Тўхтасин ҒОФУРБЕКОВ ШАРҚ ВА РАХМАНИНОВ

Россия халқ қўшиқлари турли-тумандир.
Кавказ ёинки Қрим деҳқонлари
мусиқаси аслан шарқонадир.
С. РАХМАНИНОВ
1919 йил, АҚШ.

Чинакам олимнинг бутун фаолияти давомида фикру зикрини, эътибору нигоҳини ўзига жалб этувчи мавзулари бўлади. Одатда бундайин мавзулар муаллиф учун “етти ўлчаб” эмас, “етмиш ўлчаб” ҳал этиладиган мураккаб муаммоларга айланиб, уни умрбод ўйлантириб келади… Камина учун ана шундай жумбоқли, ечими ҳануз топилмаётгандек кўринувчи масалалардан бири – буюк рус композитори, пианиночи ва дирижёр Сергей Васильевич Рахманинов (1873–1943) ижодининг Шарқ мусиқаси билан узвий боғлиқлигидир.
Назаримда бу ижодкор ўз салафлари – Вена классиклари (Гайдн, Глюк, Бетҳовен) ёки рус “Қудратли гуруҳи” (Балакирев, Римский-Корсаков, Бородин каби) вакилларидан фарқли ўлароқ, Шарқ мусиқасининг нозик таровати, оҳангу товланишларини чуқур ҳис қилган, бутун ижоди давомида уни теран англаш ва ўз асарларида тўлақонли акс эттиришга астойдил интилган.
Ушбу мавзу мени Консерваторияда ўқиб, айнан С.Рахманиновнинг айрим якканавоз фортепиано миниатюралари – машҳур “Эллегия”си (ор. 3 №1), cis-moll (ор. 3 №2), g-moll (ор. 23 №5) прелюдияларини тажрибали устозим К.М.Успенская раҳбарлигида ўргана бошлаганимдан бери – 1961–1962 йиллардан қизиқтириб келган. Кейинчалик композиторнинг бевосита Шарқ билан боғлиқ – овоз ва фортепиано учун А.С.Пушкин шеърига яратилган “Куйлама, соҳибжамол” (ор. 4) романси ва “Вокализ” (ор. 34) дея номланган “Сўзсиз қўшиғи”, виолончель ва фортепиано учун “Шарқона эскиз”и (ёки “Шарқона парча”си) билан яқиндан танишгач, Рахманинов ўз ижоди давомида кўп жиҳатдан Шарқ мусиқаси тамойилларига изчил таяниб келгани аёнлашиб борди.
Боз устига, С.Рахманиновнинг бевосита ўзи талқин этган фортепиано ва оркестр учун 1–4-концертлари, “Паганини мавзусига рапсодия” (5-концерти деб юритилади), “С.Рахманинов чалади” дея номланган яна 2 та пластинкасига эга бўлгач, мазкур мавзуда тадқиқот яратиш зарурлигига ишонч ҳосил қилдим.
Гап шундаки, композиторнинг деярли барча концертлари, шунингдек, бир қатор прелюдиялари, этюд-манзаралари, “Мусиқали дақиқалари”, айрим романслари ва хор асарлари, ниҳоят, операларининг бир неча саҳналарида асл шарқона услубларга хос ифода воситалари яққол сезилади.
Демак, С.Рахманинов ижодида Шарқ мусиқасига хос тамойилларни қуйидаги йўналишларга таснифлаш мумкин:
1. Муайян асар номининг Шарққа мансублиги – аниқ кўрсатилган бевосита боғлиқлик.
2. Композитор ижодининг жанр, шакл ёки услуб жиҳатидан Шарққа (“Вокализ”, “Элегия”дагидек) алоқадорлиги.
3. Мазкур хусусиятларсиз ҳам С.Рахманинов ижодининг билвосита шарқона услуб (усул, куйчанлик, сербезаклик)га дахлдорлиги.
Рахманиновнинг бу учала йўналишга мансуб ўнлаб (!) асарларида Шарқ мусиқаси мусаффо булоқ янглиғ шарқираб туриши, Машриқ анъаналарининг силсиласи қаердан деган табиий саволни ўртага ташлайди. Ва яна бир савол: композиторнинг ўта русча услубга интилиб, катта умид билан яратган Биринчи симфонияси (1896 йил бошлари) каби айрим дастлабки асарларининг муваффақиятсизлиги ва кейинги… қарийб уч йил (!) мобайнида ижоддан бош тортганининг сабаби нимада? Балки табиатан бундай услубга мойил бўлмаганидадир?!
Ана шу оғир, ижодий тушкунлик йиллари ўтиб, Рахманинов янги ижодий жараёнини айни шарқона фортепиано ва оркестр учун Иккинчи концерти (1901 йилнинг охири) билан бошлаганини эслаб ўтиш ўринлидир.
Юқоридаги саволларга жавоблар излаш ва Иккинчи концерт борасидаги кузатувимизга аниқлик киритиш мақсадида, аввало, улуғ композиторнинг мактублари (қаранг: Письма (1890–1943). Редакция, вступит. статья и комментарии З.Апетянц, 1955), айрим мақолалари (қаранг: Литературное наследие. Том 1. –М., 1973) ва ниҳоят композитор ҳақидаги мукаммал нашр – яқин қариндошлари, дўстлари ва замондошлари хотиралари (қаранг: Воспоминания о Рахманинове. Т. 1-2. Сост., прим. и предисловие З.А.Апетян. Издание 4-е. –М., 1974) билан яқиндан танишишга тўғри келди.
Сергей Рахманинов ва Шарқ мавзусига жиддий қизиқиб, салкам ярим асрдан бери таҳлилий кузатишлар олиб бораётганимизнинг яна бир, эҳтимол, асосий сабаби шундаки, афсуски, бу беназир композитор услуби, тафаккури ва ижодий топилмалари рус ва ўзга хорижий тиллардаги илмий адабиётларда фақат бир томонлама ўрганилди. Ижодкорнинг замондошлари (ҳатто доно Б.В.Асафьев)дан бошлаб, А.Соловцов, А.Кандинский, В.Брянцева, В.Цуккерман, Ю.Келдиш каби йирик мусиқашуносларгача барчаси битта фикрни – Рахманинов ижоди рус фольклори, миллий черков мусиқаси негизида юзага келганини таъкидлашган. Катта-катта ададларда нашр этилган монографиялар, ҳатто диссертацияларда ҳам ана шу қарашлар акс этган.
Ваҳоланки, композиторнинг ўнлаб мактубу мақолаларида унинг Шарқ мусиқасига мафтун бўлиб, чексиз илҳомлангани ва бу руҳият асарларига ҳам кўчгани бир неча бор таъкидланади. Ачинарлиси, собиқ Иттифоқ Шарқида ҳам Рахманинов ижодининг шу қирраси ҳақида бирор олим лом-мим демади. Айтайлик, буюк композитор билан яқиндан танишиб, ундан ўнлаб мактублар олган атоқли фольклорнавис А.В.Затаевич (1869–1936)нинг “Қозоқ халқининг 1000 қўшиғи” (1963 йилги нашр) номли тўпламига ёзилган сўзбошида ўқиймиз: “А.В.Затаевич тўплаган қозоқ халқининг куйлари ва маданий бойликлари Н.Мясковский, С.С.Прокофьев, М.М.Ипполитов-Иванов, С.Н.Василенко, М.О.Штейнберг, А.Ф.Гедике, В.А.Власов, В.Г.Фере, Г.А.Корчмарёв, О.С.Чишко ва бошқалар диққатини ўзига жалб этган”.
Наҳотки, Затаевичнинг ўзидан 1922 йили бевосита 25 та (!) қозоқ ва бошқа Шарқ халқлари куйларини совға тарзида қабул қилиб, булардан – ўз асарларида бевосита фойдаланган С.В.Рахманинов… “бошқалар” қаторида номсиз, дараксиз қолиб кетган?!
Яна бир ҳол таажжубланарли. Рахманиновнинг Биринчи d-moll (ре- минор) симфониясини (1895) рус композитори А.Глазунов ўта сунъий ва лоқайд алфозда ижро этади. Композиторнинг энг яқин дўстларидан бири, “RE” тахаллуси билан унга мактублар йўллаган Мариэтта Шагинян ўз хотираларида мазкур асар муваффақиятсизлиги ҳақида: “Бу мусиқа – тарихдан ўрин олган асл Рахманинов эмас!” дея бежиз ёзмаган кўринади. Ва Рахманиновнинг ўзи ўнлаб қариндош-уруғлари, узоқ-яқин дўстларига эмас, балки айнан А.В.Затаевичгагина ўша 1897 йилнинг 6 майида ёзган мактубида Биринчи симфонияси, унинг муваффақиятсиз премьераси борасида ўта шахсий фикрларини илк бор билдиради.
Демак, Рахманинов ижодининг асл моҳияти Шарқ билан узвий боғлиқлигини энг яқинлари дўстлари тўғри англаган ва композиторнинг ўзи дили тубидаги фикрлари, ижодий изланишлари, муайян асардан кўзлаган мақсадларини улар (М.Шагинян, А.Затаевич)гагина маълум қилган.

* * *

Табиий савол туғилади, ижодий тақдирининг алғов-далғовликларидан халос бўлишни истаган Рахманинов қаердан тасалли қидирган?
Шак-шубҳасиз, касбий ишонч билан таъкидлашимиз мумкинки, Шарқдан, хусусан, Россиянинг Қрим, Кавказ (Тифлис, Боку) ҳудудлари ва балки… бизнинг минтақамиздан?!  Шунингдек, композитор Биринчи фортепиано концерти (1891, ор. 1) ва “Алеко” операси (1892, орusсиз) каби йирик асарларини яратишдан аввал Ғарб (К.Сен-Санс, “Самсон ва Далила” каби) ва рус (А.Бородин, “Князь Игорь”, А.Рубинштейн, “Демон” сингари) муаллифларининг теран мусиқий асарларини қунт билан ўргангани, айримларини фортепиано учун мослаштиргани, дирижёрлик фаолиятини эса айнан Сен-Санснинг “Самсон ва Далила” операси (С.Мамонтов опера театри) билан бошлагани ҳам бежиз эмасдир?
Юқоридаги кузатувларимизга жонли мисол сифатида Рахманиновнинг фортепиано ва оркестр учун машҳур Учинчи концерти (ор. 30, 1909) ҳамда сўнгги асари – Катта симфоник оркестрга мўлжалланган “Симфоник рақслар”ини (ор. 45, 1940) танладик. Бунинг сабаблари ниҳоятда кўп.
Ҳар иккала партитура назаримда композиторнинг энг шахсий, теран ички кечинмалари, мураккаб ҳаёти ва тақдири, маълум маънода биографик лаҳзалари – инъикосидир. Шу билан бирга таъкидланаётган муаммо – Шарқ омиллари, шарқона баён, шарқона ижодий тафаккур бобида ҳам мазкур икки асар орасида умумийлик, ўзаро уйғунлик ришталари оз эмас.
Аввало на концертда, на “Симфоник рақслар”да Рахманиновнинг айнан Шарққа бирор изоҳи ёки ишораси маълум эмас. Демак, буларни мақоламиз дебочасидаги таснифотимизнинг учинчиси, яъни Шарқ билан билвосита боғлиқ асарлар сирасига киритамиз.
3-концертнинг асосий мавзусига мурожаат қилайлик. Деярли барча муаллифлар (И.Яссер, А.Соловцов, Ю.Понизовкин ва бошқалар) мазкур куйда – чўзилувчан рус қўшиқлари, руснамо диний оҳанглар таралишини бот-бот такрорлашади.
Ваҳоланки, Рахманинов 1935 йилнинг 30 апрелида И.С.Яссер (1921 йилдан АҚШда яшаган)га махсус мактуб йўллаб, қуйидагиларни алоҳида – қўштирноқлар ва ундов белгилари билан таъкидлаган: “Рус халқ қўшиқлари ва проваслав черков оҳанглари рус композиторлари ижодига ўз таъсирини ўтказади, деганингизда Сиз ҳақсиз… Мен – фақатгина “баъзиларига” дейишим мумкин!..
Энди Сизнинг саволларингизга ўтсам:
1) Менинг 3-концертимнинг биринчи мавзуси – на халқ қўшиқлари ва на черков оҳангларидан ўзлаштирилмаган. Оддийгина “ёзилган”! Эҳтимол, Сизнинг бунга муносабатингиз “англамаслик”дир! Агар мен бу мавзуни яратишни ният қилганимда, соф оҳангларга мурожаат қилардим. Мен фортепианода куйни хонандалар талқин этишлари ва бу “куйлашни” оркестр жўрнавозлиги йўққа чиқармаслигини хоҳладим, холос. Бор-йўғи шу!
2) Шундай қилиб, мен мавзунинг на қўшиқ, на маросим характерида бўлишига интилмадим. Агар шундай бўлганида эди, балки мен “англаган” ҳолда ладнинг Cis (до диез) бўлишига йўл қўймай, С (до)дан фойдаланган бўлардим…
Ва ниҳоят:
3) Бу мавзунинг куйчан айланмаларини яратишда юқоридаги вариантлар устида бирор иккиланиш бўлганлигини эслай олмайман. Аввал ҳам таъкидлаганимдек: мавзу енгил ва оддий “ёзилган”!
Сизнинг мактубингизни ўқир эканман, ўйлаб қолдим: агар ижодкор рус миллатига алоқадор бўлмаса-чи, унда нима қилиш керак?”

* * *

Назаримда буюк композиторнинг теран кузатув ва хулосалари ортиқча таҳлил ёки изоҳларга муҳтож эмас.
Учинчи концертни Рахманиновнинг ўзи машҳур америкалик дирижёр Юджин Орманди раҳбарлигида, машҳур Филадельфия симфоник оркестри билан ҳамкорликда талқин этган.
Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, Рахманиновнинг барча талқинлари, мухтасар миниатюраларидан то мукаммал концертларигача тинглар эканмиз, ўзи ёзган нота матнларидан муайян четланишлар яққол сезилади ва бундай эркинликлар Шарқ мусиқасининг мўъжизаси бўлмиш – бадиҳагўйликни эслатиб юборади!
Пировард таҳлил учун “Симфоник рақслар”ни танлаганимизнинг бир неча сабаблари мавжуд. Биринчидан, айнан шу асарида Рахманинов қарийб 18 йил аввал қўлига келиб тушган А.Затаевич ноталаштирган қозоқ (ва бошқа Шарқ халқлари) куйларига бевосита мурожаат қилади. Иккинчидан, юқорида таъкидлаганимиздек, композиторнинг бу сўнгги партитурасида ниҳоятда мураккаб мавзу, ўзи дастлаб белгилаган – инсон ҳаётининг “Кун” (I қисм), “Аср” (II қисм) ва “Ярим тун” (III қисм) каби мажозий-фалсафий паллалари ифодаланади. Учинчидан, “Симфоник рақслар”га муаллиф, бир пайтлари бошлаб қўйган, лекин, афсуски, поёнига етмаган “Скифлар” балети мусиқасини ҳам киритади. Ва ниҳоят, тўртинчидан, Рахманинов ўз олдига қўйган мураккаб мақсад – шарқона “Ё, Пирим-ай” ва ғарбона “Dies irae” (“Қиёмат куни”)нинг ўзаро бадиий уйғунликда тажассум топиши фикрларимизга асос бўлди.
А.В.Затаевичнинг 1922 йили Рахманиновга юборган куй-қўшиқлари кейинчалик “Қозоқ халқининг 1000 қўшиғи…” (Оренбург, 1925) номли тўпламидан ўрин олган. Биз учун мазкур тўпламнинг дастлабки ва кейинги (1963) нашрлари, В.М.Беляев тахминлари ва энг муҳими, “Симфоник рақслар”га оид Рахманинов фикрлари, яқинларининг хотиралари ва табиийки, партитура матни асос бўлди.
Аввало “Ё, Пирим-ай” ҳақида. Затаевич мазкур ноёб қўшиқни бир талай хатолар билан, хусусан, “Ё, Пирим-ай” , яъни “О, Боже” ўрнига… “О, человек”ни ишлатиб таржима қилган ва ҳеч қандай сўзларсиз ноталаштирган. Шундай бўлса-да, куйнинг ўзи – ниҳоятда лирик, баъзан драматик оҳангларда садоланади. Куй ва унинг турфа талқинлари билан танишар эканман, мазкур асарларда нафақат қозоқча оҳанглар, балки ўзга халқлар фольклорида учровчи куйлар, айрим жумлалар мавжудлигини аниқладим. Қарангки, А.Затаевичнинг йўл-йўлакай келтирган изоҳларида 348 тартиб рақами билан тўпламга киритилган “Я, Пirimaй” куйининг ижрочиси Шумбал Дастанбаевнинг онаси қалмиқ экани, 108, 831 ва 999 рақамларида тартибланган ахборотларни тўпловчилар ҳам Қозоғистонгина эмас, балки ундан узоқ ҳудудларда яшаб, ижод қилгани ва турли-туман миллату элатлар билан боғлиқ халқлар бўлгани ойдинлашди.
Авваламбор, Рахманинов Затаевичдан етиб келган 25 та куйдан айни “Ё, Пирим-ай”ни танлагани эътиборлидир. Балки мазкур куйда ўз ижодий тафаккури, айнан “Симфоник рақслар”га мос интонацион ва мазмунан яқинликни сезгандир?
“Симфоник рақслар”нинг иккинчи қисми мажозий (аллегорик) тарзда, шу билан бирга 6/8 ва 9/8 ўлчовларидаги оғир “вальснамо” лавҳадир ва кўп хусусиятлари билан Г.Берлиознинг “Фантастик симфония”сидаги иккинчи қисмни эслатади. Буюк француз романтиги билан умумийлик шундангина иборат эмас. Худди Берлиоз каби, партитура хотимаси(учинчи қисм)да Рахманинов ниҳоятда ўзгартирилган дастлабки қисм мавзусини – “Dies irae”нинг даҳшатли оҳанглари билан ривожлантиришга интилгани яққол сезилади.
Диққатга сазоворки, Рахманинов мазкур “Dies irae”га жами беш (!) маротаба мурожаат қилган бўлса (дастлаб, “Ўлганлар ороли” симфоник поэмаси, 1909, ор. 29), кетма-кет тўрттаси энг сўнгги асарларига тўғри келади:
Ор. 42 – “Корелли мавзусига вариациялар”
Ор. 43 – “Паганини мавзусига рапсодия”
Ор. 44 – “Учинчи симфония”
Ор. 45 – “Симфоник рақслар”
Аҳамиятлиси, буларнинг барчаси – оркестрга мўлжалланган асарлардир, деярли ҳаммасида “Dies irae”, ўзга композиторлар (ёки халқ) куйлари ва табиийки, Рахманиновнинг уларга нисбатан яратган мавзулари ўрин олган.
Хуллас, таваллудининг бир ярим асрлигига қадам қўя бошлаган буюк композитор Сергей Рахманинов ижодига доир юқоридаги фикр ва тахминлар келгусида жиддий тадқиқ этилиб, мусиқа илмида янги кашфларга замин ҳозирласа, ажаб эмас.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/08/%d1%82%d1%9e%d1%85%d1%82%d0%b0%d1%81%d0%b8%d0%bd-%d2%93%d0%be%d1%84%d1%83%d1%80%d0%b1%d0%b5%d0%ba%d0%be%d0%b2-%d1%88%d0%b0%d1%80%d2%9b-%d0%b2%d0%b0-%d1%80%d0%b0%d1%85%d0%bc%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d0%bd/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x