“Иқболнома” Шайх Низомий Ганжавий “Хамса”сининг бешинчи достони бўлмиш “Искандарнома”нинг иккинчи китобидир.
“Искандарнома”нинг биринчи китоби – “Шарафнома”да Искандарнинг туғилиши, вояга етиши, илм олиши, Эрон, Хитой ва Ҳиндистон устига юришлари тасвир этилса, “Иқболнома”да Жаҳонгирнинг улуғ файласуфлар ила суҳбатлари, пайғамбарлик мақомига етиб, ғарбу шарқ, жанубу шимол минтақаларига саёҳатлари ва кутилмаганда вафот этгани қаламга олинади. Низомий шулар воситасида ўзининг умр хулосаларини баён этади, ҳаёт ва мамот, ақл ва иймон, жамият ва адолат каби умумбашарий масалалар устида муҳокама, мушоҳада юритади.
Достон Ўзбекистон халқ шоири атоқли таржимон Жамол Камол томонидан тўлиқ ўзбек тилига ўгирилди. Қуйида мазкур достондан айрим паарчалар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Фақир, бенаво нонвой ҳикояти
Овоза бўлдиким, шаҳри Румга ул
Келган эмиш бегона юртли йўқсил.
Оз муддат ичида ўшал бенаво
Бўлди молу сарват соҳиби, доро.
Бир кимса билмасди, бу давлат ҳама
Тоғдин келмишми ё дарёди анга?
Биров дерди: топмиш магар кони зар,
Биров дерди: қароқчидир, йўлтўсар…
Охир арз этдилар подшога бориб,
Ғийбат этишарди тинмай, зўр бериб.
Ки ўзга бир юртдин келмиш, анақа,
Йўқди чўнтагида синиқ бир чақа.
Бир йил ўтар-ўтмас, қаранг, у йўқсил
Орқа-ўнги тўлди сарватга буткул.
Подшо ўн ҳисобдон юборса ҳамки,
Санаб, саноғига етолмас балки.
Фақир нонвой эди, ғариб, бенаво,
Бир бурда нонга ҳам зор эди ҳатто.
Энди бўлса, гавҳарфурушлик қилур,
Ақлга сиғмайди, андоқ иш қилур!
На тижорат унда, на бир зироат,
Қайдин келмиш шунча бисоту давлат?
Яхши бўлур эди гар шоҳи жаҳон
Унинг сиррин таҳқиқ этсалар ниҳон…
Жаҳондор амр этди: чорлангиз уни,
Ювсин этагидин гумон гардини.
Хилватда қўлимиз ўпиб, сўйласин,
Хушлик-ла сиррини аён айласин…
Давлатманд кимсага етишгач фармон,
Подшо саройига йўл олди ҳамон.
Ичкари кирдию ер ўпди кейин,
Ўқиди подшога олқиш, офарин.
Шоҳи жаҳон тинглаб йигитни андоқ,
Чорлади тахтига уни яқинроқ.
Неча пасту баланд сўз айтиб ажаб,
Ганжу хазинадин сўнгра очди гап.
Хушчеҳрасан, деди, хушвақтсан магар,
Фалак солмиш сенга хушнуд бир назар.
Келиб юртимизга, тутганда ватан,
Эшитдимки, ҳеч вақойинг йўқ экан.
Энди-чи сарватинг қайларга етмиш,
Ташимоққа карвонлар ожиз эмиш.
Давлат заҳмат ила топилур албат,
Подшога тегишдир топилган давлат.
Агар рост гапирсанг, сенга йўқ зиён,
Жонинг саломатдир, молинг ҳам омон.
Ёлғон сўзлар эсанг менга мабодо,
Молу жонингданам бўлурсен жудо…
Эшитгувчи кўрди, рост сўздин ўзга
Паноҳ йўқ, ўрин йўқ бошқа бир сўзла.
Ер ўпиб, подшога таъзим этди боз,
Деди сўнгра: “Эй шоҳи ожизнавоз,
Кўрмамиш шу жаҳон бедодинг сенинг,
Этилгай яхшилик-ла ёдинг сенинг.
Раият хурсанддир адолатингдин,
Жон десанг, жонни ҳам аямас сендин.
Сенинг тупроғингда топдим неъматим,
Сенинг адлинг ила келди давлатим.
Агар керак эса, давлатимни ул
Оёғинг остига сочаман буткул.
Камтарин ғуломинг бўлай ҳар нафас,
Шу хоки даргоҳинг ўпсам, менга бас.
Шоҳим буюрсаки, аҳволингни айт,
Не бўлди, не кечмишди, ҳолингни айт.
Айтамен, бу юртга қўяркан қадам,
Йўқ эди ёнимда менинг бир дирам.
Бенаволик ичра энди нетай мен,
Нонвой бўлиб, дедим, нонга етай мен.
Аммо бу ишимдин наво кўрмадим,
Бу касбу коримдин вафо кўрмадим.
Шоҳи саховатли шаҳарда, илло,
Киши нонвой бўлиб, бойимас асло.
Ғаму ташвиш аро яна чопдим мен,
Ризқи рўзимни ҳам аранг топдим мен.
Аёлим, мунисам, ўшал ёри жон
Ҳомиладор бўлди шунда ногаҳон.
Яна машаққатда юрдим, жонҳалак,
Қуёшини биздан қизғанди фалак.
Аёлим бағоят сабрли эди,
Бир бурда нонга ҳам қаноат этди.
Кўзи ёримоққа етаркан фурсат,
Озроққина куймоқ истади фақат.
Ва лекин суфрамиз қуп-қуруқ эди,
Дил хунидин ўзга емиш йўқ эди.
Уйда эру хотин танҳо эдик, бас,
Дедики, эй эрим, эй фарёдрас!
Озроққина шўрва ичмасам агар,
Чора йўқ, ўлармен энди муқаррар.
Муқаррарки, менга ажал етгуси,
Ажал шамолидин кемам ботгуси…
Ёримдин бу гапни эшитган замон
Уйимдин чиқдиму чопдим ҳар томон.
Егулик топмоқ-чун югурдим неча,
Қолмади бирор кўй, қолмади кўча.
Очилган бир эшик кўрмадим асло,
Йўқчилик кўйида эдим мен гадо.
Йироқ бир гўшага етишдим охир,
Дару даричаси чўкмишди оғир.
Айланиб, ўргилиб айладим тавоф,
Девдек ҳар тешикка суқилдим шитоб.
Кўҳна сарой, тўзиб нурамиш эди,
Эшиги тутундан қораймиш эди.
Унда олов ёқиб, тутун, гард аро,
Ўзи ҳам мисоли тутундек қаро.
Ўлтирарди занжий, бир оташпараст,
Илкида май кўза, ўзи маст-аласт.
Ўчоққа осмишди каттакон қозон,
Остига ўт қалар эди ҳар замон.
Менга кўзи тушгач, сакрабон турди,
Тутундек буралиб, қаттиқ ўкирди.
Деди: нега келдинг бу ерга, девзод,
Мени тунамамоқни ўйладинг наҳот?
Агар ўғри эсанг, жавоб бер тўғри,
Ҳеч қачон ўғрини тунарми ўғри?..
Мен эсам қўрқувдин титрабон дир-дир,
Тилим калимага келтирдим охир.
Занжий шевасида ҳамон сўйладим,
Қўлимни кўтариб, дуо айладим.
Дедимки, ғарибмен, йўқсил, бенаво,
Сенинг паноҳингдин изладим паноҳ.
Эшитдим неча бор жавонмардлигинг,
Тилларда достондир сенинг мардлигинг.
Даъватсиз меҳмонинг бўлиб, адойинг,
Турибмен шу онда, бошим фидойинг.
Шоядки дардимга даво етгуси,
Ғариб, бенавога наво етгуси…
Занжий тинглаб ширин забонимни ул,
Ширин забон ичра фиғонимни ул.
Юмшади, бир қадар тушди ҳовурдан,
Ширин сўз душманни чалғитар чиндан.
Сўрди: май ичарсен, куйларсен суруд?
Дедим: балли, келтирди, тутқазди руд.
Қўлимда эрди руди ошиқнавоз,
Қўрқув, ҳадик ичра чала кетдим соз.
Соз узра бош эгиб бир ҳофиздайин,
Ёлғондакам қўшиқ боўладим кейин.
Созим тинглаб завқу сурури ошди,
Қайнар қозон каби қайнади, тошди.
Гоҳо май ичарди этиб таралла,
Гоҳо ер тепарди бир уммид ила.
Соз ила занжийнинг жонини олдим,
Ихтиёрин олиб, йўлимга солдим.
Улфат бўлди менга у беихтиёр,
Маст бўлиб, сиррини айлади ошкор.
Деди: бу қасри вайрона ичра, ҳай,
Бу кеча талай мол қўлимга киргай.
Бир ўзга занжий бор, ҳамзодим маним,
Менсиз май ичмагай, яқин ҳамдамим.
Бир хазина топдик тасодиф ила,
Устида аждаҳо ётмамиш сира.
Ўшал хазина узра биз аждаҳо,
Уни ҳеч кимсага кўрмасмиз раво.
Бир йилдирки бизда ўшал кони ганж,
Еб-ичиб яшаймиз осуда, беранж.
Мен бунда ўлтириб кутармен, ҳали
Шеригим жўнатди мол келтиргали.
Бир йилда хазина анча камаймиш,
Охири бир халта симу зар қолмиш.
Сен келиб, бу кеча меҳмонсан менга,
Кўнглимга хуш, улфати жонсан менга.
Уқиб ол, шеригим ортмоқлаб ҳамон,
Қопда ёқуту зар келтирган замон,
Сен бориб, бекиниб бир бурчакда тур,
Ўликдек нафасинг чиқармай ўтир.
Мен эсам ниятга ҳамон етарман,
Ўшал аждаҳони нобуд этарман.
Хазина менимдир дегаймен у пайт,
Ўзим олиб, ўзим егаймен у пайт.
Сенга ҳам берурмен тонгда бир қадар,
Мендин шод бўлурсен унда муқаррар.
Мену занжий шундоқ суҳбат этаркан,
Эшитилди оёқ шарпаси бирдан.
Сакрабон ўзимни бир четга олдим,
Гоҳ қўрқув, гоҳ умид ичра хаёлим.
Қоп ортмоқлаб кирди бир занжий қаро,
Қаролиги андоқ, қўмирдек қаро.
Юкни елкасидин ерга қўйди ул,
Худди шердек бақувват эрди, норғул.
Ўшал қоп оғзини бўшатмай, олдин
Бир оз шўрва ичиб, эт еди кейин.
Кўрдики, шериги ётмишди шунда,
Унинг айтганини этди бир зумда.
Пўлат шамширини сирмади ногоҳ,
Бошини танидин айлади жудо.
Мен эсам ваҳимдин дир-дир титрадим,
Сал қолди, ўзимни зўрға ўнгладим.
Шериги бошини шарт узган эди,
Энди танини ҳам иккига бўлди.
Ташқарига чиқди кўтариб ярмин,
Шу онда гўёки ҳушсиз эдим мен.
Орадан неча бир дақиқа ўтди,
Кетгай занжий яна ортига қайтди.
Ярим жасадни ҳам кўтариб яна,
Чиқди, ташқарига бўлди равона.
Кўрдим шунда мендин йироқ эди у,
Фурсат ғанимату кеча қоронғу.
Худди бир лочиндек ташланиб шу тоб,
Ўшал хазинага қўл чўздим шитоб.
Симу зарли қопни елкамга олдим,
Бир идишга иссиқ шўрва ҳам солдим.
Йўлга тушдим сўнгра, югурдим чунон,
Етдим манзилимга саломат, омон.
Мени йўлда кўрган кимса бўлмади,
Бахтим эди огоҳ, ўзга бўлмади.
Кириб бордим уйга бахтиёр, хурсанд,
Юким-ла ғамим ҳам тушди елкамдан.
Етди қулоғимга чақалоқ саси,
Ортди андин яна кўнглим нашъаси.
Хотинимга тутдим шўрвани, пича,
Ҳўплабон, шукрона айлади неча.
Шунда бердим анга фарзанддин хабар,
Ўғил кўрдинг, дедим, бизга тожи сар.
Кейин ўшал қопнинг оғзини очдим,
Топдим хаста кўнглим малҳам, иложин.
Симу зардин магар кон эрди унда,
Лаълу ёқут фаровон эрди унда.
Шу кеча яйрадим, яшнадим, ундим,
Гавҳар оқизгувчи дарёга дўндим.
Фаррух фарзандимдин шод эрди кўнглим,
Гавҳару ганжга ҳамзод эрди кўнглим.
Давлату сарватга етдим шу тарийқ,
Ганжи гуҳар топдим, гуҳар-ла калит…
Саргузаштин шоҳга шундоқ сўйлади,
Сўзини тугатди, сукут айлади.
Шоҳ сўз очиб мавлуди фарзандидин,
Хабар истаб у жонга пайвандидин,
Сўрдиким, туғилди ўғлинг қай куни?
Борди уйга, келтирди қайдномани.
Қайдномани жўнатди Волисга шоҳ,
Деди, эй мунажжим, саъй айлагил то,
Бу гўдак толеи юлдузин аён,
Этгилу борини бизга қил баён.
Яхшидир, ёмондир, толеида бор,
Дақиқ эт, сўнг бизга айлагил ошкор.
Шоҳ фармони қўлига теккан маҳал
Юлдузлар сори Волис солди назар.
Назар солди яна, назар солди боз,
Яширин ул асрор кўринди рўй-рост.
Кейин кўрганларин қоғозга битди,
Ҳар кимса ҳам буни кўролмас эди.
Шоҳ кўз ташлаб мунажжим битган хатга,
Таажжубда қолиб, тушди ҳайратга.
Мунажжим ёзмишди хатида буткул,
Парда остидаги синоатни ул.
Ки ул гўдак магар нонвойзрдадир,
Нури давлатга соҳиб, озодадир.
Йўқсил туғилгайдир онадин гарчанд,
Лекин фалак этгай рисқини баланд.
Отаси ул боис хушбахт бўлгуси,
Бадавлат, соҳиби сарват бўлгуси.
Туғилган ондаёқ шу бўлур пеша,
Қадамин ганж узра босар ҳамиша…
Шоҳ буни эшитгач, ҳиммати ортиб,
Лутфу марҳаматлар кўрсатди ортиқ.
Гавҳарфурушни ул роса сийлади,
Ўзига энг яқин надим айлади.
(Давомини журналдан ўқийсиз)
2020/2
Форс тилидан Жамол Камол таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: