Шамоллашни даволашда оддий чоралар

Киши шамоллаб қолганида, дастлаб бурни битади, томоғи оғрийди, дармони қурийди. Йўтал эса кейинроқ бошланади. Хўш, йўталнинг олдини олиш мумкинми? Албатта, мумкин. Бунинг учун бурнингизни ҳар куни 3-4 маҳал шўр сув (бир стакан қайнатилган илиқ сувга бир чой қошиқ туз солинади) билан чайинг, кейин яллиғланишга қарши дори томизинг. Бошингизни орқага эгиб туриб томизсангиз, дори бурун ҳалқумининг орқа деворидан оқиб тушади, шунда таъсири яхшироқ бўлади. Бундан ташқари, ҳар соатда эритилган сув ёки йод томизилган илиқ сув билан чайинг. Мойчечак ва маврак дамламалари билан ғарғара қилинганда томоқ йўллари равонлашиб, йўталнинг олди олинади.

Шамоллагандан кейин бир ҳафта ўтиб, йўтал бошланса, илиқ сутга сариёғ ва ичимлик сода солиб ичиш ёрдам беради. Асалли иссиқ чой, ишқорли минерал сувни илитиб ичиш ҳам фойдали. Йўтал қолдиришнинг синалган усулларидан бири қуйидагича: бир чой қошиқ шакарни паст оловда қиздиринг, шакар эриганда қизғиш тусга киради. Шунда қошиқни совуқ сувга ботиринг. Эриган иссиқ шакар дарҳол қотади. Агар шуни шимиб юрсангиз, йўталдан қутуласиз.

Йўтал кучайиб, балғам кўчиши қийин бўлса, балғамни суюлтирадиган дорилар (бромгексин, мукалтин) ичиш зарур. Бундан ташқари, истеъмол содаси солиб, 5-6 томчи арпабодиён ёғи томизилган қайноқ сувга бошингизни буркаган ҳолда пардан нафас олсангиз, балғам кўчиши осонлашади. Йўтал узоқ чўзилганда шифокор маслаҳатига кўра антибиотиклар ичишингиз мумкин. Бундан ташқари, ультратовуш муолажаси бронх йўлларидаги балғамни суюлтиради ва йўтал билан чиқишига кўмаклашади. Шамоллаган одамни уқалаш ҳам йўтални камайтиришга ёрдам беради. Бунинг учун кафтнинг қирраси билан орқа умуртқани пастдан юқорига ёки юқоридан пастга қараб уқалаш керак.

Кўпчилик ҳаво зах ва совуқ бўлганда калта-калта йўтала бошлайди. Шунингдек, иссиқ хонадан кўчага чиққанда ёки совуқ ўринга ётганда ҳам йўтал тутади. Баъзан тамаки ёки спирт ҳиди йўталга сабаб бўлади. Одатда қув-қув йўталганда беморнинг юзи қизариб кетади, баъзан майда томирлар ёрилади. Бундай вақтда, албатта, пульмонолог шифокор назоратида жиддий даволаниш керак.

Мутахассисларнинг кузатишларича, кўп ҳолларда машқлар ҳам йўтални қолдириш ва балғам кўчишини яхшилашда ижобий самара беради. Бунинг учун қўлларни елкага қўйиб, чуқур-чуқур нафас олинг, нафасингизни тутиб туриб, аста-секин олдинга эгилинг, сўнг лабларингизни чўччайтириб, куч билан ичингиздаги ҳавони чиқаринг. Шунингдек, нафас олиб, қўллар кўтарилгач ва нафас чиқариб, қўллар туширилганда, кейин эса тез-тез, чуқур-чуқур нафас олиб, куч билан чиқарилганда ҳам йўталнинг тузалиши осонлашади.

Шамоллашнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганда лимонли шарбат тайёрлаш мумкин. Бунинг учун бир дона лимонни майда кесиб, 2 стакан қайноқ сув қуйинг ва 20 дақиқа тиндиринг. Унчалик ширин бўлмасин, бир соат мобайнида шу суюқликдан ичиб турасиз.

Тумовни даволашда ўртача катталикдаги пиёзни қирғичдан ўтказиб, оғизни очган ҳолда 10 дақиқа ҳидлаб туриш фойда беради. Сўнг шу пиёз сувига тоза пахтани шимдириб, бурунга икки томчидан томизиш керак. Муолажа хасталикнинг илк кунида 3 маҳал бажарилса, нафас олиш енгиллашиб, бурун оқиши тўхтайди.

Кунига 4-5 маҳал алоэ гулининг сувини бурун тешигига пахта ёрдамида бир неча томчи томизиб турилса, шамоллашдан тузалиш тезлашади.

Бир неча дона майдаланган саримсоқ бўлагини бир стакан қайнаган сувга солиб, бир соатча дамланг. Шу дамлама билан томоқни чайиб туриш керак.

Кечқурун оёқларга ванна қилиш лозим. Бунинг учун 5-8 литр сувга бир ош қошиқ қуруқ хантал (горчица) солинади. Унутмангки, бу муолажа юрак-қон томир ва буйрак касаллиги бор беморларга тавсия этилмайди.

Шамоллаш ва гриппнинг олдини олиш учун тоза ҳаво, жисмоний ҳаракат, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим. Вирусли касалликлар билан оғриган беморлардан узоқроқ юрган маъқул. Ҳар қандай ҳолатда ҳам муолажаларни шифокор назоратида маслаҳати асосида бажарсангиз, шамоллаш қайталамайди ва кўп вақт сизни безовта қилмайди.

Дурдона СУЛТОНОВА,
1-республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x