DO`STLARGA ULASHING:
Садриддин Салим Бухорий (Садриддин Салимов) 1946 йил 16 сентябрда Бухоро шаҳридаги Чўпбоз гузарида туғилган. Бухоро педагогика институтининг немис тили факультетини тамомлаган (1972), узоқ йиллар ушбу даргоҳда ёшларга сабоқ берган.
«Оққушим», «Эрка қушим» (1979), «Ёруғлик одами» (1983), «Рўмолча» (1988), «Бухорога Бухоро келди» (1999), «Дурдоналар» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Бир нечта тарихий-маърифий китоблар ҳам ёзган («Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», 1993; «Уч авлиё», 2000; «Ҳазрат Абу Кафс Кабир», 2006; «Икки юз етмиш етти пир», 2006; «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд», 2006; «Ҳазрат Каъбул Ахбор Валий», 2007 ва бошқа).
У беш қисмдан иборат “Имом ал Бухорий” телевидеофильми, “Абу Хафс Кабир”, “Ҳожаи Жаҳон” телефильмлари сценарийси муаллифи. У Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони” китобини олмон тилидан, Хожа Ориф Ревгарийнинг “Орифнома”, Муҳаммад Боқирнинг “Мақомати Шоҳи Нақшбанд”, Ҳожа Шаҳобиддиннинг “Мақомати Сайид Мир Кулол” китобларини форс-тожик тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
«Меҳнат шуҳрати» ордени (1999) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2005) ордени билан мукофотланган.
Садриддин Салим Бухорий 2010 йилнинг февраль ойида вафот этган.