнг Москвада турли нуфузли лавозимларда ишлади. Ўзига хос бадиий олами, услуби билан адабиётга кириб келди. Пировардида замонавий жаҳон адабиётининг энг кўп тилларга таржима қилинадиган, бинобарин, энг кўп ўқиладиган адибларидан бирига айланди. Рус тилида ижод қилувчи адибимизнинг Ваҳоб Рўзиматов, Шукур Холмирзаев, Эркин Носиров, Тоҳир Малик, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Нурилло Отахонов, Набижон Боқий томонидан ўзбек тилига таржима қилинган кўплаб ҳикоялари, қиссалари ва романлари кенг китобхонларимизнинг маънавий мулки ҳисобланади (мазкур таржималар жамланган уч жилд китоб шу йил “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан қайта чоп этилди) .
Ҳозирда Москва шаҳрида истиқомат қилаётган Темур Пўлатов қутлуғ ёши арафасида жафокаш Қрим-татар халқи ҳаётидан ҳикоя қилувчи туркум қисса ва романларини чоп эттирди. Улардан бири – “Ўлимни қолдир доғда” қиссаси муҳтарам журналхонларимиз эътиборига ҳавола этилмоқда.
Таҳририят
Қрим-татар халқининг етакчи ойдинларидан бири – Нўъмон Чалабижаҳоннинг сўнгги кунлари ҳақида қисса
Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни “ўликлар” деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз.
Қуръони Карим,
Бақара сураси, 154-оят.
I
Нўъмон Чалабижаҳон охирги ҳафтани Буюк Сўноқдаги ота ҳовлисида, яқин ақраболари қуршовида ўтказди. Кўзларидаги аввалги чақинлар сўниб, сочларию мўйлабига оқ оралаб қолгани, ҳамиша тик гавдаси энди хиёл эгилиб, чеҳраси ҳам тундлашиб қолгани яқинлари назаридан четда қолмади.
Ҳаётининг энг долғали ва ҳал қилувчи сўнгги ойларида Нўъмон хасталаниб қолган падари бузруквори – атроф-депарага донғи кетган наслдор йилқилар эгаси Иброҳимбейни бир-икки дафъагина йўқлашга фурсат топа олган эди, холос. Оиланинг бутун жамғармаси сақланиб келган банк касодга учраши билан буткул хонавайрон бўлган Иброҳимбей ҳам бирдан кексайиб, чўкиб қолгандай кўринар, атрофдагиларнинг баридан, ҳатто мана шу суюкли фарзанди Нўъмондан ҳам кўнгли қолгандай эди.
Маслакдош биродарлари сафига путур етмаслигини ўйлаб, ўзи бутун умр орзу қилган ягона мақсад йўлидаги кураш бардавом бўлиши ҳаққи Нўъмон Қирим ҳукумати ва Қурултойдаги барча лавозимларидан истеъфо берганини уйидагилар “Миллет” газетасидаги билдирувдан аллақачон ўқиб билишган, аммо яқинлари бу мавзуда у билан сўз очмасликка уринишар, фақат ҳали билагида йигитлик қуввати жўш уриб турган Нўъмон энди қай бир юмуш этагини тутишини билолмай ҳалак бўлар эди.
Тўшакка михланиб қолган отаси Нўъмонга таънаи дашном тўла кўзлари билан қараб тургандек бўлаверар, отанинг нигоҳлари замирида қотган домангирлик учқунларини сезгани сайин бу учқунлар тўғри юрагига қадалаётган каби ичи ғашланиб, сиқилаверарди. Ахир отаки бор, ўз фарзанди аржумандининг ҳаловатини, ҳаловатли турмушга эш-қўш ривожу камолини ўйламасми? Кўп бора айтмабмиди ахир, эр кишига ярашиқли касб-кор пайидан бўл деб? Ана, тужжорликни тут, ҳам саёҳату ҳам тижорат деганларидек, дунё кезиб, оилаю рўзғорингга баракаи барор киритасан. Шифокор ёки адвокатлик ҳам бинойидек ҳунар. Буларнинг бирортаси кўнглингга ўтирмаса, ана, жиллақурса, ўзимга ўхшаб, йилқи кўпайтириб, ялло қилиб юрмайсанми? Йўқ, бу кишим, ўзбошимча бу жаноб сиёсатни танладилар, таниқли арбоб бўлиб, хаёлидаги орзулари етовида ҳайё-ҳуйт кетдилар! Мана, охири нима бўлди – худди биргина нобоп қарор туфайли касодга учраган банкир каби не қиларини билмай шумшайиб юрибди энди!
Айни маҳалда Абдулалимбей билан Абубакир Чалаби амакилари бўлса, Худо берган чинакам иқтидори – ёзувчилик маслагига яна қайтиши учун, асталик билан Нўъмонда рағбат уйғотишга уринишар, илло, дурустгина қалами бор жиянлари айни қобилияти барқ уриб, гўзал асарлар битиш ёшида эканини улар яхши англашар эди. Илк машқлариёқ Нўъмонни Қрим-татар ёшлари орасида машҳур қилиб улгурган, унинг “Кобелек” ва “Сариқ лола” каби ҳассос шеърларини ҳамон мактаб ўқувчилари ёд олиб юришганию, “Қалдирғочлар дуоси” ҳикоясини эса адабиёт дарсларида қизиқиб мутолаа қилишлари бежиз эмасди.
Нўъмоннинг хаёлоти яна қайта жўш уриб, кўнглида янгича мавзуларни қоғозга тушириш рағбати пайдо бўлиши учун амакилари уни олис юртларга – Ҳиндистону Чин-Мочин, Япония ва бошқа жозибадор ўлкаларга сафарга отлантиришга ҳам шай эдилар, бир вақтлар Истанбул ва Петербургдаги таҳсилини кўтарганлари каби бу гал ҳам суюкли жияннинг ижодий саёҳати сарф-ҳаражатларини ўз гарданига олишдан улар асло қочишмас эди. Фақат Нўъмоннинг ўзи бунга йўқ демаса, хориждан қайтиб келгач эса бири бошқасидан аъло янги асарлари билан, эҳтимолки, ҳали бирор қаламкаш қаламидан тўкилмаган салобатли романи билан, барча мухлислари қатори, саҳоватпеша амакилари дилларини ҳам хушнуд қилса бўлгани!
Кезлевлик бой савдогар Сеит Абду Ҳожи – Нўъмонниг қайнотаси ҳам худди шу фикрда, аммо унинг ҳам бир шарти бор эдики, саёҳатдан қайтган куёв ҳалитдан ҳамма орзиқиб кутаётган ўша бўлғуси китобининг ибтидою индаллосини айнан унинг чорбоғида – ҳали ҳукумат тадбири, ҳали Қурултой ишлари деб Боқчасарою Оқмачитга қатнайверганидан қизини қайтариб олиб келган Ҳожининг айнан ўша чорбоғида – яна қайта ўз завжаи муҳтарамасининг меҳрибон паноҳида қоғозга нақшламоғи вожиб эди. Қайнfтанинг бундай талаби замирида айрича маънолар ҳам бор эдики, оламшумул ғояларига муккасидан кетган Нўъмон хотинидан совий бошлагандек туюлар, бунга сайин бояқиш аёлнинг ичини тинмай итлар кемирарди: олағовур кентларда кўҳликкина бирор инқилобчи қиз билан илакишиб қолмадимикан, ишқилиб?
“Топган гапингни қара-ю, – дерди шунда отаси, – сендан бошқа бирортасига уйланиш нияти бўлса, Нўъмон аллақайси инқилобчи қизга эмас, майдалашиб ўтирмасдан биратўласи инқилобнинг ўзигаёқ уйланади!” Куёвининг эсли-ҳушлию, одоб-ахлоқли йигит эканини яхши билган Ҳожи шундай гаплар билан қизини кулдириб, ҳали яхши кунлар келишини айтиб, далда бериб турарди. Парижми ва ё Берлинда муҳожиротда юриб, пайдар-пай ишқий саргузаштлару айшу ишрат билан андармон ўрис инқилобчиларидан батамом фарқли ўлароқ, бу каби залолатни Нўъмон асло ўзига яқинлаштирмаслиги чин ҳақиқат эди.
Ушбу олис сафар режалари ҳеч қачон рўёбга чиқмаслигини билса-да, яқинлари кўнгли учун “хўп, ўйлаб кўраман” дерди-ю, айни талотўп дамларда ёлғизликда хаёлларини йиғиштириб олишни истаб, арқонини узгудек бўлиб ортидан кишнаган арғумоғига ҳам қарамасдан, даштнинг олис ичларига бош олиб кетарди.
Баъзан ташвишларнинг барига қўл силтаб, Ҳиндистону Чин тараф кетмаса ҳам, ҳартугул қадрдон уйида хонанишин кўмилиб олганича, юрагида йиғилиб қолган дардларини жиддийроқ бир асар шаклига солишни ҳам ўйлаб қоларди. Шундай қилса, биратўласи отасининг қошида бўлиб, унинг гиналарини ҳам аритармиди… Ҳайҳотдек уй ва унга ёндош боғ ҳам қаровсиз қолибди. Таҳсил пайтлари таътилга келганида худди шу боғда кўнгил чигилини ёзиб, эртадан-кечгача астойдил тер тўкишни севар, олма дарахтию ёнғоқ ниҳолларига шакл бериб, улар орасида турфа гуллар ўстирмоқчи эди. Атрофини қуршаган ҳайбати улуғ табиатнинг мўъжазгина шу бўлагида баравж ўсаётган дов-дарахтлару чечакларнинг турфа ранглари унинг қалбида дастлабки илҳом жозибасини уйғотиб, айни шу малоҳатли борлиққа битмас ошуфталик оҳангларини қоғозга муҳрлашига ундаган эмасмиди?..
Сариқ лола
Илк баҳордан мужда берган сариқ лола,
Кошки бундай сўлмасайдинг ҳеч бир тонг-ла.
Гўзал сулув ғунчанг ила андомингни
Ҳар кун севар, ўпар эдим эҳтиром-ла.
Кўнглимизни чоғлантирдинг, сариқ лола,
Мен-да сени қизғонамен бегонадан
Узоқлардан, еру кўкдан кўп севамен
Қуёшларнинг юлдузларнинг кўзи ёмон.
Сариқ лола, боқчамизни шонлантирдинг,
Оз бўлса-да, синиқ кўнглим чоғлантирдинг.
Эрта сен ҳам синдирилиб, тарк этилиб,
Кетар бўлсанг бу жаҳонга нечун келдинг?
Бу орада Нўъмон даштнинг мусаффо ҳаволаридан нафас олиб, тобора узоқлаб борарди. Ўз хаёллари билан бўлиб, бутун юзаси бўйлаб тарам-тарам қизғиш чизиқлар тортилган ҳаворанг харсангтош қаршисига келиб қолганини пайқамади. Оёқларида ҳорғинлик сезиб тош устига чўкди. Беихтиёр яна хаёлларининг давомини боғлади.
Охирги кунларда унинг хаёлини айнан бир хил фикр забт этгандики, “муҳтарам устод Исмоилбей унинг ўрнида қандай йўл тутган бўлар эди?”
Бундан тўрт сана аввал устод бу дунёга қўл силтаб, бақо юртига рихлат қилган маҳал замон бошқача эди. Унинг икки шогирди – Чалабижаҳон билан Сейдамет Исмоилбей ўгитларини кўнгилга жо қилиб, Қрим элининг қайта оёққа қалқиши чораларини эндигина пайпаслаб кўришмоқда эди.
Исмоилбей Ғаспирали бирон-бир юқори лавозимга ва шу мавқедан келажак ҳеч бир имтиёзларга заррача талпинган эмас. Қримга пайдар-пай юборилаётган келгинди амалдорларнинг баридан қобилияту салоҳияти ҳар қанча юқори бўлмасин, у пайтлар чор ҳукумати қрим-татарларини юқори рутбаларга асло яқинлаштирмас эди.
Ўшандан буён шугина қисқа вақт ичида кўп сувлар оқиб ўтибди-я, кўз очиб, юмгунча бутун бир давр алмашиб улгурибди. Февраль инқилоби содир бўлиб, унинг ортидан подшо ҳам тахтидан воз кечар экан, турли-туман демократу ҳар хил кадетлар илгари сурган шиорларга чин дилидан ишонган Чалабижаҳон ва унинг издошлари Қрим учун лоақал мухториятни қўлга киритиш замони келди, деб ўйлашган эди. Аммо йил охирлагунча қолаётган бир неча ой ичида вазият янада тез ўзгариб кетишини улар хаёлларига келтиришмаган ва мана, энди чинакам мустақиллик масаласини кун тартибига қўйиш масаласи пишиб етилган эди.
Ўша қисқа вақт ичида турли мажлисларда юзага чиққан кескин мунозаралар ва оташин нутқлар Қурултой фаолиятида парокандалик келтириб чиқармаслиги мумкин эмасди. Оқлар ва қизиллар, болшавой ва коммунистларнинг ҳар бир нишли сўзи қўрғошин ўқларга дўниб, Қурултой ва тетапоя Қрим ҳукуматининг кўксига келиб қадалмоқда эди.
Қиш-қировли кунларнинг сийрак туманлари қоплаган даштнинг олис узоқларига тикилган кўйи ўз ўйларига асир бўлиб Чалабижаҳон ўтирган харсангни гиламдек қалин йўсин қоплаб олган. Нўъмон бу тошни кўпдан буён ардоқли бир жисм деб билар, илло, совуқ кунлар бўлишига қарамасдан, харсанг замирида ҳамон сақланиб турган илиқ тафт унинг хаёлларини жамлаб, вазиятга тўғри баҳо беришига кўмакчи бўлаётгандай туюлар, қалбида масъум туйғулар қўзғатиш билан бирга, аллақандай синоатли тарзда, ижодий илҳом чечакларини ҳам уйғота бошлар эди.
Айнан шу жойда бир пайтлар унинг яна бир шеъри таваллуд топган, ўшанда қизил қанот дашт капалаги ортидан қалпоғини силтаб бораётган қизалоқ чеҳрасидаги сурурдан пайдо сатрлар табиий тарзда дафтарига муҳрланиб қолган эди:
Капалак
Бир капалак уча-қўна боқчаларда кезарди
Настаринлар, нилуфарлар бу малакдан безарди.
Очилган у олтин ипак қанотлари ғунчадек
лолаларга ўхшар нозик, инжа, ҳафиф шунчалик.
Бир ўқувчи қизча кўриб ичига ўт туташди,
– Энди сени тутаман, деб, қалпоғини ечиб чопди.
Кўп қувлади – етолмади, қалпоқ билан уролмади,
капалакни тутолмади, бошқа қайтиб кўролмади…
Чунки у бир ёш ғунчага ўпа-ўпа ёпишароқ,
Япроқларнинг кўлкасида кўринмасдан яшринганди…[1]
II
Нўъмон хонанишинлигининг биринчи ҳафтаси охирларида биринчи қор ёғди. Тонг саҳар яхлаб улгурган ерга тараклаб урилиб, атрофларда садо бериб янграган туёқ товушини эшитиб, аввалига отхонадаги арғумоқ эрталабки сайрга жониқиб безовта бўляптими, деб ўйлади.
Нўъмоннинг ўзи бир пайтлар минг азоб билан базўр қўлга ўргатиб жиловлаб олган ва дарҳол Форий лақаби билан сийлаган бедов бу дўнон, соҳиби иккови ҳадемай бепоён дашт кенгликларида ҳур шамолларга йўлдош елажакларини бетоқат кутар, аммо Нўъмон унга эгар урмай дашт тарафга ёлғиз ўзи кетаётганини кўриб, домангир пишқириб, ер депсиниб қолаверар эди. Баъзан ҳожасининг бу ғирромларига кўнмасдан арқонини узиб, унинг ортидан чопиб келар, шунда ҳам кўнгли ёлғизликни тусаган Нўъмон ҳар сафар уни ортига қувиб солар эди. Ҳожаси каби қайсар Форий амри қатъийга истар-истамай кўнишга мажбур қоларди. Энг ёмони, кейинги пайтлар уни бричкага қўшиб, Жонкўй шифохонасига қатнайдиган бўлишди. Бунга сабаб эса тобора соғлиги ёмонлашиб бораётган катта соҳиб Иброҳимбейни табиблар кўригидан ўтказиб туриш лозимоти эди.
Аввалига узоқдан эшитилган туёқлар товуши тобора яқинлашар экан, Нўъмоннинг хавотири ошиб, эгнига пўстинни ташлади-да, ташқарига йўналди.
Сал наридаги қудуқ ёнида кичик жуссали, аммо тўладан келган бир одам отдан тушиб келди. Нўъмон аввалига уни танимади. Синчиклаб қараб, Жонкўй яқинидаги Оқсор масжиди имоми Воис Ҳожи эканини билди. Бир пайтлар бошқа толиби илмлар қатори ўзи ҳам шу имом қўлида шариат асосларидан таҳсил олган эди.
Бутун қиёфасидан зўр ташвиш аломатлари билиниб турган Воис Ҳожи салом-аликни ҳам унутиб, шоша-пиша сўзланди:
– Ҳазратим, ҳузурингизга нохуш хабар билан келганим учун маъзур тутинг… Қизил большавойлар Оқмачитни эгаллаб олишди… Маслакдошларингизни ҳибсга олиб, қатл этишмоқда… Мусулмон қўшинимиз мардона жанг қилишса ҳам уларга бас кела олишмади… Абобил[2] қушлари қай бир йўлларда адашиб, мўъмин биродарларимизга мададга етиб кела олмаган кўринади.
Шум хабарни эшитиб, Чалабижаҳоннинг юзларидан қон қочди, пешонасидан реза-реза тер чиқиб, не жавоб қиларини билмай жим туриб қолди.
Шажараси қадим юнонийларга бориб тақалувчи Ҳожининг асл исми Барба бўлса-да, дини Ислом паноҳига ўтгач, Воис[3] исми билан сийланган эди. Қаттиқ ҳаяжонланган пайтлари фикрини жўяли уқдиришга қийналар, шунда қрим-татарча сўзларни тополмай, юноний калималарни қўллай бошларди:
– Ҳаммани бирваракайига авахтага тиқишяпти. Жонкўй килсаси папазини[4] ҳам куппа-кундузи ҳамманинг кўз ўнгида тутиб олиб кетишди. Бошимизга не кунлар келди-я?! Охири замон деганлари шу бўлсами?! – Нўъмоннинг нигоҳида қатъий бир қарор учқунларини сезиб, Воис Ҳожи сўзлашдан тўхтаб қолди.
Қримни талотўплардан асраш мақсадида Қурултой тарафидан тузилган мусулмон қўшини қолдиқлари ва оқ гвардиячиларни чекинишга мажбур қилиб, январь ойи бошларидаёқ большавойлар Кезлев билан Боқчасаройга яқинлашиб келишган бўлса-да, Қрим Республикасининг сўнгги истеҳкоми – Оқмачит бунчалар тез ишғол этилади деб ўйламаган эди Нўъмон.
– Мен дарҳол йўлга отланаман! – деди Чалабижаҳон ва уй томон юрди. – Ҳожим, кийиниб олгунимча сиз ҳам ичкарида исиниб олинг, лутфан.
– Нималар деяпсиз, ҳазратим?! У тарафларга ёлғиз боришингиз асло ақлдан эмас. – Нўъмоннинг ушбу қароридан Воизнинг хавотири чандон ошди. – Замон кўп нотинч, йўлларда ҳар турли қаланғи-қасанғи йўлтўсарлар урчиган пайт. Кўринганни қийратиб, учраганни жувонмарг қилишяпти… Келинг, ҳеч бўлмаса Жонкўйгача сизга ҳамроҳ бўлай, ундан нариси эса – Худога омонатдасиз.
Ҳожаси эгарга сакраб миниши қулайроқ бўлсин учун Форий-арғумоқ хиёл эгилди. Йўлга тушишлари билан эса имомнинг қари қирчанғиси олдида ўзини кўрсатиб қўйиш учунми, туёқларини намойишкорона такиллатиб шаҳдам илдамлай бошлади. Муфтий ортидан қолмасликка тиришаётган Воис Ҳожи шу дамда хатарларни писанд этмасдан тўғри Оқмачит сари юзланган Чалабижаҳоннинг қарори қатъий эканига амин бўлди.
“Шогирдим тушмагур зиғирча ўзгармабди, – хаёлидан ўтказди Ҳожи ифтихор туйиб, – ҳалиям ўшандай қайсару ўшандай қатъиятли!”
Оқчўра масжидига етгач, у ерда келгуси ишлар барори учун дуога қўллар очилди:
“Даима девлет, насибу дженнет, ханелерге берекет,
укюметимизге девлет, топракъларына берекет, аскерлерине
кьувет, барышыкь огьрунда мувафакъиет Алла насип эйлесин.
Амин!”
Дуолар ўқилиб, хайр-хўш олдидан Воис Ҳожи яна хавотирларини изҳор қилди:
– Манзилга эсон-омон етиб олармикансиз-а?.. Жонкўйда ит эгасини танимай қолган – жон қайғусида ҳар ёқдан қочиб келган қрим-татару оқ гвардиячилар билан тўлиб-тошган ҳозир. Ҳазратим, қарорингиз барибир қатъий бўлса, начора, не дердим, фақат арғумоғингизни каминага қолдириб, ўрнига менинг қирчанғимда йўлга отланинг. Дўнон отингиз кўркамлиги йўлтўсарнинг диққатини тортиши тайин. Хавотир олманг, Форийни ўзим Буюк Сўноққа элтиб қўяман. Қайтишингизни интиқ бўлиб кутади уйингизда. Менинг шарти кетиб-парти қолган қирчанғимдан айрилиш унчалар таассуфли эмас. Худо кўрсатмасин, аммо мабодо боши бузуқларга дуч келсангизу, отни тортиб олишмоқчи бўлса, зинҳор тараддудланмай қўшқўллаб топшираверинг, худойи садақа – жонингиз омон бўлса, бас!..
Шу пайт Нўъмон ўзига аён нохуш ўйларини хаёлидан ҳайдамоқчи бўлган каби елкасини учириб қўйди. Нигоҳларида яна аввалги чақинлар кўриниб, кўпдан бери илк бор лабларида табассум пайдо бўлди. Мадраса таҳсили дамларида айнан шу Воис Ҳожининг меҳрли нигоҳлари остида Қуръон сураларини қироат қилгани янглиғ шу дамда чеҳрасини ажиб нурлар чароғон этиб турар эди.
Видолашмоқ истаб, Чалабижаҳон арғумоқнинг қашқа пешонасига юзларини босган маҳал Форийнинг мунгли кўзларида маъюс ёшлар йилтираб кўринди.
Нўъмон Жонкўй тараф йўл солиб, кўздан ғойиб бўлгач, Форий ўз устидаги Ҳожини улоқтириб ташламоқчи бўлиб, бир жойда ер депсинганча узоқ кишнаб қолаверди. Ўз ҳожасидан айро тушган арғумоқ кўкка сапчийвериб, имомни майиб қилишига бир баҳя қолди, ҳожидўппига ўралган салласи ечилиб, ерга чувалашди. Бахайр, охири Буюк Сўноққа элтар сўқмоққа тушиб олингач, айрилиқ қисматига ночор кўнган бўлди бу асов от.
[1] Икки шеър таржимони Зариф Султоний.
[2] Абобил – Қуръоннинг 105-сурасига ишора. Ушбу сурада Макка шаҳрини қамал қилган хабашлар қўшинини тарқатиб юборган афсонавий Абобил қушлари ҳақида сўз боради.
[3] Воис (араб.) – устоз маъносида.
[4] Килса, папаз – черков, поп-роҳиб.
Рус тилидан Шарифжон Аҳмад таржимаси
(Давомини журналдан ўқийсиз)
2019/7
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: