DO`STLARGA ULASHING:
Сайёҳ, Абдураҳмон Сайёҳ ибн Ҳожи Муҳаммад Содиқов (1879, Тошкент — 1918, Қўқон) — маърифатпарвар, ношир. Арабистон, Туркия, Ҳиндистон, Афғонистон, Япония мамлакатларига саёҳат қилгани учун ўзига «Сайёҳ» тахаллусини олган.
Ўн ёшида ота-онаси, ака-синглиси билан Маккага кетади, ўша ерда оила аъзоларининг барчасидан айрилади. Кейинчалик Ҳиндистоннинг Ражпур шаҳрига келиб, 5—6 йил мадрасада таҳсил олади. 1906 йилда заргарлик буюмлари билан савдо қилиб, Пекин (Хитой)га боради. Хитойдан Манжурия орқали Бухорога келмоқчи бўлади. Аммо Россия ва Япония ўртасида уруш бораётгани сабабли Япония ҳукумати уни Мукден шаҳрида ҳибсга олади ва Порт-Артур шаҳрида сақлайди. Уруш тугагач, Гонконг орқали Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрига юборилади. У Бомбей шаҳрига келиб, Россия бош консулига мурожаат қилади. Ҳинд, хитой, араб, форс, турк тилларини билгани учун 1907 йил консулхонага ишга олинади.
1908 йилда Тошкентга қайтиб келади ва Туркистон ҳарбий округи штабида ишлайди. Шу орада Мунавварқори Абдурашидхонов билан танишади. 1915—18 йилларда «Ал-ислоҳ» журналига муҳаррирлик қилади. 1912—13 йилларда ношир ва муаллиф сифатида ислом одобахлоқи, муқаддас шаҳарлар тарихи, шунингдек, кезиб чиққан мамлакатлари ҳақида кўплаб «Саёҳатномалар» чоп эттирган.
Сирожиддин Аҳмедов.