Саид Аҳмад (1920-2007)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбек насрининг пешқадам арбобларидан бири Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йил 10 июнда Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласида дунёга келди. 1939 йили ўрта мактабни, 1943 йили эса олий ўқув юртини тугатди. Адабиёт дарслари ва тўгаракларида ижодга бўлган ҳаваси ортиб, қўлига қалам ушлаган. Вақтли матбуот эса унинг ижод дорилфунуни бўлган.

Саид Аҳмад дастлаб «Муштум» журналида, Радио комитетида (1942—1943), «Қизил Ўзбекистон» газетаси (1943—1947), «Шарқ юлдузи» журналида (1948—1950) ишлаган.

Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Тортиқ» 1940 йилда нашр этилади.

Уруш ва урушдан сўнгги йилларда Саид Аҳмад кўплаб фелъетон, очерк ва ҳикоялар ёзган. Унинг «Эр юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Муҳаббат» (1949) каби тўпламлари нашр этилган. У «Хазина», «Ҳайқириқ», «Раҳмат, азизларим» каби ҳикояларида Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли оқибатларини ҳаяжонли тасвирлайди, уруш қаҳрамонларини улуғлайди.

Адиб ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғулом юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги лаконизми мужассамдир.

Саид Аҳмаднинг барча ҳикоялари замонавий мавзуда ёзилган. У ҳикояларида тасвирлайдиган ҳар бир воқеадан фалсафий умумлашма чиқаришга, воқеаларни лирик таъсирчанлик билан ифодалашга, бадиий тасвирларнинг хилма-хиллигига эришишга интилади. «Чўл бургути», «Ўрик домла», «Лочин», «Одам ва бўри», «Бўстон», «Тўйбоши» каби қатор асарлари Саид Аҳмад ижодида ҳам, ўзбек насрида ҳам янгилик бўлган. Адиб ҳикояларининг бош қаҳрамони ички дунёси бой замондошларимиздир. Ёзувчи «Тоғ афсонаси», «Зумрад», «Муҳаббатнинг туғилиши», «Кўзларингда ўт бор эди», «Пойқадам», «Алла», «Иқбол чироқлари» асарларида ҳаётий характерлар яратган.

Саид Аҳмад ўзининг ҳажвий ҳикояларида тараққиё-тимизга тўсиқ бўлаётган ярамас урф-одатлар устидан кулади, муҳим маънавий масалаларни ўртага қўяди. Унинг «Ханка ва Танка», «Лампа шиша» каби ўнлаб ҳажвиялари фикримизнинг далилидир.

Саид Аҳмад кичик ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесида қувноқ миниатюралар театрига асос солган.

Саид Аҳмад ҳикоялардан аста-секин йирик полотнолар яратишга ўтди. 1949 йилда чоп этилган «Қадрдон далалар» ва «Ҳукм» (1958) қиссаларидан кейин яратган «Уфқ» романида (1964) Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида ўзбек деҳқонларининг фронт орқасида кўрсатган меҳнат қаҳрамонликларини ҳикоя қилди. «Уфқ» трилогия бўлиб, ёзувчи унда урушдан олдинги ва кейинги давр муаммолари ҳақида баҳс юритади. «Жимжитлик» (1988) романида эса турғунлик даври иллатларини фош этишга интилади.

Сўнгги йилларда унинг «Хандон писта» (1994), «Бир ўпичнинг баҳоси» (1995) каби ҳажвий ҳикоялар тўпламлари чоп этилди. Шунингдек, у Ойбек, Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор, М. Шайхзода, Шуҳрат, Миртемир ва С. Зуннуновалар ҳақида хотира очерклари яратган бўлиб, улар тўплам ҳолида нашр этилди.

С. Аҳмад драматург сифатида ҳам танилган. У «Келинлар қўзғолони», «Куёв» каби саҳна асарларининг муаллифидир.

Саид Аҳмад ҳам қатағон даврининг иккинчи тўлқинига дучор бўлган, лагерь азобларини тортган ижодкордир.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x