Шовқин — зарарли чиқинди

Инсон касаллик келтириб чиқарувчи кўпгина омиллардан онгли равишда ҳимоялана олади. Айтайлик, сифатсиз сув ёки эски овқатларни истеъмол қилмаслиги, чанг-ғуборли ҳаводан нафас олмаслиги, ўзи ёқтирмаган киши билан муомала қилмаслиги, шунингдек ишлаш ва дам олишда зарарли жиҳатлардан сақланиши мумкин. Лекин салбий омиллар ичида биттаси борки, уни кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлмайди ва бахтга қарши ҳамиша ҳам ундан тўлақонли сақланиш қийин кечади. Бу шовқиндир.

Инсон кундалик турмуш ва ишлаб чиқариш жараёнида ажралаётган катта миқдордаги қаттиқ, суюқ ва газ ҳолдаги чиқиндиларни имкон даражасида зарарсизлантириб, ҳатто улардан иккиламчи хом ашё сифатида фойдаланади. Аммо шовқин тўғрисида камроқ ташвишўйлаймиз.

Товуш аслида маҳсулот, худди электр токига ўхшаган, ишлаб чиқарилган вақтнинг ўзида ундан “фойдаланилади”. Меъёридан ошиб кетса шовқин ҳам зарарли чиқиндига ўхшаб қолади. У зарарсизлантирилмаса, яъни пасайтирилмаса, жамики тирик мавжудот соғлиғига салбий таъсир қилади.

“ДУШМАН” ТОВУШЛАР

Юракнинг бир маромда уришини мусиқанинг бир текис ритмига ўхшатишади, аммо пала-партиш ура бошласа, шифокорлар “юракда шовқин пайдо бўлибди” дейишади. Ҳатто машиналар ҳам паст овозда ишласа моторнинг созлигидан далолат беради. Унинг меъёрдаги товуши шовқинга айланса, бизга унчалик ёқмайди ва дарҳол мутахасисга кўрсатамиз. Ғичиллаб очилган эшик ҳам одамнинг асабини бузади.

Тинчгина уйда ўтирганингизда бирданига эшик қаттиқ таққилласа ҳавотир оласиз. Одамлар бир-бирлари билан секин овозда  гаплашсалар тезда тушинадилар. Аммо, суҳбатдошлардан бири овозини кўтарса  иккинчи суҳбатдош норозилик билдиради ва бу ҳолат асаббузарликка олиб келади. Ҳатто ҳайвонни қўрқитиш учун қаттиқ товуш чиқарилади. Демак, шовқин нафақат инсонга, балки эшитиш қобилиятига эга бўлган жамики жонзотга ёқмайди ва салбий реакция келтириб чиқаради.

Бутун дунёда техника тараққиёти жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврда, ишлаб чиқариш, транспорт воситалари, ҳар хил овоз кучайтиргичлар кундан-кунга кўпаймоқда ва такомиллашмоқда. Улардан чиқаётган шовқин даражаси ҳам ошмоқда. Хонадонимизни ташқи шовқиндан сақлаш мақсадида эшик ва деразаларимизни замонавий пластик материаллардан тайёрламоқдамиз. Ишлаб чиқариш корхоналарида қулоқчинлар берилади, товушни ютувчи қопламалардан фойдаланилади. Бугун шаҳар кўчаларида шовқин даражаси айрим маълумотларга қараганда 80 дБ (децибел  дан 100 дБ га етган ва йилига 1 дБ дан ўсиб бориши қайд этилмоқда. Хуллас, шовқин организмга зарарли таъсир этади, дам олишга ва ишлашга доим ҳалақит беради.

ТЎЙГА ҚУЛОҚЧИНДА БОРИШ КЕРАКМИ?

Баъзида тўйга борамиз, қарасакки, мусиқа ва қўшиқнинг товушини меьёридан ортиқ юқори қўйиши натижасида тўйга келганлар бир-бирлари билан бемалол гаплашолмайдилар, асабийлашадилар, баъзида мазалари қочиб чиқиб кетишга ҳам мажбур бўладилар. Сабаби, шовқин даражаси юзлаб маротаба меъёрдан ошиб кетади. Воҳоланки, тўйга одамлар дам олиш учун, дўстлари билан дийдор кўришиш, суҳбатлашиш учун борадилар. Энди тўйга ҳам қулоқчин қийиб бериш керакми деб ўйлаб қолади киши.

Кўп қаватли уйларда, кўчаларда енгил машиналарда, жамоат транспортларида ҳаддан ташқари мусиқани баланд қўйишлар ҳам одамларнинг асабига салбий таъсир қилади ва соғлиғини издан чиқариши мумкин.

Илгарилари шовқиннинг фақат эшитиш аъзоларига салбий таъсири аниқланган бўлса, бугун унинг бошқа аъзоларга ҳам салбий таъсири ўрганилмокда. Сезги аъзолари, юрак-қон томир тизими, марказий асаб тизими, овқат ҳазм қилиш тизими ва ҳаракатлантирувчи анализаторлар фаолияти издан чиқишига кўпинча кучли шовқин сабабчи бўлар экан.

Иш жойларида шовқин давомли тарзда доимо баланд даражада сақланиб турса, эшитиш қобилияти секин-аста пасаяди ва шовқинни пасайтириш чоралари кўрилмаса одамда умуман эшитмай қолиш ҳолати юз бериши ҳам мумкин. Одатдаги товуш 10 дБ дан ошганда, эшитиш аъзоларида сезиларли ўзгариш кузатилмайди. 20 дБ га етганда унча катта бўлмаган ўзгариш, аммо 20 дБ дан ошганда, айниқса катта ёшли кишиларга нисбатан унинг таъсир даражаси кучли бўлади. Натижада одамларда асосан бош оғриғи, бош айланиши, иш қобилиятининг пасайиши, уйқусизлик келиб чиқади.

Илмий хулосаларга кўра, иш жойларида шовқин 100 дБ дан ошса касалликлар даражаси 20-30 фоизга ошиши қайд этилади. Гигиеник: меьёрларга қараганда шовқиннинг йўл қўйиладиган энг юқори даражаси, юқори такрорланувчи шовқинлар учун 75-80 дБ, паст такрорланувчи шовқинлар учун 90-100 дБ қилиб белгиланган.

ЮЗ БИР ДАРДГА САБАБЧИ

Узоқ муддатли, юқори даражадаги шовқин биринчи галда марказий асаб тизимига салбий  таъсир қилади. Одамнинг билимларни ўзлаштириши, хотираси ва иш қобилияти пасайиб, қўзғалувчанлик ошади.

Илмий хулосаларга қараганда, 70 фоиз невроз касалликлари юзага келишига шовқин сабаб бўлар экан. Таъкидлаганимиздек, шовқин кучи 120 дБ дан ошганда қон томирлар тораяди, юрак тез-тез ва қисқа уради, ритми ўзгаради, бу ҳолат узоқ давом этса юракда ҳар хил касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Юрак соҳасидаги оғриқни йўқотиш учун уй шароитида даво машқларини бажариб кўришингиз мумкин.

Қолаверса юқори  даражадаги  шовқин инсон психологиясига ҳам ёмон таъсир қилади. Айниқса ўқувчиларда ўзлаштириш пасаяди, 12-16 фоизгача ҳолларда хотира пасаяди, эшитиш сусаяди.

Англияда ўтказилган илмий тадқиқот натижаларига кўра, ишлаб чиқариш жараёнида шовқин меҳнат унумдорлигини 40-60 фоизга камайтирган. Тўқимачилик корхонасида шовқин 10 дБ га камайтирилганда меҳнат унумдорлигига 12 фоизга ошган. Шовқин атиги 1 дБ га камайтирилса меҳнат унумдорлиги 1 фоизгача ошиши тажрибаларда исботланган.

Шовқин овқат ҳазм қилиш тизимига ҳам салбий таъсир қилиб ошқозонда шира ажралишини издан чиқариши ва кўп ҳолларда гастрит касаллигини юзага келтириши кузатилган. Шунингдек шовқин қалқонсимон безга, гипофиз ва буйрак безларига ёмон таъсир қилиши мумкин. Австриялик олим Гриффитнинг хулосасига қараганда катта шаҳарларда шовқин инсон умрини 8-10 йилга камайтиради.

Ишлаб чиқаришда, завод ва фабрикаларда, қишлоқ хўжалигида тебранишларни ва ундан чиқадиган шовқинларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мутахассис олимлар бу муаммо устида ишлаб, турли хил тебранишларни камайтиришга мўлжалланган мосламаларни, товуш юткичларни, ҳимоя воситаларини ишлаб чиқмоқдалар ва шовқиннинг даражасини бир неча бор камайтиришга эришишяпти. Мамлакатимизда махсус Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, республика, вилоят ва туманларда, шунингдек катта шаҳарларда давлат санитария эпидемиология назорати марказлари иш олиб бормоқда.  Айниқса катта шаҳарларда автомашиналардан, хуллас, турли транспорт воситаларидан чиқадиган шовқинни камайтириш учун ён-атрофни кўкаламзорлаштириш, айниқса, дарахтларни кўпайтириш ҳисобига шовқинни 70 фоизга камайтириш мумкин экан.

Саломатлигимиз душмани ҳисобланган кучли шовқинли товушлардан ўзимизни асрасак, узоқ йиллар  дард кўрмай яшаймиз, эшитиш аъзоларимизга ҳам ҳеч бир зиён-заҳмат етмайди.

Ибодулла АБДУЛЛАЕВ,

физиолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x