Телетиббиёт масофаларни яқинлаштиради

Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой ИСРОИЛОВ билан суҳбат.


– Тиббиётимиз тараққиёти жадаллашгани сайин ушбу Марказ фаолиятида ҳам ката силжишлар рўй бераётгани ҳақиқат. Кейинги йиллардаги илмий-амалий изланишлар натижаси хусусида билишни истардик.

– Патологоанатомлар аслида клиник шифокорларнинг амалий иш фаолиятини назорат қилиб, экспертиза текшируви ўтказадиган мутахассислар ҳисобланади. Аниқроғи, беморга қўйилган ташхиснинг тўғри ёки нотўғрилиги, даволаш муолажаларидаги ноаниқлик ва номувофиқликлар, шунингдек ўлим сабабларини аниқлаш мутахассисларимиз томонидан экспертиза қилинади. Маълумки, беморга эрта ва аниқ ташхис қўйиш хасталикни тезда бартараф этишга ёки бошланғич даврида даволаб юборишга имкон беради. Беморнинг касаллик ташхиси кечикса, албатта унинг давоси ҳам нотўғри бўлади, бу ҳолат баъзан тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Буюк патологоанатом Ипполит Давидовскийнинг “Аниқ ташхис – ярим даво” деган ибораси бежиз айтилмаган. Аслида тиббиёт амалиётида аломатлари бир-бирига ўхшаш хасталиклар кўп учраб туради, агар шифокорнинг малакаси кам бўлса ташхис қўйиш қийин кечади. Масалан, қорни оғриб келган бемор аксарият ҳолларда жарроҳлик бўлимига ётқизилади. Қайта текширувда эса бемор ўпкасининг пастки бўлимларида пневмония (зотилжам) аниқланади. Бу касаллик қорин соҳасига оғриқ бериш билан кечадиган хасталик эканини фақат юқори малакали мутахассис аниқлай олади.

Марказимизда кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган шифокор мутахассислар орасида ёш кадрлар ҳам анчагина. Устозларнинг таж риба ва билимларини ёшларга ўргатиш ишлари тўғри йўлга қўйилган. Марказда замонавий тиббиёт талабларига мос янги технологиялар амалиётга жорий қилинмоқда. Германиядан келтирилган микроскоплар ўзининг аниқ ишлаши ва қулайлиги билан беморларга ташхис қўйиш учун зарур таҳлилларни ўтказишда соҳа ходимларига қўл келмоқда.

– Анча йиллар олдин марказда илк маротаба халқаро микроскопик телемедицина ташкил этилиб, бу тизим доирасида узоқ хориждаги соҳа мутахассислари билан ташхислаш, биопсия текширувларига оид фикр-мулоҳазалар алмашинуви йўлга қўйилганди. Ҳозирги кунда ҳам телемулоқотлар давом этмоқдами?

– Илгарилари республикамизнинг узоқ жойларидан Марказимизга кўплаб беморлар биопсия текшируви ташхисини аниқлаш учун мурожаат этишарди. Ҳозирда эса бемор бир-икки кунлик вақтини йўқотиб Марказга келиб ўтирмайди. «Мик роскоп текшируви ва телетиббиёт тизими» иши йўлга қўйилгач, масофалар яқин бўлди, беморга анча қулайликлар яратилди. Масалан, беморда ўсма касаллиги бор деб тахмин қилинганда, бу тизим орқали узоқдан туриб унга тўғри ташхис қў йиш ва маслаҳатлар бериш, касаллик давосини кечиктирмасдан амалга ошириш имкони эндиликда мавжуд. Бу тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, узоқ масофадан туриб вилоятлар ва туманлардаги соҳа ходимларини, ёш мутахасисларни телемулоқот орқали ўқитиш, долзарб мавзулар бўйича телеконференциялар уюштириш мумкин.

Юқори аниқликка эга видеокамера, компьютерли ускуна ва дастурлари билан таъминланган микроскопларда олинган тасвирларни таҳлил қилиш орқали масофадан туриб биопсия ташхиси қўйиш амалга оширилади. Шу тарзда марказнинг малакали мутахассислари томонидан зарур ҳолларда дастлабки ташхисга тузатишлар киритилади, қўйилган аниқ ташхис эса манзилга жўнатилади. Рес публикамизда жами 19 та йўналишда, ҳатто чекка туманларда ҳам интернет орқали мулоқот йўлга қўйилган.

– Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида клиник ва таълим телетиббиёти тармоғи ишга туширилганлиги хусусида нима дейсиз?

– Ўн йилларча олдин Швейцарияда жойлашган, ер шарининг турли мамлакатларида фаолият юритаётган iPath телетиббиёт тизимининг тармоғи Ўзбекистонда ҳам ишга туширилди. Мазкур iPath тизими ташкил этилганда инсондаги хасталикларни муҳокама қилувчи 10 та маслаҳат гуруҳи бор эди, бугунги кунда бундай гуруҳлар сони 213 тага етди. Бу маълумот эса телетиббиёт тизимининг тобора ривожланиб, такомиллашиб бораётганини кўрсатади.

Ҳозирги кунда МДҲ давлатлари, Германия, Франция, Италия каби хорижий мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашиб турамиз. Бу эса одам патологиясига оид муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезроқ амалий ёрдам кўрсатишни таъминлайди.

– Марказда патологоанатомлардан ташқари кўплаб бошқа мутахассислар ҳам хизмат қилади. Уларнинг илмий-амалий фаолиятлари қандай кечмоқда, натижалар ижобийми?

– Марказимизда патологоанатом шифокорлардан ташқари бактериолог, вирусолог, биокимё, цитолог мутахасислар, шунингдек, ҳужайра биологияси, тиббиёт ва молекуляр генетика лабораторияси ходимлари фаолият юритади. Улар илмий лойиҳаларда, илмий ишланмаларда бевосита иштирок этадилар. Марказда илмий тадқиқотлар, шунингдек бачадон бўйни саратони, ҳомиладорлик даврида йўлдошнинг бачадон деворидан барвақт ажралиши, туғруқ жараёнида аёллар ўлими сабабларини аниқлаш, бундан ташқари сут безлари, бачадон бўйни, эндометрий саратони, болалар ўсма касалликларини ташхислашда юқори технологиялардан фойдаланиш, уларни ишлаб чиқиш борасида ҳам илмий текширувлар олиб борилади.

Бугунги кунда республикамиз патологоанатомларини хорижий давлатларда ҳам яхши билишади. Биз фахр билан айтишимиз мумкинки, марказда узоқ йиллар ишлаган устозимиз академик Малика Абдуллахўжаеванинг ўнлаб шогирдлари Америка, Исроил, Миср, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларда фаолият олиб боришмоқда. Шунингдек, турли нашрларда чоп этилган қатор илмий мақолалар билан патоморфология соҳаси равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётганимиздан мамнунмиз. Эришган ютуқларимиз аввало халқимизники, қолаверса жамоадаги барча ҳамкасбларимизники деб биламан.

– Ютуқлар билан биргаликда муаммолар ҳам бўлса керак-а?

– Республикамизда патологоанатом мутахассислар кам. Вилоятларда патологоанатомия хизматини олиб боришда замонавий усулларни пухта эгаллаган малакали ходимлар етишмайди. Биопсия намуналари, айрим саратон хасталикларида тўқима суртмаси ва гистопрепаратларини таҳлил қилувчи тажрибали патогистологлар ва цитологлар сони ҳам кўп эмас. Эндиликда ҳукуматимизнинг махсус қарорига кўра чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп болали оилалар, кам таъминланган аҳоли, кексаларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун тиббий ускуналар билан жиҳозланган автомашиналарда мутахассисларнинг жойларга боришларини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Телетиббиёт мулоқоти имкониятларидан фойдаланиб, бемор мамлакатимизнинг қаерида яшамасин, хасталикни аниқ ташхислаш, дастурлашган микроскоп тизими орқали мураккаб биопсия намуналари таҳлили бўйича маслаҳатни мунтазам равишда ташкил этиш, масофадан туриб мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги соҳа мутахассисларини ўқитиш, уларнинг билим савиясини, касб маҳоратини ошириш республикамиз патологоанатомлари олдида турган маъсулиятли ва муҳим вазифадир.

Марказимиз бугунги кунда илмий ва амалий таж риба масканига айланиб қолди. Амалга оширилаётган илмий лойиҳалар дунё тиббиётидаги янги кашфиётларнинг ҳамда даволаш ва ташхислашнинг самарали усулларини тезроқ тиббиётимизга кириб келишини таъминлайди. Соҳанинг кейинги фаолиятида тиббиёт амалиётида янги йўналиш жорий этиш кўзда тутилган. Замонавий тиббиётда онкологиянинг энг муҳим йўналишларидан бири бу – молекуляр генетика бўлиб, айниқса онкологик хасталикларни ташхислашда, даволаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда тиббиётнинг ҳар бир соҳасида ижобий янгиланишлар кузатилмоқда. Беморга тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат даражаси тобора яхшиланаётир. Одамларнинг тиббий маданиятини ошириш борасида тарғибот ишлари жуда яхши йўлга қўйилган. Истардимки, ҳар бир киши ўз соғлиғига эътиборли бўлсин, мунтазам равишда шифокор кўригидан ўтиб туришни ўзига одат қилсин.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА суҳбатлашди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x