DO`STLARGA ULASHING:
Истеъдодли шоир, драматург ва носир Шукрулло (Шукрулло Юсупов) 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Дастлабки таълимни олгач, педагогика билим юртида (1935), сўнгра Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида, Давлат университети қошидаги аспирантурада ўқиган. У турли газета ва журналларда, бадиий адабиёт нашриётларида ишлади, ўқитувчилик ҳам қилди. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлди.
Шукруллонинг дастлабки шеърлари урушдан олдин яратилган бўлса ҳам, у ижоднинг катта йўлига 40-йилларнинг охирларида чиқиб олди. Унинг биринчи шеъри 1939 йилда дастлабки шеърий тўплами «Биринчи дафтар», «Қалб қўшиқлари» эса 1949 йилда нашр этилган. Шоир 1948 йилда чоп этилган «Чоллар» достонида янги ерларни ўзлаштиришга киришган замондошлари образини яратди. Кейинчалик яратилган «Икки қоя», «26-тонг отари» (1970) каби достонлари билан ўзбек достончилик ривожига муносиб улуш қўшди.
Шукрулло ижодида маънавий-ахлоқий масалаларни тасвирлаш асосий ўринни эгаллайди. Хусусан, унинг «Ҳаёт илҳомлари», «Умрим борича», «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964) каби шеърий тўпламларига кирган кўпчилик шеърларида инсондаги энг муҳим маънавий-ахлоқий фазилатлар улуғланади, кўз-кўз қилинади. Шунингдек, кейинчалик яратилган «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988) каби шеърий гулдасталарида ҳам ҳазрати инсонга таъзим бош ўринда туради. Айниқса, унинг «Зарралар» тўпламидан жой олган кўпчилик рубоийлари инсон ҳақидаги мадҳия, инсон ҳақида битилган гоҳ мунгли, гоҳ шодон қўшиқни эслатади.
Шукрулло драматург сифатида ҳам қалам тебратиб келади. Унинг «Хатарли йўл», «Табассум ўғрилари» (1977), «Ўғрини қароқчи урди» (1984) каби драмалари Республика театрлари саҳналарида намойиш этилган.
Шукрулло моҳир публицист ва носир сифатида ҳам кенг китобхонларга маълум. Бу ўринда унинг адабий-фалсафий мақолаларидан ташкил топган «Қасосли дунё» (1994) китобини эслаш кифоя. Чунки, ундаги публицистик мақолалари турли йилларда ёзилган бўлса ҳам, улар замондошимиз маънавиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, уни камолот сари етаклаши табиийдир.
Шукрулло — носир деганда, унинг уч асарини эслаш етарли. Бири — «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) қиссаси, иккинчиси — «Кафансиз кўмилганлар» (1989) хотира-романи, учинчиси Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникасидир. Улар маълум маънодаги автобиографик асар бўлганлигидан ўз маъно ва мазмунига кўра бир-бирини тўлдиради. Бу асарлар инсон ҳақидаги, инсонга хос ва уни безаб турадиган фазилатлар тўғрисидаги фожеавий қасида дейиш мумкин.
Шукрулло болалар учун ҳам асарлар яратган. Унинг «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) каби шеърий тўпламларида болаларнинг такрорланмас ички дунёси, орзу-истаклари, интилиш ва мақсадлари Ватанга бўлган муҳаббат туйғуси билан уйғунлашиб кетади. Уларда дўстлик, она табиат тасвири етакчилик қилади.
Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш. Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқалар шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган
У Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977), Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори.
2020 йил 19 июль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.