Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига бениҳоя катта ҳисса қўшди. Шоир ўз сўзи, овози, руҳи билан замонавий шеъриятимизни янгилади, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Унинг шеърларида чуқур фалсафийлик, исёнкор руҳ, эл-юртга муҳаббат, диний-ахлоқий теранлик, миллий ғурур чинордек бўй кўрсатиб туради. Истибдод қиличи қайралиб турган замонда у баралла “Ўзбекистон – ватаним маним” деди. Шу боис ўзбек халқининг улуғ фарзанди Ислом Каримов бир сўзида шоирни эъзозлаб, “Абдулла Ориповдек шоир юз йилда бир марта туғилади” деганди.
Абдулла Ориповдан адабиёт ихлосмандларига, ўзбек халқига элликка яқин шеърий тўплам, иккита драма, бир қанча жаҳон шоирлари ижодидан қилинган таржималар қолди.
Шоир устоз сифатида кўплаб ижодкорларга оқ йўл тилади, унга эргашиб бир неча шоирлар ўзбек шеъриятини гўзал асарлар билан бойитди. Шоирга бағишлаб тенгдошлари, шогирдлари кўплаб шеърлар, бағишловлар ёзди. Ана шундай шеърларни эслаганда, албатта, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг сатрлари ёдга тушади:
Шундай. Турли ларзалардан тирилмоқда томирлар,
Мозийга-ю, руҳ ичига кирмоқда бир пок нурлар.
Ота Турон даштларида бош кўтарар ғурурлар,
Битта синмас ғурур Сенсан. Тилло оғам сен менинг,
Қодирийнинг ўрнин босган Абдулло оғам сен менинг.
Шеъриятда кутилмаган янги нафас пайдо бўлди. Томчини кузатган бўлсангиз, тўлишганидан кейин томади. Абдуллажоннинг шеърлари ҳам ана шундай. Олдин сўзма-сўз, сатрма-сатр юраги қонида қайнаб пишади.
Абдулла Қаҳҳор
Шеър ўқиган ёш йигит – Абдулла Орипов ҳақиқий шоир! У ўзбек халқининг ифтихорига айланади.
Расул Ҳамзатов
Ўзбекларга хос донишмандлик, бағрикенглик, хокисорлик ва андиша Абдулла Орипов поэзиясига сингиб кетган.
Евгений Евтушенко
Абдулла Орипов – шоир! Шоир бўлганида ҳам анов-мановлардан эмас. Худо бутун қилиб берганлардан. Зўр!
Миртемир
Эскирмас, тўзимас сўз соҳибларидан бири Абдулла Ориповдир. Унинг илк шеърлари халқ қалбида қандай акс-садо берган бўлса, энг янги сатрлари ҳам шундай сеҳрли қудрат билан жаранглаб турибди.
Эркин Воҳидов
Давлат мадҳиясини яратиш камдан-кам ижодкорга насиб этадиган бахтдир. Абдулла Орипов ҳар бир ўзбекистонлик қалбидан жой олгани шубҳасиз.
Лойиқ Шерали
Абдулла Ориповнинг шеъриятимиз осмонида пайдо бўлишини чақмоққа ўхшатадилар. Тўғри! Аммо чақмоқ ўчади, қудратли нур сочган истеъдод эса – умрбоқий! Абдулла Орипов шеъриятини момоқалдироққа ўхшатадилар. Рост. Аммо момақалдироқ гулдироси тинади, қалбларни мафтун этган шеъриятининг садоси эса абадий!
Иззат Султон
Абдулла Орипов шеъриятида мен фикрнинг салмоқдорлигини, образларнинг оҳорли, қуймалигини, ўқувчини зериктирувчи тор маъноли қизилсўзликдан холиликни кўрдим.
Ёш шоир сўзнинг ифода кучини бехато сезади, ҳаётни ўз бўлишича, уни ўзига хос янги назар билан кўради. Ўзбек шеъриятини янги катта истеъдод билан қутласа бўлади.
Қайсин Қулиев
1970 йил
Абдулла Орипов – Ватан куйчиси. У Ватанни борлиғича, бутун гўзаллиги билан бирга кўради. У Ватаннинг ўтмишига назар ташлаб, толеи ўнг келмаган юртини, жабрдийда халқини, бугунги кунига назар ташлаб, яшнаётган шаҳар ва қишлоқларни, буюк ишларни амалга ошираётган халқини кўради.
Матёқуб Қўшжонов
Шеър ва умр ҳикмати элу юрт ташвишлари, орзу ва мақсадлари билан яхлит ва муштарак ҳолда яратилсагина – у келар авлодларга ҳам татигулик кўлам, залвор ва маъно касб этади. Бундай шеърлар эскирмайди, вақт ҳам уларга ўз ҳукмини ўтказолмайди. Истиқлол даври иншоотлари қаторида шеърияти қўрғондай ярқираб турган, янги тарихимизнинг илк қаҳрамон шоири устоз Абдулла Ориповнинг серфайз, баракали ижоди бунга мисол бўла олади.
Сирожиддин Саййид
Абдулла Орипов ўзбекнинг энг катта шоирларидан биридир. Абдулла Орипов – замонавий ўзбек шеъриятига юрак, руҳ ва маъно олиб кирган улуғ зот.
Усмон Азим
Буюк деган атамани кўпам ишлатгим келмайди. Аммо Абдулла акани “буюк истеъдод” деб бемалол аташга ҳеч нарса монелик қилмайди. Истеъдод сифатида ҳар қандай сифатлашларга дош берадиган асарлар ёздики, бу ўзбек адабиётининг ХХ асрдаги ёрқин намунаси бўлиб қолди.
Назар Эшонқул
Ғиёсиддин Ўнаров тайёрлади.
https://saviya.uz/hayot/mashhurlar-hayoti/sheriyatga-baxshida-umr/