ТАЛОҚ КАСАЛЛАНСА

Қон яратувчи аъзо ҳисобланган талоқ узунчоқ овал шаклида бўлиб, у қорин бўшлиғида – чап биқиннинг 9 ва 11-қовурғалари соҳасида жойлашган. Талоқ қоннинг биологик фильтридир. У қондаги ёт элементлар (яъни бактериялар)ни ҳамда зарарланган эритроцитларни йўқотади.

Баъзи қон касалликлари (масалан тромбоцитопеник пурпура, айрим наслий гемолитик камқонлик)да талоқ фаолияти издан чиқади. Бундай вақтда талоқ жарроҳлик усулида олиб ташланади. Талоқда ва унда учрайдиган айрим касалликлар ҳақида ҳар биримиз етарлича маълумотга эга бўлганимиз маъқул. Масалан бола талоқсиз туғилиши, баъзиларда эса иккита ва ундан ортиқ талоқ бўлиши мумкин.

Талоқсиз дунёга келган ёки айрим сабабларга кўра талоғи олиб ташланган одамлар (айниқса, кичкина болалар) организми кўплаб бактериал инфекцияларга сезгир бўлишади. Танадаги бошқа аъзолар каби талоқ ҳам кўпинча касалликка чалинади.

Талоқ инфаркти. Кўп кузатиладиган талоқ инфаркти эмболия ёки талоқ томирлари тромбози оқибатида келиб чиқади. Талоқ инфаркти геморрагик ёки ишемик, бир ўчоқли ёки кўп ўчоқли бўлиши мумкин. Одатда талоқдаги инфаркт ўчоқлари майда бўлади. Талоқ инфаркти кўпинча бактериал ва септик эндокардитда, қон-томир касалликларида, митрал стенозда, жароҳат ва юқумли касалликлардан сўнг кузатилади.
Кичик инфарктларда талоқнинг зарарланган қисми аста-секин сўрилиб кетиб, чандиқланади. Лекин инфаркт соҳаси юмшаб, у ерда сохта киста пайдо бўлиши ҳам мумкин. Кичик инфарктлар одатда ҳеч бир белгисиз ўтади. Талоқда катта инфаркт бўлганда чап қовурға ости соҳасида кутилмаганда оғриқ пайдо бўлади, тана ҳарорати 39 градусгача кўтарилади, кўнгил айнийди, ичак парези кузатилади. Инфаркт йиринглаганда абсцессга хос белгилар юзага чиқади.

Талоқ инфаркти консерватив (дори-дармон) йўл билан даволанади. Бемор ўринда ётиши керак. Унга антибиотиклар, яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи дорилар буюрилади. Инфаркт йиринглаб, абсцесс юзага келганида спленэктомия бажарилади, яъни талоқ жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.

Буралса ёки жойидан силжиса… Адашган (ўз жойидан силжиган) талоғи бор одамларда талоқ буралиши юзага келиши мумкин бўлган хавфли асоратлардан бири ҳисобланади. Талоқ буралиши кам кузатилади. Кўпроқ аёлларда учрайди, лекин баъзан эркаклар ва ҳатто болаларда ҳам қайд қилинган. Талоқ буралиши тез ривожланганда кучли оғриқлар туради, бемор қусади, баъзида ҳушини йўқотиши мумкин. Секин ривожланган талоқ буралишида касаллик белгилари унчалик ўткир бўлмайди. Бунда турли даражадаги оғриқлар, метеоризм кузатилади.

Талоқ буралганда жарроҳлик йўли орқали талоқ олиб ташланади.

Абсцессга учраши мумкин. Талоқ абсцесси 0,5-1 фоиз ҳолатларда кузатилади. Талоқдаги абсцесс турли ўлчамларда, бир ўчоқли ёки кўп ўчоқли бўлиши мумкин. Абсцесс бутун талоқни ёки унинг бир қисмини зарарлайди. Кичик ўлчамли кўп ўчоқли абсцесслар катталашиб бир-бирига қўшилиб кетиши ва йирингли ярага айланиши мумкин.
Кўп ҳолларда вена ва артериялар орқали талоққа инфекция кириб келиши натижасида талоқ абсцесси юзага келади. Инфекция организмдаги септик, яллиғланиш ва йиринг ўчоқлари орқали тушиши мумкин. Масалан, туғруқдан кейинги сепсис, ярали эндокардит, остеомиелит, юқумли касалликлар, эхинококкоз инфекция тушишига имкон яратади.

Талоқ абсцессида беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, титроқ босади, чап қовурға остида ўтмас оғриқлар сезилади. Бемор ҳаракат қилганида оғриқлар кучаяди. Шу сабабли, бемор қимирламасликка ҳаракат қилади. Талоқ асбцесси жарроҳлик йўли билан даволанади.

Киста ва ўсмалар. Талоқдаги кисталар чин ва сохта, битта ва бир нечта, паразитар ва нопаразитар бўлиши мумкин. Паразитар кисталар ривожланиш жараёнида ҳеч бир белгиларсиз кечади. Нопаразитар кисталар ҳам ҳеч бир белги бермаганлиги сабабли, одам талоғида киста борлигини ҳеч қачон билмаслиги мумкин. Киста ўлчамлари катталашганда талоқ ҳам йириклашади. Бунда талоқ соҳасида оғриқ юзага келади.

Талоқдаги ўсмаларнинг икки тури (карцинома ва хавфсиз ўсма) тафовут қилинади. Касаллик белгилари талоқдаги ўсма ўса бошлагандан сўнггина юзага келади. Бунда қорин, чап қовурға ости соҳаси, елканинг чап томонида оғриқлар пайдо бўлади. Саркома (талоқ ўсмаси) катталашиб кетса, кучли заҳарланиш белгилари (қусиш, доимий кўнгил айниши, юқори тана ҳарорати) юзага келади.

Азиза МАҲМУДОВА,

гематолог, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x