Сил

Кох таёқчалари ишлаб чиқарган токсинлар қон орқали бутун организмга тарқалади ва дастлаб марказий нерв тизимига таъсир этади. Беморнинг юрак уриши тезлашади, меъда ости безларининг шира ишлаб чиқариш хусусияти пасаяди. Шунинг учун беморнинг еган овқати қийин ҳазм бўлади, иштаҳаси йўқолади. Ички секреция ва жинсий безларнинг фаолияти ҳам сусаяди. Буларнинг ҳаммаси организмда модда алмашинуви бузилишига сабаб бўлади. Шуни айтиш жоизки, ўпка сили оғир ёки енгилроқ шаклда ўтиши мумкин, унинг клиник аломатлари ҳам ҳар хил. Бу кўпроқ бемор организмининг қувватига, инфекцияга қарши кураша олиш хусусиятларига, инфекциянинг кучли ёки кучсиз бўлишига ва яна бир қанча омилларга боғлиқ. Шу сабабли касалхоналарда бемор касалликнинг қандай бошланишига ва қай жараёнда ўтаётганлигига қараб даволанади.

Касаллиги барвақт аниқланган бемор мунтазам равишда муолажалар олиб турса, силнинг қандай шакли бўлишидан қатъий назар, бутунлай соғайиб кетади. Шу сабабли бемор вақтни ўтказмай мутахассисларга мурожаат этиб, даво чораларини бошлаши ўзи учун ҳам, оиласи ва теварак-атрофдагилар учун ҳам муҳимдир.

Ҳозирги вақтда беморлар DOTS дастури асосида даволанади, муолажалар давомийлиги 6-8 ой муддатни талаб қилади. Силнинг дориларга турғун турларида эса “DOTS плюс” дастурига кўра мутахассис назоратида 18-24 ой муолажа олиб борилади. Беморни даволашда, унга турли дори-дармонлар қилиш билан биргаликда организм фаолиятини кучайтирадиган ва моддалар алмашинувини яхшилайдиган оқсил, ёғ, карбонсув ва витаминларга бой овқатлар бериш жуда катта аҳамиятга эга. Беморнинг овқатида етарли миқдорда гўшт, тухум, сут, сузма, сариёғ, ун, гуруч, картошка, сабзи каби махсулотлар бўлиши лозим.

Таомномасига эътибор қаратинг

Беморнинг кундалик таомномасида ўрта ҳисоб билан 200-300 грамм гўшт ва балиқ, 400-500 грамм сут, 100 грамм сузма, битта тухум, 500 грамм нон, 80-100 грамм гуруч, 600 граммгача сабзавот, 100 грамм ёғ (шундан 30 грамми эрталаб нонуштада бериладиган сариёғ) бўлиши керак. Бемор витамин В, С га бой анор, олма, узум, қовун, мандарин ва бошқа мевалардан ҳар куни истеъмол қилиб туриши мақсадга мувофиқ.

Дори-дармон бемор организмидаги сил таёқчаларининг кўпайишини тўхтатади ва уларни нобуд қилади.

Сифатли овқатланиш ва санаторийларда дам олиш эса организмни бақувват қилади, организм қувватланган сари касаллик енгиллашади, бунинг натижасида бемор тезроқ тузалади.

Баъзи беморлар табибларда даволанишни маъқул кўрадилар ёки бировлар маслаҳатларига кўра ит ва типратикон гўштларини пишириб ейишади, уринотерапия ва бошқа бир қанча усулларидан фойдаланиб даволанишга ҳаракат қиладилар, лекин буларнинг ҳеч қайсиси даво сифатида фанда ўз исботини топмаган.

Юқтирмаслик чоралари бор

Силни қўзғатувчи Кох таёқчалари айниқса ҳавода кўп тарқалган экан, нега кўпчилик бу касаллик билан оғримайди, деган савол туғилиши мумкин.

Ўйлаб қаралса, сил касаллиги билан оғриган бемор бор уйда оиласининг бошқа аъзоларига касаллик доим юқавермайди, шунингдек сил диспансерларида ишловчи тиббиёт ходимларига касалликнинг юқиши камдан-кам ҳодисадир. Гап шундаки, киши организми ҳар қандай касалликка қарши курашиш хусусиятига эга.

Организм бақувват бўлиб касалликни енга олса, касаллик қўзғатувчи микроблар нобуд бўлади ва киши силга чалинмайди.

Сил касаллиги билан оғриб, касалликни енга олган киши организмида силга қарши иммунитет пайдо бўлади. Лекин бу иммунитет, масалан, қизамиқ билан оғриган боланинг организмида қизамиққа қарши пайдо бўлган иммунитет каби доимий бўлиб қолмайди, яъни маълум вақт ўтганидан сўнг иммунитетнинг кучи сусайиб, киши маълум шароитда сил касаллигини юқтириши мумкин. Олимлар киши организмининг ана шу хусусиятини назарда тутиб, организмда силга қарши сунъий йўл билан иммунитет ҳосил қилиш йўлини топдилар.

Ҳозирги кунда ҳар бир туғилган чақалоқларга (агар қарши кўрсатма бўлмаса) ҳаётининг 3-5 кунида силга қарши БЦЖ вакцинаси қилинади. Бу вакцина сил микробининг кучсизлантирилган тури бўлиб, чақалоқ организмида силга қарши иммунитетни шакллантиради.

Олдини олса бўлади

Сил касаллигининг олдини олишда аввало ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига риоя қилиши, зарарли одатлардан холи бўлиши, тўғри овқатланиши ҳамда инфекциянинг (микробларнинг) тарқалишига йўл қўймаслиги зарур. Бунинг учун бемор ва унга қаровчи кишилар санитария ва гигиена қоидаларига қаттиқ риоя қилишлари лозим.

Бемор бор оилада, касаллик бошқаларга ва теварак-атрофдаги кишиларга юқмаслиги учун, қуйидаги тавсияларга амал қилган маъқул:

  • бемор ётган уйдан диван, гилам, шолча, ортиқча стол-стул, хуллас бемор учун унчалик зарур бўлмаган нарсаларнинг ҳаммасини чиқариш керак, чунки уларга чанг тушади, улар уйни озода тутишни қийинлаштиради;
  • уйни ҳар куни эрталаб яхшилаб тозалаш, полни ювиш, буюмларнинг чангини нам мато билан артиш лозим;
  • уйни ҳафтада бир марта обдон тозаланг, уйдаги ҳамма нарсаларни, беморнинг кўрпа-ёстиқларини, кийим-бошини ҳам ташқарига чиқариб қуёш нурида 2-3 соат қуритиш ва чангини қоқиб уйга олиб кириш керак. Пол, каравот, стол, стул, эшик ва ойналарни иссиқ сувда совунлаб ювинг;
  • қишда кунда бир неча марта ойнани очиб уйни шамоллатиш, ёзда эса, ойнага, докадан парда тутиш, у доимо очиқ туриши лозим;
  • уйда таъмаки чекиш мутлақо ярамайди;
  • беморнинг идиш-товоғини, бемор овқатлангандан кейин ҳар гал 15-20 дақиқа қайнатиб ювиш керак;
  • беморнинг дастрўмоли, сочиқ, чойшаби, ички кийимларини алоҳида сақлаб, алоҳида ишқорли сувда қайнатиб ювиш ва қуригандан сўнг яхшилаб дазмоллаш керак;
  • беморнинг идиш-товоғидан, сочиғидан, дастрўмолидан, ички ва устки кийимларидан, кўрпа-ёстиғидан фойдаланиш мутлақо ярамайди;
  • бемор шифохонага ётқизилганидан сўнг ёки санаторийга кетганидан сўнг, у ётган уйдаги нарсалар дезинфекция қилинади;
  • беморнинг озодаликка риоя қилиши касаллик микроблари тарқалишининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди;
  • бемор махсус чўнтак туфдонига туфлаши, балғам ташлаши лозим, бундай туфдон чўнтакда олиб юриш учун қулай, арзон бўлади;
  • туфдонни бўшатиш олдидан ичига 5% ли хлорамин эритмаси қуйиб фақат ҳожатхонага тўкилади, сўнг туфдон яна хлорамин эритмаси билан яхшилаб чайилади. Агар ҳожатхона чуқур бўлмаса, тупук-балғамдаги микроблар тарқалмаслиги учун туфдон бўшатилмай махсус идишда 2% ли ишқорли сувда бир соат қайнатилади, сўнгра қайнаган сув ҳожатхонага тўкилади;
  • бемор йўталганда ва акса урганда оғзини рўмолча, сочиқ билан ёки чап қўлининг орқаси билан тўсиши лозим;
  • бемор ҳар гал овқатланиш олдидан ва ҳожатдан сўнг қўлларини яхшилаб совунлаб ювиши зарур;
  • беморга қаровчи кишилар ҳам озодалик қоидаларига қаттиқ риоя қилишлари зарур.

Сил оғир касаллик бўлсада, агар бемор қунт билан даволанса, касаллик батамом тузалади. Баъзи беморлар шифокорга кеч мурожаат қиладилар, натижада касаллик авж олиб сурункали шаклга ўтади. Шундай экан, ушбу хасталикка қарши курашиш ва унинг олдини олишга ҳар бир киши ҳамда унинг атрофидагилар ўзини масъул деб билиши жоиз.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x