Самим КЎЖАГЎЗ   (1916–1993)     БОТҚОҚЛИК

Юсуф титроқ қўллари билан бутазорни оралади. Кўзларини гоҳ юмиб, гоҳ очиб дарёнинг иккала қирғоғини ҳам сузиб ўтди. Ботқоқлик кўринди, унда йиғилган лойқа сув туташган дарё ярим орол шаклини эслатарди. Ботқоқликда тўшалиб ётган қум зарралари офтоб нурида товланиб ялтирарди.

Юсуф атрофга узоқ тикилди. Юраги уришдан тўхтаёзди. Кўзларини чирт юмди, очганида икки томчи ёш оппоқ соқолига думалади. Базўр олдинга икки қадам ташлади, тиззалари дағ-дағ титради. Мадорсизланиб чўккалади, титроқ қўлларини тиззасига қўйди. Вужудидаги титроқ пасайди, ҳозир у ҳайкал мисоли дарёга тикилганча тош қотган эди.

Юсуф уч кундан бери ҳўкизини қидиради, сўрамаган одами, изламаган жойи қолмади. У аввалига ҳўкиз бировнинг даласини пайхон қилган бўлса, миршаблар оғилга қамаб қўйишган деган хаёлга борганди. Аммо  ҳўкизнинг бундай одати йўқ эди. На ўзи, на ҳўкизи ҳаром луқма емаган.

Юсуф ҳўкизнинг қаерга ғойиб бўлганини энди тушунди, у далани пайхон қилмаган. Уч кундан бери қишлоққа яқин дала, қир-адирларни кезиб чиқди, одамлардан сўраб-суриштирди. Аммо ҳўкиз дарёнинг нариги томонига ўтиши хаёлига ҳам келмаган эди. Ўғли билан ҳўкизни нариги  соҳилдан қидиришга тушди.

Юсуф узоқ вақт бир жойда миқ этмай туриб қолди, ўғли келиб ёнига чўккалаганда ўзига келди. Йигитча отасига тикилди ва бўғиқ овозда:

– Тополмадим ота, – деди. Ота ботқоқлик устида чарх ураётган бургутларни кузатарди.

– Мен топдим! – минғирлади у. Йигитча отанинг фикрини англади. Жаҳл билан:

– Ботқоқликда нима бор экан-а, ҳайвон ҳайвонлигига боради-да! – дея ғулдуради.

– Дарёнинг нариги қирғоғига ўтмоқчи бўлган, – деди ота.

– У томонда нима қилади? – сўради ўғил.

– Муборак мавсумда бекорчиликни хуш кўрмасди жонивор. Зериккан бўлса керак. Сариқ ҳўкизга ўхшамасди…

Йигитча ўрнидан турди, дарёнинг чор атрофини эгаллаган ботқоқликка синчиклаб назар солди.

– Бўғилганга ўхшамайди, унда сув оқизиб кетган бўларди.

– Бўғилмаган… Қорнигача лойга ботган.

– Бечора ҳўкизимиз ҳаром  ўлибди-да.

– Ҳой бола, нодонлик қилма, ҳўкиз тириклайин шоқолларга ем бўлган.

Йигитча атрофига аланглай бошлади.

– Тавба шу чоққача шоқолнинг ҳўкиз еганини эшитмаган эканман.

– Мен кўрганман. Ҳўкиз нариги соҳилга ўтиш учун ботқоқликка келган. Ўтаётиб оёқлари ботқоққа ботган. Тунда шоқол тўдалашиб ҳўкизга ёпишган. Улар ҳўкизгинамнинг қорнини ёриб, ичак-чавоғини паққос туширишган. Ҳўкиз бечора на қимирлай олган, на уларнинг чангалидан қочиб қутула олган. Ўлгунича қийналган жонивор. Тонг ёришганда қолган-қутган жойлари бургут, қарға-қузғунларга ем бўлган.

Йигитча бир отасига, бир ҳўкиз ётган жойга аланглади. У гапини яна такрорлади:

– У томонда нима бор экан-а?

– Бекорчиликдан зериккан дедим-ку…

Юсуф уф тортди, соқоллари титраб кўзларига ёш келди. “Балки у жонидан безгандир… Гўё мен безмагандек… Бу ҳўкиз била туриб шоқолларга таслим бўлган…”

Улар бир зум жим қолишди. Сал нарида ботқоқлик ичида ётган кекса ҳўкизнинг бош томонида иккита бургут чарх уриб айланарди. Майин шабада ўлик ҳўкизнинг бадбўй ҳидини атрофга таратарди. Юсуф ўзини қўлга олди. Соқолини силади: “Нима бўлганда ҳам ачинарли ўлим, ботқоққа ботиб жон бериш…  Қутулишнинг иложи йўқ. Ўзини ҳимоя қила олмайди. Душманнинг кўзига тикилганча… Қандай душманга денг? Шоқол деган бир чақага қиммат қўрқоқ душманга! Туф! Аллоҳ жазосини берсин… Мана, қирқ йил бўлибдики, мен ҳам шундай ботқоққа ботиб келдим… Бировларнинг даласида ишлашдан мен ҳам тўйдим, кекса ҳўкизим ҳам… Жонивор мендан кўра ақлли экан, мендан кучли экан… Бундай ҳаётдан воз кечди…”

Йигитчанинг кўзлари катталашиб отасининг гапига қулоқ солди. Ҳаяжондан нафаси тезлашиб, қўллари мушт ҳолга келди. Зўрға гапирди:

– Энди нима қиламиз?..

Юсуф ўғлининг саволига елка қисди. Унга қараб: “Менинг қиладиган ишим йўқ… Сени билмадим…” – деди. Ботқоқлик томонга юра бошлади. Йигитча ҳам ота изидан борди. Улар ўлик ҳўкизнинг ёнига келишди. Юсуф сувда оқиб келган дарахт шохини ушлаб олди. Бурнини беркитиб ҳўкизга тикилди: қорни тешилган, қовурғалари кўриниб турарди.  Кўзи осмонга тикилганча қотиб қолган.

Юсуф қўлидаги шох билан ҳўкизни дарёнинг тиниқ сувларига итарди. Ўғил отасига ёрдам берди. Ота-бола ҳўкизни дарёга оқизишди. Ҳўкиз бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди, кейин сув юзига қалқиб чиқди.Сув ҳўкизни Юсуфдан узоқлаштира бошлади. Ота-бола узоқ вақт ҳўкизнинг ортидан қараб қолишди.

– Жонивор бўйинтуруқдан халос бўлди, – деди Юсуф.

Ота-бола ботқоқликдан бутазорга қараб йўл олди.

 

Фирузан ва Севинч Чўкум:

Аёл руҳияти қирралари

 

 

Турк ҳикоячилигининг таниқли аёл ёзувчиларидан бири Фирузан (Селжуқ)дир. Фирузан ҳикоялари мазмунан кенг, сюжети мушоҳадага чорловчи воқеалар асосига қурилган. Асар қаҳрамонлари руҳиятидаги кечинмалар янги услуб ва поэтик ғоя асосида очиб берилади. Фирузан ҳикояларининг мавзулар кўлами ниҳоятда кенг.

1956 йилда “Сечилмиш ҳикайелер” журналида чоп этилган ҳикояси билан адабий жараёнга кириб келган Фирузан шу бугунгача хилма-хил мавзуларда кўплаб ҳикоялар ёзди. Унинг “Бепул интернат” номли ҳикоялар тўплами 1971 йилда нашр этилган бўлиб, бу тўплам 1972 йилда Саид Фоиқ мукофотига лойиқ кўрилди. Ёзувчи эса танқидчилар томонидан “юксак мукофотга сазовор бўлган илк турк адибаси”,  дея эътироф этилди.

Адибанинг “Бепул интернат” (1971), “Қамал” (1972), “Менинг фильм­ларим” (1973), “Гул мавсумидир” (узун ҳикоя, 1973), “Туннинг бошқа юзи” (1982), “Муҳаббатга тўла ёз” (1999) каби ҳикоялар тўплами нашр этилган. Фирузан турк адабиётшунослари назарига тушган фаол ва истеъдодли  ҳикоянавислар сирасига киради. Унинг ижоди, хусусан, ҳикоялари ҳақида бир қатор тадқиқотлар, илмий-таҳлилий мақолалар ёзилган. Ёзувчининг ҳаёт йўли, асарлари турк адабиётшуноси У.Лекесизнинг “Янги турк адабиётида ҳикоя” номли китобида атрофлича тадқиқ этилган. Олим Фирузан ижодининг ижтимоий-биографик манбалари, бадиий жиҳатдан ўзига хослиги ҳақида шундай хулосани илгари суради: “Ҳикоянавис Фирузан ижоди менинг назаримда, “Эдирненинг кўприклари”дан бошланади. Ундан олдин ёзилган ҳикоялари “Эдирненинг кўприклари”га ҳозирлик кўриш эди. Уларнинг баъзиларида бой мушоҳада, тафсилот маҳорати, ҳаёт ҳақиқати, инсоний самимийлик кузатилади, бироқ бу ҳикоялар ҳали ҳикоя жанри талабларига тўлалигича жавоб беради, деб айтиш қийин. “Эдирненинг кўприклари” билан Фирузан ҳужжатли фильмдан бадиий фильмга ўтган режиссёрга ўхшайди: тафсилотлар, ҳайратга солувчи монтаж маҳорати бир бутунликни яратган. Ҳикоя худди шеърий жанрни эсга солади. Биттагина сўзни ҳам олиб ташлолмайсиз. Уларда ҳаёт ҳақиқати батамом санъат ҳақиқатига айлантирилган”.[1]

Дарҳақиқат, олим таъкидлаганидек, Фирузаннинг ушбу тўпламга кирган ҳикояларида кичик-кичик ҳаётий фрагментлар, қаҳрамонлар турмушининг мўъжаз эпизодлари маҳорат билан бир ракурсга йиғилади, бадиий монтаж қилинади. Эпик баён лиризм ва драматизм билан уйғунлашиб кетади. Қаҳрамонлар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга қандай табиий, сезиларсиз ўтса, эпик, лирик, драматик пафосга хос услуб оҳанглари ўртасидаги муносабатлар ҳам шундай тугунсиз ифода этилган. Шу сабаб Фирузан ҳикоялари ўқувчини ўзи билан қаҳрамон ички дунёсига етаклаб кетади, ҳаяжонга солади, кенг мулоҳазага чорлайди. Фирузан ҳикояларининг реал дунё, конкрет воқелик билан муносабати мана шундай мураккаб тамойил­ларга таянади. Фирузан аксарият ҳолларда аёл қалби, унинг юрагини эзаётган дардни бадиий воқелик сифатида жонлантиради. Камситилган, ҳақоратланган, аммо барча машаққатларга қарамай оиласини муқаддас билган, ҳаё ва номусини гард юқтирмасдан асраб-авайлашга, фарзанди учун жонини фидо қилишга тайёр фидойи аёл образи Фирузан бадиий идеалининг ёрқин тимсолидир.

Фирузан ҳикояларида кекса ва ўрта ёшли аёллар образи кўпчиликни ташкил этади. Ўрта ёшли аёлларнинг аксарияти эри ўлиб бева қолган, баъзилари эса ташлаб кетилган. Бу аёлларнинг бари ҳикояларнинг бош қаҳрамонлари ҳисобланади. Шу сабабли ҳам аёл қаҳрамонлар воқеалар ривожида муҳим аҳамият касб этади. “Туннинг бошқа юзи”, “Биринчи ёз қўшиқлари”, “Иккинчи ёз қўшиқлари”, “Муҳаббатга тўла ёз”, “Қуршов”, “Сайид”, “Бандаргоҳ паркларида”, “Бепул интернат” ҳикояларидаги аёллар қисмат тақозоси билан умр йўлдошларидан жудо бўлишган.

Адибанинг “Бепул интернат” ҳикоясида фарзанди камоли учун ҳар қандай қийинчиликларга тайёр она образи гавдалантирилади. Она қизининг таълим олиши учун касалхонада фаррошлик қилишга ҳам рози. Ишсизлик, иқтисодий танглик ҳар қандай инсоннинг оилавий ҳаётига таъсир ўтказмай қолмайди. Айни чоғда, оғир турмуш синовлари аёл маънавиятига ҳам хавф солади. Ҳикоядаги асосий қаҳрамонлар – она ва қизнинг ташвиш-у изтироблари, хатти-ҳаракатлари асосида қашшоқлик, пул топиш илинжи туради. Аёлнинг мақсади битта –  фарзанди текин интернат имтиҳонларидан албатта муваффақият билан ўтиб, ўқишга қабул қилинса, бас. Акс ҳолда фарзанди саводсиз бўлиб қолади. Пуллик мактабларда ўқитишга имкони йўқ.

Адибанинг шу мавзудаги ҳикояларидан яна бири “Бандаргоҳ хиёбонида” деб номланади. Асар воқеалари хиёбонда кечади. Қаҳрамоннинг ҳаёт уммонидан олинган кичик бир томчида Фирузан она-бола психологияси, характери ва ҳаёт тарзини кўз ўнгимизда гавдалантиради. Она хаёлан ўз-ўзи билан сирлашади. Ўз дунёсида нисбатан онанинг эркин ички нутқи ҳикоя бадиий ғоясини очишга хизмат қилиши билан бирга, асардаги ифода услубини жозибадор қилади. “Бепул интернат” ҳикоясидаги она образи ҳаётда интилувчан, тиришқоқ, курашчан этиб тасвирланган бўлса, бу ҳикоя қаҳрамони ўйчан, серандиша, иккиланишга мойил, бироз иродасиз ва тушкун кайфият эгаси сифатида намоён бўлади.

Фирузан ҳикоялари турк адабиётшунослари томонидан замонавий турк ҳикоячилигининг сара намуналари деб тан олинган. Шу боис ҳам унинг ҳикоя тўпламлари хусусида шундай залворли фикрлар айтилган ва ҳозир ҳам айтилмоқда: “Фирузан уч йил ичида учта ҳикоялар тўпламини нашр этди. Адабиётимизга янги образлар, янги усул ва руҳ олиб кириб, кенг китобхонлар оммасини хурсанд қилди. Учта тўпламдаги йигирма тўртта ҳикоядан камида олтита-еттитаси ҳозирда ҳикоялар антологиясига киритилмоқда. Бу ёзувчи учун улкан муваффақият ҳисобланади”[2].

Ёзувчи ижодий услубининг шаклланиши адабиётда гўзал ижод намуналари пайдо бўлишига олиб келади. Унинг ҳаётни қандай кўриши, тушуниши ва ифода этишига қараб услубий ранг-баранглик ҳосил бўлади. Фирузан қаҳрамонлари кўпроқ кучли руҳий ғалаёнлар, чексиз маънавий таназзуллар исканжасида акс эттирилади. Ҳикояларида ҳаётнинг аччиқ зарбалари, турмушнинг аёвсиз синовлари натижасида шахслиги, маънавий олами имтиҳондан ўтаётган аёллар ҳаётини кўрсатиш асносида адиба турк ҳикоячилигида янги қаҳрамонлар силсиласини вужудга келтиради.

1960–1980 йиллар турк ҳикоячилигини атрофлича ўрганиш шундай хулосага олиб келадики, бу даврда аёл ҳикоянавислар сон жиҳатдан қанчалик ортган бўлса, асарларининг салмоғи ҳам ундан қолишмаган. Турк адабиётшуноси У.Лекесиз қуйидаги фикрни ўртага ташлайди: “Бу давр ҳикоячилигида аёллар сони ортиб борди, лекин улар эркак ёзувчилар ижодига эргашмади, аксинча, адибалар шахсан ўзлари жорий қилган, тўғри деб билган ижодни яратишга ҳаракат қилгани кузатилди”[3]. Ҳақиқатан ҳам, Ойхон Бўзфират, Селчуқ Баран, Адолат Оғаўғли, Нозли Эрой, Пинар Кур, Тезер Ўзлу, Инжи Арал сингари аёл ёзувчилар 60–80 йиллар турк ҳикоячилиги тараққиётига улкан ҳисса қўшдилар. Замонавий турк ҳикоячилигининг ана шундай моҳир вакилаларидан  бири Севинч Чўкумдир.

С.Чўкум турк халқи ҳаётини, айниқса, аёллар дунёсини синчиклаб кузатади, яқиндан ўрганади. Чунки ҳар бир ижодкор ўзига кучли таъсир қиладиган воқеа-ҳодиса ҳамда ҳолатларни зўр иштиёқ-у, маҳорат билан тасвирлайди. Табиий таъсирланиш, эркин фикрлаш ва истаганидай ифода этиш ёзувчи услубининг шаклланишида катта аҳамиятга эга. Севинч Чўкум ҳикоянавис сифатида мана шундай ўзига хос қирраларини намоён этди. Унинг илк асари “Ҳисор” журналининг 1972 йил февраль сонида босилган. Ҳикоя “Эски кўча овози” деб номланиб, нашр этилган илк кунлариданоқ турк ҳикоянавислиги яна бир янги овоз билан бойиганидан далолат берган эди. Севинч Чўкум шундан бери самарали ижод қилиб келади.

С.Чўкум ҳикояларининг аксариятида гўзаллик ва унинг бебақолиги ҳақидаги теран фалсафа акс этади. “Ҳозир” ёки “бугун” деган замон бирлигида яшаётган қаҳрамонлар учун гўзаллик фақат ўтмишда, хотиралар қатида сақланиб қолган ноёб тушунчадир. Шунингдек, бахт ҳам олис ёшликда қолиб кетган. Бугунги ҳаётида бахт тополмаган қаҳрамонлар киндик қони тўкилган, ўсиб-улғайган қишлоғига қайтиб, бир пайтлар ўша жойларда яшаб, ҳис қилган гўзалликни топишга умид қиладилар. Аммо ўша пайтлардаги кўчалар, қишлоқлар, шаҳарчалар бутунлай ўзгарган, гўзаллик вақтнинг бешафқат тегирмонига тушиб майдаланиб, йўқ бўлиб кетган. Ойдин ҳаёт ва бахт излаб келган қаҳрамонларнинг топганлари эса фақат ва фақат хотира. Биргина илинж, биргина таскин шу.

Ёзувчининг аксарият ҳикояларида хотиралар асар воқеаларига, қаҳрамонлар ҳолатига кўчирилади. Ўтмиш ва бугун кечинмалари бир-бири билан боғланади. Унинг “Қадимда” ҳикояси ҳам ана шундай бугун ва ўтмиш кечинмалари асосида ёзилган ҳикоялардан. Асар қаҳрамонининг кўз ўнгида ёшлиги, бирга улғайган дўстлари, қўни-қўшнилари ва кекса яқинлари гавдаланади. Уларнинг самимийлиги, дилкашлигини эслаб, чуқур хаёлга толади. Эски уйлар, кўчалар, маҳалласини, у ердаги одамларни қўмсайди. Ёшлигида бошидан кечган воқеаларни бирма-бир эслайди, баъзи одамлар билан хаёлан суҳбатлашади. Асардаги темирчи болғасидан чиққан “тақа-туқ” овозлари қаҳрамоннинг хаёлини ўғирлайди ва бутун асар давомида унинг хаёлот-хотира қурилишига олиб келади. Хотирасида қолган оғир кунлар, изтиробли ҳолатлар билан болаликнинг бахтиёр дамларини қиёсий планда акс эттиради. Гўё ёмонликлар ичида кечган болалик хотиралари ҳам қаҳрамон учун “тотли”. Болаликнинг беғубор онлари қаҳрамонни ўз “муҳофазасига” олади. Қаҳрамон фақат ўша дунёда ўзини дахлсиз, бахтиёр ҳис этади. Бугуннинг одамлари ҳам бир лаҳза “ён қўшниси”, қалбида эзгу ҳиссиётлар оғушида муҳрланиб қолган яқинларини эслатади гўё. Асарда ўтмиш билан бугуннинг нафаси қоришиб кетгани сезилиб туради. Бир қарашда ўтмиш ҳаётини тасвирлаган бу ҳикоя бугуннинг муаммолари ва замондошлар руҳиятига хос жиҳатларни ҳам ўзида мужассам этган. “Ҳикоя жанрига бир нечта замон ва маконларни чатиштириб ифодалаш, у билан ўқувчини таништириш ёки воқеаларнинг хаёлий тасвири билан кириб келган ёзувчи (С.Чўкум – таъкид бизники) ўртаҳол турк инсонини, маълум анъана ва ахлоқий нормаларга эргашган инсонлар ҳаётини, ички оламини  аёллик сезимлари билан моҳирона қаламга олган. Ҳикояларида оғир-босиқ, истарали, ғамгин лекин кулиб турган ҳикоячи тимсоли бор”, – деб ёзади бу ҳақда адабиётшунос У.Лекесиз.[4]

Ўтмишдан ҳозирги кунга қадар турк аёли жамият ичида турли вазифаларни ўз зиммасига олган. Баъзан уйида болалар тарбияси билан шуғулланган уй бекаси, баъзан эса майдонда умр йўлдоши ёнида олишган аскар қиёфасида намоён бўлади. Аёл турли вазиятлар фонида бадиий асарларда ҳам ўзига жой топди. “С.Чўкум ҳам аёл мавзусида атрофлича ижод қилган ва бугунги аёлнинг жамиятдаги ўрнини танқидий нуқтаи назардан қаламга олган… Модернлашиш жараёнида аёл бошидан кечирган ўзгаришлар ва бегоналашув Чўкум қаламининг асосини ташкил этади. Шу жараён ичида аёлнинг иккиланиши, ўз-ўзини излаш ва топиш кураши кузатилади. Шунга асосан аёлнинг шахс сифатида шаклланиши диққатни тортади”, деган фикрларни ўқиймиз, турк адабиётшуносларининг С.Чўкумга оид тадқиқотларида.[5]           

Кўринадики, С.Чўкум турк ҳикоячилигида замондош аёлнинг мураккаб психологик ҳолатлари, изтироб ва армонларини хотиралар ёрдамида бадиий жиҳатдан кашф этиб, турк аёллар ҳикоячилигини янги босқичга олиб чиқди. Аёл руҳиятининг нозик қирраларини сўзга муҳрлашга эришди. Шу тариқа янги ҳикоя, янги қаҳрамон, янги ҳолатлардан иборат бадиий оламга асос солди.

 

Пошшажон Кенжаева,

ТошДШИ доценти,

       Вали Саваш Елуқ,

Анқара Ҳожи Байрам Вали университети доценти

Турк тилидан

Пошшажон Кенжаева

таржимаси

 

 

2019/5

[1] Lekesiz Ö. Yeni Türk Edebiyatında Öykü / (1. Baskı). Kaknüs  Yayınları,  İstanbul-2001.  -S.144.

 

[2] Lekesiz Ö. Yeni Türk Edebiyatında Öykü. Cilt.4. (1. Baskı). Kaknüs  Yayınları. İstanbul–2001. –S.150.

 

[3] Lekesiz Ö. 70’li Yıllarda Türk Öykücülüğü // Hece Öykü. 2 Sayı: 7 Şubat-Mart 2005. –S.38.

 

[4] Lekesiz Ö. Öykü İzleri / Hece Yayınları, Ankara-2000. –S.513.

 

[5] Kaynak L. Değerler Eğitimi Bağlamında Sevinç Çokum’un Hikayelerinin Analizi. Yüksek Lisans Tezi. Akdeniz Üniversitesi. Antalya-2012. –S.59; Saymaz E. Sevinç Çokum’un Romanlarında Kadın İzleği. Yüksek Lisans Tezi. Fatih Üniversitesi. İstanbul-2011. –S.251.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x