Марказимизга 37 ёшли бемор аёл мурожаат қилди. Унинг айтишича, чап томондаги сут бези соҳаси қизарган, шиш бор, оғрийди, пайпаслаганда тугунли ҳосила қўлга уннайди. Бу ҳол бир неча ой аввал пайдо бўлган, ўшанда у шифокор тавсиясига кўра яллиғланишга қарши амбулатор муолажалар қабул қилган, нафи бўлмаган.
Шундан сўнг бемор онколог-маммологга мурожаат этган, беморнинг чап сут безидаги тугундан ингичка игнали биопсия олинган. Гистологик тахлил хулосасига асосланиб, беморга «чап сут бези сили» ташхиси қўйилган ва бизнинг марказимизга юборилган. Марказимизнинг Ўпкадан ташқари аъзолар сили бўлимида бемор стационар равишда тўлиқ текширувлардан ўтказилди ва махсус даво тавсия қилинди. Икки ойлик даволаш курсидан сўнг беморда касаллик белгилари тўлиқ бартараф этилди, сут бези косметик нуқсонларсиз ўз холига қайтди. Бундай мисоллар етарлича учраб туради.
Статистик маълумотларга кўра, сут безлари сили дунё мамлакатларида силга чалинган беморларнинг 0,1 – 4 фоизини ташкил этади, яъни Ғарбий Европа давлатларида сил касаллигига чалинган беморларнинг ҳар 1000 тасидан 1 тасида сут бези сили кузатилса, Ҳиндистон ва Шарқий Осиё давлатларида бу кўрсаткич 100 тадан 4 тага тўғри келади.
Ҳозирги вақтда келиб, сут безининг сил (туберкулёз) касаллиги долзарб муаммога айланмоқда. Унинг долзарблиги шундаки, бу касаллик ўзининг кўринишлари ва кечиши бўйича кўп жиҳатдан сут бези саратонини эслатади. Шу сабабдан кўпчилик беморлар онкологга мурожаат қилишади. Баъзи беморлар эса ўзларидаги канцерофобия (саратондан қўрқиш) ҳолати туфайли, ҳатто онкологга ҳам ўз вақтида мурожаат қилишмайди. Оқибатда касаллик асоратланган шаклларга ўтади, кўплаб жиддий нуқсонлар пайдо бўлади, беморда ўта тушкун руҳий ҳолатлар рўй беради. Хўш, қандай қилиб бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкин?
Умуман, сут бези сили қандай касаллик? Аслида бу касалликнинг пайдо бўлиши, кечиши, белгилари, ташхислаш, даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида ҳар бир киши билиб қўйиши лозим.
Келиб чиқиши ва белгиларнинг ўзига хослиги
Сут бези сили – сил микобактериялари (Кох таёқчалари) қўзғатадиган сут безининг ўзига хос яллиғланишли касаллиги бўлиб, келиб чиқиши бўйича бирламчи ва иккиламчи турларга ажратилади. Бирламчи сил кўпинча лактация (кўкракдан сут келиш) даврида юзага келади, бунда касаллик қўзғатувчилари сут йўллари орқали кириб боради ва ўзига хос яллиғланишни юзага келтиради. Иккиламчи турда эса, қўзғатувчи аввал сил билан касалланган аъзолардан (ўпкалар, кўкс оралиғи аъзолари ва бошқалардан) қон ва лимфа йўллари орқали без тўқимасига кириб боради, ҳамда яллиғланиш ўчоқларини ҳосил қилади.
Бундан ташқари сут бези силининг склерозланувчи тури кўпинча ёши катта аёлларда кузатилади, бу турида яллиғланиш ва йиринглаш белгилари деярли бўлмайди. Абсцессланган тури иккига ажратилади. Биринчи турида фаол яллиғланиш белгилари кузатилиб, жараён терида оқма яра хосил бўлиши билан намоён бўлади, бунда ярадан йирингли ажралмалар келиб туради. Иккинчи тури «совуқ абсцесс» дейилади, бунга сабаб, у узоқ вақт беморни безовта қилмайди ва фақатгина тугунли ҳосила кўринишида бўлади.
Сут бези касалликлари орасида сил тез-тез учраб турмасада, уни ҳеч қачон эътибордан қолдирмаслик лозим, айниқса иммун ҳолати суст беморларнинг бу касалликка чалиниш эҳтимоли юқоридир.
Ҳаракатчан тугунлар, йирингли яралар
Сут безида оғриқсиз, нотекис ҳосила ёки қаттиқлик пайдо бўлиши, тери ўзгаришлари (ажинсимон чизиқлар пайдо бўлиши, сўрғичнинг тортилиши), маҳаллий лимфа тугунларининг катталашиши сут бези силининг белгилари ҳисобланади. Баъзан кўкракда оғриқли шиш, қизариш пайдо бўлади, бу тиббий тилда «сил мастити» деб юритилади. Беморлар вақти-вақти билан тана ҳароратлари кўтарилиб туриши, кўп терлаш, мадорсизликдан шикоят қиладилар.
Кўкракда зарарланиш ўчоқлари турлича – кичик ўлчамли ҳаракатчан тугундан, катта, оғриқли, кўкрак қафасига битишиб кетган ўсма кўринишигача бўлиши мумкин. Сут бези силининг тарқалган турида без тўқимасида кўплаб яллиғланиш ўчоқлари аниқланади. Бунда без тўқимаси ва териси сезиларли қаттиқлашган ҳолатда бўлади. Баъзан кўкрак терисида яралар пайдо бўлиб, ярадан йирингли ажралма чиқиб туриши кузатилади. Беморларнинг қўлтиқ ости, ўмров ости ва устки соҳалари, бўйин соҳаси лимфа тугунлари катталашиши, баъзи ҳолларда тугунлар бирлашиб катта тошсимон ҳосилага айланиши мумкин.
Ташхислаш мураккабликлари
Сут бези силининг турли кўринишда кечишини ҳисобга олиб айтганда, ташхислаш бир мунча мураккабликларни ўз ичига олади. Кўриниши жиҳатидан кўпинча сут бези саратонини эслатганлиги сабабли, онкологик муассасаларда сут бези саратонига шубҳа қилиниб, амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётлари вақтида ёки биопсиядан сўнг аниқ ташхисланади.
Сут бези зарарланишини ташхислашда асосий усул, зарарланган соҳадан биопсия олишдир. Бунда олинган тўқима микробиологик ва гистологик усулларда текширилади. Микробиологик текширув зарарланган материалда сил таёқчасини аниқлаш ва уни силга қарши дори воситаларига нисбатан сезгирлигини бахолашга асосланади. Шуни ёдда тутмоқ лозимки, олинган тўқимада сил таёқчаларининг топилмаслиги сил жараёни тўлиқ инкор қилинди дегани эмас. Текширилаётган тўқимада махсус сил гранулёмаси ёки Пирогов – Лангханснинг гигант ҳужайраларининг аниқланиши сил жараёни кечаётганини тасдиқлайди.
Ҳозирги вақтда сут бези касалликларини (шу жумладан сут бези силини ҳам) ташхислашда рентген маммография текшируви кенг қўлланилмоқда, Маммографик текширувда қуйидагиларни аниқлаш мумкин:
– сут бези силининг тугунли турида чегаралари ноаниқ бўлган, зичлиги юқори, хажми катта ҳосила намоён бўлади (буни сут бези саратонидан фарқлаш мушкул);
– сут бези силининг тарқалган турида рентгенологик тасвир сут бези саратонининг шиш-инфильтрланган шаклини эслатади;
– сут бези силининг склерозланган турида безда тарқалган фиброз ўзгаришларни кузатиш мумкин.
Ультратовуш текшируви зарарланган тўқима хусусияти (тугунли, бўшлиқли ва бошқалар)ни, оқма ярали турларида яранинг йўлини, пункция орқали биопсия олиш жойини аниқлашда кўмаклашади.
Якуний ташхисни фақатгина морфологик ва микробиологик текширув орқали қўйиш мумкин.
Сут бези силини ташхислашнинг бир мунча мураккаблигини инобатга олиб, шубҳали холатларда, бошқа усуллар ёрдам бермаганда, жараённинг сил ёки саратонлигини аниқлаш мақсадида зарарланган соҳадан қисман резекция қилиб олинади ва олинган тўқима тезкор гистологик текширувдан ўтказилади.
Сут бези силининг оқма ярали турларида ярадан чиқадиган ажралма микробиологик текширувдан ўтказилади, бунда туберкулёз қўзғатувчилари аниқланса, унинг дориларга сезгирлик турига қараб дори муолажалари тайинланади. Бундай ҳолатларда жарроҳлик муолажалари фақатгина дори –дармонлар тўлиқ самара бермагандагина қўшимча муолажа сифатида бажарилади.
Даволаш наф беради
Сут бези силини даволашда силга қарши дори воситаларидан кенг қўлланилади. Касалликнинг илк босқичларида дори воситаларини қабул қилишнинг ўзигина тўлиқ, асоратларсиз тузалишга кифоя қилиши мумкин.
Касаллик авж олганда ва сут бези тўқимасида қайтмас ўзгаришлар юзага келганда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Жарроҳлик амалиётида сут бези зарарланган тўқималардан халос қилинади.
Даволашнинг асосий курсларидан сўнг барча беморлар, ўзларининг турар жойларидаги силга қарши курашиш диспансери назоратида туришади. Улар касаллик қайталанишининг олдини олиш мақсадида даволашнинг қўлловчи курсларини қабул қилишлари шарт.
Алоҳида тавсияларимиз шуки, аёллар вақти-вақти билан сут безларини қўл учида пайпаслаб кўришлари ва бирор ўзгариш сезсалар албатта шифокорга мурожаат этишлари керак. Агар эмизикли аёл сут бези силига чалинган бўлса, касаллик болага юқишининг олдини олиш мақсадида зарарланган кўкрак билан гўдакни эмизишлари ман этилади.
Сут бези сили ўз вақтида аниқланиб зарур даво воситалари қунт билан амалга оширилса беморлар соғайиб оиласи даврасига – тўлақонли соғлом ҳаётга қайтадилар.
Зарифа МЎМИНОВА,
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология
илмий-амалий тиббиёт марказининг маммолог шифокори.