Аёлнинг ташқи қиёфаси, унинг кўркам бўлиши нафақат гавда тузилишига, балки кўкракларининг кўринишига ҳам боғлиқ. Агар сут безлари чиройли шаклда, бўлиқ бўлса аёлнинг ҳуснига ҳусн қўшади.
Бунга эришиш осонмикин…
Турлича жиддий хасталикларнинг олдини олиш учун ҳар бир аёл сут безларини тўғри парвариш қилиб бориши зарур.
Аёллар ҳар йили 1-2 маротаба маммолог мутахассис ҳузурида бўлиб, сут безларини махсус текширувлардан ўтказишлари лозим.
Аёл профилактик кўрикдан ўтиб, ҳеч қандай касаллик йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг сут безлари парваришига киришиши мумкин. Буни уй шароитида бажарса бўлади.
Масалан, эрталаб илиқ душ қабул қилиш, совуқ сувга ҳўлланган дағал сочиқ билан баданни ишқалаб артиш сут безлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Бадантарбия машқлари жуда муҳим аҳамият касб этади. Бунда эътиборни асосан кўкрак қафасини қоплаб турувчи мушакларни ривожлантиришга қаратиш керак.
Сув муолажаси пайтида эса совуқроқ душ тери тонусини яхшилайди, майинлигини сақлайди.
Гоҳ совуқ, гоҳ иссиқ (контраст) душ қабул қилинса, сут безлари тўқималаридаги қон айланиши ҳамда лимфалар иши яхшиланади, модда алмашинуви фаоллашади.
Сут безларини хавфли ўсмалардан ҳимоялаш учун қуйидаги тавсияларимизга амал қилганингиз маъқул.
Иккала қўл кафтларини бош орқасига қўйиб, гавданинг белдан юқори томонини аввал ўнгга, кейин чапга буринг. Бу вақтда бел ва кўкрак қисмининг оҳиста ҳаракатланишига эришинг.
Машқлар дастлаб 2-3 маротаба, кейинги кунларда аста-секин кўпайтириб борилади.
Қўл кафтларини бош орқасига қўйиб, гоҳ олдинга, гоҳ орқага эгилинг. Бунда ҳам бел ва кўкрак қисми ҳаракатда бўлсин.
Қўлларни “Ф” ҳарфи шаклида белга қўйинг. Шу ҳолатда ўнг ва чап томонларга икки мартадан буриласиз.
Машқни кейинги кунларда аста-секин кўпайтиринг.
Ўзингизни бўш қўйинг. Бармоқларингиз учлари билан сут безлари атрофини худди доира чертаётгандек ҳаракатлантиринг.
Машқни беш дақиқалик танаффусдан кейин яна такрорланг.
Қўл кафтларига юмшатувчи крем суртинг. Кейин кафтларингиз билан сут безлари атрофини галма-гал шапатиланг.
Барча машқларни бажариш жараёнида очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилишга одатланинг. Соф ҳаво аёл чеҳрасини тиниқлаштиради, тана ҳолатини яхшилаб қон юришишини меъёрга солади.
Салқинроқ хонада ухланг. Бунда моддалар алмашинуви яхшиланади, сут безлари ривожланишида ҳам бу нарса ижобий наф беради.
Меъёрида ишлаб, вақтида дам олинг. Негаки, жисман ва руҳан толиқиш ҳам организмга салбий таъсир кўрсатади.
Тўғри овқатланинг. Агар қирқ ёшдан ошган бўлсангиз, сариқ рангдаги мева сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Бу сизга кўркамлик бахш этади.
Шунингдек калий ва магнийга бой маҳсулотларни еб туринг. Текис ўринда ухланг. Ухлаш пайтида кийимингиз ҳаво ўтказувчан матодан (ип, зиғир, пахта толасидан) кенг-мўл қилиб тикилган бўлсин.
Ёстиқлар унчалик баланд бўлмагани маъқул.
Лола АЛИМХЎЖАЕВА,
онкомаммолог, тиббиёт фанлари доктори.