Элиас Канетти,
Нобель мукофоти лауреати,
Немис адиби
Одатда, ўз ғояларини шеърий йўл билан ифодаловчи мистикларга шоир сифатида қаралмайди, аммо форс шоирлари бундан мустасно. Нега? Чунки улар ўз асарларида реал оламнинг нореал қаҳрамонлари бўлмиш мажнунлар ва ҳайвонлар ҳақида сўз очадилар. Уларнинг ёзганларидаги жунун бизникига ўхшамас, эҳтиёжлари ҳам ўта ғайриоддий кўринади. Рости, улар қанчалик Олий Руҳ — Тангрига интилмасинлар, бироқ ёзганлари ибодатгоҳларнинг зерикарли ва ясама сукутидан холи, бунга сари улар одатий художўйнинг кўнглида кўр-кўрона вужудга келтирилган сиполик уларга бегона. Сиз уларнинг битикларини ўқиркан, мазкур байтларни қоралашдан аввал жуда узоқ вақт узлатга, узлат бўлганда ҳам бир биллур узлатга чекинганликларини ва ниҳоят жом шаробга тўлгани сингари муаллифнинг қалби ҳам ўта латиф ва муқаддас эҳтиросга тўлиққачгина ёза бошлаганларини сезиб турасиз.
Форс шоирлари чиндан донишманд эдилар, бироқ ақл ўргатмаганлар. Забонида сўз лашкари жанга шай бўлса-да, улар сукут билан сулҳ тузишни афзал кўрганлар.
Биз уларга ғарбона, киборларга хос кир нигоҳ билан қарамаслигимиз керак. Саъдий ё Қосим Анвор поэзияси биз ўйлаган, биз эътиқод қилган майда ғоялардан анча баланд. Ахир, мана шу оддий аксиомани англаш учун Борхесдек катта адабиётшунос бўлиш шарт эмас-ку?!
Сизга буларни зўр бериб тушунтиришга уринаётганимнинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, бугунги Европа ўзлигидан чандон узоқлашдики, натижада замонавий технологиялар бизни темирга айлантириб қалбимизни-да эҳтиёжларга муте қилиб қўйди. Шарқ шеърияти эса мана шу мутеликни ёриб чиқиш учун имконият беради бизга.
Гап фақат форс назми ҳақида кетмаяпти. Худди немис поэзиясида совуққонлик, фаранг шеъриятида нафислик, инглиз назмида дидактика устун тургани каби Шарқ шеъриятида ҳам ўзига хос услубий табақаланиш бор. Боя айтиб ўтганимдек форс шеърияти одамни ўз жозибадорлиги, фикрий товланишлари билан ром этса, араб ғазалиёти ўзининг донишмандлиги ва сирлилиги билан, туркий халқлар поэзияси эса оловдек жўшқин тили ва ўта мустаҳкам анъаналари билан одамни ўқувчини лол қолдиради.
Модомики туркий шеърият ҳақида гап борар экан, Озарбойжон шоири Фузулий хусусида нимадир демай илож йўқ. Унинг ҳар қандай нозиктаъб китобхонга бирдай хуш ёқувчи ғазал ва рубоийлари бор. Бу, албатта жаҳон сўз санъати учун катта ютуқ, унутилмас воқеа.
Биз нега Шарқни ўқимай қўйганимизни қўлимга қалам олганимиздан буён тушунолмайман. Ахир Бодлер билан мақтанган халқ Юнус Эмрони, Ҳейнени такрорлаб юрадиганлар Навоийни ўқимаганман, дейиши уят эмасми? Шарқликларнинг ўзи ҳам Ғарб шеъриятидаги оҳангжамаларга, турли совуққон тажрибаларга алданиб қолаётгани кишини ранжитади.
Биз модерн адабиётни юзага чиқардик, унга Шахсият масаласини устувор қўйдик, бироқ вақтлар ўтиб модернизм қандайдир нўноқ, истеъдодсиз ва эринчоқ шоирлар учун томоша майдони бўлиб қолади, деб ўйламагандик. Минг афсуслар бўлсинки, замонавий шарқ шоирлари ҳам мана шундай бесамар тажрибаларга, юзаки сўзбозликка алданиб қолмоқдалар.
Араб шеъриятининг бугунги аҳволи қай даражада? Форслардан яна Саъдий чиқдими? Туркийларга боқинг, энди уларга Тангрим Навоийни берармикан? Ахир Навоий ва Фузулий, Лутфийлар бутун вужуди билан Шарқ одами эди-ку?!
Биз номини санаб ўтган шоирларнинг авлодлари тўғри йўлдан кетаяпманмикан, деб ўзларига савол берсалар ёмон бўлмасди. Мен эскилик тарафдори эмасман, асло! Барча ўзидан аввалги стереотипларни синдиришга, мезонларни ўзгартиришга ҳақли ва мажбур. Аммо… Монтен айтганидек, ижодкор чексизликка чиқиб олганидан сўнг мана шу чексизлик ҳам унга қолип вазифасини ўтай бошлайди.
Сўзим охирлаётир. Мен ўз фикримни мухтасар баён эта олдим, назаримда. Хитой ва япон шеъриятидан кўнглим тўқ. Исикаво Такубоку каби шоирлар ҳамон ўз анъаналарини давом эттирмоқдалар. Ишонамнки, қолган Шарқ нозимлари ҳам фақат Оврўпага кўр-кўрона тақлид қилавермай илдизларига чуқурроқ, ўзгача нигоҳ билан ёндошсинлар.
Инглиз тилидан
Мирзоҳид Музаффар
таржимаси
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/sharq-nazmi-xususida/