Оналар шуни билишлари лозимки, бола баданига тошмалар тошиши сувчечак касаллигининг асосий белгиси ҳисобланади. Улар қоринга, сонга, елкага, кўкракка тошади, кейинчалик танага ва оёқ-қўлларга ёйилади. Дастлаб диаметри 5мм дан 10 мм гача юмалоқ ёки овал доғ кўринади. Кейин унинг ўртасида папула пайдо бўлиб, ичи тиниқ суюқлик билан тўлади. Ушлаб кўрганда, қўлга юмшоқ уннайди. Кейин 1-2 кун ичида тошмалар қурий бошлайди, қатқалоқ ҳосил бўлади. Тошма ичидаги суюқлик хиралашади. Аста-секин бужмайиб, ўрнида чандиқ қолдирмай тушиб кетади.
Тошмалар тошган биринчи кундан бошлаб, 2-3 ҳафта ичида қатқалоқланиб тушиб кетади. Тошмалар қаттиқ танглайга, милк ка, ҳалқумнинг орқа деворига, қизларда жинсий аъзоларга ҳам тошиши мумкин. Тошмалар тошаётганда тана ҳарорати бироз кўтарилиши эҳтимол. Касалликнинг бошланишида ҳарорат 39 даража бўлиши мумкин.
Хавфсиз касаллик ҳисоблансада, сувчечакнинг олди олинмаса, жуда оғир кечади, терида турли асоратлар пайдо бўлади, яъни тери йиринглайди, чипқон чиқади, касалликнинг геморрагик, гангреноз турлари пайдо бўлади. Иккиламчи инфекция қўшилиши натижасида сепсис ривожланади. Сувчечак оғир асорат берганда зотилжам ривожланиб, антибиотиклар билан даволаш қийин бўлади. Шунингдек энцефалит, кератит, нефрит, артрит, гепатит каби асоратлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Ҳомиладор аёл кўзи ёришидан 3-5 кун олдин касал бўлиб қолса, туғма сувчечак ривожланиши мумкин. Бундай ҳолларда, бола ўлик туғилиши эҳтимолдан холи бўлмайди. Кўпинча туғма сувчечак жуда оғир кечади, кенг кўламдаги бронхопневмония ривожланади, ич кетади, ингичка ичак тешилади, шунингдек ички аъзолар касалланади.
Аслида сувчечак учун махсус муолажа қоидалари йўқ. Лекин касалланган болани эътиборсиз қолдирмай, қунт билан парваришлаш зарур. Бу борадаги маслаҳатларимизга амал қилинг.
Тошма тошаётган даврда, айниқса, тана ҳарорати кўтарилганда болани ётқизиб қўйинг. Беморнинг ички кийимлари ва чойшабларини тез-тез алмаштириб туринг, баданини тоза тутиш муҳим. Пуфакчалар тошган жойларни қайнаган сувда ювиб туринг. Беморнинг қўлини кунига икки-уч маротаба совунлаб ювиш зарур. Баданини қашиб тирнашига йўл қўйманг. Бунинг учун боланинг тирноқларини олиб, қўлига дока қўлқоп кийдиринг.
Иссиғи баланд бўлса, боланинг лаби ва оғзи тез-тез қурийди, оғиз бурчаклари баъзан ёрилиб, оғзини очишга қийналади. Овқатланаётган пайтда ёрилган жойлари ачишади ва битиши қийинлашади. Бундай пайтда беморнинг лабларига сариёғ ёки қиздириб олинган пахта мойи суртиш, беморга кўпроқ суюқлик ичириш лозим. Оғзи қуриса, боланинг ўзи ҳам сув сўрайди. Шунда совуқ чой, қайнаган сув ёки 5 фоизли глюкоза эритмаси билан беморнинг оғзи ҳўллаб турилади.
Боланинг бурни ҳам тоза бўлсин. Каттароқ ёшли болаларда тоза дастрўмол бўлиши лозим, гўдакларнинг бурнини эса бир бўлак пахта билан тозалаб туринг. Бурун йўлларида қатқалоқлар пайдо бўлса, вазелин ёки пахта мойига ботирилган пилик билан секин олиб ташланг.
Бемор болага тоза ҳаво ва ёруғлик зарур. Уни чангдан, кучли шамолдан ва шовқин-сурондан холи жойда сайр қилдириш керак. Иситмаси чиқиб турган пайтда у кўпинча овқатдан бош тортади. Касаллик ўткир кечганида эса баъзан боланинг меъдаичак иши бузилади, бемор қайт қилиши, ичи кетиши мумкин. Бу пайтда уни зўрлаб овқатлантирмаслик лозим. Балки тез-тез сув ичириб, 10-12 соат давомида овқат бермаслик керак.
Оғзи оғриб, овқат ея олмай қолса беморга илиққина суюқ овқат ёки сабзавотлари эзилиб пиширилган шўрва, шавла ва бўтқалар беринг. Касал болага нордон ва аччиқ таомлар едириш мумкин эмас. Беморнинг ичи равон бўшалиб туриши жуда муҳим. Ичи қотганда клизма қилинг. Шифокор келгунича унга ҳеч қандай овқат бермасдан, тез-тез қайнаган сув ёки совуқ чой ичириб турганингиз маъқул. Оналар боланинг баданига бирорта тошма тошиб, аҳволида сал ўзгариш пайдо бўлганда тезлик билан болалар шифокорига олиб борсалар, сўнгра муолажага киришсалар касаллик анча енгил кечади.
Севара ЗИЁДОВА, шифокор.