Мирпўлат Мирзо шеърияти, публицистикаси, ва таржималари ҳақида адабиётшунос олимларимиз, унинг мухлислари томонидан кўпгина мақолалар битилган. Унинг ҳаёт, муҳаббат, дунё сир-синоатлари қаршисидаги чуқур ўйларга тўла дилхуш оҳанглар таратувчи шеърлари, ўқиган киши хаёлларини алғов-далғов қилувчи турли мавзулардаги очерклари, Мухтор Авезов, Аҳмад Заки Валидий, Ҳалима Носирова, Абдулла Орипов, Суннатилла Анорбоев каби ёрқин сиймолар ҳақидаги мақола ва суҳбатлари бу зотларнинг энг эътиборли жиҳатларини қаламга олгани билан ажралиб туради.
Шулар ҳақида ўйлаб ўтириб, беназир олимимиз Наим Каримовнинг Мирпўлат ижоди ҳақида ёзган мақоласи ёдимга тушди. Олим инсон умрини уч фасл: баҳор, ёз, кузга қиёслайди. Инсон умрининг баҳори бепоён уммондек сокин ва секин оқишини таъкидлайди. Бу фасл инсоннинг ўқиш-ўрганиш фасли эканини, боғини турли мевали дарахтлар билан билан безаш пайти эканини, умр ёзини ана шу боғингизга кузак шамоллари оралаб қолганида сезиб қолишингизни жуда чиройли ташбеҳлар билан ифода этаркан ёзади: “Камина умрнинг сўнгги фаслини яшаётган кишилардан бири сифатида шундай мушоҳадаларга берилар эканман, теварак-атрофимдаги ўз баҳори ва ёзининг ҳар дақиқасини зое кетказмай, бир қарич бўш ери ҳам қолмаган боғига янги-янги ниҳоллар экиб, мевага кирганларидан эса сават-сават ҳосил олаётган кишиларга ҳавас билан қарайман. Менда шундай ҳавас туйғуларини уйғотаётган ёш дўстларимдан бири шоир, драматург, публицист, таржимон ва ношир Мирпўлат Мирзодир.”
Мазкур таъриф ростдан ҳам Мирпўлат Мирзонинг адабиётимиз хазинасини турфа рангдаги, турфа ифор таратувчи, ўзига хос оҳанг ва мазмунга эга асарлар билан бойитганидан далолатдир.
Мен Мирпўлатнинг шеърлари, публицистик мақолалари, умуман, унинг барча асарлари билан яхши таниш бўлган бир дўстиман. Унинг ижтимоий мавзуга йўғрилган, одамни ўйга толдирадиган, севги-муҳаббатни куйловчи дилгир шеърлари, файласуфона хулосаларга бой публицистикаси хусусида кўп гапиришим мумкин. Айтайлик, Мирпўлат Мирзо шўро даврининг сўнгги йилларида халқимиз “Ўзбеклар иши” деб ном олган бўҳтон билан айбланиб турган бир пайтда уларга қарши дадил чиқишлар қилди. Жумладан, матбуотда унинг “Ўзбеклар иши” номли шеъри чоп этилди. Мазкур шеърида шоир бир тўда мўлтонининг касрига бутун бир халқни бадном этиш фожиасини очиб беради:
Магар қабиҳ иши бўлмишдир ошкор,
Бир тўда мўлтони амалдор, бекнинг,
Наҳот бағри хун халқ бунда гуноҳкор,
Наҳот ишидир бу хоксор ўзбекнинг?!
Ахир, қирғин йиллар не-не оч-юпун,
Бағрида етимлар сақласаю жон –
Ўзбек ўз фарзандин тўйдирмоқ учун
Наҳотки, меҳнатсиз топган бурда нон?!
Лекин сиз ўзбекнинг иши нелигин
Билмоқ истасангиз чинакам,
Қадим далаларга марҳамат, келинг,
Унда асл халқни кўрасиз ҳар дам.
Унда бош кўтармай заҳмат чекар эл,
Меҳнат бонг уради унда ёзу қиш;
Унга нигоҳ ташлаб лаззат топмас дил,
Унда ҳукмрондир ҳар қачон ташвиш.
Унда тер тўкади гўдаклар ҳатто,
Унда ризқин терар кампирлар, чоллар.
Уқубатлар зада қилганда гоҳо
Ўзига ўт қўяр унда аёллар…
Ана шундай. Мирпўлат Мирзо халқнинг бошига туҳматлар, ёлғонлар ёғилиб турган бир пайтда унинг дилини изҳор этди. Унинг юрагидаги қатим-қатим дардларни ёниқ сатрлари билан кўтариб чиқди. Мирпўлат ижодида юқоридаги каби оҳидан тутун ўрлаган шеърлар кўплаб мавжуд. Юқорида айтганимдай, камина ушбу мухтасар мақолада Мирпўлат Мирзонинг ижодидан кўра, унинг инсоний фазилатлари ҳақида, нафақат ҳаётда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан, айни пайтда шахсий турмушда, ёр-биродарлар даврасида ҳам ҳозиржавоб, танти, меҳрибон, одамнинг қадрига етадиган бир шоир, бир дардкаш эканини таъкидламоқчи эдим. Биз Мирпўлат билан бир неча ўн йиллар давомида бир даврада бўлдик. Унинг дилтортар суҳбатларини, ҳозиржавоблик билан айтган сўзларини бугун ҳам эслаймиз, тўпланган пайтларимизда, гўё у ҳозир эшикдан кириб келаётгандек туюлаверади.
Мирпўлат Мирзо билан қачон ва қай тартибда танишганим ёдимда йўқ. Унинг шеърларини матбуотда ўқиб юрган бўлсам-да, аммо ўзи билан шахсан таниш эмасдим. Устоз Абдулла Ориповнинг: “Мирпўлат Мирзаев деган шогирдим бор, бир пайти келса таништириб қўяман”, деган гапларини ҳали-ҳали эслаб юраман. Кейинчалик, Абдулла ака бизни таништириб улгурмай ўзимиз танишиб олдик чоғи. Битта мавзеда – Қорасув даҳасида яшай бошлаганимиздан сўнг эса бир-биримиз билан жуда қадрдон бўлиб кетдик.
Мирпўлат содиқ дўст эди. Шундай бўлдики, менинг рафиқам қаттиқ касал бўлиб ётиб қолди. Касалхонадан чиққандан сўнг ҳам муолажага қатнашга тўғри келди. Мен учун ташвишли ана шундай кунларда у биздан доим хабар олиб турди. Касал одамни автобусма-автобус етаклаб юриш қийинлигини сезган Мирпўлатнинг машинасида аёлимни бир неча ҳафта давомида муолажага олиб бориб турдик. Бу юмушларни бирон марта бўлсин оғир олмади. Аксинча, ширин гап-сўзлар билан далда бериб, эр-хотиннинг кўнглимизни кўтарарди. Кейин билсам, Мирпўлат Мирзо нафақат бизга, умуман, ҳар қандай одамга ҳам оқибатли, меҳрибон инсон экан. Мен у туғилиб ўсган Сайрам қишлоғида бўларканман, унинг муштипар онаси, серғайрат, дилкаш ва Мирпўлатнинг ўзи каби ҳозиржавоб ака-укалари билан танишганимдан сўнг дўстимни янада теранроқ тушуна бошладим. Ундаги одамларга бўлган самимий муҳаббат ана шу қадимий маданият марказларидан бири бўлган Сайрам шаҳрининг маданиятли оиласида шаклланган экан. Ушбу шаҳарда мавлоно Сарёмий каби Шарқнинг тилга тушган алломалари яшаб, ижод қилган. Бу қутлуғ масканга Аҳмад Яссавийдек буюкларнинг назари тушган. Унинг падари бузруквори Иброҳим отанинг сўнгги қароргоҳи ҳам ана шу шаҳри муборакдадур. Ва яна бу жой кўплаб улуғлар қаторида йигирманчи асрнинг Имом Бухорийси деб ном олган аллома, ўзбекдан чиққан биринчи маршал Алихонтўра Соғунийнинг ҳам қадамжолари бўлиб, бу ердаги Иброҳим ота қабристонида унинг оталари Шокирхонтўра мангу қўним топганлар.
Мирпўлат Мирзо ана шундай кўпни кўрган шаҳарда ва меҳнаткаш оилада 1949 йил, 20 августда дунёга келди. Ундаги инсонга, эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббат ўша шаҳарнинг урф-одатлари, анъаналари асосида тарбияланди. Юқорида домламиз Наим Каримов айтганларидек, у ўзининг келажакда мўл ҳосил беражак боғларини ўша маданиятли одамлар орасида барпо этди. Шу жойда яна домланинг сўзлари ёдга тушади. У ўзининг Мирпўлат Мирзо ижодига бағишланган мақоласида шундай ёзади: “Умрнинг шу сўнгги фаслини (куз фаслини – Ё.Х.) бошидан кечираётган барча кишиларда, менимча, фақат битта армон бўлади. Бу, баҳор чоғида ёшликнинг нашъаю наъмоларига берилиб оз ўқигани, оз билим олгани, оз ниҳоллар эккани ёки умуман экмагани. Бу армон оддий армонлардан эмас, балки кузнинг қолган кунларини кемирувчи, инсонни сўнгги бекатга қоқсуяк қилиб етказувчи қонхўр армондир.”
Домланинг юқоридаги калималарини ўқир эканман, Мирпўлатнинг юрак хасталигига учраб, олис Ҳиндистонга бориб, шифо топган пайтларини эслайман. Балки бу хасталик Наим Каримов айтган армонларнинг оқибати эмасмикан?! Бу хасталик янги ташкил этилган “Жаҳон адабиёти” журналининг ташвишларидан бино бўлмаганмикан?! Бу беоромлик жўжабирдай оиланинг камхаржлигидан юзага чиққан бўлса не тонг?!
Мирпўлат Мирзо серфарзанд эди. Шу боис кўп ишлади, тинимсиз меҳнат қилди. Айниқса, қардош халқлар ва рус адабиёти вакилларининг асарлари таржималари устида кўп ўтирди. “Жаҳон адабиёти” журналининг у бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган йиллардаги сонларини варақласангиз, бунга гувоҳ бўласиз. Мазкур журналда унинг “Қалбимдасан, Ватан”, “Ватан қадри” (2007й. № 9-сон, 2008 й. № 9-сон) каби туркум шеърлари қаторида, Расул Ҳамзатов, Ояр Вациетис, Б.Ахмадулина, А.Ахматова, Константин Бальмонт, Абай, Ўлжас Сулаймонов, Н.Ўразалин каби ўнлаб шоирлардан қилган таржималари чоп этилди. Айни шу йилларда унинг публицистик маҳорати ҳам юз кўрсатди. Шоирнинг “Меҳрга муҳтож ҳилқат”, “Муҳташам кўприклар диёри”, “Райҳон иси” каби манзумалари дунёга келди. Буларнинг барчаси машаққатли меҳнат, уйқусиз тунларнинг ҳосиласи… Касаллик ҳам! Қадимгилар “меҳнат билан дард чекти” деб бекорга айтишмас экан.
Мирпўлат Мирзонинг 80-йилларда ёзган “Ҳижронда” деган бир шеъри бор:
Мен сафарга жўнаб кетганда,
Биламан,
уй қолар ҳувиллаб.
Шаҳар узра шом қўниб, сени
дилгир гўша қарши олару
юрагингни чирмар бир ғусса.
Остонадан ҳатлаб паришон,
ёққанингда даҳлиз чироғин,
хоналарни тинтиб-ахтариб,
жажжи қизим тинмай бидирлар,
сўраб менинг нечун йўқлигим.
Юпатасан эркалаб уни,
қўғирчоқлар қиласан ваъда,
сўнг ўзинг ҳам юпанмоқ бўлиб,
нимагадир уннай бошлайсан,
лекин унмас юмушинг сира.
Мен сафарга жўнаб кетганда,
орамизга тушганда ҳижрон,
шундоқ кечар сенинг ҳар шоминг –
руҳингни тарк этар фароғат
ва сезмайсан
уй бурчидаги
кўзгу юзин босар чанг-ғубор…
Мазкур шеърни шоир, гарчи бу ҳақда таъкидламаса ҳам, сезиб турибсиз, суюкли рафиқаси, фарзандларининг онаси, меҳрибон аёл Саёҳатхонга бағишлаган. Мирпўлат оилапарвар, вафодор эр эди. Давраларда нима гаплар, қандай мавзулар гапирилмайди, дейсиз. У билан шунча дўст бўлиб, бирон марта бўлсин оғзидан аёллар ҳақида ножўя сўз эшитмаганман. Ҳозир ёдимда йўқ, муҳаббат ҳақида бир шеъри бўларди. Давраларда ўша шеърини ўқиса, шеър сўнггида ”Мен сизни шундай севаманки, просто не возможно” деб тугатарди. Ҳа, шундай, Мирпўлат иштирок этган давра ҳазил-мутойибадан холи бўлмасди. Уни эслаб ёзяпману, ҳозир кўчадан кириб келаётгандай, дарвозага қарайман…Ҳа, шундай, яхши инсон ёди ўчмасдир!
Ёқубжон Хўжамбердиев
2019/9
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: