DO`STLARGA ULASHING:
Султон Акбарий (тахаллуси; асл исм-шарифи Акбаров Султон) (1923.3.12 —Тошкент — 1997.3.6) — шоир, журналист. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Тошкент педагогика институтини тугатган (1942). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1942—45).
«Ленин учқуни» (1946—47), «Ёш ленинчи» (1952—53), «Қизил Ўзбекистон» (1953—59) газеталарида ишлаган. Бадиий адабиёт нашриётида бош муҳаррир (1960—63), «Тошкент ҳақиқати», «Сирдарё ҳақиқати» газеталарида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари (1963—64), «Шарқ юлдузи» (1964—66), «Гулистон» (1968) журналиларида бўлим мудири, масъул котиб, «Ўқитувчилар газетаси»да муҳаррир ўринбосари (1968 йилдан) бўлиб хизмат қилган.
Ижоди 1940 й.дан бошланган. Бахшиёна услубда ижод қилган. «Имоним, эътиқодим», «Яраланган қўшиқлар», «Сулув сулув эмас, суйган сулув», «Шукрона», «Меҳригиё» (1956), «Довон ва девон», «Кўнгил оҳанглари» (1968) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи.
Султон Акбарий достоннавис сифатида ҳам кўплаб асарлар ёзган: «Гирдоб», (1964), «Устод» (1970), «Қатағон» (1992). Қирғиз эпоси «Манаснинг 3-китобини ўзбек тилига таржима қилган.